ҚАНДАЙ ШЕЪР ШОИРНИ  БОҚАДИ?

Муаллиф ҳақида: Абдураззоқ ОБРЎЙ — 1956 йилда Пастдарғом туманида туғилган.

Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. ЎзА, “Муштум” журнали, “Ватанпарвар” газетаси таҳририятларида фаолият юритган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. Ўндан зиёд ҳазил шеърлар ва пародиялардан иборат китоб­лари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Абдураззоқ ОБРЎЙ

 

ҚАНДАЙ ШЕЪР ШОИРНИ БОҚАДИ?

 “Шеър билан қорин тўймас”, деганларинг ёдимда,

  Лек, қараки, сўз билан ҳаётим обод бўлди.”

Дилмурод ДЎСТнинг

“Неки топдим” шеъридан.

Қандай шеър шоирни боқади,

Қасида ҳаммага  ёқади!

Мақталмаган раҳбар қолмади,

Мендан деманг хабар олмади.

Мукофотига   ўнта қўй олдим,

Шеър билан уч қават уй солдим.

Шеър ёзишлик ҳар кимга майли-да,

Қорним тўйди шеър туфайли-да.

Мошинни ҳам шеър билан олдим,

Хотинни ҳам шеър билан олдим.

Не сўрасам беришди дарров,

Шоир бахтга эришди дарров.

Мен ҳар недан сергак ва огоҳ,

Мендан ўтар йўқ бошқа маддоҳ!

 

ТОПИЛМА

“Оламни айланиб, дунё бўлмадим,

Ўша дунёларинг ичимда бугун!”

Ўлмасбек САМАРҚАНДИЙнинг “Бугун” шеъридан.

 

Отнинг  салобати кучида экан,

Шамол кучи  терак учида экан.

Дунё деганларин излаб юрибман,

У шоир Ўлмасбек ичида экан.

 

МАЗА ҚИЛИШ

“Мазза қил товонга ботганда ни(й)на-

Ўзингни қийна сен, ўзингни қийна!”

Шаҳриёр ШАВКАТнинг “Улоқтир энг пўрим либосларингни”

сатри билан бошланадиган шеъридан.

 

Қўшни қизни пойла, есанг ҳам таёқ,

Кетинга тепса ҳам темирдай оёқ,

Иштиёқ сўнмасин, ахир иштиёқ,

“Ўзингни қийна сен, ўзингни қийна!”

 

Оёғингни итига тишлатиб олгин,

Кўзинг акасига муштлатиб олгин,

Ғуррангни дўстларга кўрсатиб олгин,

“Ўзингни қийна сен, ўзингни қийна!”

 

Ҳамма  эшитсин-да фиғон, нолангни,

Учқўрғонда кўргин, майли, холангни,

Кимдир сўкса ҳамки дея: — …ни,

“Ўзингни қийна сен, ўзингни қийна!”

 

Маҳалла боласи дўппослаб урса,

Синган оёғингни кўп одам кўрса,

Шундай бўлар ахир бир ошиқ бўлса,

“Ўзингни қийна сен, ўзингни қийна!”

 

ШЕЪР ЁЗИШ ҲАМ ИШМИ?

“Шеър ёзишга қўймас ҳатто хотиним,

  Орттирманг, дейди  у,  шоирдан душман…”

Тўлқин ЭШБЕКнинг “Шоирлик — касб эмас” шеъридан.

 

Шеър ёзма, — дейди жа эски диваним,

Барибир ухлаб қолар, — дер ўқиган.

Шеър ёзма, — дейди маллавой Иваним,

Барибир калтак  ейди, — дер тўқиган.

Шеър ёзма, — дейди хафа бўп мошиним,

Мени пачақ қиласан, — дер, — моҳирим.

Шеър  ёзма, — дейди уришиб хотиним,

Мендан бошқа сўкмасин, — дер, — Тоҳирим.

Шеър ёзма, — дейди, кумушим, олтиним,

Куйиб кетмасин, —  дейдида, —  охирим.

Шеър ёзма, — дейди нолиброқ ботиним,

Ҳеч ким ўқимайди, дейди зоҳирим.

 

АРОСАТ

“Қўлингга қалбимни қўйиб йиғладим,

  Ўқлларинг тафтидан кул бўлди

                             қалбим.”

Насрулло ЭРГАШ.

Каллангга калламни уриб йиғладим,

Каллангнинг зарбидан каллам оғриди.

Рўймолингга саллам  ўраб йиғладим,

Рўмолинг тафтидан саллам оғриди.

Оёққа  оёғим уриб йиғладим.

Оёғинг зарбидан оёқ оғриди.

Қаёққа қаёғим қўйиб йиғладим,

Қаёғим оғриди ўзим билмадим.

 

МЕН ҚАЕРДАМАН?

“Бир қўзғалиб дардларим

  Эсдан чиқиб гапларим,

  Қуриб қолган лабларим,

  Тунги соат иккида…”

Мирзо ОЗОДнинг “Тунги соат иккида…” шеъридан.

Мен яхши ишлаганман,

Лабимни тишлаганман,

Кўнмасанг, муштлаганман,

Тунги соат иккида…

 

Кўрпа етмас оёққа,

Қараяпсан қаёққа?

Қолма яна таёққа,

Тунги соат иккида…

 

Нима танга ботибди,

Дема, мени отибди,

Ким жойимда ётибди?

Тунги соат иккида…

 

ЎЧИРМАЧИ ШОИР

“Янада қувонарлиси, ислоҳотчи шоир  Сафар ОЛЛОЁР шеъриятда сенсацион янгиликлар яратишда фаол давом этиб,  жаҳон адабиётида салмоқли салоҳият эгаллаб келаётган сонетдан ҳам икки сатр ихчам адабиётда соф туркий лисон истилоҳидаги “УЧШОДА” номли яна бир янги шеърий жанрга асос солди”.

Гулноз САТТОРОВАнинг

“Абадият булоқларидан озиқланган шеърият” мақоласидан.

 

Овози хуш каккулар бор,

Япон шеърда “Ҳакку”лар бор.

 

Динимизда уч талоқ бор,

Ўзбек шеърда  “уч чаноқ” бор.

 

Ўқимаган Сафар шоир,

Абдураззоқ бекор койир.

 

Шеър тарихин ўчирди у,

Кейин ўзи кўчирди у.

 

 Қаранг, ёлғон ифодани,

Кашф қилганмиш “Учшода”ни.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − eleven =