Аён, ҳар ким тортгай асл зотига

Муаллиф ҳақида:

Шарбат МУХТОРОВА — 1949 йили Нурота шаҳрида таваллуд топган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг филология факультетини 1973 йили тугатган. “Соғиниб яшайман”, “Тонгдаги шабнам”, “Ирмоқ” сингари бир қанча китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени сохибаси.

 

КЎЗИНГ

Шамсмиди, кўкда Зуҳал ё порлади анвор кўзинг,

Ўт қалаб кетди қарошинг, жисм аро шарор кўзинг.

Тим қаро жодунг бу дилга ташладику парча ўт,

Борлиғим этди асиру нотавон, маккор кўзинг.

Суҳбати жонон ўзингсан, қалбга ҳоқон сен ўзинг,

Сўйлагил, не сирни пинҳон сақлади асрор кўзинг.

Суйганим сенсан дединг, билсанг менга сенсан суюк,

Кўнгил майдони дардини айлади ошкор кўзинг.

Орзу истаксиз, муҳаббатсиз ҳаёт даркор эмас,

Эзгу дардлар шому субҳ этсин мени бедор кўзинг.

Ўт қарошингдан бу қўмсаш, соғиниш барно йигит,

Маҳфират айла бу дамда кўрмади дийдор кўзинг.

Кўзларинг меҳри юракда жўш урар ишқ Шарбати,

Шул сабаб бўлди бу оқшом менга хуш ашъор кўзинг.

 

                                   КУЛСАНГ

Туним кундек ёришгай султон якбора кулсанг,

Мен мафтун ширин забон, истарам зора кулсанг.

Зуҳро кулар самода, юракда учқуни йўқ,

Вужуд ёнар кўрган он, айлаб наззора кулсанг.

Орзуйи васлингда мен ўртанурмен субҳи шом,

Бандингман сенинг мудом, кошки ошкора кулсанг.

Шамс кўкдан чўғ олур, ишқ ўтидин шоҳсувор,

Нур ўлгай чеҳра тобон шодон, шаррора кулсанг.

Ишқинг домига олмиш, айламиш хаста ҳайрон.

Ёнар балойи ҳижрон, юзидир қаро кулсанг.

Табассум айлагач ёр, нечун этгайман афғон,

Кўнгил мулкига бўлгай дармон хумора кулсанг.

 

   СЎРМАДИНГ ҲОЛИМНИ ҲЕЧ

Сен жафокаш сўрмадинг ҳолимни ҳеч,

Кўрмадинг бу хаста беҳолингни ҳеч.

Ҳажр ёмон, дийдамда ёшлар шашқатор,

Меҳр бериб, сўзлатмадинг лолингни ҳеч.

Сени ўйлаб, ранг сомон, ёр кўрмадинг,

Қаҳрабодек чеҳраи ҳолимни ҳеч.

Васлинг истаб, ёндиму, сен рашкдасан,

Тотмадим ёру шакар-болимни ҳеч.

Ёсуман домини янггил, эт шикан,

Тийра этса ойна-зуллолимни ҳеч.

Шум рақиблар этмаса гар тавбалар,

Қўймагайман ўртада золимни ҳеч.

Оқмаса гар танда меҳринг Шарбати,

Эгмагайман қадди ниҳолимни ҳеч.

 

СЕН ЎЗИНГСАН, СЕН ЎЗИНГ

Меҳрим олган якка Оллоҳ сен ўзингсан, сен ўзинг,

Топганим ёлғиз паноҳ, сен ўзингсан, сен ўзинг.

Бошда офтобим ягона, қалбда офтобим ўзинг,

Йўлларимда файзиёб моҳ, сен ўзингсан, сен ўзинг.

 

Севгинг ишғол айлади бу кўнгил бўстонини,

Гул узиб этдинг гуноҳ сен ўзингсан, сен ўзинг.

Кўзларимдан кетмиш уйқу, дилда ўтли эҳтирос,

Ишқу оташга гувоҳ сен ўзингсан, сен ўзинг.

 

Айрилиқ тиғ урди дилга, менга ҳижрон беҳисоб,

Қазиган ҳам ҳажрга чоҳ сен ўзингсан, сен ўзинг.

Севса ўзга мени ногоҳ, мен куюрман сен учун,

Жойладинг-ку қалбга оҳ, сен ўзингсан, сен ўзинг.

 

Соғинибсан, соғинибсан, Шарбатинг кўксида ўт,

Мулки дилга битта шоҳ, сен ўзингсан, сен ўзинг.  

 

         ЎЗИ ЁНСИН ЁСУМАНЛАР

Бир содиқ дўст орттиргувчи бу дунёдан,

Ярим умр дарё мисол оқиб ўтар.

Не ағёрлар титар сени бу дунёдан

Ҳам дўстингни, ҳам ўзингни ёқиб ўтар.

 

Орамизда ағёр турса, тўфон турар,

Имон кетар, виждон кетар тўфон билан.

Ишончинг ҳам, қувончинг ҳам нолон турар,

Умидларинг алмашади афғон билан.

 

Сергак тур эй умри азиз, парвона дўст,

Меҳру-ишқинг ҳеч янчмасин ёвсимонлар.

Тин олсам бўл уйғоқ, сен-чун мен очай кўз,

Ғафлат билан ўзи ёнсин ёсуманлар.

 

                     ЙЎЛДАМАН

Кўзларим самодек чексиз йўлларда,

Шу сўнгсиз йўлларни босиб ўтгумдир.

Майли тўсиқ бўлсин ўнгу сўлларда,

Ишонч шамшири-ла янчиб кетгумдир.

 

Йўлдаман, йўлларим ниҳоят йироқ,

Бу ҳаёт интилиш, курашиш абад.

Юрган йўлларимда ёқаман чироқ.

Мен ўтган йўлларда кулсин саодат!

 

                        ИНОНМА

Шубҳага берилиб кетдингми дўстим,

Нечун юрагингда ўзгача туйғу.

Ўринсиз бу шубҳанг, нега қолдинг жим,

Алданма бўҳтонга рўбарў қайғу.

 

Туҳмат йўлларида кўкармайди гул,

Иғвогар ишидан ёмонлик гувоҳ.

Рўёга ишониб қолмагин буткул,

Сўнг кези келганда демагил, э воҳ.

 

Баъзи мунофиқлар юзида кулгу,

Кўрсатар ўзларин сенга дўст-холис.

Ниҳоний оғудан сўнг солар ғулу,

Азизим, сен бўлгин ғанимдан олис.

 

Инонма, сен унинг илтифотига,

У сенга юракдан чин сўзин айтмас.

Аён, ҳар ким тортгай асл зотига,

Тубан тубанликдан ҳеч қачон қайтмас.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + seventeen =