Таваллонинг изтироблари
Унинг жисми ва ҳаётини ичкилик эмас, балки миллат ғам-ташвиши абгор қилганди. Чунки миллат тараққиётдан орқада қолган, бор ташвиши кун кўришдангина иборат бўлган авом бошида мустамлакачилик қиличи ўйнамоқда эди. Шундай таҳликали вазиятда ҳам миллати дардига дармон бўлишни истаб, ҳаётини хавф-хатарда ўтказган инсон шоир Тавалло эди…
Тавалло тахаллуси билан ижод қилган Тўлаган Хўжамиёров 1883 йили Тошкентнинг Кўкча даҳасида туғилган эди. Унинг ҳаёти оқ ва қизил мустамлакачилик ҳукм сурган даврга тўғри келгани боис, азоб-уқубатлар билан ўтди. Тавалло ўзига тўқ, мулкдор отаси Хўжамиёр Жиянбоевнинг ер-сувидан фойдаланиб, савдо ташвишлари билан ҳаётини ўтказиши ҳам мумкин эди.Шу тарзда умри бойваччаларникидек ўтмаса-да, ўртаҳол замондошлариники каби бир маромда кечган бўларди.Аммо Яратган Эгам унга туғма ижодий қобилият туҳфа қилган эди. Ижодга ошнолик, халқ ҳаётига яқинлик эса ижтимоий турмушга фаол аралашишга ундади. Қорасоч, қўйкўз, бўйи анча паст, атиги бир ярим метр бўлган бу инсон фидойи бўлмаганида, балки умри кузатув остида ўтмас, 1938 йилда отилиб ҳам кетмасди.
Тўлаган Хўжамиёров дастлаб эски мактабда, кейин “Бекларбеги” мадрасасида, рус-тузем мактабида таҳсил олади. Олдинига Тошкентдаги бир фабрикантнинг қўлида, 1900 йилдан эса отасининг маслаҳати билан Пржевальскга бориб бир тадбиркор танишининг қўлида ишлайди. Рус тилини мукаммал ўрганади, тижорат ва ҳаёт сабоқларини олади. 1909 йилда отаси вафот этгани сабабли Тошкентга қайтиб келади. Бу пайтлар ХХ-аср бошида чор мустамлакачилиги асоратидаги ўлкаларда миллий уйғониш кучаяётган давр эди. Ақл-идрокли ҳаммаслаклари бўлган Мунаввар қори, Ҳусанхўжа Дадахўжаев, Саидабдулло Саидазимбоев, Комилбек Норбеков, Юсуф Сарёмий, Абдулла Авлонийлар билан Тўлаган ҳам империя чангалидан озод бўлишга имконият юзага келаётганини сезиб, турли нашриёт, газета, жамиятлар тузиш орқали авомни “уйқудан уйғотиш”га интилди.
Бу орада Руссияда 1917 йил октябридаги давлат тўнтариши бўлиб, мустамлакачилик большевиклар тусидаги қизил рангга ўзгарди холос. Шундай бўлса-да, Тавалло ёшларнинг маърифатли бўлишини истаб, 1918 йилда Тошкентда янги мактаб ташкил этишга бош бўлади. Шунингдек, ўз маҳалласида камбағалхона ташкил қилиб, давр сабаб оч-наҳор, етим-есир бўлиб қолганларга озиқ-овқат, кийим бош тарқатишгаям ҳаракат қилди. Бу пайтда Тавалло большевикларнинг мустамлакачилиги авжига чиқаётганлигидан доим зорланарди. Бу ҳолатни “авом халқ ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зор, қизилларга тутқун бўлди. Бироқ бир куни сабр косаси тўлади” дея баҳоларди. Тавалло яратган шеърларда унинг ўша вақтдаги кайфияти яққол сезилади:
Шунча Туркистон элинда нодон аҳли кўб вале,
Носиҳ ўлмас эрсалар, ақли расолардин насуд?!
Шоирни айниқса, миллатнинг эртаси ўйлантириб, шу фикрлар асносида мухаммаслар битди.
Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб, ҳамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг…
Бошқа бир шеърида эса киноя билан қолоқликни аччиқ ҳажв қилиб ўтади:
Ёврупо аҳли, сиз қулоқ солингиз,
Биз ҳунарлар ёзиб тонуштирамиз.
Келтуринг запнбурак, қурол неча хил,
Бизни сопқон ила отуштирамиз.
Афтомоби, аробангиз қайда,
Ҳўқанд арба билан чопуштирамиз.
Биз билурмиз, сиз тўғри сўзни қули,
Лек биз ялғонлар қотуштирамиз.
Дўстни душман эдуб, солиб иғво,
Гап тошуб ўртага чоқуштирамиз.
Қўлда бидъат маромномаси бор,
Ким яқин келса, биз ёпуштирамиз…
Бу албатта қадимчилардек жадид тараққийпарварларга тўсиқ бўлган тоифага киноя тарзида битилган.
Миллат дарди билан яшаган шоир бошқа халқлар билан ҳам дўстона муносабатлар тарафдори эди. Хусусан, руслар орасида ҳам дўстлари кўп бўлиб, ўзбек ва рус тиллари уйғунлигида ғазал ҳам ёзган эди.
Маълумки, рус тили фонетик хусусиятига кўра, аруз қонунларига бўйсунмайди. Бироқ Тавалло буни ҳам уддалаб, “Вот шеър” сарлавҳаси билан “Муштум” журналининг 1928 йил 3-сонида чоп эттиради:
“Муштум” чироғим, сўйла-чи: как ты поживаеш?
Ҳар кимни сўкиб, сам себе душман наживаешь.
Текканга тегиб, тегмаса шутишь, почему так?
Хуллас, жим ўтир, мунча всегда задеваешь
Если попадет сенга биров мулла қилурсан,
Ҳар қандай асов бўлса-да, узда надеваешь.
Бир кун чиқасан чёрный кийиб, эртага бошқа,
Откуда чопон ҳафтада надеваешь?
“Муштум”га мурожаат шаклида ёзилган ушбу битик ўша вақтда катта шов-шувларга сабаб бўлган. Айрим кўролмаслар эса Тўлаган ичкиликка берилганидан шундай шеърлар ёза бошлади, дея гап тарқатишади. Унинг ичкиликка берилиши аслида 1931 йилда ўғли Маҳмуднинг вафотидан сўнг бўлганди. Мақсуд, Санобар ва Раҳбар исмли фарзандлари эса отасининг дардини англашарди. Аммо табиатан интилувчан, ғайратли Тавалло хатарли вазиятларда ҳам миллат ҳақида қайғурарди. Ана шу қайғу-аламлар Таваллони 1937 йилнинг сентябрида қатағон домига тортди. Натижада унга “халқ душмани” дея сохта, тўқима айблов қўйилиб, ўша йилнинг 10 ноябрида НКВД учлиги Таваллони отиб ўлдирди.
Таваллодан турли жанрларда ёзилган юзга яқин шеър, жадид адиби деган ном мерос бўлиб қолган.
… Хоразмнинг Гурлан туманилик шоир Турсунбой Каримов 1980 йилларда туман кино идораси раҳбари сифатида Тошкентга борганида, у ерда Таваллони таниган-билган қариялардан ёзиб олган шеърларни ўқиб, жадид адабиёти намояндасининг ҳажв йўсинида ашъорлар битганига амин бўласиз. Ушбу шеърлар ҳали ҳеч бир нашрда ёритилмаган бўлиб, Таваллонинг ҳажв йўли билан тараққиётдан ортда қолмасликка, маърифатли, шижоатли бўлишга замондошларини ундаганини англаймиз:
Тошкентда кўп истироҳат боғимиз,
Ҳеч келишмас анга бориб бизнинг сайр этмоғимиз,
Ёз фасли оқ баданлар оқ кийимлар кийсалар,
Пахталикни ташламай, елкага чиққан ёғимиз.
Уч қават камзулнинг устидан яна бир
Каттакон боғлабон маҳкам қилиб саккиз қулоч белбоғимиз.
Скамейка узра ўлтирса нечалар роҳат қилиб,
Кавфшимиз лойи билан биз устида ётмоғимиз.
Ўқиганингиздек, Тавалло жадид шоирлари каби жамиятда маънавият ва маърифатни юксалтиришга, даврдошларини ўз қобиғига ўралиб, замондан орқада қолмасликка ундаб, камчилик ва нуқсонлар, муаммолардан кўз юммай, уларни ҳажв қилиб шеърлар битган:
Руслар отиб бир замбарак,
Борларни қилди бедарак.
Биз боғда чалиб тар-тарак,
Сопқон отолмаймиз ҳануз.
Руслар учса осмон,
Машинаси аэроплан.
Нечун бизлар трамвайдан
Ерга тушолмаймиз ҳануз?!
Бизлар катта нарвон қўйиб,
Томдан тушолмаймиз ҳануз.
Юқоридаги ҳажвий шеърлар, эҳтимол,Таваллони таниган-билган инсонлардан кейин умуман унутилиб кетгандир? Балки шу боисданми, Таваллонинг ўша шеърлари ҳанузгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
Умуман, Таваллонинг ижодий меросини ўрганиш жадид адабиёти хазинасини тўлдиришга, қолаверса, мустамлакачилик даври қурбонларининг руҳини шод қилишга сабаб бўларди.
Умид БЕКМУХАММАД