Чаманлар лол қолар бўлса, у қошлари камондан сўр

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА

 

Муаллиф ҳақида:

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА — 1944 йили Андижон шаҳрининг Чаҳоргузар маҳалласида туғилган. Шаҳардаги 32-ўрта мактабда ўқигач, Андижон давлат педагогика институти — ҳозирги АДУнинг тарих-филология факультетида таҳсил олган.

Шоиранинг “Муҳаббат тумори”, “Излаганим сен”, “Аллали тонг”, “Зафаржоннинг қўшиғи”, “Қалб нидолари”, “Кўнгил қатралари”, “Ой тўлган кечада”, “Оймомо”, “Олислардан таралар қўшиқ”, “Болам борки”, “Қорбобонинг совғаси”, “Олмазор боғларда” ва 6 жилддан иборат “Сайланма” китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

                              ЧАМАНДАН СЎР

Менинг ўлкам чиройини саҳар чоғи чамандан сўр,

Чаманлар лол қолар бўлса, у қошлари камондан сўр.

 

Деҳқон, пахтакорин донғи кетмиш кенг жаҳон ичра,

Унинг қадрин билар бўлсанг, бориб турли томондан сўр.

 

Кишилар меҳнати бирла қадр топса ажабланма,

Бу роҳат, бу ҳаловатни азиз юрти омондан сўр.

 

Диёрим бағрида ўсмиш неча турфа гулу райҳон,

Ўзи райҳон, сўзи хандон чиройи бир жаҳондан сўр.

 

Кулгиси тонгни уйғотган дилраболар яшар бунда,

Улар маскан қилиб эрмиш бахтиёр бу макондан сўр.

 

Тавозеда қўлим доим марҳабо, жон марҳабо,

Улуғ халқим топиб берган муқаррар имкондан сўр.

 

Синмагай севгининг сози қолмагайдир аро йўлда,

Мунаввар бахтга ёр этган ажаб ширин замондан сўр.

 

                                             * * *

Кўнглимиз бедард эмасдир, бошда ишқ ғавғоси бор,

Биз кўнгил қўйган малакнинг кўнглида савдоси бор.

 

Ноумид бўлмоқ нечукким, ул умиднинг шоҳи бўл,

Биз гадо бўлдик ул эрса бизга на парвоси бор.

 

Қилмаса парво нетайким, бори жоним ўртанар,

Нозу ишва хўп ярашган бир ажаб дунёси бор.

 

Тоза ишқ гавҳар эрур, ағёр анга лойиқ эмас,

Чунки ағёрнинг ҳамиша қўйнида олмоси бор.

 

                                         * * *

Бунда ҳар бир инсоннинг бахти бир кам бўлмасин,

Очилиб кулсин вале кўзида нам бўлмасин.

 

Топсин ул ўз ўрнини кўргани бўлсин қувонч,

Яйрасин шодон кулиб балки ситам бўлмасин.

 

Оқил-у, доно билан кечса умри воажаб,

Истаса топсин мурод кўнглида ғам бўлмасин.

 

Тўғри сўзлаб ўтсин ул бу ҳаёт маҳв этмасин,

Эр-йигитнинг ори бўлсин бошлари хам бўлмасин.

 

Бўлса имкон Мунаввар куйла инсон кўнглини,

Бахт битиб пешонага зарра алам бўлмасин.

 

                                         * * *

Эй фалак, нодон билан бир лаҳза ошно этмагин,

Ёндириб жисму дилимни кўп таманно этмагин.

Оҳ, унингсиз ҳам дунё жоҳил билан тўладир,

Феъли расво норасоларга тавалло этмагин.

Ҳолими сўрмас нечукким, бефаросатни нетай,

Тоза гулзорим унинг бўйи-ла расво этмагин.

 

Бошима ёғдирса гарчи ул балолар тошини,

Зор этиб баттар яна олдида шайдо этмагин.

Эй Мунаввар, яхшиямки, дўсту ёринг бор экан,

Синдириб кўнглинг уйини, ўзни танҳо этмагин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =