Халқ шоири “Korzinka.uz”ни нега танқид қилди?
Яқинда телеканалларимиздан бирида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан берилган суҳбатни эшитиб қолдим. Теран фикрли, ҳақиқатпарвар бу забардаст ижодкорнинг гаплари, айниқса, давлат тилини ҳурмат қилиш борасидаги мулоҳазалари диққатимни тортди. Бу фикрлар имон–эътиқоди бутун, маънавиятимизни қадрлайдиган миллионлаб юртдошларимизга ҳам манзур бўлганига шубҳа йўқ. Атоқли шоир, жумладан, пойтахтимиздаги номдор дўконлардан бири Korzinka.uz дўконлари раҳбарини очиқ танқид қилди. “Ҳамма жойга дўкон қуриб ташлаган бу одам шу сўзнинг ўзбекчасини “Сават” ёки “Саватча” деб қўйса бўлмайдими? Мақсад фақат пул топиш бўлмаслиги керак-да!, — деди.
Эътибор берганим, бу ерда моддият ҳақида гап кетмаяпти. Яъни, дўкондаги нарх-наво ёки хизмат кўрсатиш тўғрисида бир оғиз ҳам фикр билдирилмади. Ҳатто, дўкон эшигидан кирганингиз ҳамоно чегирмалар ҳақидаги овозли эълон, яъни хуррам товушда “Фалон маҳсулот нархи фалон мингу 990 сўм”, дея ғашингизни келтириши ёки дўкондаги маҳсулотлар нархининг баландлиги хусусида бирор сўз бормади. Аслида нархларни бола алдарга 10 сўмга тушириб қўйиш аллақачон эскирган услублиги бор гап. Ахир, 990 рақамидан бошқа чегирма сонлари йўқми? Лекин нима ҳам дердик, майли-да, элга хизмат қилиб, юртимизнинг турли гўшаларида тармоқлари сони ошиб бораётган экан, бу дўкон эгаларининг ишларига ривож тиласак камимиз кетмайди. Шу халқ учун меҳнат қиляптими, омадини бераверсин ҳамманинг ҳам.
Аммо… Одамни хафа қиладигани шундаки, юртнинг айрим машҳур тадбиркорлари ўз тилини, янаям аниқроғи, расман давлат тили ҳисобланган ўзбек тилини ҳурмат қилмаса, ҳурмат қилдирмаса, бошқалардан нимани ҳам кутиш мумкин?!
Бу тилнинг нақадар бой ва гўзал эканини Ҳазрат Навоий ўзининг ўнлаб асарларида аллақачонлар исботлаб кетган. Хусусан, “Муҳокамат-ул луғатайин” асарида она тилимизнинг нақадар улуғ ва бой эканлигини қайта-қайта таъкидлаган. Ахир “Хамса” каби бетимсол асарларни ҳам улуғ бобомиз шунчаки туркийда битмаган эди-ку!
Шундай экан, “Korzinka”нинг ўрнига халқ шоири айтмоқчи, “Сават” ёки “Саватча” деб ном қўйилса, тадбиркорнинг ишлари юришмай қоладими? Ёки одамлар бу дўконларга кирмай қоладиларми? Агарда “Сават” ёхуд “Саватча” деган ном маъқул бўлмаса, она тилимизда жарангдор ва гўзал номлар камми?!
Бу — масаланинг бир жиҳати. Иккинчи жиҳат шундаки, савдо йўлига оид ҳар битта атама дарҳол оммалашиб кетади. Айни даврда кўча-кўйларда: “Korzinka қаерда, амаки?” деб сўрайдиган болакайларни, қизалоқларни кўп учратганмиз. Шу зайлда уларнинг дунёқараши бузилмайдими?
Қаранг, Усмон Азим таъкидлаганидек, қанчалик чиройли, жозибадор сўзимиз бор: “Сават”. Қолаверса, “Сават” аслида “Савдо” сўзи билан ўзакдош.
Астойдил ўйлаб қоласан киши: ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига салкам ўттиз тўрт йил бўляпти. Хўш, шундан бери кескин ўзгаришни кўрдикми? Зиёлилар, ҳаттоки, санъаткорлар ҳам нутқида русча сўзларни (любой, значит, давай, молодец, короче, срази, понимаеш, хорошо, ладно ва ҳоказо) кўплаб ишлатмоқдалар. Таққослаб кўринг: ўзга юртларда бирон одам ўз нутқида ўзбекча сўзларни қаторлатиб ишлатадими? Албатта, йўқ. Ёхуд дунёнинг қайси мамлакатида, ҳатто унинг пойтахтида худди биздаги каби турли савдо-сотиқ иншоотларида, кўчаларда ажнабий номларни, рекламаларни учратасиз. Балки учратиш мумкиндир, лекин ҳеч қайси юрт бу борада биздагидек “саҳий” эмас.
Давраларни кўп айланадиган ҳикматомуз ибора мавжуд. “Тилга эътибор — элга эътибор”. Савдо соҳаси каттаконлари ҳам шу қоидага амал қилсалар тўғри бўлар эди.
Ҳа, бу борада тадбиркорлардан, мулк эгаларидан пул топиш, даромаду буромад кўра олиш салоҳиятидан ташқари, яна озгина ватанпарварлик, миллатпарварлик хислатлари ҳам талаб этилади, холос.
Эҳтимол, кимдир “Халққа хизматни ўрнига қўйяптику, номнинг нима аҳамияти бор?!” дейиши мумкин. Дангал айтганда жуда аҳамияти бор-да! Биринчидан, жой номлари бу миллатнинг юзи. Айниқса, сайёҳлар учун бирор давлат ҳақидаги тасаввурларини яхлитлаштиришларида номлар ҳам катта ўринга эга. Дейлик, Ўзбекистон ҳақида гапира туриб, дўконлари, корхоналарини тасвирлашда ўзбекча эмас, бошқа ажнабий отларни айтиш, ғалати эмасми? Иккинчидан, миллат, халқ, давлат обрўсини, миллий қадриятларини ҳурмат қилган, самимий айтганда, яхши кўрган одам, аввало, она тилисини яхши кўриши, ҳурмат қилиши, эъзозлаши шарт. Ўз тилидан уяладиган киши гўё ўз ота-онасидан уяладиган фарзандга ўхшайди. Аллоҳ таоло бандасига ота-она танловини бермагани каби Ватан ҳам, она тили ҳам тақдир туҳфасидир.
Халқ шоирининг мулоҳазалари баҳонасида айтмоқчи бўлганларимиз: Юртимиз иқтисодий ривожланиш йўлидан илдамлаётган экан, маънавий таназзулдан огоҳ бўлишимиз, биринчи галда давлат тили мақомини юксак тутмоғимиз давр талаби бўлиб турибди. Бу борада тадбиркорлар ҳам ўрнак бўлишса, корхоналар, дўконлар ва бошқа иншоотларнинг номлари ўзбекча бўлишига қатъий амал қилишса, шу халқнинг бир ишбилармон фарзанди сифатида нафақат моддий, балки маънавий бурчларини ҳам қойиллатиб қўйган бўлишарди.
Сўзимиз сўнгида гарчи ҳаммага маълум бўлса-да, яна бир бор эслатмоқчимизки, юртимизда давлат тили — ўзбек тилидир. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуни 20-моддасида шундай дейилади: “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.
Ким бўлса ҳам, ҳатто 100 та дўкони борлар ҳам қонунга амал қилиши мажбурий эмасми? Маънавият, қадрият, тил масаласини иккинчи даража деб билувчи айримлар учун оддий савол: қонун устуворлиги қаерда қолди?!
Зуҳал РЎЗИЕВА,
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналистлар