“Яшил энергия” ривожи йўлидаги қадамлар

Ҳозирги даврда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш жараёни дунё мамлакатларининг асосий муаммоларидан бири сифатида саналмоқда. Нефть ва газ энергия ресурсларига бўлган талабнинг кескин ошиши, анъанавий ресурслар нархи жаҳон бозорида беқарорлиги инсониятни ноанъанавий, қайта тикланувчи, экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишга мажбур қилмоқда. Бундай энергия манбаларидан фойдаланишнинг энг қулай, истеъмолчилар учун арзон ва технологик жиҳатдан мукаммал бўлган манбалардан бири бу қуёш энергиясидир. Бежиз саноати ривожланган Хитой, Германия, Япония, Испания, Италия, Австралия, Ҳиндистон каби давлатлар атом ёки кўмир электр энергияси ишлаб чиқаришни кескин камайтириб, муқобил энергия манбаларига, экологик жиҳатдан тоза қуёш ва шамол энергияси учун катта сармоя киритмаяпти. Буюк Британия кўмир электр станцияларини ўрнига экологик жиҳатдан бутунлай тоза қуёш электр станциясидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда. Жумладан, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия салмоғи айни пайтда 10-14 фоизни, 85-90 фоизи эса кўмир, табиий газ ва бошқа нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади. Муқобил энергиядан фойдаланиш даражаси замонавий технологияларнинг кенг жорий этилмаганлиги, юқори малакали мутахассис кадрларнинг етишмаслигида, десак хато бўлмайди.

Географик жиҳатдан қулай жойлашувга эга Ўзбекистонда қуёшли кунлар 280-320 суткани ташкил этади. Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур кўрсаткич муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш имконияти мавжудлигини исботлайди. Қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш саноатига, энергия тежамкорлиги истиқболларига бевосита фойдали таъсир кўрсатади ва ишчи ўринларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Юқорида келтирилган омилларни инобатга олган ҳолда, 2021 йил 9 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор Президентимиз томонидан имзоланди. Унда тобора жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжининг сезиларли даражада ошаётганлиги сабаб республиканинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган зарур шароитларни яратиш, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишини таъминлаш, шу жумладан, ушбу соҳанинг илмий салоҳиятини кучайтириш масалалари белгилаб берилган.

Ҳа, бугун дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини кенгайтириш тобора долзарб масалага айланди. Энергия ресурсларига бўлган талабнинг ошаётгани, углеводород хомашёси захираларининг камайиб бораётгани янги муқобил энергия манбаларини топишни ва жорий этишни тақозо этади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, энергетика соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Ушбу қонун ҳужжатларида янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларнинг улушини 25 фоизга етказиш, шунингдек, Карманада 100 МВт. қувватли қуёш электр станцияси, Зарафшонда қуввати 500 МВт. дан кам бўлмаган шамол электр станциялари, Нур­ободда 100 МВт. қувватли қуёш фотоэлектрик станцияси, Ғиждувон ва Пешкуда қуввати 1000 МВт. бўлган шамол электр станциялари, Қораузакда қуввати 100 МВт.дан бўлган шамол электр станцияси, Шерободда қуввати 200 МВт. дан кам бўлмаган фотоэлектр станция, Каттақўрғон ва Ғаллаорол туманларида қуввати 200 МВт. дан кам бўлмаган қуёш электр станциялари қуриш лойиҳалари республика ва жаҳон миқёсида тендерлар ўтказиш орқали барпо этиш чоралари кўрилаётгани қувончлидир.

2019 йилда Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) техник кўмагида ўтказилган илк саноат кўламидаги ҚТЕМ электр станцияси қуриш лойиҳаси (Солар сcалинг 1) танловида “Abu Dhabi future energy company – Masdar” ғолиб бўлган. Masdar томонидан Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВт. бўлган қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС) қурилиши охирги босқичларда бўлиб, 2021 йил 27 августидан ягона энергетика тизимига яшил энергия етказиб беришни бошлаган. Ушбу ҚФЭС дастлабки йилдан бошлаб йилига 260 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу Ўзбекистонда 80 миллион метр куб табиий газ сарф қилган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилишига эквивалентдир. Лойиҳа қурилиши давомида 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция жалб қилинган.

Шунингдек, ХМК билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҚФЭС қуриш лойиҳаси учун ўтказилган танловлар якунланиб, ғолиб билан шартномалар имзолангани, унда ғолиб “Masdar” компанияси Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 220 МВт. қувватга эга бўлган, ҚФЭСлар қуриши кўзда тутилгани маълум. Компания томонидан рекорд даражада паст бўлган 1 кВт. соат электр энергияси учун ўртача 1,6 АҚШ центлик тариф миқдори таклиф этилган.

Жорий йил Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда ўтказилган Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ҚФЭС қуриш лойиҳаси танловида ҳам “Masdar” томонидан энг рақобатбардош тариф таклиф этилиб, ушбу компания ғолиб бўлди. Мазкур ғолиб компания Сурхондарёда қуввати 457 МВт. бўлган ҚФЭС қуриб, ягона энергетика тизимига яшил энергия етказиб бериш фаолияти билан шуғулланади. Жорий йил август ойи­­да ХМК билан Бухоро вилоятида 250 МВт., Наманган вилоятида 150 МВт. ва Хоразм вилятида 100 МВт. ҚФЭС қуриш лойиҳаси танловлари эълон қилинди. Ҳозирги вақтда ОТБ билан Қашқадарё вилоятида 300 МВт. ва Фарғона вилоятида 100 МВт. ҚФЭС қуриш лойиҳаси учун танлов олди ўрганиш ишлари олиб борилаётганидан хабардормиз.

Шамол электр станциялари (ШЭС) ло­йиҳалари танловлари эса Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. ШЭС қуриш лойиҳасининг биринчи фазаси бўйича Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Қораузак туманида қуввати 100 МВт. бўлган илк ШЭС қуриш лойиҳаси танловининг ғолибини эълон қилиш жорий йил 16 сентябрь куни бўлиб ўтди. Тарифлар таклифини эълон қилишда ғолиб маълум бўлди. Ғолиб танлов иштирокчисининг молиявий маълумотлари қайта текширилганидан сўнг ғолиб расман эълон қилинади. Ушбу лойиҳа ишга тушганда йилига 350 миллион кВт.соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг ўртача йиллик миқдори 69-72 миллиард кВт/соатни ташкил этиб, 2030 йилгача ушбу кўрсаткични 2 баробарга ошириш назарда тутилмоқда. Энергетика соҳасига бозор механизмларини жорий этиш натижасида давлат-хусусий шериклик асосида қиймати 7,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган жами 19 та лойиҳа амалга оширилиб, шундан бугунги кунгача 12 та лойиҳа бўйича тегишли битимлар имзоланган.

Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланишни ривож­лантириш экологик муаммоларнинг олдини олиш билан бирга, қазилма энергия ресурсларига бўлган талаб ўрнини қоплаш ва янги иқтисодий соҳани яратиш мақсадларида олиб борилмоқда. Бу борада дунё тажрибаси Халқаро қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар, турли илмий нашриётлар кўмагида ўрганилмоқда ва татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳонда ўртача 1кВт. соат электр энергияси учун 0,14 АҚШ доллари (1506.7 сўм)ни ташкил этади, Ўзбекистонда эса бу нарх 0,028 АҚШ доллари (295 сўм). 2019 йили қуёш радиа­циясидан олинган электр энергия нархи жаҳон бўйлаб ўртача 0,045 АҚШ доллар(484,31 сўм)ни ташкил этган. Илмий изланишлар ва янги технологияларни энергия олиш жараёнида қўллаш натижасида 2020 йилда бу нарх 0,033 АҚШ доллари (355,16 сўм)ни ташкил этмоқда. Мазкур нарх қуёш электр станцияларидаги фойдали иш коэффициенти ортиб бориши билан анъанавий электр энергия нархига нисбатан рақобатбардош бўла олади.

Амалда Ўзбекистон энергетикасига инвес­тициялар киритиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий инвесторлар бор. Шу боис саноат кўламида қайта тикланувчи энергия манбалари электр станциялари қуриш лойиҳалари танловида қатнашувчилар сони ортган. Ушбу лойиҳалар ва унда қатнашувчи иштирокчилар кўплиги мамлакатимизда “яшил энергия” салмоғини юксалтиришга қўйилган дастлабки қадамлардир.

Айтиш жоизки, шулар билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ўзига хос ноқулайликларга ҳам эга. Ушбу камчиликлар шамол генераторлари ва қуёш панеллари бирмунча қиммат техника ва технологиялар мажмуаси ҳисобланиши, қуёш панеллари майдон жиҳатидан бир неча гектар майдонларни эгаллаши, уларни атмосфера чанги ва тузли бирикмалардан тозалаб туриш вазифаси мавжудлиги, фойдали иш коэффициенти жиҳатидан паст эканлиги, куннинг фақатгина кундузги пайтида фаол фойдаланиш имкони билан ифодаланади.

Янги ташкил этилаётган 70711001 – Муқобил энергия манбалари(турлари бўйича) магистратура мутахассислиги битирувчилари ўз илмий фаолиятини давом эттириши учун Фарғона политехника институтида 05.05.06-“Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари” ихтисослиги бўйича таянч докторантура ҳамда Phd 03/27.02.2020.Т.106.02” рақамли Илмий кенгаш фаолият юритади.

Шунингдек, институтимизда фанлар бўйича олиб бориладиган лаборатория машғулотлари етарли жиҳозлар билан таъминланган ва узвий равишда амалий машғулотлари Фарғона политехника институти “Geliopoligoni”да, Фарғона иссиқлик энергия станцияси, Фарғона Насос станциялари ва энергетика бошқармаси, Фарғона ҳудудий электр тармоқлари бошқармаси, “Element kristal” МЧЖ, “Фарғона нефть маҳсулотлари” корхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Физика Қуёш” ИИЧБ си Физика-техника институти, Материалшунослик институти, Ион плазма ва лазер технологиялар институтлари лаборато­рияларида ишлаб чиқариш амалиётларини олиб бориш ташкилланган, фанлар бўйича берилган билимлар ўқув танишув, ишлаб чиқариш ва битирув олди амалиётлари, юқоридаги корхона, ташкилотлар билан мустаҳкамлаб борилмоқда.

2021 йилда институтимизда 19 та илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган бўлса, уларнинг 4 таси давлат илмий техник дастурлари, 4 та стартап, 2 та Европа Иттифоқи лойиҳаси, 9 таси “Бўлажак олим” танлови доирасида ҳаётга татбиқ этилади. Бу йил инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 14 та лойиҳалар молиялаштирилиши мақсад қилинган. Институтнинг ўз маблағлари ҳисобидан профессор-ўқитувчиларимизнинг 10 та лойиҳаси учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда 31 та кафедра ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиб, даромад топиш учун барча шароитлар яратилмоқда. Шу йилнинг ўзида институтда илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда соҳаларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган 10 та унитар корхона фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилиб олинган.

Қайта тикланувчи энергиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида инс­титут ҳудудида режа қилинган 800 кВт. қувватга эга қуёш панеллари тизимидан 350 кВт. фойдаланишга топширилган. Жумладан, синов тариқасида 1-5 кВт. ли паст айланишда ишловчи шамол генераторидан институтнинг белгиланган ҳудудини ёритиш учун фойдаланиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Марҳамат тумани аҳолисини арзон ва муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида туман ҳудудидан оқиб ўтувчи жанубий Фарғона каналидан “Mikro GES” ло­йиҳаси институтимиз олимлари томонидан амалга оширилди.

Айтиш жоизки, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, уларни қайта ишлаш, ишлаб чиқаришга йўналтириш, сақлаш, янги йўналишларини излаш каби масалаларни ўз олдимизга мақсад қилиб олиш—энг муҳим вазифамиз. Зеро, бу масалалар тармоқдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Ўктам САЛОМОВ,

Фарғона политехника институти ректори,

техника фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 6 =