Сўнгги пушаймонлик…

Юртимизда ҳар бир инсон ҳаётдан бугун рози бўлиши учун ҳамма ишлар қилинмоқда. Хусусан, барча вилоятларда ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳам бу борадаги ишлар юзасидан яна бир эзгу қадам бўлди. Авваллари ижтимоий кўмакка муҳтож ҳар бир фуқарога алоҳида, хусусан, тиббиёт, таълим, пенсия жамғармаси, кадастр агентлиги ва бошқа ташкилотлар ёрдам кўрсатарди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари мана шу тизимнинг барчасини ягона ҳолда бирлаштириб, фаолият кўрсатиши белгиланди. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада улар учун алоҳида штат бирлиги ажратилганлиги одилона қарор бўлди, дея оламиз. Демак, давлатимиз томонидан ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмаслиги ойдинлашади.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Буни биз Сирдарё вилояти,  Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи ёлғиз яшовчи, 80 ёшли Аҳмад Қаҳрамонов мисолида кўрамиз.

— Кўриб турибсизлар, ер участкам бор. Бироқ яшайдиган уйим хароб аҳволда. Фарзандларим бор. Уларга “Келинглар, ер участкани номларингга ўтказиб бераман. Шу жойга уй қуринг­лар. Мен ҳам қаровсиз қолмайман”, десам унашмаяпти. Буларнинг ҳаммасига айбдор ўзим. Ёшлигимда қари отамга ғамхўрлик қилмай, ҳарбий хизматга кетдим. Қайтиб келганимдан сўнг ҳам отамнинг дол қаддига тиргак бўлмадим. Уйланиб, фарзандли бўлгач фарзандларимга ҳам меҳрибонлик кўрсатмадим.

Давлатимиз меҳрибон. Қаровсиз қолганим йўқ. Яқинда “Инсон” ижтимоий хизматлар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбар Мирзаханов бошчилигида бир гуруҳ вакиллар ҳолимдан хабар олишди. Тушунаман, давлат томонидан бериладиган моддий-маънавий кўмак ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларга берилиши лозим. Мен эса нетонгки, аросатдаги инсонман. Негаки, ижтимоий марказ менга ёрдам берай деса, фарзандларим бор, ёрдам қилмайлик деса аҳволим ночор. Аросатдаги одам, деган сўз айнан мен учун айтилгандек гўё,  — деди қария қаҳрамонимиз.

Яна бир Мирзаобод туманида яшовчи 65 яшар фуқаро Абдурашид Набиев ҳеч қаерда рўйхатда йўқ. У эски ишламайдиган “дренаж биноси”ни (агар шундай айтиш мумкин бўлса) ўзига кулба қилиб яшамоқда.

— Ёшлигимда ўт-олов йигит эдим. Отам: “Мен қариб қолдим, кўзимга нур, белимга қувват, кўзимга нур сенсан, ўғлим”, деганига қарамай, унга ғамхўрлик қилмадим. Отам қариган чоғида меҳрга зор бўлиб бу дунёни тарк этди. Халқимизда “Ота қарғиши ўқ…” деган нақлнинг нақадар ҳақ эканлигини бугун анг­лаб турибман. Ўшанда отамнинг кўнгли қаттиқ оғриган ва мени… — деб кўзларига ёш олди. — Кўриб турибсиз, энди ўзим отамдан ҳам баттар аҳволдаман. Ота рози Худо рози деган пурҳикматнинг мағзига тушуниб-тушунмай қабул қилган қароримнинг жабрини тортишга маҳкумман. Бундай тақдир ҳеч кимнинг бошига тушмасин, — деди Абдурашид Набиев.

Авлодлар довонида шаклланган пурҳикматлар минг йилликлар силсиласидан ўтганлиги боис ҳам халқимиз томонидан тарбиявий жиҳатдан қўлланиб келинади. Ёшлик қилиб, отага, онага, фарзандларга бемеҳрлик муносабати бир куни ўзимизга ҳам шундай қайтади. Шу сабабдан охиридан қувонтирсин, дейишар, балки.

Албатта, бу каби инсонлар давлатимиз қарамоғида. Бироқ уларнинг ҳолига тушишдек аянчли қисматни ўзлари айт­ганларидек, ҳеч кимнинг бошига солмасин.

Баҳром БОЙМУРОДОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =