Расмга муҳрлаб самонинг сасин

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

машҳур фотожурналист Абдуғани Жума сурат ва сийратига чизгилар

 

Назаримда “фотограф” атамаси ўзбек тилида синчи ёхуд синчи-нигоҳбон атамасига тўғри келади. Сураткаш десак унинг сийраткашлиги ёддан кўтарилади. Таниқли фотограф Абдуғани Жумани талабалик давримдан биламан. Устоз Одил Ҳотамнинг ёнига кўп борарди. Акам Назар Шукурнинг қадрдони эди. Қишнинг чилласида Одил ака билан устахонасига борганман. Ким биландир шахмат ўйнаётган ҳолатим оний лаҳзаларда муҳрланган суратни ҳанузгача жангчи яловни қўйнида яшириб асрагандай асраб келаман. Шу-шу қадр­донлик риштаси мустаҳкам, гоҳо-гоҳо қўнғироқлашиб турамиз.

Қўйлар суруви ортидан кетган болалигим даштлари — Ҳайиткўлни у билан ялангоёқ бирга кезганимиз ёдимда. Уммон тўлқинларини эслатувчи баҳайбат қирлар яшилликка бурканганки, майин шамолда бир-бирини қувлаб тўш ураётгандек солланади. Тонгда ҳали қуёш тил ўйнатмаси қирмизи нурлар майсаларга қўнган шабнамларни ёлқинлантиради, унсиз қўнғироқ жаранги сокин тўр ёяди. Турналарнинг осмонни тебратувчи мунгли куйи кенгликлар шовурига қўшилиб, кўнгиллар водийси узра ойдин поёндоз тўшайди. Бундай жонли манзарадан эсим оғиб ҳайрат ичра ғарқ бўлганимда Абдуғани аканинг ёш боладай пилдираб югураётганига нигоҳим тушди. Эсимни йиғиб, дўнгликка ўрамалаётганига жимгина тикилиб қолдим. Рўпарамда улкан Боёнқора адири заминга ёнбошлаган кўйи мизғийди. Қуёш Ҳисор тоғи чўққисига қаншарини уриб олиб, тит­роқ шуълаларини уфуриб, алвон чодирини тикади. Анови Чақилкалон тизмасини қаранг: чордона қуриб олиб сукунат навосида юз ёшли қариядек елка силкитади-я! Бундоқ қарасам, Абдуғани ака қуёш ёқалаб, яшил уммон елкасида солдек чайқалса-да, фотоаппарати билан гўзал лаҳзаларни тутмоқчидай югургилайди. Завқдан қийқираман, кошки овозимни эшитса. Шу пайт бир парча яшил ялангликка ётволиб бедана овига чиққан овчидай бўйнини чўзди. Шабнамдан уст-боши жиққа ҳўл бўлган шекилли, кўйлагини ечиб олиб ғижимлади-да, сиқди. Яна кийиб олди. Шамоллаб қолмасин-ов, деган хавотир хаёлимдан ўтди. Мен унга соядай эргашиб юришим мумкин эди, эркин ижодига соя ташлагим келмади…

Сўфитўрғайнинг ҳавода муаллақ пириллаши-ю, бедананинг пид-пилдиғи борлиғимни ёриштириб юборди. Ургутлик бедана овчилар ҳамал ўртасида Ҳайиткўлни макон этади. Буғдойзор ёқалаб тўр ташлайди. Энг учқури оғзини кафти билан ярим ёпиб чунонам “сайрай”­дики, узоқдан нар бедананинг “пит-пилдиғи” унга жўровоз бўлади. Унгача тўрга катта-кичик беданалар илиниб питирлаши эшитилади. Учқур овчи эса пинагини бузмай “сайраш”да давом этади. То нар бедана тўрга илингунича, у лаблари ёрилиб, шишиб кетсаям “қўшиғ”ини айтгани айтган. Нар бедана илинган чоғ ўпкасини тўлдириб нафас чиқаради, ҳолсизланиб бир қур тин олади. Қарасаки, ёйма тўрда бир қозон қайнатгулик беданалар жон жаҳдлари билан питирлаяпти. У нар беданани тутиб олади-да қолганларини озод қилиб юборади. Нар беданани энди сайратиб кўринг-чи! Жуфти одам бўлиб чиққанини сезгандан кейин нафаси ичига тушиб, жим қотади. Тўрқовоқ қўноғига айланишади.

Бу воқеани даштлик чўпонлардан эшитганман. Хаёлимда шу воқеа жонланиб узоқ ўй суриб қолибман.

“Нега қолганларини қўйиб юбордингиз?” деб сўрасангиз овчидан, у “Нарини “кўк”ка пуллаймиз. Бир ҳўкизнинг пули. Яхши сайрайдиган чиқиб қолса, ана омаду мана омад”, деб жавоб берар экан.

Ўйчи ўйлагунча таваккалчининг иши битади, деганларидай бир олам қувонч билан Абдуғани ака келиб қолди:

— Тушунмайман. Шундай гўзаллик қошида қандай бир жойдан жилмай ўтирибсиз?!– Ҳайратдан кўзлари юмилганча гап отади у.

— Хаёлда сайр этиб, ҳар ёқни кезиб чиқдим, — дейман ўйларимни жамлаб олган кўйи.

— Ай, – норози оҳангда пўнғиллайди у. Уст-боши ҳўл.

— Шамоллаб қолманг, кийиниб олинг, – дей­ди ҳайдовчимиз.

— Ҳей, укам-а, шудрингга ағнаш керак. Ўтлоққа оёқ яланг чопиш керак. Шамоллашни йўқ қилади-ку! Шамоллармиш… Анов дўнгликка чиқувдим: атроф шундай тиниқ. Қушдай учгинг келади. Фотоаппаратимга жон киргандай қўлимдан судраганча мендан олдин чопди.

— Оҳ-ҳа шоири замон бўлиб кетинг-е!

— Фотографман. Шу касбга меҳр боғлаганимдан кейин шоирликни йиғиштирганман. Кўча шоири бўлишдан тийилдим. Алжираб-валжираб шиғир битгунча ўлкамни сийратини суратларимда кўрсатай, деб аҳд қилганман. Шоир бўлганимдаям ўзимнинг ягона мухлисим ўзим бўлардим-ов.

У шундай дейди-ю, болаларча яйраб қаҳқаҳа отади.

— Ўзбек фотографияси усталари Худойберган Девонов, Содиқ Маҳкамовнинг мухлисиман. Ёшлигимда Чингиз Аҳмаров, Раҳим Аҳмедов устахонасидан бери келмасдим. Мана, Ҳайиткўл уммони. Денгиз эмас, уммон. Тўлқинлари мангу жилмайдиган уммон. Шу тўлқинлардек содиқлик туйғусини қалбингга туйсанг, чол ҳам йигитга айланади. Кеча оқшом даштда тунаб, ёввойи гиёҳларнинг шовуридан юрагим энтикди. Бир кечада бармоғингни бир бўғинича бўй чўзаркан. Табиатнинг ўзи мусаввир-фотограф.

Унинг ҳаяжон ичра сўзамоллигидан вужудим жимирлайди. Ҳайратим ошади. Турналар арғамчи солиб тепамизда қуре-қурейлаганча учиб ўта бошлади. Ҳаммамиз нигоҳимизни кўкка қададик. Абдуғани ака “чиқ-чиғ”ни бош­лаб теваракка зир югуриб, уларни оний лаҳзаларга муҳрларди.

— Техникани қаранг. Бу фотоаппарат Японияники. Буюртма асосида тайёрлатганман. – Сўнг фотоаппаратини дастрўмоли билан артганча, гап қотади у. – Илгаригилар плёнкали эди. Кўп вақтни оларди.

…Машина қўзғалганда кун пешинга яқинлашганди. Ёзувчи Ғози Раҳмонникига – Лангар қишлоғига жўнадик. Йўллар ўйдим-чуқур. “Астароқ ҳайда”, дея ҳайдовчини огоҳлантираман. У пинагини бузмайди.

Лангарда Ғози ака кутиб олди. Сўрашдик. Бир пиёладан чой ичгач Абдуғани ака ишга тушди. Ўн еттинчи асрда қурилган масжид атрофини кўздан кечирдик. Пешайвон устунлари нақшинкор арча ёғочидан. Ичкари кирдик. Кунгиралар четига араб ёзувларида оятлар битилган. Меҳроби кенг.

— Абдуғани, шифтига қаранг.

— Ибий, — деб юборди фотограф. – “Z” ҳарфининг белига чизиқ тортилганми?

— Шунга ҳайронман, – таажжубланди Ғози ака. – Исломий белгилардан бўлса керак. Ахир, бу ерда немислар истиқомат қилмаган-ку.

Абдуғани ака фотоаппаратни қўлга олиб гоҳ чалқанча ётиб, гоҳ ёнбошлаб узлуксиз чиқиллатишга тушди. Шу куни Бешиктошу Тешиктош ҳам тасмага муҳрланди. Тешиктош устидаги улкан тошни осонгина тебрата оласиз. Табиатнинг мўъжизакорлигига таҳсин ўқийсиз. Камида 3 тонналик тош эркин тебранади. Абдуғани ака кечга қадар қўним билмади. Унинг чаққон ҳаракатига ҳавасим келади. Ҳайрати осмондан улкан. Шом олди Бошманбулоқ қошидаги супада дам олдик. Худди овчи айиқни ўлжага олгандек фотографимизнинг оғзи қулоғида. Тановулдан сўнг гурунг авжига чиқди. Ой нурлари эса дарахт баргларида кумушдек товланади. Булоқнинг шилдираши кўнгил чигилини ёзади. Навбат шеърхонликка етди. Ғози ака ҳикоясини бошлади.

— Шу супа устида Абдулла ака (Абдулла Орипов Ў.Ҳ) бир кеча меҳмонимиз бўлган. Эрталаб обтовада шоирнинг қўлларига сув қўярканман, дафъатан бир ўй миямга чақмоқдек урилди. У киши юз-қўлини артиб бўлиши биланоқ гап очдим.

— Абдулла ака, шу булоққа қараб бир байт айтворинг, – дедим минг бир қимтиниб. У киши ярим жилмайиб: “Ҳа, эшон, яхши туш кўрибсиз-да, майли, айта қолай”. Бир зум ўйланиб турди-да, булоққа тикилганича деди:

“Бошмонбулоқ, Бошмонбулоқ,

Сенга кўзу қошман, булоқ.

Сувингдан бир қултум ичдим,

Энди мангу ёшман, булоқ”.

Ҳаяжондан қўлимдаги обтова тушиб кетай дейди. Бизни тинглаб турганлар чапак чалворишди. Ҳамма қушдай енгил тортди. Қани, Абдулла акадан шеър айтишамиз.

Мен “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” шеърини ёд айтдим. Абдуғани ака “Маломат тошлари”ни қиёмига етказди. Барглар орасидан ой нурлари шовуллаб тўкилади. Хуллас, тушларимизга кирадиган ойдин кечани мароқли ўтказдик.

Эртаси куни Қаршига қайтдик. Абдуғани ака ўзининг машинасида Бухорога жўнади. Орадан анча кунлар ўтгач, электрон почтамга оламга татигулик суратлар ташлабди. Ўз даштим – Ҳайиткўл манзаралари янгича қиёфада жонланибди. Шу йили жавзода Абдуғани ака билан яна Ҳайиткўл даштини кездик. Чингиз Айтматовга Анорхай дашти мангу битилган қўшиқ бўлса, бу дашт менинг учун ҳам ҳеч ким айтолмаган қўшиқдир. Хаёлчан улкан қирларнинг уфққа бош уриб ёнбошлаган кўйи муд­раши донишманд оқинни эслатади. Ҳайиткўл дашти Абдуғани ака суратларида жаҳонга бўйлади. Фотографнинг Санкт-Петербург, Олмаота, мамлакатимизнинг улкан шаҳарларида ўтказилган кўргазмаларида қаддини баланд тутиб, санъат ихлосмандлари юрагига кенглик шавқу завқини нисор этди.

Яқинда Тошкентнинг “Фарғона” чойхонасида таниқли журналистлар – Норқобил Жалил, Абдужалол Тайпатовлар билан гурунглашдик.

Қизиғи, илк учрашувда Норқобил Абдуғани акани ёнимда кўриб таажжубланди. “Ака, кимлар билан юрибсиз” дегандай юзига сўлғинлик кўчганида:

— Шунақа-да, Тошкентга келиб сизларни топиштириб кетаман. Ишонинг, далли-ғулли инсон. Ҳали мен четда қолиб кетаман. Пойтахтнинг шамоли барингизни талтайтириб қўйган, – дея ҳазиломуз кулиб ўзимча ўпкалангандай бўлдим. Абдуғани акага иккисини таништирдим. Гурунг авжида Абдужалол ўзини яқинроқ таништиришни истадими, устамонлик билан гапни айлантирди.

— Ака, мен Чингиз Айтматовнинг амакисининг ўғлиман. Фамилиям Тайпатов.

Норқобил гапни илиб кетди.

— Бунақа исм туркийларда йўқ.

— Айматов бўлгандаям чидаса бўларди. Айтматовга хеш эканлигига ишонсак, – мен ҳам чиллак отдим.

— Фамилиясининг маъносини ўзиям билмайди, – менга кўз учириб Норқобил ярим жилмайди.

— Жаҳонда ягона фамилия! – Абдужалол бўш келмай фамилиясини алқашга ўтди.

— Асли Тайпоқов бўлган. Буваси исмидан уялиб Тайпатов дея гувоҳномага ёздириб келган, – муддаога кўчдим охири. – Лекин фамилияси жаҳонда яктолиги чин.

Абдуғани ака янги танишларга бош ирғаганча кулди-да, Абдужалолга қараб, сўради:

— Ишқилиб фамилиянгиздан кўнглингиз тўқми?

— Тўқ бўлганда-чи? – Шу ишорани кутиб тургандай Абдужалол тасдиқлади.

— Бўлди, сиз ютдингиз.

Абдужалол қаҳқаҳа отди. Ва кулгидан тўхтаб:

— Уни мановларга айтинг, – деди бизларни масхаралашга урингандай.

Гурунг анча чўзилди. Гоҳ кесатиқ, гоҳ ис­тиора, гоҳ муаммога қоришиқ ундалмаларимиз ўзимизга чўнг ёқарди. Абдуғани ака устахонасидан гап очганда, бизлар вақт йўқотишдан чўчимай боришга розилик билдирдик.

Йўлимиз Себзорга тушди. Устахонага келганимизда янги мижозларнинг ҳайрати кўзларидан тошиб нигоҳлари деворга тартиб билан қатор терилган суратларга михланганди. Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Чингиз Ахмаров, Баҳодир Йўлдошев ва бошқа улуғларимиз портретлари оқ-қора тасвирда акс эттирилса-да, худди бизга гап қўшмоқчи даражасида жонли чиққанки, кўнглимиз ҳовури чўғланди. Норқобил:

— Аканинг диди баланд-ку! – деди қувониб.

— Ёнингдан оққан ариқнинг қадри йўқ, биродар, – дедим салқи тортиб.

Устахонадаги ҳар бир суратга улар баҳо берар, фикр талашарди. Мен эса Ҳайиткўл дашти манзаралари гўёки мойбўёқда акс эттирилгандай рангин суратларга ҳамсуҳбатларни чорлаб:

— Менинг даштимнинг феъли кенг. Бепоёнликнинг мадҳияси, – дея овозни баландлатдим.

Учаласиям дашт манзарасига тикилиб, кўзларида учқун чақнади. Шу куни Абдуғани ака ўз ижодий ишлари ҳақида гапира туриб, булоқдай қайнади.

…Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, синчи нигоҳбон Абдуғани Жума суратлари абадийлик мавзусидан сўз очадики, улардан ётсираб ўзингизни четга ололмайсиз. У ҳамон йўлда. Она диёримиз манзараларини гарчи мўйқаламда чизмаса-да, суратларида чизгандан ҳам гўзалроқ муҳрлай олган.

Ўроз ҲАЙДАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + eight =