Элга суянч бўлган суюкли бўлгай

Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ

 

Муаллиф ҳақида: Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ (А.Қиличев) — 1986 йил Сирдарё вилоятида туғилган. Ўзбекис­тон Давлат санъат ва маданият институтини битирган. Драматург, режиссёр. Тошкент мусиқали театри (оперетта)да “Жоним дадам”, Андижон ёшлар театрида “Тўмарис” спектакллари саҳналаштирилган.

Муаллифнинг “Қувонч”, “Эртаклар тўплами”, “Қочоқ куёв” номли китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

                           ВАТАН

 

Шунчалар гўзалки боғларинг, юртим,

Кўксимни фахрга тўлдириб юрдим,

Беклар ўлкасида бахтга тўлмас ким,

Элга суянч бўлган суюкли бўлгай,

Мадҳингни куйлашга қаламлар сурдим.

 

Байроғида ғурур, шаъним акси бор,

Ҳилпирашин кўрсам дилимда виқор,

Мақсад нишонимда ишонч барқарор,

Тангри берган қутлуғ неъматим юртим,

Номингни дуодай такрорлаб турдим.

 

Алгоритмимиздан замин мукаммал,

Ибн Синомиздан оғир дардлар ҳал,

Боболар ҳар сўзи оламга сайқал,

Илмда маёқ каби бир тимсол юртим,

Кундан-кунга кўркам, баркамол   юртим.

 

Шўх ўтган болалик учун раҳматим,

Чеккан заҳматларим – чексиз роҳатим,

Муқаддас осмоним, пирим, ҳазратим,

Шарқда юлдуз каби бир тимсол юртим,

Кундан-кунга кўркам, баркамол   юртим.

 

Дарёлар орасин ҳар миришкори,

Келажак боғларин парваришкори,

Тараққиёт вақти теккайдир кори,

Фуқароси билан эт-тирноқ юртим,

Кучни адолатда, бирликда кўрдим.

 

Тарих айвонида енгилмас абад,

Халқ иродаси-ла қурилган давлат,

Қалбингга билим сол, юракка журъат,

Ҳамиша навқирон, қаҳрамон юртим,

Ўзбектош номи-ла сўзбино қурдим.

 

* * *

Харитангга боқсам, учар от гўё,

Ҳусну жамолингдан айланай, Ватан.

Икки дарё аро кўкалам дунё,

Бахту камолингдан айланай, Ватан.

 

Умиди – ўстирса умидли фарзанд,

Тоза хаёлингдан айланай, Ватан.

Жулдир кийинса ҳам ғурури баланд,

Эру аёлингдан айланай, Ватан.

 

Ўзи тезак ёқар нефту газ сотиб,

Мушкул, малолингдан айланай, халқим.

Каттаю кичигин кўзига ботиб,

Турган саволингдан айланай, халқим.

 

Боламнинг юзини юмшоқ силаган,

Майин шамолингдан айланай, Ватан.

Бахт тонгини топгай қора кунидан,

Лафзи ҳалолингдан айланай, Ватан.

 

Қанча жангу жадал, тинч кунга гувоҳ,

Кўҳна Оролингдан айланай, Ватан.

Мадҳинг куйламаган шоирлар гумроҳ,

Бутун аҳолингдан айланай, Ватан!

 

          БИР КУН ВА ЮЗ ЙИЛ

Уйғониш, улғайиш шарт кучга тўлиб,

Енгилгандан кўра тошга айланай.

Тарихдан тафаккур олганлар ғолиб,

Бир кун мағлуб бўлган – юз йил қул бўлгай!

 

           ШИДДАТГА КЕЛИНГ

Ким нимага қодир? Доно ё нодон,

Сийратнинг калити – суҳбатга келинг.

 

Гинаю аразни қувиб ҳар ёна,

Чой ё ош баҳона ҳимматга келинг.

 

Келишиб олайлик, кенг кўнгилликда,

Ўзликка кўмакка, хизматга келинг.

 

Тарбия йўлидан юриб то охир,

Аждодлар руҳи бор – ибратга келинг.

 

Бир раҳнамо керак юртга ҳамиша,

Чексиз куч-қувватга, шиддатга келинг.

 

Гўзал ғоя афзал гўзал сўзлардан,

Уйғонинг, шошилинг, санъатга келинг.

 

Туйғу ва тафаккур чегараси бор,

Кутишнинг пайтимас қудратга келинг.

 

Мақтасин, қўлласин ўзбекни ўзбек,

Масъулиятга ҳам, меҳнатга келинг.

 

Бир ҳақиқат томон, мудом халқ томон,

Чиндан марду майдон бир аҳдга келинг.

 

Яна қайга борай десангиз агар,

Меҳру муҳаббатга, чин бахтга келинг.

 

             ИЛМСИЗЛАР

     БИЛГАНИ ШУЛДИР

                  (Масал)

Қуён, Сичқон, Маймун, Олмахон,

Дўст эдилар аҳил, меҳрибон.

 

Гир айлана ўрмоннинг ғарби,

Улар учун ажратилганди.

 

Орзу бирла кунлардан бир кун.

Йиғилдилар ош қилиш учун.

 

Тушлик пайти кайфиятлар чоғ,

Сой бўйида осдилар ўчоқ.

 

Бошлаш учун паловли базмни,

Чорлашдилар машҳур ошпазни.

 

Ёрдамчи деб тажрибаси зўр,

Тайинланди қуён сабзихўр.

 

Ўчоқ кулин тозалаб сичқон,

Сара гуруч келтирди чаққон.

 

Ўтин терди Маймун куй чалиб,

Шохдан-шохга сакраб, жилмайиб.

 

Олмахон-чи? Жамлаб ҳушини,

Ювди, кесди сабзавот, гўштни.

 

Бўлсин дея соғлиққа дори,

Қовурилди қозонда бори.

 

Кўпчиликнинг оши пишар тез,

Ҳам мазали, мадорли, лазиз.

 

Ош дамланди уч соат ўтмай,

Ҳамма турар ейиш учун шай.

 

Дам ташлашдан сал ўтиб кейин,

Бошланди зўр томоша, ўйин!

 

Қуён деди: – “Сабзи солинг кўп,

Тўғрамасдан бутунлай бир қоп!

 

“А” витамин кўпаяр шундан,

Емаганман бундай сабзидан”.

 

Сичқон сўзлар: – “Ун солиш керак,

Янги таъмни тотайин бешак.

 

Айтганимни кимлар этса рад,

Бадар кетгум, ўйнамам минбаъд”.

 

Маймун дўқлар: – “Қозонингга сол,

Африканинг бананидан мўл.

 

Ким солмаса пўчоғи билан,

Ағдараман ўчоғи билан”.

 

“Ошда пишсин мияга дармон –

Ёнғоқ солинг,” – деди Олмахон,

 

Ким сўзимдан хафа агарда,

Бор меҳнатим қайтарсин шартта”.

 

Қийин бўлди ошпаз – сарбонга,

Ҳар балолар солди қозонга.

 

Ажабсанда бўлди, паловмас,

Моҳир ошпаз кўзга қаролмас.

 

Сол, сол, бўлса ҳар қандай қозон,

Мақсад унут, қолади сарсон.

 

                              ОТА

Қучдим, ичдим, учдим. Қолмади армон,

Неки берса аввал боламга берсин,

Бор ҳаёт неъматин татигандайман,

Кўрмаганларимни фарзандим кўрсин!

 

* * *

Бобом қурган йўлдан ғоз юриб шодон,

Манзилга еткаймиз тинч, соғу омон,

Келажакка қолсин яна ҳам равон,

Ватан кўзларига қарайлик бугун,

Халқнинг хизматига ярайлик бугун!

 

Олисдаги дўстнинг кўнглига солсин,

Жасоратда жўшиб тоғ ошиб келсин,

Қарзин унутмасин, бурчини билсин,

Ватаннинг кўзига қарайлик бир зум,

Халқнинг хизматига ярайлик, дўстим!

 

Бир мақсад йўлида бирлашар бўлсак,

Умумни, унумни ўрнини билсак,

Баракат ёғилар ҳаракат қилсак,

Ватаннинг кўзига қарайлик бир зум,

Халқнинг хизматига ярайлик, дўстим!

 

* * *

Қўлингдан тутгали ҳақ-ҳуқуқим йўқ,

Кетай десам, қалбда қошларингдан ўқ,

Ишқли ифорингни лабларимга тўк,

Қирқ баҳор – қирқ дарё мендан сенгача,

Бир сўзинг – бир дунё сендан менгача.

 

Гўё икки тоғдек учрашмас диллар,

Ўртада саҳродек сочилган йиллар,

Кексалик ёшликка фидо манзиллар,

Қирқ баҳор – қирқ дарё мендан сенгача,

Бир ўзинг – бир дунё сендан менгача.

 

Зарра севилмайман қанча севмайин,

Ёнимда лек ёди олисда тайин,

Хаёлдан шириним, хаёлдай яқин,

Қирқ баҳор – қирқ дарё мендан сенгача,

Бир сўзинг – бир дунё сендан менгача.

 

Қирқ ёш, ўн саккиз ёш армони бисёр,

Андишадан девор, сароб бир гулзор,

Тўсиқ ҳатто дўст-ёр, ҳис бўлмас ошкор,

Биздан то Сизгача йўллар бир сароб,

Сиздан то бизгача йўллар бир сароб.

 

                 НАСИБ ЭТСИН

 

                                              Бизга насиб этди Байт зиёрати.

Сирожиддин САЙЙИД

 

Юракда йиғилган юклар зил-замбил,

Етсин енгиллашиш вақти, муддати.

Пирларим зиёси чорлаган манзил –

Насиб этсин бизга Байт зиёрати.

 

Қатағон боболар етмаган жой бу,

Марҳум дўст қадамин қутлаган жой бу,

Навоий тилида оламорой бу,

Насиб этсин бизга Байт зиёрати.

 

Юртимнинг тоғлари, боғларин кездим,

Туркия-ю, Римнинг тафтини сездим,

Ўзимни минг чоғлаб кўнглимни эздим:

Насиб этсин бизга Байт зиёрати.

 

Йиллар ғуборини ювади бу кун,

Кўнгилдан шайтонни қувади бу кун,

Дил уйи покланса покланар очун,

Насиб этсин бизга Байт зиёрати.

 

Дуода кўзимни ёшлаб турибман,

Суйганимдан ортиқ суйиб юрибман,

Мусулмонлигимдан ғурур туйиб ман…

Насиб этсин бизга Байт зиёрати.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + seven =