Кўҳна “Сардоба” ноласи…

Сирдарёда бўлганмисиз? “Ёғочли Сардоба” тарихий ёдгорлигида–чи? Ўйланиб қолдингизми? Албатта–да, бундай нодир иншоотнинг борлиги ҳақида шу вилоятда яшайдиганларнинг ўзи тўлароқ маълумотга эга бўлмаганидан кейин… меҳмонлар қаердан ҳам билишсин? Қолаверса, меҳмонлар ҳам озода, обод, кўркам масканларни томоша қилишни хоҳлашади-да.
Бироқ тарихий аҳамиятга молик бўлган бино ва иншоотлар Сирдарёда ўзи кўп бўлмаса-да, Сардоба туманидаги “Ёғочли Сардоба”нинг бугунги аҳволи эътиборга муҳтожлигича қолмоқда. Минг афсуски, бугунги кунда унинг нафақат атрофи, балки гумбазлари ҳам ўт-ўлан билан қопланган экан.
Куни кеча Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ва Сардоба туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган пресс тур давомида бир гуруҳ журналистлар ушбу ноёб обидани кўздан кечиришди.
— Сардоба туманида бажарилган ва бажарилаётган улкан бунёдкорлик ишларини ўзларингиз кўриб турибсизлар. Қурилиш соҳасини ривожлантириш учун ўтган 2022 йилда 27 миллиард сўмдан ортиқ, жорий 2023 йилда бу кўрсаткич 101 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Бу вилоятимиз миқёсида ажратилган маблағнинг учдан бир қисмини ташкил этиб, туманимиз тараққиётига қаратилаётган эътиборнинг юксаклигидан далолат, деб фахрланиб сўз юритди Сардоба тумани ҳокими Акмал Мирзаев.
Лекин Сардобадаги қадимий масканга ким эътибор қаратади?
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ҳоким бўлган вақтида “Бу Сардоба Жиззах ва Сирдарё вилоятлари донғини кўтарадиган маскан. Бу жойни обод қилишимиз керак. Унинг атрофини туристик зонага айлантиришимиз зарур”, деб Тошкент-Термиз М-39 йўлидан “Ёғочли Сардоба”га келадиган йўлни асфальт қилдириб, атрофларини обод қилган эди. Шундан буён бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Лекин бу йил иншоот атрофини ободонлаштириш учун 300 миллион сўмдан кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган, – дея куйиниб сўзлади меҳнат фахрийси Кўчим Болтаев.
— Мен 1998 йилдан буён Тошкент-Термиз М-39 йўлидан қатнайман. Бироқ шундай йўлдан бор-йўғи 400 метр масофада жойлашган нодир, тарихий иншоотнинг борлигини билмас эканман, – деди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов.
Сардобалар тарихан карвон йўлларида бунёд этилган. Сирдарё “Ёғочли Сардоба”си ҳам Тошкент-Термиз М-39 йўлининг шундай устида жойлашганлиги билан ҳам бу ҳудудда туризмни ривожлантириш барчамиз учун манфаатли бўлади. Бундай сардобалар Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятларида саноқлигина сақланиб қолинган холос. Уларнинг тарихий қиммати ва аҳамияти бугун ҳам юқори. Негаки, чўллар бағрида сувни йиғиш, уни тежаб ишлатиш усуллари аждодларимиз томонидан илмий асосда бажарилганлигини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмаса керак.
Ютуқлар ўзимизники биз мавжуд камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришимиз керак, албатта.
Шу боис Сирдарё “Ёғочли Сардоба”си ҳудудининг логистик имкониятлари, унинг атрофида хизмат кўрсатиш ва сервиснинг барча йўналишларини ташкил этиш мумкинлиги ҳақида айтмасак ҳам тушинарли. Бунинг натижасида экотуризм, зиёрат туризми, меҳмонхона туризми каби сайёҳлик турларини ривожлантириш мумкин деб таъкидлаб ҳам ўтирмайлик. Минг бора эшитгандан бир бора кўрган афзал, деган нақлга амал қилиб, “Ёғочли Сардоба”ни кўриб хулоса қиларсиз.
Ўйлайманки, яқин йиллар ичида туман, шаҳар, вилоят касаба уюшмалари Самарқанд, Хива, Бухоро каби тарихий шаҳарларимиз каби “Ёғочли Сардоба”ни ҳам туризм маршрути рўйхатига киритади. Натижада ички ва ташқи туризм тараққий этган ҳудуд сифатида одамлар зиёрат ва маданий ҳордиқ олиб, “Ёғочли Сардоба”нинг ҳориган ҳолатини, унсиз нолаларини эмас, “қувноқ чеҳрасидан” баҳраманд бўладилар.
Баҳром БОЙМУРОДОВ