Бахтга қарши отилган ўқ
Истеъдодли муҳаррир ва адиб Анқабой Худойбахтов нега 35 ёшида отиб ташланган эди?
Мамлакатимизда миллий матбуот, адабиёт, маданият соҳаларининг ривожланишида муҳим ўрин тутган “Зарафшон” газетаси чоп этила бошлаганига жорий йилда 110 йил тўлди. Шу сана муносабати билан газета саҳифаларида нашрнинг босиб ўтган шонли тарихий йўли, таҳририятда фаолият олиб борган ижодкорлар ҳақида қатор мақолалар, тадқиқотлар эълон қилинмоқда. Уларнинг айримлари кўп йиллардан бери Фармон Тошев бош муҳаррирлик қилиб келаётган таҳририят ташаббуси билан “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркумида китоб ҳолида нашр этилди.
Ана шундай рисолалардан бири 2023 йилда “Sahhof” нашриёти томонидан чоп этилган “Анқабой Худойбахтов ким эди?” тўпламидир. Мазкур нашр ўтган асрнинг долғали йигирманчи-ўттизинчи йилларида Самарқандда яшаб ижод қилган Анқабой Худойбахтов ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади. А.Худойбахтовни “Зарафшон” билан боғлайдиган жиҳат шундаки, у 1928 йилдан адабий-маданий ҳаётда муҳим ўрин тутган газетага муҳаррирлик қилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, жорий йилда Анқабой Худойбахтов таваллудига 120 йил тўлди. У 1903 йилда Бахмал тумани Юмалоқбош қишлоғида зиёли оилада дунёга келган. 10-15 ёшларида тумандаги мактаб-интернатда тарбияланган. 1926-1928 йилларда Москвада журналист ходимларни тайёрлаш курсида ўқиган. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, “Зарафшон”, “Ишчи” газеталарида муҳаррир, “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлимини бошқарган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, СССР Ёзувчилар уюшмаси пленуми аъзоси бўлган, Республика радиоэшиттиришлар давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган. Маҳоратли адиб, драматург, адабиётшунос, журналист сифатида самарали меҳнат қилган.
Аммо собиқ совет тузумининг қатағон машинаси Мўмин Усмонов, Раҳмат Мажидий, Қурбон Берегин, Отажон Ҳошимов, Зиё Саидов, Умаржон Исмоилов, Аъзам Аюпов, Машриқ Юнусов – Элбек ва бошқа ўз даврининг етук адиб, олим, санъаткор, зиёли замондошлари қаторида унинг тақдирини ҳам янчиб, ҳаётини топтаб ўтди. У 1937 йил 9 август куни ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан “миллатчи, аксилинқилобчи, пантуркист, яширин ташкилот аъзоси” сингари ноҳақ айбловлар билан ҳибсга олинган. Олий суд ҳарбий ҳайъатининг мажлисида А.Худойбахтов “айби”га иқрор бўлмайди: ҳеч қандай аксилшўровий ташкилотга аъзо бўлмагани, зараркунандачилик ишлари билан шуғулланмагани тўғрисида кўрсатма беради. Шунга қарамасдан, СССР Олий суди ҳарбий ҳайъати 1938 йил 5 октябрь куни Худойбахтовни “буржуй миллатчиларининг аксилшўровий, қўзғолончилик, одамкушлик, зараркунандачилик, бузғунчилик ташкилоти аъзоси” сифатида қатор моддалар бўйича айбдор деб топади ва олий жазо — отувга ҳукм қилади. Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Пўлат Солиев, Ғози Олим Юнусов, Абдулҳай Тожиев, Акбар Исломов, Санжар Сиддиқ, Аъзам Айюб каби таниқли зиёлилар бор эди. Буни қарангки, машъум ҳукм Тошкент шаҳрида 1938 йил 4 октябрь куни, суд қароридан бир кун олдин ижро этилган.
Ҳаёт тори умрининг энг гуллаган даврида ногаҳон узилган — Анқабой Худойбахтов 35 йил умр кўрган, холос. У қисқа умри давомида ҳаётнинг ҳамма соҳаларидан яхши хабардор қаламкаш сифатида ўткир мақолалар ёзган. Ўша кезлари жамият ҳаётида қудратли куч сифатида намоён бўлган миллий матбуотимиз, ўзбек радиоси ишини равон йўлга қўйиш, мақола ва эшиттиришлар савиясини кўтаришда самарали хизмат қилган.
Тарихнинг мураккаб, зиддиятли давридан ҳикоя қилувчи “Анқабой Худойбахтов ким эди?” китобининг аҳамияти, қиммати нимада? Аввало, китоб Али Оқмуродовнинг “Журналист бўлиб туғилган, шу улуғ номни пок асраган ижодкор” номли кириш мақоласи, Анқабой Худойбахтовнинг “Фаҳрисат ёхуд хабар, мақола, шеър ва ҳикоя ёзиш йўллари” номли рисоласи ҳамда “Шодмон” пьесаси, шунингдек, СССР журналистлар союзининг аъзоси, кейинчалик Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев ва Самарқанд давлат педагогика институти ўқитувчиси, кейинчалик филология фанлари доктори, профессор Иноятулло Сувонқулов ҳаммуаллифлигида “Ленин йўли” газетасининг 1968 йил 30 март сонида эълон қилинган “Ўткир қалам соҳиби эди” сарлавҳали якунловчи мақоладан иборат эканига эътибор қаратайлик.
Китобга киритилган тадқиқотчи адиб Али Оқмуродовнинг “Журналист бўлиб туғилган, шу улуғ номни пок асраган ижодкор” мақоласида А.Худойбахтовнинг ҳаёти, ижоди ва меҳнат фаолияти ҳақида кенг маълумот берилган. Мақола муаллифи бу борада кўп йиллар мобайнида кенг миқёсда тадқиқот ишларини олиб боргани кўзга яққол ташланади. У мавзу доирасида фактлар, саналарни ҳужжатлар, айрим кишиларнинг гувоҳликлари ва ҳаётий далиллар асосида синчиклаб ўрганган. Шу ўрганиш ва таҳлиллар асосида муҳим хулосалар чиқарган. Бу далил ва хулосалар А.Худойбахтовнинг кенг фаолияти билан яқиндан танишишни истаганлар, келгусида мавзуни янада чуқур ва атрофлича ўрганишни мақсад қилганлар учун ғоят муҳим манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Анқабой Худойбахтовнинг “Фаҳрисат ёхуд хабар, мақола, шеър ва ҳикоя ёзиш йўллари” айниқса, ўз пайтида алоҳида муҳим илмий-оммабоп рисола бўлганига шубҳа йўқ. 1926 йилда китобга битилган “Бош сўз”ида маърифатпарвар шоир Боту шундай ёзади: “Ёзувчилик дунёсиға қадам қўя бошлағанларға йўл-йўриқ кўрсатадурган, …ёзиш қоидаларини ўргатадурган адабиётнинг бизда бутунлай йўқлиги ёш ёзувчиларимизнинг ўсишига жуда монеъ. Мана бу тўсиқни йўлдан олиб ташлашқа қудратли азаматлар шу вақтгача майдонға чиққонлари йўқ. Шунинг учун матбуотимиз байтларида бир тўда камчиликлар кўриниб турадир… Бундай камчиликлардан қутулиш ҳамда ёш ёзувчи ва мухбирларимизни бу касалдан сақлаш керак”.
“Бу касалдан сақлаш учун ёзилган” рисола тўрт бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда адабиёт ва матбуот тўғрисида умумий маълумотлар тақдим қилинган бўлса, иккинчи бўлим – мақола, учинчи бўлим – шеър, тўртинчи бўлим – ҳикоя ёзиш сирларидан сабоқ беради. Бўлимлар тизимли равишда зарур қисм-мавзуларга бўлинган. Муаллиф мавзуларга доир қарашлари ва кузатишларини изчил баён этган. Кези келганда, асар композицияси пишиқ-пухта эканини айтиш лозим. Асарнинг бу жиҳати, илмий хусусияти муаллиф етарли даражада илмий фикр юритиш малакасига, илмий тафаккурга, юқори илмий салоҳият ва амалий тажрибага эга бўлганидан белги беради.
Асосан, вақтли матбуот учун материаллар тайёрлашга бағишланган иккинчи бўлимда “Матбуот ўзи нима? Хабар ёки мақола қандай ёзилади? Сарлавҳа қандай қўйилади? Фельетон нима? Газета ва журналнинг фарқлари” каби саволларга назарий жавоб берилган ва муҳим амалий хулосалар чиқарилган. Муаллифнинг матбуот соҳасидаги мавжуд ҳолатга таяниб мулоҳаза юритишича, нашрлар саҳифаларидан расмий, умумий муҳокамалар руҳидаги материаллар, англашилиши мушкул бўлган шиорлар камроқ, одамларнинг кундалик ҳаёти, ташвишлари акс этган материаллар эса кўпроқ ўрин олиши керак.
Учинчи бўлим шеър ёзиш тартиб-қоидаларига бағишланган. “Шеър. Шеър ёзиш йўллари. Сочма шеър. Бармоқ вазни. Адабий оқимлар”, хусусан, романтизм, реализм, футуризм ва бошқа кенг мавзуларда кузатишлар ва фикр-мулоҳазалар бугунги ўқувчини ҳам, албатта, қизиқтиради. Футуризм оқими ва ақидаларига ёш шоир Олтой шеърларидан мисоллар келтирилган. “Бармоқ вазни бизнинг ўзбеклар учун миллий вазндир. Бунинг асоси – сўз бўғимларининг саноғидир”, деб ёзар экан, А.Худойбахтов кўз ўнгимизда зукко адабиётшунос сифатида намоён бўлади. У “Шоир бўлишға уринувчилар”га шундай маслаҳат ва йўл-йўриқлар беради: “…биринчидан, ўзларида шоирлиққа бир даража иқтидор сезсинлар; иккинчидан, ўзларида бўлғон иқтидорлиқни кенгайтиришга ва чуқурлашқа тиришсинлар; учинчидан, ўз она тилида бўлғон адабиётлар билан яхши ошно бўлсинлар; тўртинчидан, бошқа тажрибалик ва усто шоирларнинг ёзғонларидан ўрнак олсинлар; бешинчидан, ўзларининг бир масала тўғрисида олғон мавзуларини ўзларига барқарор қилиб, ёзадирғон фикрларини… истасалар шеър, истасалар тизма, истасалар сочма тариқасида ёза берадирлар”.
У шоир хаёлий фикрларга берилмасдан, йўқ нарсалар ёки ўта хусусий туйғуларни қоғозга туширавермасдан, ҳаётнинг, халқнинг ичига киришни, “турмушга тўғридан-тўғри боғланиш”ни, адабиётга мавзу берадиган даврнинг долзарб воқеаларига ҳозиржавоб бўлишни, эл-юрт манфаатини юқори тутишни маслаҳат беради.
“Ҳикоя ёзиш йўллари”, “Ҳикоя ёзишда муҳим нуқталар”, “Ҳикоя қисқа бўлиши керак”, “Сўз ўхшатишлари”, “Кишиларнинг исмлари қандай бўладир?”, “Ҳикоя ёзиш техникаси”, “Ҳикояга сарлавҳа қўйиш” сингари мавзулар насрнинг энг оммабоп жанри бўлган ҳикоя ёзишни ўргатадиган тўртинчи бўлимдаги қисмларнинг номланишидир. “Ҳикоя ўзининг ёзилишиға қараб тўрт туркумга бўлинадир. Биринчи, ҳозирги замон ҳикояси, яъни ҳозирғи кун кўришимизда бўлиб турғон воқеа ва ҳодисаларни қисса қилиб берадир; иккинчи, ўтган замон ҳикояси. Бу маълум одам болаларининг бошларидан кечирган ҳолларини қисса қилиб ёзадир; учинчи, келгуси замон ҳақида – келгуси замонда қандай кун кўриш, қандай техникага эга бўлиш ва нималар қилиш тўғрисида ёзадилар. Тўртинчи, хаёлий ҳикоя. Бу турли ҳикояда ёзувчи бўлиш мумкин бўлмағон воқеаларни олиб, ўзларининг фикр ва хаёллариға келган нарсаларни ёзадирлар. Бу турли ҳикоя ёзишга хаёлий ҳикоя дейиладир”.
Анқабой ҳикоянинг қисқаси соз дейди: “Кичкина ҳикояни ёзиш катта ҳикояни ёзишдан қийиндир. Агар ёзувчи бугун ҳикоясини ёзиб, уни бир неча кун ётқизиб, сўнгра тоғин ўқиб чиқса, яна ортиқча жойларини олиб ташлаб, кераклик ерларига қўшиш мумкин бўладир… Ҳикояни ёзиб бўлғондан кейин қанча кўп ўқиб чиқилса, шунча яхшилана борадир. Бу нарсага, албатта, янги ёза бошлағон ёшлар амал қилишлари керак”.
Яна бир қизиқ жиҳати, Анқабой асарда қаҳрамон ва персонажларнинг исм-номлари уларнинг асардаги вазифаси, ҳаётига мос бўлиши кераклигини таъкидлайди. Масалан, деҳқонлар учун Болтабой, Тошмат, Пирмат, Эргаш, деҳқон хотин-қизлар учун Қундуз, Мастура, Гулнур, Яхшигул; савдогарлар учун Абдуллоҳ, Ҳайдар, Маҳмуд, Акрам, савдогар хотин-қизлар учун Роҳатой, Тожихон, Сумбулой; мулла ва эшонлар учун Умирхон махзум, Аббосхон тўра, мулла Очилхон, Сайидниёз ҳожи, “мулла, эшон хотин-қизлар” учун Зулайҳо, Кароматой каби исмларни мақбул санайди. Бу исмлар қаҳрамонларнинг ҳаётийлигини оширади, деб ҳисоблайди. Бу Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев каби адиблар тажрибасини ёдга солади. Яна у ҳикоя энг қизиқ жойдан бошланиши керак, акс ҳолда, ўқувчи диққатини тутиб туролмайди, деган фикрда бўлган.
Аҳамиятли томони шундаки, асар бугунги кунда ҳам долзарблиги, аҳамиятини йўқотмаган. Анқабойнинг фикрича, музейга кирган заргар ноёб тожни кўрганда унга қанча олтин ишлатилганини, савдогар у қанча пул бўлишини, бой хотин тождан қанча зеб-зийнат олинишини, жамоат ходими тож учун халқдан қанча солиқ ундирилганини, рассом бу нодир буюмга чизиқлар қандай тортилганини кўради. Ёзувчи тожни кўрганда ана шундай мулоҳазаларнинг барчаси бирдан хаёлидан ўтиши керак.
Бу – Анқабойнинг хулосаси.
Унинг тил масаласида ёш ижодкорларга ўгити бугун ҳам долзарб: “…ҳозирғи кун ёзувчиларимизда шундай бир ёмон одат борки, ўзларининг ёзувларида арабча, форсча ва русча сўзларни жуда кўп ишлатадирлар. Ана шу ишлатиладирғон сўзларнинг қаршисида кўбинча ўзбекча сўзлар топиладир… Ўзбекчасини топиш учун бир оз меҳнат қилиб излашни ўзларига катта оғир иш биладирлар… Эски ёзувчилар соф ўзбекча ёзишга тиришсалар, ёш ёзувчилар бундай касалликдан ўзларини олиб қочсинлар… Янгидан ёзув ишига берилиб бормоқда бўлғон ёшлар… мамлакатнинг кўбчилиги тушунадурғон сўзларни олсинлар… Ҳар бир ёзувчи ҳаммадан бурун халқ кўб ишлатадирғон сўзларни ишлатишга тиришиши лозимдир…”. Бундай ҳаётий хулоса ва назарий мулоҳазалар асарнинг илмий хусусиятини, амалий ва оммабоплик аҳамиятини оширган.
Мазкур тўпламдан Анқабой Худойбахтовнинг “Шодмон” пьесаси ҳам ўрин олган. Қайд этилишича, мазкур пьеса 1933 йилдан 1937 йилгача, Республика санъат бошқармасининг “миллатчилик оммалаштирилган” деган айбномаси билан саҳнадан олиб ташлангунга қадар Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театрида мунтазам намойиш этилган, адабий жамоатчилик уни юқори баҳолаган. Театр мухлислари спектаклни ҳар гал қизғин олқишлашган.
Асар воқеалари халқимиз тарихининг суронли ва фожиали даврини қамраб олган. Бу тўғрида асар номидан кейин “Туркистонда 1916 йил воқеаларидан бир парча” деб ёзилган изоҳ ҳам равшан маълумот беради. Пьеса асосий тўққиз кўриниш ҳамда иккита “айрим кўриниш”дан иборат.
Асарда ХХ аср бошларида чор Россияси, оқ пошшонинг мустамлака Туркистонда юритган мудҳиш зулмга асосланган сиёсати оддий одамларни, деҳқон ва косибларни, ҳунарманд ва усталарни, маҳаллий зиёлиларни хонавайрон қилгани, уларнинг сўнгги бурда нонини оғзидан тортиб олгани, адолат, тенглик ва эрк талаб қилганларга аёвсиз тазйиқ ўтказиб, уларни шафқатсиз жазолагани бор манзараси билан очиб берилган. Пьеса воқеаларига кўра, бу борада қонхўр босқинчиларга калтабин маҳаллий бой, зодагонлар ва туб ерли худбин ва манфаатпараст маъмуриятчилар йўл-кўча кўрсатиб, “беминнат” ёрдам беради. Икки томонлама – маҳаллий ва чор Россияси маъмурияти томонидан эзилган, таланган халқ йигитларни оқ пошшо учун мардикорликка олиш чоғида оёққа қалқади. Ёзувчи асар бош қаҳрамони Шодмон тимсолида ўзбек халқининг зулм ва истибдодга қарши курашини ҳаққоний тасвирлайди.
Асарда ёзувчининг тасвир маҳорати яққол кўринган ўринлар бисёр: Қишлоқларда одамлар йигитларни мардикорликка, урушга олишга қарши қўзғолиб, камбағал-бечораларнинг от, молини тортиб олаётган уезд маҳкамаси ва маҳаллий бошқарув идоралари вакиллари ҳамда бойлардан қасос, ўч оладилар. Адиб ҳаракатдаги персонажлар характерини яратишда маҳорат кўрсатади. Уезд ҳокимининг маҳкамаси олдига келган оддий одамлар – деҳқонларнинг хатти-ҳаракатини, катта ҳаракатлар, ўзгаришлар олдида иккиланишлари ва ишончсизликларини ишонарли тарзда тасвирлайди: “Деҳқонлар бир-бирларини туртишиб, сен гапир, дейишади, Пирмат ва Ўроқлар Қўлдош отани олдинга сурадилар. Қўлдош ота бўлса, Шомуродни пеш қилади”. Анқабой бир ўринда йўлда бораётган кишиларнинг ҳолатини адиб қалами билан шундай чизади: “Мардикорлар… баъзилари янги этик ва маҳсиларини эгниларига солиб олганлар” деб тасвирлайди.
Асарнинг 7-кўринишида 1- ва 2-офицерлар диалогида ўша даврда бадиий асарлардан ўрин олаётган реализмга хос бўлган натуралистик тасвир бўёқлари кўринади:
“1-офицер: Бизга бойлар бир қўзғолончининг уйини кўрсатди, борсак, ёшгина келинчак боласини бешикда эмизиб ўлтирган экан. Унинг кўкрагидан урдим. Ёрдамчига болани жойла деган эдим, болани бешик билан найза учига илдириб чиқди (кулги).
2-офицер: …бир қизнинг бошини от чоптирганча ғиртта уздим, боши осмонга кўтарилди”. Адиб маҳорати шунда кўринадики, у босқинчиларнинг ёвузлиги, шафқатсизлигини ўзларининг сўзлари орқали фош этмоқда.
Такрор бўлса-да, айтишга тўғри келади, пьесада шундай ўринлар борлиги, айрим асарларда атайин, зўрма-зўраки тарзда акс эттирилганидек, “қолоқ халққа тўғри йўлни кўрсатган буюк оғаларнинг илғор пролетар-ишчи синфи вакили” йўқлиги учун бўлса керак, у 1937 йилда “миллатчилик оммалаштирилган” деган айб билан саҳнадан олиб ташланган.
Адолат юзасидан айтиш лозим, мазкур китобга киритилган ушбу пьеса ва “Фаҳрисат…” асарида мавжуд ижтимоий-сиёсий тузум мафкураси, қуюқ бўёқларда бўлмаса-да, акс этган ўринлар йўқ эмас.
Китобни варақлаб, бир мулоҳаза пайдо бўлди. Тўпламдан Анқабой Худойбахтовнинг икки асари – “Фаҳрисат…” ва “Шодмон” пьесаси, шунингдек, Али Оқмуродовнинг “Журналист бўлиб туғилган, шу улуғ номни пок асраган ижодкор” сарлавҳали кириш мақоласи ҳамда тўпламни якунловчи “Ўткир қалам соҳиби эди” номли мақола, яъни икки асар ва икки мақола ўрин олган. “Нашрга тайёрловчи масъул муҳаррир Акром Ҳайдаров” деб кўрсатилган. Шундай бўлгач, китоб муаллифи сифатида Анқабой Худойбахтовнинг номи ёзилса ва китобга бошқа ном қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
2021 йил, октябрь. Президент Шавкат Мирзиёев янги усулдаги мактабларни очиб, ёш авлодни маърифатли қилишга интилган жиззахлик жадидлар ҳақида гапирар экан, Нуриддин Мухторхўжа, Ҳусан домла, Очил қори, Мулла Эгамберди, Тошпўлат домла сингари зиёли инсонлар қаторида истеъдодли адиб Анқабой Худойбахтовнинг номини ҳам тилга олган, унинг матбуот, адабиётшунослик ва драматургия соҳаларида салмоқли ишларни амалга оширганини эътироф этган, жиззахлик олимлар, ижодкор зиёлилар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари воҳада яшаб ўтган улуғ алломаларнинг бебаҳо меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотлар, китоб ва рисолалар яратиш ҳамда кенг тарғиб этиш бўйича жиддий саъй-ҳаракатларни бошласалар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди. Шуниси қувончлики, мазкур китоб бу борадаги амалий ишларнинг муносиб ва арзирли намунасидир.
Қалб ва қалам – жуфт қанот. Анқабой Худойбахтов ҳаёти ва ижодини ўрганиб, қалам – қалб таржимони, қалб ва қалам ижодкорнинг икки қаноти эканига ишонч ҳосил қиласиз. Шу икки қаноти туфайли Анқабой ижод осмонида юксак парвоз қилаётган эди. Афсуски, истибдод даври, зулм мамлакатининг эзгуликка, оддий инсоний бахтга қарши отилган ёвуз ўқи бу юксак парвозга қарата отилган эди.
Салим АШУР,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.