Хотирам хаёлим суянчи

Икром ОТАМУРОД

 

Муаллиф ҳақида:

Икром ОТАМУРОД – 1951 йили Касби туманида туғилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналис­тика факультетида таҳсил олган. Дастлабки шеърий тўплами — “Вақт ранг­лари”.

Шундан сўнг шоирнинг “Жануб қушлари”, “Тўрғайли манзиллар”, “Уфқлар орти бепоён”, “Руҳимнинг қайғуси”, “Сен”, “Канглум, ўзинг”, “Тавр” каби шеърий китоблари нашр этилган.

Таниқли шоир “Ярадор умид отлари”, “Узоқлашаётган оғриқ”, “Сопол синиқлари”, “Анинг умиди”, “Харитага тушмаган жой”, “Таназзул” сингари ўнлаб дос­тонлар муаллифи ҳамдир. У таржимон сифатида М.Дарвиш, М.Бсису, У.Уит­мен, П.Неруда, Ў.Сулаймон, Е.Евтушенко каби жаҳонга машҳур шоирларнинг кўплаб шеър ва достонларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзо­­си. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби.

 

Хотирам хаёлим суянчи

 

…Боқий сирда умр ўтар ҳам

интиҳо ҳазини ситилиб.

Қаноат қутувида ҳар дам,

сиғинади дардим ютилиб.

 

Қақраган интизор борини

титилиб бардошим тинглайди.

Лиммолим хилқатнинг зорини

битилиб фиғоним англайди…

 

                                 * * *

…Даштларда бўй чўзган ботиний довут

кўтарган даштларнинг зоҳирий бастин —

Қашқадарё тепалари —

кўҳна рўш

очуннинг асил қомати,

асти.

 

Бир-бирига уйқаш:

кўкдан,

ердан ҳам,

енгиб тун-кун йиғлар санчган онларни.

Қўрғонларнинг деворларин асраб яккам,

Улагайдир,

замонларга…

…замонларни…

 

…Кўк — қибба.

Йироқ.

Қапталдош,

бўйдош.

Ер-пойдевор.

Яқин.

Ёндош ҳамда берк.

Қақроқ ситрларида ғичирлайди тош,

зимларида сим-сим симиллайди кўрк.

 

Шўралар шўрини шўрлатиб ғадир,

тўзонғлаб

тўзонлар тутайди чангинг.

Қашқадайро тепалари бағридадир —

“V” тамғаси муҳрланган от — танга.

 

Сопол синиқлари бутлайди канглум,

нақшин нақшларга термиламан лол.

“суюк — тумор”

“жон — қуш”

Чап ҳамда ўнгли

Синоат жозибин рўй этгай,

алҳол.

 

Очунда тоғлар мўл,

қад ростлаб мағрур,

шоён қилмоқ истар шош-кепаларин.

Не тонг,

гоҳ,

тоғларданда

баландроқ дурур,

нураётган…

 

…Қашқадарйо тепалари…

…Таржимаи ҳоли қадимдан-қадим,

рубъи маскуннинг

мозий сиралари.

Олислардан…

…олисларга ташлайди одим

сукут ичра…

…Қашқадайро тепалари…

 

                           * * *

…Фасллар жамидан иборат иқлим,

воқеаларнинг йиғиндисидир — ҳаёт.

Манзилларким,

бўлиб пойидир тоқли,

йўлларни йўлларга улайди бот-бот.

 

Йўллар аро интиқ босиблар қадам,

мавжуд манзилларга ошиқиб чунон,

тонгдан,

то шомгача қалбида чидам,

неларнинг ортидан елмагай инсон?

 

Аксар,

боғичларин узар эринмай,

аксар,

боғичларин боғлар муттасил.

Инсон,

қачонким,

яшар сиринмай,

қалбида ўзлиги бўлсада восил…

 

                       * * *

…Хотирам бош қўяр аъёга,

аъёда ўсади хотирам.

Хотирам йўлланар қиёга,

қиёда ўсади хотирам.

 

Хотирам тасаввур сироди,

сиродимда ўсар хотирам.

Хотирам йўлларим муроди,

муродимда ўсар хотирам.

 

Хотирам эътиқод таянчи,

таянчимда ўсгай хотирам.

Хотирам хаёлим суянчи,

Суянчимда ўсгай хотирам…

 

                           * * *

…Манзара — канглумда иноят

расмини чизади муттасил.

Канглумнинг имконига фақат

манзарани бойлагай фасл.

 

Фасл қисматига бағрини йўллаб—

манзара эш бўлади доим.

Табиатнинг меҳрини қўллаб,

табиатга манзара қоим.

 

Манзарани порлатар қуёш,

қуёш нури кундузга ато.

Қуёш чоғин этмаса сирдош,

тасаллига йўналар хато.

 

Ой муттасил ёритиб ҳар дам,

тун зулматин кўксига олар.

Юлдузларни порлатиб ҳамда

манзарага нигоҳин солар.

 

Манзара—дарахтлар қурбати,

шамолда тебранар бирдайин.

Манзара—дарахтлар турбати,

сукутга жойланар қиш сайин.

 

Манзара заминга нақшдир,

нақшдир муайян илтижо.

Манзара хаёлга равишдир,

вобаста тўзимга хаёл жо.

 

Сарафроз матлубга ёйланган,

манзара — эътимот таркиби.

Манзара қайюмга айланган,

оҳ, манзара дунёдай каби.

 

Манзара канглумда иноят

расмини чизади муттасил.

Канглумнинг имконига фақат

манзарани бойлагай фасл…

 

                               * * *

…Бир осмон остида яшаяпмиз биз,

Юлдузлар мисол яқин ва йироқ.

Бир осмон остида чақнаётирмиз.

 

Бир замин сиртида яраяпмиз биз,

Йўллар мисол яқин ва йироқ.

Заминга жо эрур маконларимиз.

 

Бир денгиз қўйнида сезаяпмиз биз,

Кемалар мисол яқин ва йироқ.

Тўлқинларга қоришаётирмиз.

 

Бир дарахт устида олам кўрамиз,

Новдалар мисол яқин ва йироқ.

Дарахтини маҳкам қучиб турамиз…

 

                     * * *

…Ақида гардини қўйиб,

хира тортса ҳажр шоми.

Бедор изтирорин туйиб:

пинҳон ювар,

пинҳон коми.

 

Тилсим оҳиста чорадир,

адо этган дами пайванд.

Сабоқ асорат порадир,

завол зинҳорига банд-банд.

 

Ўйларимга кўз ёш тўкиб,

изимдадир тезлик сатҳи.

Жароҳатин жудо букиб,

аччиқ қисмат —

алам қатҳи.

 

Ҳарорат сиғмас олислаб,

ички шавқидадир ожиз.

Ғанимат зинҳорин йўллаб,

идрок зичлигида мўъжиз.

 

Дард асрори қиёсга банд,

ҳасратдадир сафар базди.

Тангри ҳисни чизиб монанд,

хатга оғриқ ўйиб ёзди…

 

                 * * *

…Кундуз қуёш,

тунда ой

фалакка ёзиб палла,

нурларини,

ҳойнаҳой,

тўкаверар зар ила.

 

Беминнат қуёш туси—

кангулда берк ҳарорат.

Беминнат ой ёғдуси—

кангул тубида қат-қат.

 

Булут чиқади бебош,

фалак аро пойма-пой.

Кундузга фидо қуёш,

бахтидадир тунга ой…

 

                           * * *

Фидони унашдик хаёлда маъсум,

сайр айлар дилдаги лоллар таралиб.

Алвонранг сасини тилакда зум-зум,

қанотда порлаган ўйлар яралиб.

 

Атрофда яшилранг парвона бедор,

туйилди ёритиб шафақ чиройин.

Бардош алангаси изоҳий меъмор,

боқаркан интилиб қирмизи ройин.

 

Сурур гувоҳи шивирлайди тиниқ,

мавжуднинг қасрида чайқалар гал-гал.

Таралган туғённинг сасидир интиқ —

термилиб олисда абадий азал…

 

                            * * *

…Кўзларимдан тўлиб,

сириққан ёшлар —

канглумнинг тубида тув тушган сукут.

Менга мадад бўлар доим бардошлар,

бирдайин

канглумга бериб қувват-қут.

 

Макон қурмагай

ҳеч

канглумда ёлғон.

Жилваси маҳлиё этмагай сира

канглум ўзагидан

фақат

жой олғон —

ростнинг ҲАҚлигидан яралган яра…

 

                               * * *

…Ёнма-ён келган бир хил рақамлар,

қадим томирлари вобаста кунё.

Бир-бирин бағрига босар яқинлаб,

бир-бирин дийдорин соғинган дунё!

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар:

11, 222, 3333 саҳтли.

Насиби бир жойда йиғилган жамлар:

хешлар, ақраболар, ёронлар тахлит.

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар:

44, 555, 6666 ҳабиб.

Бир муддат бақамти туришган тамлар:

ойлар, йиллар, асрлар каби.

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар:

77, 888, 9999 жоманд.

Тақдири чалкашиб топишган номлар:

қавмлар, эллар, халқлар монанд.

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар

узоқ туйди ёвуқлашмоқ азобин.

Кўзларин тўрт қилиб юттирди ғамлар —

бир-бирига қувват, куч бўлмоқ тоби.

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар —

неларни йўқотур, неларни топур?

Етишмоқ орзуси… эҳ, қанча дамлар

бир-бирин ортидан етолмай чопур?

 

Ёнма-ён келган бир хил рақамлар,

қадим томирлари вобаста кунё.

Бир-бирин бағрига босар яқинлаб,

бир-бирин дийдорин соғинган дунё!..

 

                       * * *

…Соғинчлара айлан кангул,

суманбар соғинчлара.

Оймомолар тўқиган гул,

дилгинанг боғичлари.

 

Мусаллам ишқ пойида син —

ҳажр шомин тобламлари.

Тонглар қақроқ лабин боссин

феруза тус шабнамлара.

 

Бир кун тарқар йироқ йўлни

қоплаб ётган туманлара.

Шайдо этмиш сендай қулни

ул лолаи нўъмонлари.

 

Бағрингда барг ёзсин илҳақ,

илҳақ соғинч қаболари.

Соғинчлара тўлқин хилқат

сирин очсин саболара.

 

Соғинчлара айлан кангул,

суманбар соғинчлара.

Оймомолар тўқиган гул—

дилгинанг боғичлари…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + fourteen =