Шахсий дафтарим ҳошиясидаги битиклар

Юртимизда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Бегона баҳор”, “Дунёнинг ишлари” каби асарларини ўқимаган ёки номини эшитмаган инсонни топиш мушкул, менимча. Ўйлашимча, улар орасида “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”нинг ҳам алоҳида ўрни бор. Қуйида ёзувчининг ушбу китобини ўқигач, ҳавас билан ёзиб қўйганларимни эътиборингизга тақдим этмоқдаман.

 

Бизга Нобель мукофоти учун ёзилган асарлар эмас – одамлар учун ёзилган асарлар керак. “Навоий” романи, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, ҳатто “Хамса” ва “Бобурнома” ҳам Нобель мукофотини олгани йўқ. Аммо одамлар севиб ўқишади. Чунки бу асарлар Одамлар учун ёзилган. Уларни тарбиялаш учун ёзилган. Муҳими шу. Адабиётнинг ҳам мақсади — одоб ўргатиш. Мукофот олиш эмас.

                             * * *

Қўрқувнинг отаси – билмаслик,

Онаси – билишни истамаслик.

                            * * *

Яхши инсонлар ўз яхшиликларини одамларга кўз-кўз қилишмайди. Балки шу боисдир уларни ҳеч ким танимайди.

                            * * *

Ёмонликни унутиш керак, аммо ёмонлигини эмас. Ёмон ёмонлигини давом эттиради. Илон ҳеч қачон заҳрини сочишдан қайтмайди. Шу боис ким ёмон эканлигини билиб қўйиш, яхшини ёмондан фарқлай олишда ас қотади.

                             * * *

Хотин гўзал бўлса – эрда қўрқув бўлади,

Хотин хунук бўлса – эрда армон бўлади,

Хотин ақлли бўлса – эр бой бўлади,

Хотин ақлсиз бўлса – эр хор бўлади.

                            * * *

Халқлар уруши – инсоният палагининг қуриши.

                            * * *

Исаак Ньютоннинг бошига тушган олма ҳар кимнинг ҳам бошига тушади. Аммо ҳамма ҳам Исаак Ньютон бўлмайди. Демак, сир олмада эмас, бошда.

Алишер ТОИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =