Кўзингни кўзимда асраган эдим

Азиз САИД

Муаллиф ҳақида:

Азиз САИД — шоир. 1961 йили Бухоро вилоятида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирган. “Чилтор”, “Дили қани бедилнинг”, “Ғойибдан дўст билан суҳбатлар”, “Фурсат дарвозаси”, “Вақт манзили” номли китоблари чоп этилган. Ҳозирги кунда “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири ўринбосари.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Кўзингни кўзимда асраган эдим

 

Занжиру кундалдан вассаю синжи,

Мен — хона, маҳрамсир куйга тўламан.

Сирлар товоғида бир ҳовуч майиз,

Пинҳона соғиниб бандин узаман.

 

Мушкулинг куш-о-о-д

бўлсин, ё омин,

Хуноба дил ш-о-о-д

бўлсин, ё омин.

 

Сангтарош ҳамалнинг нури пойтеша,

Юракка йўл очар тоғни тарошлаб.

Ишқпечон гуллаган чоғи намозшом,

Ғам келар сочини чилторга боғлаб.

 

Наво қилсанг д-и-и-л

тўлсин, ё омин,

Нигоҳ солсанг г-у-у-л

бўлсин, ё омин.

 

Гуноҳим дарахтин шохларин қирқиб,

Бир сават тўқийман — бахт учун коса.

Сабр саҳросида дор тикиб елдан,

Мен сени чорлайман — ишқ учун оссанг.

 

Жоним олсанг ж-о-о-н

кулсин, ё омин,

Ёдим ичсанг ж-о-о-м

тўлсин, ё омин.

 

                         * * *

Адашиб ёлғизлик ўрмонларида

Ўлган эдим,   музлаган эдим,

Ўшанда оловдай пайдо бўлдинг сен

Тирилиб гулхандай бўзлаган эдим.

 

Тунлари осмондан излаб юлдузинг

Тушлардан хабарчи йўллаган эдим.

Кунларни етаклаб ўтган ҳар қушдан

Сенинг жамолингни йўқлаган эдим.

 

Қанотсиз руҳимга қанот бахш этган

Кўзингни кўзимда асраган эдим.

Худо учраштирган чоғда даъфатан,

Самога қақнусдай сачраган эдим.

 

Маст эдим, ойнинг нурларини сен

Пиёлага қуйиб берган чоғингда.

Маст эдим, ишқимиз ёмғирларидан

Куйлар чалинганда ҳар япроғингда.

 

На олам, на одам чор атрофимда,

Нурингга қўшилиб нурга бойландим.

Йиллар ёниб кетди ўртамиздаги —

Мен энди йўқдирман, сенга айландим.

 

КЕЛИБ ҚОЛДИМИ, БАҲОР

           (рондo)

Қалдирғоч ғоч-ғоч

Эшигингни оч-оч…

                            Халқ қўшиғидан.

 

Қиш тошини ча-қа-ди

Тоғ бошини чай-қа-ди

Ой қошини қо-қа-ди

 

Ке-либ қол-ди-ми ба-ҳор

Эчки дўмбир ча-ла-ди

Қўзи зўлдир ма-ра-ди

Гулни ўлгур я-ла-ди

Ке-либ қол-ди-ми ба-ҳор

Ари сирға та-қа-ди

Бўри қирга о-қа-ди

Итни бурга ча-қа-ди

 

Ке-либ қол-ди-ми ба-ҳор

Сувни ариқ ал-дай-ди

Майса ёриқ я-май-ди

Сирни балиқ ас-рай-ди

 

Ке-либ қол-ди-ми ба-ҳор

Туя ялпиз чай-най-ди

Ғунча юлдуз са-най-ди

Кафтда денгиз қай-най-ди

 

Ке-либ қол-ди-ми ба-ҳор

Ос-то-нанг-да айт ким бор

Қал-дир-ғоч ғоч-ғоч

 

                  * * *

Чайқалаётир руҳим,

Тахти равон равонмас.

Сархуш эмасман, эй ёр,

Кўксим тешган камон маст.

 

Лабинг теккан қадаҳда

Қасам қалқар, аламмас.

Сархуш эмасман, эй ёр,

Расмим чизган қалам маст.

 

Итга ташлаб талаттинг,

Оғриётган яраммас.

Сархуш эмасман, эй ёр,

Бўғзимдаги нолам маст.

 

Рақсга тушдим ой билан,

Энди қушман, одаммас.

Сархуш эмасман, эй ёр,

Изинг излаб қадам маст.

 

Изинг излаб қадам маст…

 

                             * * *

Шодлик қозонининг қирриндиси ғам,

Менинг кўзим қора, кўзларим қора.

Пазанда тақдирнинг капгири синиқ,

Юлдузлар қоврилар қоп-қора.

 

Қўлим узатаман юрак тубига,

Куйган каптарларим қаноти қора.

Тақдирим тандири ҳамон тутайди,

Йиллар лов этади, йўллар қоп-қора.

 

Бу нима зиёфат, эй қодир Худо,

Ёрнинг кўзларидан қараб чорлатдинг.

Куйган таомингни олдимга қўйиб,

Унинг нигоҳини кимга қаратдинг.

 

ХАТОЛАР

Биз хато қиламиз

Довдираб қолиб.

Сўнг ётиб ўйлаймиз:

“Ҳаётнинг сабоғи –

Хатолар –

Такрор бўлмас энди

Ёддан чиқмас адоғи…”

Тасодиф. Ваъда ва Алдов.

Яна довдирашлар

Тўлқинидамиз.

Бесубут руҳимиз

Алғов ва далғов.

Яна кўҳна тарих –

Хато ва афсус.

Юракда қарғиш-у

Лаънатлар қолдирган

Қонли яралар ҳам

Тушади қуриб –

Ҳарорат вақтнинг

Ойинасидан.

Шундай келаверар

Кетма-кет улар.

Биз ётиб ўйлаймиз

Яна:

“Ҳаётнинг сабоғи

Хатолар…”

 

                    ТОНГДА

 

Кузда куз билан тунаган дарахт

Баҳор кўйлагини кияркан шошиб,

Тўзғиган сочига шамол тароқчи,

Тун ойна тутқазар сандиғин очиб.

 

Куз қол деб ёлворар ойни кўрсатиб —

Биз чиқиб кетамиз ўша туйнукдан.

Ёлғончи баҳорнинг нурин кўрдингми

Қуйилиб келмоқда эски чойнакдан.

 

Зангори денгиз бор осмон буржида,

Уйимиз бўлади сузиб юргувчи.

Шарқираб оқаркан момогулдирак

Чархпалак қурамиз терс айлангувчи.

 

Яшинга минамиз – мангу оқ отим,

Борамиз тушларнинг қароргоҳига.

Юлдузлар тақаркан феруза узук…

Бизларни кўмишар ишқ даргоҳига.

 

Кузнинг зорларини тингладию маст,

Баҳор кўйлагини кийди у дарахт…

 

ИНТЕРНЕТ ҲАҚИДА ТУШ

 

Озодсан, аммо

Тўрт томон девордир,

Осмон ҳам девор,

Ер ҳам девордир.

 

Қулсан, аммо

Бўйнингда занжиринг йўқдир,

Деворгача юришга тақиқинг йўқдир.

Ўзинг билан ўзинг бир зум қолмоққа

Ҳаққинг ҳам йўқдир.

 

Ҳар кун бир каламуш

Чиқиб келар девор остидан,

Ҳидлаб кўрар рутубат ҳавони

Борми деб сузиб юрган сўз.

Ҳидлаб кўрар нафасинг

Ҳидлар нигоҳинг

Борми дея яна бирор кўз.

 

Сўнг мамнун

Кулади каламуш, биткўзи қисилар,

Сенга тикилар

Олддаги икки сўйлоқ тишлари ёниб,

Умринг давомини узмоққа шай

тишлари ёниб.

 

Тўшагингга кираркан ўрмалаб

Ҳидлай бошлар хаёлларингни,

Ҳидлаб кўрар хотираларинг.

Димоғи илғайди денгиз исини,

Илғайди самога парвоз исини.

 

Ва қўрқитар

Сирингдан дунёга жар соламан деб,

Сен ҳам каламушга айланмасанг деб,

Дўмбира чаламан ўйнамасанг деб…

 

Қайтиб борар девор остига

Ва кута бошлар сенинг ҳам

Каламушга айланишингни.

Сен каламушга айланмайсан.

 

Сўнг макр тўрини ёяр каламуш

Олти деворга

Қалбингни ҳидламоқ учун узоқдан.

Ва ўчириб ташлар ўша тўр билан

Орзуларинг йўлларини –

Узукнинг изини ўчиргандай

Нозик бармоқдан…

 

Энди на денгиз бор,

На осмон бор, на қир бор,

На қўшиқ бор, на-да бир шеър бор,

На ўтган кунлардан бирор-бир из бор…

 

Ҳар кун шу такрор…

Ҳар кун шу…

Ҳар кун

Каламуш

Чиқиб келар экан девор остидан

Ва тушларингни ҳам ҳидларкан энди

Кутаверар сенинг ҳам

Каламушга айланишингни.

 

Каламушга айланмайсан

Айланолмайсан

Севиб қолган бўлсанг-да уни…

               * * *

Озодсан, аммо

Тўрт томон девордир,

Осмон ҳам девор,

Ер ҳам девордир…

 

“СУВДАГИ ИЗЛАР” туркумидан

 

Қафасдаги рангдор қушча

Сайрамай қўйди

Парёстиқ кўтарган аёлни кўриб

                    * * *

Столдаги қалам

Қўрқиб тикилар пичоққа

 

Пичоқ ҳақида ёзсамми

Ёзмасамми

                         * * *

Дарахтни зўрға кўндирдим

Бирга учишга

Қушга айланишимни

Кутамиз энди

                        * * *

Сўзга айлана олмай қийналар

Рангли шарлар ичидаги

Нафасим

                        * * *

Соғилаётган сутнинг овози

Ўчоқдаги олов овози

Суҳбатлашар

Кутиб турар тонг бўсағада

                       * * *

Бир шода анор

Хона деворига осилган

Кўрпани бошига тортар болакай

                       * * *

Арранинг овози келар устахонадан

Хазонлар остига беркинар

Ўрик данаги

                       * * *

Баҳорнинг сўнгги куни

Қалдирғочлар хайрлашар

Кўзимга чизилган овозлари билан

                      * * *

Йўқ, сен гуноҳкор эмассан

гуноҳ фақат гулларда

улар жаранглаганда

муҳаббатнинг овози деб ўйлагансан

йўқ, сен гуноҳкор эмассан

гуноҳ япроқларда

бўлмаса шунчалик гўзал ҳилпирармиди

гуноҳ шабадада

гуноҳ куйларда

 

дод деб юборгим келади

нега сенда гуноҳ йўқ

                     * * *

Умид –

узилган ип,

уламоқ керак умидни умидга

сўнгра сени қийнар бир умр

умиднинг тугилган тугуни.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + thirteen =