Миллий университет – миллат таянчи

Ўзбекистон Миллий университети нафақат Марказий Осиё­­да, балки дунё миқёсида кенг доирада танилиб бораётган нуфузли олий таълим даргоҳларидан биридир. Ушбу илм даргоҳи йиллар силсиласида Ўрта Осиё давлат университети, Тошкент давлат университети, ҳозирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети каби номлар билан шуҳрат қозониб келмоқда.

Университет отахон таълим даргоҳи сифатида республикамиздаги етакчи олий таълим муассасаларининг шаклланишида пойдевор вазифасини ўтаган. Республика, қолаверса, Ўрта Осиё олий ўқув юртлари орасида Миллий дорилфунун ўзига хос салобат ва салоҳияти билан ажралиб туради.

Яқинда отахон таълим масканимизда бир асрни ортда қолдирган юбилей санаси – 105 йиллиги кенг нишонланди. Ана шундай дамларда миллат таянчи бўлиб шаклланган Миллий университетнинг шонли тарихига яна бир бора назар солишни жоиз деб биламиз.

Бу улуғ даргоҳга ташкил топганидан бошлаб ҳозирга қадар алоҳида раҳбарлик қобилиятига эга бўлган, иқтидорли, таълим маскани тараққиётига ҳар томонлама ҳисса қўшган салоҳиятли олимлар етакчилик қилиб келади. Ҳар бирининг фаолияти таҳсинга сазовор. Шу ўринда университетда самарали фаолият юритган айрим ректорлар — улкан устозлар ҳақида икки оғиз сўз айтиш нафақат жоиз, балки бурчимиздир.

Саъди Ҳасанович Сирожиддинов — университетга узоқ йиллар раҳбарлик қилган элимизнинг фидойи зотларидан эди. Олимнинг алоҳида иқтидори билан бир қаторда камтарлиги, самимийлиги, инсоний фазилатлари ҳақида кўп ёзишади. Шу каби ибратли воқеалардан бири ҳақида Миллий университетда узоқ йиллар ишлаб, ушбу университет тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган Жўра Худойбердиев шундай ёзади: “Саъди Ҳасанович Сирожиддинов – эҳтимоллар назарияси бўйича собиқ иттифоқ миқёсидаги   энг таниқли, машҳур олим, академик. Бу инсонни Москва, Ленинград, Киев ва бошқа шаҳарлардаги олимлар ҳам яхши билишган ва жуда ҳурмат қилишган.

Шу соҳа бўйича илмий иш қиладиган ҳар қандай тадқиқотчи ушбу олимнинг ишларига мурожаат этиши шарт бўлган. Домла қанчалик машҳур бўлсалар, шунчалик оддий ва самимий инсон бўлганлар. У киши бир куни университет маъмурий биноси олдида ўша пайтдаги вазирни (бир вақтлар ўзларининг шогирдлари бўлган инсонни) кутиб олиш учун чиқадилар. Шунда   “домла, кутаётганингиз шогирдингиз эканлар-ку, ўзлари олдингизга кирадилар” дейишганида, олим “мен шогирдимни эмас, вазирни кутяпман”, деб жавоб берган эканлар”.

Олимнинг ҳаётида бу каби ибратли лаҳзалар кўп бўлган. Ҳурматли ректор бўлғуси машҳур олим, жамоат арбобларини университет қабули давридаёқ аниқлаганлари ва бу борада бош­қаларга маълум қилганлари кўп­лаб манбаларда эътироф этилган.

Университетга раҳбарлик қилган Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқовни эса талабалик йилларимдаги фаолиятлари орқали биламан. Даставвал, 1985 йилда имтиҳон жавоблари эълон қилиниб, бир гуруҳ ёшлар   талабаликка қабул қилинганимизда қўл бериб табриклаб, ҳар биримизга муваффақият тилаб чиққанлари кечагидек ёдимда…

Тошкент давлат университетининг Миллий университет мақомига эга бўлишида ва дунё миқёсида рейтинги баланд университетлар қаторида такомиллашувида бир неча йиллар ректорлик қилган академик Тўрабек Нуъмонович Долимовнинг ҳам алоҳида хизматлари бор. Тўрабек Долимов, том маънода, зиёли, нозиктаъб, юқори дидга, инсоний фазилатларга эга бўлган академик олим эди. Геолог бўлишига қарамай, барча соҳага, хусусан, филология илмига ҳам жуда қизиқар эдилар.

Эҳтимол, шу сабабдан Тўрабек Долимов туркий халқларнинг кам қисмида кузатиладиган этимологик луғат тузишни таклиф қилиб, Ўзбек тилининг этимологик луғатини нашр этишга бош-қош бўлган эди. Бу ҳақда этимологик луғат муаллифи, филология фанлари доктори, профессор, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Шавкат Раҳматуллаев шундай деб ёзган:   “Ўзбек тилшунослигида филологик луғат тузиш бўйича етарли тажриба орттирилган. Лекин этимологик луғат тузилмаган эди. Этимологик луғатнинг ҳозиргача тузилмаганига асосий сабаб – кўп меҳнат, чуқур билим, катта тажриба, лаёқат талаб қилиши эди, албатта. Ўзбекистон Миллий университетида ўзбек тили этимологик луғатини тузиш ташаббускори академик Тўрабек Долимов менга шундай таклиф билан мурожаат қилганларида бу ишни бажара олмаслигимни, бундай луғатни тузиш учун ҳозирги адабий ўзбек тилидан мутахассис бўлишнинг ўзи етарли эмаслигини, ўзбек тили тарихини яхши билиш лозимлигини айтдим. Академик Тўрабек Долимов университетнинг илмий ишлар бўйича ректор ўринбосари сифатида айтган бу таклифларини кейинчалик университет ректорининг талаби сифатида қатъий так­рорладилар. “Бошқа тиллар бўйича этимологик луғат тузилгану, нега ўзбек тили бўйича тузилмаган?! Тузиш керак. Шундай луғат тузишни бошлаб беринг!” – дедилар. Миллий ғурур ҳам аралашганидан кейин мен бу мураккаб, машаққатли вазифани бажаришга жазм қилдим”.

Т.Долимов ректорлик қилган   вақтларида кўп ҳолларда ўқув йилини якунлаш университет босмахонаси ёнидаги майдонда, фавворалар ёнида, давра столи атрофида нишонланар эди. Ўқув йилида фаол меҳнат қилганлар тақдирланиб, профессор-ўқитувчиларнинг ютуқлари эътироф этилар эди. Ана шундай йиғинларнинг бирида университетда кўп йиллардан бери фаррошлик қилиб келган онахон шундай деган эдилар: “Мен бу университетни, раҳбариятини яхши биламан. Ўқитувчи бўлишни орзу қилганман. Ўқишга ҳужжат топшириб, кира олмадим. Лекин мен хафа эмас­ман, аксинча шукр қиламан. Чунки ўқитувчи бўла олмасам ҳам, ўқитувчиларнинг оёқлари остини тозалаётганимдан фахрланаман!”. Албатта, ушбу сўзларни инсонийликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш жоиз. Кўпчилик наздида паст назар билан баҳоланадиган бу меҳнатдан фахрланиш, ғурурланиш, ундан мазмун топиш ҳар қандай инсоннинг ҳам қўлидан келавермайди. Фаррошлик касбидан умргузаронлик қилувчи онахон эса ўз касби ўқитувчиларга алоқадор эканлигидан фахр ҳиссини туйган эдилар. Ўқитувчи ана шундай эътиборга, фахрга лойиқ. Лекин “ўқитувчи”лик салоҳиятини, шу савияни, қиёфани сақлаб қолиш, шу номга лойиқ бўлиш   осон эмас, бу – педагог ходимлардан катта масъулият талаб қилади.

Ўша йиллари Тўрабек Долимовнинг яқин ёрдамчилари бўлган ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари – Раҳбархон Муртазаева, Ҳожиакбар Тойчиев, Лаълихон Муҳаммаджоноваларнинг хизматлари туфайли ҳам ўқув жараёни ва илмий фаолият, хотин-қизлар йўналишида университет катта ютуқларга эришди.

Университетда ректор сифатида   профессор Ғаффуржон Исроилович Муҳаммедов ҳам сермаҳсул фаолият олиб бордилар. Университетни ҳар томонлама ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Айниқса, таълим сифатига ўша йиллардаёқ алоҳида эътибор қаратдилар. Университетнинг тажрибали педагог-мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилиб, ҳар бир факультетдаги ўқув жараёни, меъёрий-ҳужжатлар, дарсларни ташкил қилиш, замонавий педтехнологиялардан фойдаланиш даражасини назоратга олдилар. Бу даврда ҳам университет кўп соҳаларда ютуқларга эришди. Кўплаб талабалар Халқаро олимпиада, Республика танловлари ғолиблари бўлишди.

Ҳозирги пайтда Миллий университетга профессор Иномжон Урушевич Мажидов раҳбарлик қиляптилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли университет юқори натижаларга эришмоқда. Университетнинг дунё рейтингида тобора юқорилаб бораётгани ҳам ўқув, илмий, маънавий-маърифий соҳаларда ишларнинг тизимли равишда йўлга қўйилганини кўрсатади. Университет профессор-ўқитувчиларининг меҳнат натижаларини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар янада юксак ютуқларга   замин яратади.

Ушбу университетда фидойи инсонлар, таниқли олимлар фаолият олиб боришган ва ҳозир ҳам ўз соҳасининг етук мутахассислари фаолият юритмоқда. Айниқса, университетнинг математик, физик, географ, биолог, тарихчи, филолог олимлари амалга оширган тадқиқотлари ва илмий ишланмалари билан жаҳонга танилган. Филология соҳасида Аюб Ғуломов, Ғулом Каримов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Муҳаммаднодир Саидов, Сиддиқжон Фузаилов, Иристой Қўчқортоев, Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжаев, Шавкат Раҳматуллаев, Карим Назаров, Миразиз Миртожиев, Умарали Норматов, Бегали Қосимов, Раҳматилла Иноғомов, Омонилла Мадаев, Баҳодир Йўлдошев, Ёрмат Тожиевларнинг беқиёс меҳнатлари туфайли соҳада кўплаб ютуқларга эришилди. Таниқли жадидшунос олим, мутахассислар таъбири билан айтганда, “энг сўнгги жадид” – профессор Бегали Қосимовнинг бутун умри ва фаолияти шу университет билан боғлиқ. Университет ташкил топган сананинг ва ташкилотчиларининг аниқланишида устознинг катта хизматлари бор. Устоз Германия, Туркия давлатлари ҳамда Қозон шаҳрида бўлиб, ҳужжатларни ўрганиб, далилий материаллар тўплаб, университет 1920 йилда эмас, балки жадидлар даврида, Мунавварқори ташаббуси билан 1918 йил 12 майда ташкил этилганини исботладилар. “Миллий университет” мақоми берилишида ҳам устоз алоҳида фидойилик кўрсатганлар.

Бу масканда Ғайбулла ас-Саломдек моҳир таржимонлар, ўз ишининг усталари фаолият юритишган. Алломанинг маданият саройида университетга “миллий”лик мақоми берилиши муносабати билан   ўтказилган тадбирда нутқ сўзлай туриб, тўлқинланиб, минбарда айтган сўнгги сўзлари олимнинг, том маънода, фидойи эканлигини кўрсатди.

Фахр ва ифтихор билан айтиш жоизки, университетда таҳсил олган талабалар бугун ишлаб чиқариш, ижтимоий-гуманитар, тиббиёт, биология сингари қатор соҳаларда фаолият юритиб келмоқдалар. Аксарият собиқ талабалар бугун республиканинг турли нуқталарида, хорижнинг нуфузли таълим муассасаларида раҳбар, ижрочи масъул лавозимларда ишлашмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бош­­қа кўплаб шоиру-ёзувчилар шу университетда ўқиб, билим олишган.

Ҳозирда университетда Фазлиддин Ҳикматов, Тўхтасин Абдураҳмонов, Нигина Шермуҳамедова, Анна Шереметьева, Раҳбарой Муртазаева, Акбар Ўтамуродов, Лаълихон Муҳаммадиева каби географ, биолог, тарихчи, философ олимлар ва бошқа бир қатор профессор-ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда. Филология соҳасида Улуғбек Долимов, Раъно Сайфул­лаева, Мамлакат Жўрабоева, Ҳавохон Қаҳҳорова, Ҳамидулла Болтабоев, Насимхон Раҳмонов, Муҳаббат Қурбоноваларнинг фаолияти респуб­лика мутахассислари учун ибрат намунаси сифатида эътибор топмоқда.

Ҳа, Миллий университет – миллат фахри, миллат таянчи! Қадим ва азим маскан қадри ва нуфузи аждодлар тафаккури, буюк мутафаккирлар зиёси, ёшлар шижоатидан баҳра олиб, метиндек мустаҳкамланиб, Мирзо Улуғбек юлдузлари қадар юксалиб бораверсин!

Зулхумор ХОЛМАНОВА,

филология фанлари доктори,

профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × one =