Қурилишдаги хавотир

Ўзидан-ўзи қулаб тушаётган бинолар огоҳликка чорламаяптими?

 

Аввал ҳам газетамизда бу мавзуда кўп ёзилган. Аммо “кутганимиздек” соха мутасаддилари томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Лекин начора, муаммо бор эканки, яна мавзуга қайтишга ҳаётнинг ўзи мажбур қилмоқда…

Охирги икки-уч йил ичидаги учта воқеани эслатиб ўтмоқчимиз: 2021 йил, 10 январда Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли бинонинг 240 кв.м. иборат бўлган 7 та хонадони ўз-ўзидан қулади. Шу йил 12 август куни Тошкентда аэропорт яқинида қурилаётган кўприкнинг бешта тўсини ҳам бир вақтнинг ўзида қулаб тушганди. Ушбу ҳолат бўйича тас­вирга олишга борган телевидение ходимларининг калтакланганини ҳам эшитмаган одам қолмади. Ахир қурувчилар журналистларни эмас, ўз-ўзидан яроқсиз йўқ қураётган, йўл ўтказгич қураётган ўз ҳамкасбларига дашном бериши, чора кўриши лозим эмасмиди? Майли, бу ҳақда гапни давом эттирмайлик. Прокуратура бу ҳолат бўйича жиноят иши очганидан воқифмиз. Адолатли ечим кутамиз. Бундан кейингиси (илоҳим, охиргиси бўлсин-да!) яқинда Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалидаги фаоллар залининг шифт қисмига ўрнатилган темир-бетон плитаси талабаларнинг устига қулаб тушди! Ҳеч қандай ташқи таъсирсиз, ўз-ўзидан қулаб тушаётган биноларга нима бўляпти? Бу ачинарли ҳолатлар ҳушёр торттирмаяптими?

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳридаги кўп қаватли бинонинг қулаши сабабларидан бири – буюртмачи, техник ва лойиҳачи назорати бўлмаганида экан. Бунинг оқибатида пудратчи ташкилотнинг хаёлида фақат ўғирлик бўлган. Бу ҳақда ўша вақтда ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири маълум қилган эди. Kun.uz сайти ахборотида айтилишича, вазир, жумладан, бундай деган: “Жиззахдаги масала ҳам (бино қурилишида) талаб-меъёрларнинг бошидан бошлаб бузилганлиги (билан боғлиқ). Жойига бориб кўрдим, ҳаётда кўп бинолар қуриб-бузганман, ағанаб кетганларини кўрганман, лекин бузилганда бунақа майдаланиб кетганини биринчи марта кўряпман. Бу ерда масала нима? Назорат бўлмагани учун, тадбиркор битта пудратчини топган, бошидан охиригача унинг хаёли ўғирлик бўлган. Техник ва лойиҳачи назорати бўлмагандан кейин қурувчининг ўзи назорат қила олмайди”.

Тошкент шаҳридаги кўприк қулаши ҳолати бўйича эса жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор ушлангани Транспорт прокуратураси матбуот хизмати томонидан маълум қилинган эди. Демак, бу вазиятда ҳам қурилиш жараёнида иқтисодий жиноятга, қаллобликка қўл урилган бўлиши ҳақиқатга яқин.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалидаги фаоллар залининг шифт қисмига ўрнатилган темир-бетон плитаси тушиб кетгани оқибатида 6 нафар талаба қиз тан жароҳати олгани ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда бинонинг қурилиши ҳолати мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, мазкур ўқув биноси 2008 йилда фойдаланишга топширилган экан. Демакки, иморатнинг қурилганига ҳали кўп бўлмаган, аммо минг афсуслар­­ки, бетон-плита янги ўқув йили бош­ланаши муносабати билан ўтказилаётган тадбир пайтида ҳеч қандай зилзила ёки табиий офат, ёйинки бошқа ташқи таъсирларсиз талабаларнинг устига тушган. Натижа қандай оқибатни юзага келтирганини ва бошқа тафсилотлар интернет мавзусига айланди. Бу — жуда уят!

Тинч-осуда ҳолатда ўз-ўзидан қулаб тушаётган бу биноларни кўриб, “Аллоҳ асрасин, зилзила ёки бошқа табиий офатлар юз берганда ҳолимиз не кечаркин?” деб ўйлаб қоласан киши. Жорий йил бошида Тур­кияда юз берган кучли зилзила даҳшатлари ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилган бўлмаса керак. Сўнг­­ги йилларда аҳоли яшаши учун оз фурсатда кўп қаватли уйлар қурилиб, топширилаётгани, албатта, қувонарли.   Шубҳасиз, юртимизда катта бунёдкорлик юмушларининг бажарилаётгани таҳсинга лойиқ. Лекин бу қурилишларнинг сифат даражаси қандай, ишончлими? Бу бинолар қурилишига бош бўлганлар қураётган иморатларнинг сифатига, ишончли эканлигига жавоб бера олишадими? Умуман, қурилиш сифати талаб даражасида назорат қилинаяптими?

Айнан шу каби саволларга Ўзбекис­тон Республикаси Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги вазирлиги мутассадиси бундан бир муддат аввал “вазирлик қурилиш­лардаги сифатни назорат қилмаслигини” айтган эди. Бу эса, албатта, жавобсиз саволларнинг кўпайишига хизмат қилгани бор гап. Унда бу муҳим вазифани ким бажариши керак?

“Менинг хавотирим шундаки, янги бинолар жуда ҳам тез суръатда қурилмоқда. Илгарилари кўп қаватли уй пойдевори бир йил чўктириб қў­йиларди. Сўнг пойдевор ташлашдан аввал ойлаб махсус жиҳозларда прессланарди. Ҳозир эса бир ойда бино тикланмоқда, — дейди кўпчиликни ўйлантираётган саволларни эшитиб лойиҳачи-архитектор Шаҳбоз Қобилов. — Пойдевор қурилганда ҳам об-ҳаво, бетоннинг маркаси ҳисобга олинмаяпти кўпинча. Бизда қурилиш материалларининг сифати тўлиқ текширилмаяпти, деб ўйлайман. Тан олайлик, соҳага кучли назорат керак. Қолаверса, кўп жойларда гувоҳ бўляпмиз: қурилиш илмидан хабарсиз ёлланма ишчилар, халқона айтганда, мардикорлар қурувчилик қилишяпти”.

Халқимиз — доно халқ. “Ўғри бўл… бўл, лекин инсофи билан бўл”, деган нақлни бежиз айтмаган. Чиндан ҳам, айниқса, қурилиш соҳасида ўғирлик қилиш, сифатсиз ёки кам маҳсулотлардан фойдаланиш, шошма-шошарлик, илмсизлик одамлар ҳаёти билан ўйнашиш дегани! 1966 йил Тошкентда рўй берган зилзила бизга асрларга татигулик сабоқ бўлиши керак аслида? Энг ажабланарлиси, ўша мудҳиш кунда ундан аввалроқ қурилган айрим биноларга зиён етмаган. 1960-1980 йилларда қурилган кўп қаватли уйлар ҳам бугунги кунгача мустаҳкамлигини исботлаб бўлди. Ёхуд ўтган асрнинг бошларида, бундан бир асрдан олдин қурилган бинолар ҳам бус-бутун турибди. Мисол учун пойтахтимизнинг қоқ марказида жойлашган халқаро Вестминистр университети жойлашган бино ёки Адлия вазирлигига туташ бўлган Тошкент юридик университетига қарашли биноларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан ташқари, ҳозир ҳам айрим давлат ташкилотлари жойлашган кўп­лаб эски бинолар қайта таъмирлашга муҳтож бўлиши мумкин, аммо қайта қуришга эмас! Мисол учун, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ёки Ўзбекистон Давлат цирки биноси кабилар ҳали кўп йиллар хизмат қилишига шубҳа йўқ. Демак, Собиқ иттифоқ ёки ундан ҳам аввалроқ қурилган иморатлар мустаҳкам, пишиқ қурилган. Хўш, бунинг сири нимада? Албатта, бу гаплар билан эски даврларни кўкка кўтармоқчи эмасмиз. Бор-йўғи қурилиш соҳасида сифат даражаси ҳақида гапирмоқдамиз. Шундай экан яхши, самарали услублардан қайси замонда, қайси даврда бўлса ҳам фойдаланиш, ибратли жиҳатларини инкор қилмаслик керак, демоқчимиз холос. Аслида бизнинг аждодларимиздан кўра моҳирроқ қурувчи усталар дунёда кам бўлган. Асрларки, қаддини тик тутиб турган тарихий обидаларимиз қанча? Тарихан бунёдкорлик салоҳияти юксак. Ахир не-не сайёҳлар, тарихчилар ҳайрат билан бу хусусида ёзишган! Бунга ўнлаб тарихий манбаларни, қанча нодир китобларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бугун ҳам сифатли қурилиш стандартларини ўрганиш, жорий қилиш, қаттиқ назоратни таъминлаш заруриятга айланиб бўлди. Бу нарсани тушуниб етиш учун, Аллоҳ сақласину, яна кўплаб биноларнинг шунчаки қулашини кутиб ўтириш шарт бўлмаса керак, назаримизда. Зотан, табиий офатлардан ҳеч қайси юрт ҳимояланган эмас. Шундай экан, аҳоли яшаётган, ишлаётган, фойдаланишда бўлган биноларнинг зилзилабардошлиги, сифат даражаси текширилиши, янги қурилаётган иморатларнинг эса ҳар бир жараёни назоратга олиниши ўта муҳим масаладир.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор, ғамхўрликни қурилиш, бунёдкорлик соҳаси вакиллари, мутахассислари яхши анг­лаб, бугун бунёд этилаётган иншоотларнинг умри асрлардан-асрларга ошиб, элга, ватанга хизмат қилишига эришмоғи лозим, албатта.

Ситора ТОЖИДДИНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − ten =