Соғинчлар дастурхон очади ҳар кун

Раъно ХОЛИҚОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Раъно ХОЛИҚОВА — 1968 йили Чиноз шаҳрида туғилган. 1990 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎЗМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкор ўқитувчилар республика кўрик-талови ғолиби (2004 йил). Шоиранинг “Кўзларимда кўргин дунёни” шеърий китоби нашр этилган.

 

                  Илтижо

Бағрингизга бошимни қўйсам

Кўзингизга термулсам узоқ…

Кетармиди соғинчлар қалбдан

Кетармиди дилдаги фироқ…

Ишқ боғида кезиб сарсари

Меҳрингиздан қувончга тўлсам…

Майли эди кавсар сувларин

Қўлингиздан ичсаму ўлсам..

Беҳиштларга учсаю руҳим…

Раййонларда очилса эшик.

Ризвонларда ҳур малак бўлиб

Неъматини улашса бешак.

Рўзи Машхар томон интилай

Яратганга қилай илтижо.

Жамолингга чин ошиқларни

Жаннатларда бир қилгин Худо.

 

                  ЮЛДУЗИМ

Сизни яратгандан сўрадим узоқ

Меҳрда уммоним кўнглимнинг кўзи.

Юрагим қаътини босади титроқ.

Дилимнинг қувончи — порлоқ юлдузим…

 

Соғинчлар дастурхон очади ҳар кун.

Мужгонлар толиқар йўлингиз пойлаб

Муҳаббат аталмиш бебаҳо туйғу

Озор-ла бедор-ла ўзига чорлар…

 

Бугун-чи, қаршимда турибсиз кулиб,

Энг сара сўзлардан гулдаста тутиб.

Жонингга жон бўлай ўзим дедингиз.

Бир дунё армонни шу он унутдим….

 

Шукронам тилимда борингиз учун.

Елкангиз тутдингиз садоқатли ёр.

Иймонда бутуним, меҳрда танҳом

Сиз ила қалбимда гуллади баҳор….

 

* * *

Сизни асло айтмам бировга,

Кўз тегади сиримни очсам.

Кўнгил иши ўртаб юракни

Жилваланар қаерга қочсам.

Сизни асло айтмам бировга,

Нилий ишқдан кўпчиган жонман.

Сиз бор экан ёруғ дунёда,

Мен тирикман, кўнгли осмонман.

Сизни асло айтмам бировга,

Жон ўртайди сўзларингиз ҳам.

Бу ёлғончи кўҳна дунёда,

Бўлолдимми бир муддат малҳам?

Сизни асло айтмам бировга,

Сирларимни қилмадим ошкор.

Менку содиқ қолгум вафога…

Мени лойиқ билдингизми ёр?

Хаёл инжи, сарҳуш дамларни,

Юрагимга қилдингиз тортиқ.

Сибқораман бахт шаробини,

Илинжим йўқ, сиздан-да ортиқ…

Кўнглимга нур улашган бегим,

Рутубатли кузнинг қўшиғи.

Япроқларга ўтади қучиб,

Шамолларда учар сарсари.

Хазон барглар йиғлайди чўчиб,

Сарҳисобин қилар қуёш ҳам.

Ним кулади бардоши етмас,

Олтин рангга ўранган замин.

Куз хаёли кўнгилдан кетмас…

Осмонимни чулғаган булут.

Бирдан тўкди кўздан ёшини.

Ошиқ қалбга солдими умид,

Синадими қиз бардошини?

Ёмғирларда кезар йигит, қиз…

Тўкилади қалблар жоласи.

Куз: армонлар, умидлар фасли,

Ёмғирларда кўнгил ноласи.

 

       ҚАДР КЕЧАСИДА…

Оллоҳ билан ёлғизман бугун,

Қалбим ила келдим юзма-юз.

Ёлғонлардан асра Худойим,

Ёруғликдан чарақласин кўз.

 

Жилов бергин туйғуларимга,

Ибодатда собит қил, Тангрим.

Муҳаббатни ато эт чексиз,

Зурриёдларим англасин қадрим.

 

Ҳайда, шайтон васвасасини,

Куръон ила таскин топайин.

Қабоҳатнинг йўллари узун,

Ёмонларнинг йўлин ёпайин.

 

Ниятларим қилгин ижобат,

Асра, сени деган ҳар жонни.

Кўз ёшларим, тўғонсиз дарё,

Юрагимга жойла иймонни,

Кўзларимга жойла иймонни…

 

          ТОШГУЛ ҚИСМАТИ

Анвойи гул эди, нафис, бетакрор

Боғбоннинг меҳри-ла кўкка бўй чўзган.

Қуёшнинг нуридан оларди малҳам,

Ёввойи гулларнинг тинчини бузган.

 

Бетакрор гўзаллик бобида танҳо,

Гулзорга зеб эди ҳусни, ибоси.

Ҳасаддан келарди гулларнинг ғаши,

Аламдан куярди бори, дунёси.

 

Шивирлаб, ғашланиб сўздан тош ясаб,

Анвойи гулни хўп қилишди ғийбат.

У кўз ёш тўкаркан, ботарди ғамга,

Йўқ бирор меҳрибон, қани ҳақиқат?

 

Не айби бор эди уни   шунчалар,

Кундан-кун ўзини еди ичидан.

Қовжираб барглари сарғайиб сўлди,

Танаси бўшашди, кетиб кучидан.

 

Минг бора афсусда, боғбон бу ҳолдан

Илдизин суғурди тупроқдан гулин.

Тошлоққа ташлади, кўкси эзилиб,

Тушуниб етмади синоат, сирни.

 

Танти табиатнинг меҳри туфайли

Тошлоқда жон битди анвойи гулга.

Қуёшнинг меҳрини сезди танаси,

Илдизи ёйилди қумлоқ, тош ерга.

 

Атрофга қараса, гулзорда гуллар,

Қовжираб, сўлиган йиғларди улар.

Унутди у ғамли кунларини ҳам,

Гулларга бахш этди меҳрдан малҳам.

 

Унутди қуёшнинг заррин нурини,

Гулларга улашди, қалби қўрини.

Илдизи бақувват гулларга мерос

Антиқа эди у ва ўзига хос.

 

Кўп афсус чекишди тиканли гуллар,

Ноҳақ айблашганди тошгулни улар.

Кўнглида қоралик сақламай гирён,

Уларни ҳаётга қайтарар ҳамон…

 

Тошгул қисматига бўлманг бепарво,

Асл гул қийматин йўқотмас асло…

 

                ЁРИЖОН

Тақдир эшикларим қулфми,

Ё яхшига кун йўқ, урфми?

Сочларми бу қаро зулфми?

Нега бизга кун йўқ, ёрижон?

 

Кўнгил бадар ошиёни йўқ,

Юракларда ёнар лағча чўғ.

Ҳижронлардан қадалади ўқ

Нега бизга кун йўқ, ёрижон???

 

Висолингда девона   ўзим,

Ёшланади соғинчдан кўзим.

Ҳижронларга тилайман тўзим,

Нега бизга кун йўқ, ёрижон.

 

Ниятларим чиқар саробга,

Яна кўнглим қўйдим   азобга

Маҳкуммиз ширин изтиробга

Нега бизга кун йўқ, ёрижон….

 

* * *

Сизни ўйлайверсам қалбим йиғлайди.

На чора, на имкон, на висол тортиқ.

Аммо хаёлимда яшайсиз, ҳар дам,

Дунёда ягонам, ҳаммадан ортиқ…

 

Ишқнинг саҳросида   юрдим адашиб,

Қуриди чўлларда бу ҳуш забоним.

Сизни учратгунча не ҳасратлардан,

Юрагим тўкилди, азиз инсоним…

 

Мени бағрингизда тутинг бир муддат.

Соғинчдан армонлар кетсин тўкилиб

Азизим, розиман, ишқ, нурли хилқат

Қалбингиз яшнатай   атиргул бўлиб.

 

Қиёсда тенгсизим, сиз жону дилим.

Нафасим, нодирим, орим, паноҳим.

Сиз учун яшайман дунёда асли.

Азизим, асрасин сизни Оллохим…

 

* * *

Майли қувинг хаёлингиздан,

Унутмоғим истанг чин дилдан.

Армонларни кўнгилга тугиб.

Ҳа, кетарман олисга сиздан…

 

Дийдорларнинг этагин боғлаб

Ўзим билан олиб кетаман.

Соғинч айтса ҳижрон куйини

Йиғлама деб кўп овутаман.

 

Юрак берса оғриқ сарсари

Азобларга қиламан бардош.

Кетгин, деган сўзингиз ёмон,

Дарё бўлди кўнглим-ла кўз ёш.

 

Хўп қолмасман, ортга қайтмасман.

Қилмайсизми ҳеч қачон армон?

Сизни жондан севгувчи қизни,

Берармикан, яна   Художо-о-н?!

 

* * *

Сизни унутмоқлик оғир эҳтимол.

Кўзимнинг рахида кулиб турасиз.

Сиз ҳақда ўйласам, сурганда хаёл.

Балки, меҳр истаб тўлиб турасиз.

 

Балки унутарсиз, тезда кўникиб

Кўнглимнинг дилтортар ашъорларини.

Ишқим йўлингизга тутганди гуллар,

Дилимнинг рангини, баҳорларини.

 

Соғинчдан тўкилсам, чексам изтироб,

Эсланг, ёдга олинг тонгги япроқдан.

Табиат қўйнига чиқинг, ошиқинг…

Мен чиқиб келаман ҳар бир бутоқдан…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 6 =