Гулнинг дийдорида чеҳранг намоён

Зиёда АМИНОВА

 

Муаллиф ҳақида: Зиёда АМИНОВА — 1978 йили Касби туманидаги Қўриқ қиш­лоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини 2000 йилда тамомлаган. Кўп­лаб публицистик мақолалари, шеърлари Қашқадарё вилоятининг ҳамда республикамизнинг нуфузли нашрларида эълон қилинган. Халқаро “Олтин қалам” Миллий мукофотининг совриндори бўлган (2020 йил).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Ҳозирги пайтда Қашқадарё вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

 

* * *

Кўзинг қароғида яшаяпман мен,

Гоҳ далли девона, гоҳ сармаст бўлиб.

Бир буюк севгингга ошиқман, мискин,

Қўлда май турибман тўлғониб, тўлиб.

 

Ишқинг юрагимга ўт, олов солган,

Нақшлаб улгурган соғинмоқликни.

Ташналик, недурки ақлимни олган,

Англадим, тўлғониб ўртанмоқликни.

 

Гулнинг дийдорида чеҳранг намоён,

Ҳар тоғнинг бастида сени кўраман.

Ҳақ деган юракда сен борсан шоён,

Азизсан, улуғсан, қутлуғ эй, ВАТАН!

 

                         ЯРАШГАЙДУР

Бу ватанга тиниқ овоз, гўзал созлар ярашгайдур,

Чертиб айтса дили ёниб, ширин розлар ярашгайдур.

 

Ҳар тонг субҳга бериб салом, аста кўзин очса қуёш,

Жамолидан нусха олса, ул андозлар ярашгайдур.

 

Боболари ўтган одил, момолари зукко закий,

Навоийдан топиб айтса, шеър баёзлар ярашгайдур.

 

Остонасин кўзга суртиб, тупроғини айлаб тавоб,

Бу ободлик, саришталик, ҳам пардозлар ярашгайдур.

 

Истиқлолнинг найин чалса, бир тараҳҳум этса диёр,

“Муҳтаҳзод”у, “Тановар”у, шўх “Гулноз”лар ярашгайдур.

 

Одим отса дадил-дадил, юраклари уйғонадур,

Фарзандлари айтган ялла, зўр овозлар ярашгайдур.

 

Ватан деса, етти иқлим, етти пушти титраса гар,

Бошда дўппи, хонатласу, банораслар ярашгайдур.

 

Дунё таъзим этса унинг кечаси-ю, бугунига,

Ўзбекона чертиб айтган талаффузлар ярашгайдур.

 

Бу ватанга тиниқ овоз, гўзал созлар ярашгайдур…

 

* * *

Унинг таҳриридан ўтмоғлик қийин,

Саволлари бисёр, титроғи азоб.

Юзингни шуълага тутмоғинг учун,

Покланиб бормоғинг шарт эрур, ё раб!

 

Кўндаланг саволлар юзга юз босиб,

Гоҳ бутлаб, гоҳида тилка-тилкалар.

Яшаб қўйгандексан юз йилни шошиб,

Ҳаёт қозонига оташни қалаб.

 

Бўлди бас, занжирни қўйворгин ахир.

Бошқа бўлолмайман бундан ҳам кейин.

Ўлиб тирилишнинг зардоби тахир.

Қиличингни ташла ичимдаги МЕН…

 

* * *

Оталар денгиздир, оталар денгиз

Оталар тенгсиздир, оталар тенгсиз.

Сен сувнинг тубида битта тош бўлсанг,

Ҳовучида асрар, авайлар шаксиз.

 

Карвон кетаётир, олдга фақат йўл,

Юзларингга урса, ёмғир, чақмоқ, дўл.

Сен етим эмассан, мушфиқ эмассан,

Отанг сенга томон чўзиб турса қўл.

 

Ботирлар қамчисин тишида тишлар,

Битта оҳ, демайди ботса-да нишлар.

Номардга чап бериб, қувга тик боқиб,

Турар йўл бошида фақат оталар!

 

Ҳув ана офтобинг кулар, кулчаюз

Осмоннинг тоқига сеп ёяар юлдуз.

Алдов, фирибларга чап бериб ўтсанг,

Равшан тортар кўзга тушганида кўз.

 

Қўнғироқ чалади Темур карвони

Дастурхонда ярим бўлмасдан нони.

Тин олмай, тўхтамай кетаверади.

Покликни суғорар тоза иймони.

 

Бош қўйиб ётаринг шу азиз тупроқ,

Бутун бўл, бор бўлгин, бўлмагин урвоқ.

Шерларга даврани бўшатиб берсанг,

Оталар дуоси бўлгай паноҳгоҳ.

Оталар денгиздир, оталар тенгсиз…

 

* * *

Она, сиз эккан беҳилар бермоқда ҳосил,

Атай қўл урмайман, дув тўкилмасин.

Сиздан сўнг ҳовлидек мунғайган кўнгил,

Гапингиз қулоқда: ҳаҳ онани соғинтирмасин.

 

Сарғайди ҳаёт ҳам — кўйлаги ямоқ.

Энди бут бўлиши душвордир душвор.

Онасиз кунларим мунг чўли ироқ.

Ҳосили тўкилган дарахтдек ночор.

 

Сиз илган дорнинг ҳам симлари ажиб

Тортишиб ингичка тортаётгандек.

Соғинчдан хўл бўлган кўйлакни илиб

Армон кўксим тилар гўёки тиғдек.

 

Ахтариб гирёна бир ўкинч юзли,

Надомат ичида кўрдим ўзимни.

Таскин ахтаради кўнгил ғам тусли…

“Она”деб атайман энди қизимни.

 

* * *

Кутмоқлик бизга одат.

Куттириш сизга – шараф.

Кўзларим толса агар

Қалбим-ла йўлга қараб,

Интизор боқгайдирман,

Ҳар қадамнинг сасидан,

Умидим ёқгайдирман.

Илҳақлик одам қилди,

Бир ожиз ошиқанинг

Истаги йўлда бўлди.

Бор-буди кўздир унинг.

Келинг…

Либосим бўлди – сабр.

Юракнинг айвонида,

Ишқдан зада бўлгандир.

Билурсиз, билмагайсиз.

Куттириб, келмагайсиз.

Ғурур кўйлагин бичиб,

Харидор қилган ҳам Сиз!

Яна қайта айтаман,

Ҳамон турибман қараб,

Кутиш – биз учун одат,

Куттириш сизга – шараф!

 

* * *

Сочилоқдай сочиб бериб юрагимни,

Туйғуларим сизга ошкор этганим рост.

Бир бора ҳам ушлатмайин билагимни,

Титраб-титраб муҳаббатдан очдим мен кўз.

Пайқанг мени…

 

Нигоҳларим асираси сувратингиз,

Киприкларим дийдорлашса – меникисиз.

Бардошларим сўз олади номсиз-номсиз.

Кўзларимни очмайман мен гар қизғонсам.

Алқанг мени…

 

Йўлингизга зор, интизор боқаман мен,

Соғинч деган ширин дарддан зада бўлиб.

Келинг, оёғингиз остларига жонгинасин,

Нисор этар, Зиёдангиз майин кулиб.

Асранг мени…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − three =