Ҳамкорликда ҳикмат бор

ёхуд “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмагида эл назарига тушаётган Урганч шаҳридаги замонавий таълим маскани ҳақида мухтасар сўз

 

Чиндан ҳам банк билан ҳамкорлик қилганнинг қўли баланд, ошиғи олчи, омади бисёр. Хоразм вилоятида фаолият кўрсатаётган “DATA  UNION” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизнинг ана шундай омадли жамоалари сирасидан саналади. Асосан ёшлардан таркиб топган мазкур жамият мана 4 йилдирки, навқирон авлод вакилларига замонавий ахборот технологиялари, web ва компьютер дастурлаш, мўйқалам ва меъморчилик дизайни, видеосурат, бухгалтерия ҳисоби, инглиз тили сир-асрорларини  ўргатиш соҳасида самарали фаолият кўрсатиб келаяпти. Биласиз, рақамли иқтисодиёт, электрон ва компьютер технологиялари замонасида бу сингари касб-корларга бўлган талаб ниҳоятда юқори. Ушбу жабҳада илгарилаган, илғор жамиятнинг истиқболи порлоқ, бахти баркамол. Элнинг назари ҳам шу каби замонавий таълим масканларига қаратилган. Бу  борада “DATA  UNION”нинг фа­олияти ибратли.  Жамоа ҳали-ҳамон Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 31 март санъасида мазкур таълим масканига қилган  ташрифи боис юзага келган  кўтаринки кайфият оғушида яшаяпти.

 

Шаҳзод Собиров, масъулияти  чекланган жамият раҳбари:

— Мамлакатимиз раҳбарининг ўқув марказимизга ташрифи куч-ғайратимизни янада юқори маррага кўтарди. Юрт истиқболи биз  сингари ёшлар қўлида эканлигини у кишининг қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқлари боис янада ёрқин англадик. Президентимизга сўз бердик: фаолият кўламларини кенгайтириш билан чекланмаймиз, изланувчанлик миқёсларини ҳам кескин оширамиз, дедик. Бунинг натижаси ўлароқ, замонавий технология воситаларини бошқариш сир-асрорларинигина эмас, балки уни яратиш жараёнларини ҳам ўзлаштирмоқдамиз. Ушбу соҳага асосан ўрта мактабларнинг ёши 15 гача бўлган зеҳнли, истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларини  чорладик.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун асқотадиган касб-корларнинг эгаларини рақамли технологиянинг моҳир усталари қилиб камолга етаказиш айни кундаги асосий вазифамиздир. Фаолиятимиз катта йўлга чиққан. 2019 йилдан буён 3 мингдан зиёд ёшлар ўқув марказимизда рақамли технология соҳасида малакали мутахассис бўлиб етишдилар. Уларнинг барига  малака сертификатлари топширилди. Президентимизнинг ташрифидан сўнг фаолиятимиз миқёсини анча кенгайтириш чоралари  хусусида жиддий бош қотирдик. Имкониятларимиз анча катта бўлиб чиқди. Ҳар йили ўртача  3 минг нафар  ёшни замонавий касб-корларнинг соҳиблари қилиб  етиштиришни ўзимизга мақсад қилиб белгиладик.

Дарҳақиқат, ёшлар жамоасининг етакчиси бу борадаги режаларни аниқ факт ва далилларга суянган  ҳолда тилга олди. Маълум бўлишича, “DATA  UNION”  масъулияти чекланган жамияти ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик эса ютуқ ва қўлга киритилиши режаланган галдаги марраларнинг чинакам кафолати десак хато бўлмас. Негаки, фаолият кўламларини кенгайтиришда банкнинг мадад ва услубий йўл-йўриқлари алоҳида муҳим аҳамият касб этаяпти. Янгидан-янги имкониятлар йўли ана шу янглиғ ибратли ҳамкорлик­лар  боис очилаяпти. Жамият қошидаги ўқув маркази ҳозирда саҳни 1,5 минг квадрат метр­­га тенг бўлган маҳобатли синфхоналарда фао­лият кўрсатаяпти. Машғулотлар  жами 16 та синфхонада олиб борилаётир. Кейинги бир йил ичида яна 20 та хона қайта таъмирланиб, ўқув машғулотлари учун тахт этилди. Янги иш ўринлари сони яна 50 тага оширилди.

Ҳозирда марказ фаолиятига дахлдор жараёнларнинг бари “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида олиб борилаяпти. Амалий ва ташкилотчилик ишлари, услубий ёрдам тадбирлари эса таъкидлаганимиздек, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг фаол кўмагида рўёбга чиқарилаяпти. Бемақсад режанинг ўзи йўқ.  Замонавий технология илми ва амалиёти усталари давр талаби ҳамда тақозоларига биноан тайёрлаб етиштирилаяпти. Бунда бандликка кўмаклашувчи марказларнинг  талаб ва буюртмаларига алоҳида ўрин ажратилган. Эътиборнинг алоҳида жиҳати имконияти чекланган ва камхарж оилаларнинг фарзандларига қаратилаётгани ва касб-ҳунар эгаллаш борасида уларга алоҳида имтиёзлар жорий этилгани эса таҳсинга лойиқ.

Жамоа устоз-муаллимлари, бу ерда касб-ҳунар эгаллаётган ёшларнинг билим, иқтидори, изланувчанлик салоҳиятига тан берасиз. Жамоа шу пайтгача Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан уюштирилган грант танловларида 2 бора ғолиблик ҳуқуқини қўлга киритди ва  жами 1 миллиард сўмдан зиёд маб­лағнинг соҳибига айланди.

 

Шерзод Дўстчонов, компьютер меъморлиги таълими устаси:

— Мазкур йўналиш бўйича таълим олаётган шогирдларимизнинг изланмалари асосида яратилган меъморий ечимлар амалиётчи бун­ёдкорлар, мутахассис ва етакчилар тарафидан юқори баҳоланаяпти. Яратилган бир қанча лойиҳалар ҳозирнинг ўзидаёқ амалий бунёдкорликлар учун асос қилиб олинди. Бу каби ҳолатлар нафақат уни яратганлар, балки бутун ўқув марказимиз жамоаси қалбига жўшқин илҳом ва куч-ғайрат бағишлайди.

Марказда ўқув  ва касб-ҳунар ўрганиш учун намунали шарт-шароитлар яратилган. Ўқув ва таълим-тарбия жараёнларининг бари электрон воситалар кўмагида амалга оширилади. Фаолиятимизни атиги 10 та компьютер жамланмаси билан бошлаган эдик. Фақатгина кейинги бир йилнинг ўзида яна 200 та компьютер ўқув воситалари ишга солинди. Айни кезда биргина робот технологияси бў­йича 4 та ўқув синфи фаолият кўрсатаяпти. Ўқув даргоҳимизда машғулотлар 2 ойдан 7 ойгача давом этади. Бу ерда ҳар йили юзлаб ёшлар замонавий касб, мутахассисликларни мукаммал эгаллаб, мустақил фаолият юритишяпти. Ишимизни бундай касб эгаларига нисбатан талаб анчайин катта эканлигини назарда тутган ҳолда ташкил этаяпмиз.

Ҳа, давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлик ва раҳнамолиги, банкнинг эса доимий эътибори ҳеч  шубҳасиз истиқболдаги ютуқ  ва марралар гарови. Замон эса интилган, изланган ва уддалаганники. Бундай марраларга етишмоқ учун барча имконлар жамоанинг илкида эканига шубҳа йўқ.

“Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви ташаб­бусига асосан куни кеча мазкур масъулияти чекланган жамиятнинг Урганч шаҳридаги ўқув марказида уюштирилган пресс-тур унинг қатнашчилари қалбида шу янглиғ илиқ таассуротларни уйғотди. Матбуот анжумани иштирокчилари  бу ердаги таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Ўқув даргоҳи мутасаддилари, устоз-муаллимлар, таҳсил олаётган ёш авлод вакилларининг дил сўзларини тингладилар, ўзаро мулоқот ва қизиқарли савол-жавоблар қалам аҳиллари учун яхшигина илҳом манбаига дўнди. Ҳозирги замон электрон технологияси жиҳозлари, бежирим мебеллар, ихчам ва қулай ўқув воситалари мазкур даргоҳнинг юқори салоҳиятидан дарак беради.

Банкнинг вилоят ҳудудий бошқармасида  уюштирилган суҳбат банк ва мижоз ҳамкорлигининг яна бир ҳақиқий намунаси бўлди. Банкнинг Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи А.Қўшчонов ушбу жабҳа фаолиятига кенг тўхталди. Унинг айтишича, кейинги йиллар мазкур ҳудудий банк тизими учун тараққиётнинг янада унумли фаслига айланибди. Амалдаги йилнинг бошига келиб, муассасанинг кредит портфели миқдори 1 триллион  сўмга, юридик шахслар учун ажратилган кредит маблағлари ҳажми 933,2 миллиард, жисмоний шахсларга йўналтирилган маблағлар ҳажми 132 миллиард сўмга, аҳоли омонатлари миқдори 206,8 миллиард сўмга, мижозларнинг умумий сони эса 46 мингга етибди.

 

Заргул Эрназарова, “Ўзсаноатқурилишбанк” матбуот хизмати ходими:

— Юртимизда кечаётган ибратли яратувчилик жараёнларидан кўнгил ўсади. Уни халқимиз онг-тафаккурига жойламоқ фарзи биз —  қаламкашларнинг зиммамизда. Банк бош­қаруви ва матбуот хизматимиз ҳозиргача Рес­публикамизнинг деярли барча ҳудудлари бўйлаб махсус пресс-турларни  уюштирди. Унинг якунлари бўйича кўплаб мақолалар, очерк ва лавҳалар, кўрсатув ва эшиттиришлар халқимиз ҳукмига ҳавола этилди. Бу каби чиқишлар беиз кетмайди. Бундай тадбирларни мунтазам уюштиришга қарата алоҳида лойиҳа яратилган. Бу сингари саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти  беқиёс.

Ривожланган эллар тажрибаси илғор банк тизими барқарор, бағри ҳамиша гавжум юртларнигина йўқлаб боришини кўрсатади. Шундай экан, у тараққиётнинг ҳам элчиси.

Қолаверса, бугуннинг мижози ўзига хизмат кўрсатувчи банкни танлаш имконига эга. “DATA  UNION” масъулияти чекланган жамияти  ҳам ўз банкига юзланган ва миннатдор мижозлар сафида. Фикри-ожизимизча, банк мижозни қўллаган, мижоз эса банкка ишонган ва суянган жойда шу каби кўркам натижаларга эришилади.

Абдулла СОБИРОВ,

журналист.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + ten =