Янги Ўзбекистоннома
“Ватан учун яшайлик” кўрик-танловига
Тўлқин ЭШБЕК
Муаллиф ҳақида: Тўлқин ЭШБЕК (Тўлқин Эшбеков) — 1963 йили Самарқанд вилояти, Иштихон туманида туғилган. 1985 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг қисса ва ҳикоялардан иборат “Жигарбандлар” (1992), “Шабада эсган кун” (1992), “Қишлоқлик бола қиссаси” (1994), “Жайдари ҳангомалар” (1996), “Адашган қиз қисмати” (2000), ҳажвий шеърлари жамланган “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” (2020), публицистика, эссе ва бадиалари ўрин олган “Ҳаёт карвонлари” (2005), “Қутлуғ қадамлар” (2005), “Самарқанд фарзанди” (2020), “Олимнинг беқиёс олами” (2020), “Генералнинг мангу юлдузи” (2023), ҳажвиялар, ҳангомалар, ҳикоялардан иборат “Икки аср одами” (2022) сингари кўплаб китоблари нашр этилган.
Муаллиф қатор бадиий ва публицистик асарлари учун адабиёт соҳасидаги Усмон Носир мукофоти (1993) ва халқаро “Олтин қалам” (2008) миллий мукофотига сазовор бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Янги Ўзбекистоннома
Ўзбекистон Республикаси
Мустақиллигининг 32 йиллигига
Дунёнинг осту усти бор ва тўрт томони,
Бироқ йўқдир ўзбек деган элнинг ёмони.
Ёши Тангритоғи ила баҳслашиб келган,
Тарихидур минглаб асрларнинг пинҳони.
Самарқанддан совға доим Нони Осиё,
Очлик пайти кўпга етган Тошкентим нони.
Маккадан ҳам қайтар эмуш чумчуқ соғиниб,
Ана шундай хислатлидур тупроғим дони.
Одам оласи ичида дерлар азалдан,
Ўтаб борар бундайларни тарих кетмони.
Шоли орқасидан курмак сув ичса мумкин,
Буғдой шопирганда қолар кам-тун сомони.
Арзон беиллат бўлмас, ҳам қиммат – беҳикмат,
Дур ила тош аралашдир олам маржони.
Халқим ўтмишига дохил неки азиздир:
Жангчи малика Тўмарис, Широқ чўпони.
Буддавийлик Ҳиндистондан ўтган шимолга,
Оташпараст ёдлаб ўтгандир “Авесто”ни.
Бир салтанат бошқасига ўрин бўшатган,
Маркази Иштихон бўлган Кўли Миёни.
Туронзамин Ипак йўлин чорраҳасидир,
Илму ирфон ҳам ташиган савдо карвони.
Макка тупроғидан Ислом қадами етгач,
Муқаддасдир юртда Усмон йиққан Қуръони.
Маҳшаргача етгай Самарқанддан етишган,
Имом Бухорийдан саҳиҳ ҳадислар шони.
Оврўпода бир сурат бор – Суқрот ёнидан,
Жой олгандир ал-Форобий, ҳам ал-Фарғоний.
Ҳанафийлик мазҳабига Мотуридий куч,
Имоми Аъзамга гўё вазир Маоний.
Мотуридий туғилганда Бухоро тахтин,
Қўлга олди ёш йигит – Исмоил Сомоний.
Рўдакий маҳоратидан араб арузи
Форсий назмни айлади марварид кони.
Аробий лисонга бериб зеб аз-Замаҳшар,
Мулки арабда бўлмишди тил нуктадони.
Ал-жабрнинг отаси – ал-Хоразмий эса,
Ибн Сино шу кунгача – Луқмони-соний.
Султон Маҳмуднинг ёнида Ҳинд сори етган,
Берунийдан мерос “Уржуза”, “Ҳиндистон”и.
Яссавийдан Нақшбандга увайс тариқат,
“Дил ба ёр”ни кўзга суртганлар Ғиждувоний.
Шундан Бухорои шариф мададдур динга,
Кўҳна Самарқанддир, магар кўрки дунёни!
Юртим кўкида бир юлдуз порлар абадий,
Элда номи – Темур отлиғ Соҳибқирони!
Темур бобом этагини тутган невара –
Дарё ортидан эргашган илм уммони.
Улуғбек ва шогирд Али Қушчидан ёдгор
“Зижи Кўрагон” жадвали – фалак нарвони.
Юртлар шоҳи кўп бўлгай, аммо сўз мулкин
Навоийдир то қиёмат ёлғиз султони.
Дариғо-ким, йилдан-йилга топди фаторат
Темурбекдан қолган мерос – яхлит Турони.
Қуроқ юртни бирлаштирай дея Оролдан
Черик тортиб келди ул Муҳаммад Шайбоний.
Отадан ёш етим Бобур жўнади дилтанг,
Ортда қолди туғилган юрти – Андижони.
“…Баъзи тунлар қулоғимга илинар элас
Панипат жангида Бобуршоҳнинг сурони”.
Ўз юртига сиғмаганнинг биридир Машраб,
Шоҳ номини олди – тузилмасдан девони!
Сўнг узоқ аросатда қолди бу кенглик,
Вақт ўтарди – на саноғи бору, на сони.
Жадидчилар ислоҳот деб бонг урди юртда,
Етишдилар Фитрат, Авлоний ва Чўлпони.
Қодирийнинг ўзин чақди Калвак маҳзумлар,
“Муштум”, “Ўткан кунлар” ҳам “Меҳробдан чаён”и.
Ёш ниҳолдек бевақт ўз юртидан юлиниб,
Сибирларда адо бўлди шоир Усмони.
Салла келтир деса, калла келтирган замон:
Кимга фойда берибди кечиккан пушмони?!
Қанча етим-есирларни олиб бағрига
Ўзбек бўлди замоннинг Ҳазрати Инсони!
Устоз Ҳамид Олимжондан ижодкорларга
Мерос қолди янги ижод уйи – Дўрмони.
Ўрта Осиёнинг давлат дорилфунуни
Етиштирди юртда юзлаб доктор унвони.
Академик Ҳабиб Абдулло Қизилқумда,
Кўҳна олтин конларига бурди дунёни.
Кўз жарроҳи Муҳаммаджон Комилов домла,
Кўр кўзларга яна қайта берди зиёни.
Ғафур Ғулом таъриф этган халқим санъатин:
Ҳалима, Тамара, Жўрахон, Комилжони.
“Уч илдиз”дан униб чиққан Пиримқул Қодир –
Авлодларга аталган чўнг наср сарбони.
Ўзбек эли космосга ҳам қўйди-ку қадам:
Космонавтлар Жонибеков ва Солижони!
Истиқлолдан мадад олди юртим янгидан,
Янги тарих эрур тадбиркорлар замони!
Илк юртбоши Ислом Карим олам минбари
Узра илк бор сўйлагани – ўзбек забони!
Аммо четда тинч турмади ғаламислар ҳам,
Бу дунёдир мафкура — курашлар майдони.
Шаҳидликка бел боғлаган неча онгипаст,
Бошқаларга қўшиб бўлди қўшмозор жони.
Аммо азаллардан собит ақида булким:
Ит ҳуради – ўтаверар замон карвони.
Ўзбек саркардаси бўлса Собир Раҳимов,
Шоир Эркин ва Абдулло – халқ қаҳрамони!
Тошкент чирой очаётир, ер ости-усти,
Метросида тинмай елар ўнлаб вагони.
Бор товоғим-кел товоғим бу ёғи фақат:
Ҳар бир кичик магазиндир – “Дунё дўкони”.
Учинчи Уйғониш тамал тошини қўйган,
Халқига йўлчи юлдуз – Шавкат Миромони!
Меникидир, сеникидир, ҳаммамизники:
Ҳар бир жоннинг бунда эрур Ўзбекистони!
Дониш домла дуосида бул “ал-омони”:
То абад учрамагай ўзбекнинг ёмони!