Эри бор ёлғиз аёл…

У ёшлигидан гўзал, шўх шаддод, сарвқомат қиз эди. Уни кўрган нафақат йигитлар балки қизларнинг ҳам суқи кирарди. Қишлоқнинг ярми унга ошиқ бўлиб, уззу-кун йўлини пойлашарди. Тақдир тақозоси билан ўзи яхши билган бўлса-да, хоҳламаган инсонига ота-онанинг қистови билан турмушга чиқди. Икки нафар қиз фарзандли бўлди. Турмуш ўртоғи айрим сабабларга кўра хорижга ишлашга кетди. Бу вақтда у 20 ёшда эди. Орадан ойлар, йиллар ўтаверди, қизлар бўй чўзаверди.
У турмуш ўртоғини фақатгина телефон орқали кўрар, қизлар ҳам отаси билан шу тахлит суҳбатлашар эди. Оила ҳар жиҳатдан тўкис ҳаёт кечирса-да, соғинч ва муштоқлик уларнинг юрак бағрини яраларди.
Турмуш ўртоғи кетган вақтда 20 ёшда бўлган навжувон ҳозир 45 ёшда.
Суҳбат асно аввалги шаддодликдан асар йўқ. Кўзларда мунг, қалбда дард, алам, юракда ғам мужассамлиги яққол сезилиб туради. Шунча йил турмуш ўртоғининг йўлига кўз тикиб, қизларни оқ ювиб, оқ тараб, меҳр билан парвариш қилди.
Ўйлаб қолади киши баъзи аёлларимиз эри ёнида бўла туриб, хиёнат кўчасига кириб кетадилар. Бизнинг қаҳрамонимиз эса бундай ишдан ҳазар қилди. Ор-номусни биринчи қўйди. Турмуш ўртоғининг, фарзандларининг, ота-она, ака-ука, сингилларининг юзига оёқ қўймади. Бундай тақдирга сабаб бўлган ота-онадан ёзғирмади. Шундай бўлиши керак экан демак шундай қабилида тушунди.
Эри урушга кетиб, қайтишини ўлгунча кутган момоларимиз ҳақида эшитганимизда бундай оналарнинг сабр, бардошига қойил қолардик. Буни бошидан ўтказган, танасида ҳис қилган аёлларгина тушуна олишади. Тасаввур қилинг турмуш ўртоғи бор, лекин у… уйда йўқ.
Замонавий дунёда бу каби аёлларнинг борлиги кимларгадир эриш туюлар. Бироқ ор-номусни ҳамиша бирламчи поғонага қўйган аёлларнинг борлигидан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Миллат барҳаётлиги бошқа халқлар орасида мартабаси шу каби аёлларимиз қаноатидан юз ҳисса ошади. Бундай аёллар олдида ҳар қанча бош эгсак, таъзим қилсак оз.
У ҳамон тўкис оила бўлиб яшаш илинжида…
(Суҳбатдошимиз исм шарифини ошкор этилмаслигини хоҳлади. Гўёки бу қилаётган иш ҳам миннат бўлиб қоладигандек. Унинг бу жафокашлиги оилавий ажримлар кўпаяётган жамиятимизда, турмуш ўртоқлари хорижга ишга кетган айрим оилаларга, айрим аёлларимизга сабоқ бўлсин)!
Шу ўринда тирикчилик, турмуш ташвишлари дея ўз оиласини 10 йиллаб ташлаб кетган, ўн йил эмас, ҳатто йигирма йилда ҳам бир марта оиласи бағрига келиб-кетмаган эркак-чи, ота-чи, у ҳақда нима дейиш мумкин?
Келинг, бу ҳақда навбатдаги мақоламизда…
Баҳром БОЙМУРОДОВ