АҚШда инглиз тилини ўргатаётган ўзбек

ёки уммон ортида зиё улашаётган ватандошимиз ҳақида

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги самарали ва узоқ йиллик дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 31 йил тўлди. 1992 йил 19 февраль. Ушбу сана икки давлат ўртасида алоқалар ўрнатилган кун сифатида тарих зарварақларига битилган. Бугун ҳам Ўзбекистон–АҚШ мулоқоти халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, икки давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, бир-бирларининг манфаатлари ҳамда демократик қадриятларга содиқлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги сермазмун сиёсий мулоқотлар муваффақиятли ҳамкорликка хизмат қилмоқда.

Ўзаро муносабатлар тарихи шуни кўрсатадики, АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган. Икки томонлама муносабатлар мустаҳкам пойдевор негизида шаклланган ва анъанавий тарзда ўзаро ишончли ҳамкорликнинг изчил ривожланишига замин яратмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давлатлар ўртасида сиё­сий ўзаро ишонч ўрнатилган бўлиб, бу бошқа соҳалардаги шериклик учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси кун сайин ўзининг натижасини бермоқда. Жумладан, таълим соҳасида Ўзбекистондаги қатор олий таълим муассасалари: Ж.Хопкинс университети, Вашингтон, Индиана, Калифорния, Огайо ва бир қанча олий ўқув юртлари билан таълим алоқаларини ўрнатишган. Таъкидлаш жоизки, 2019 йил сентябрь ойида Тошкентда Вебстер университетининг филиали очилди. Бу МДҲ мамлакатларидаги Америка университетининг биринчи тўлақонли филиали бўлди. Маълумотларга қараганда, ҳозирда 140 минг нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар АҚШда таҳсил олишмоқда.

Биз таълим соҳаси ривожида жонбозлик кўрсатаётган, бутун дунё талабаларига АҚШда билим бериб келаётган, икки мамлакатда ҳам таълим фидойиси сифатида эътироф этилган, таниқли олимлардан ҳисобланган юртдошимиз, Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ ўқитувчиси Карим Маҳмудов билан суҳбатлашдик. Бугун Карим Маҳмудов Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида фаолият кўрсатаётган Манхеттен компьютер технологиялари мактаби (Manhattan school of  Computer Technology) инглиз тили ўқитувчиси. У Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни намунали битиргандан кейин Ўзбекис­тон давлат Жаҳон тиллари университети инглиз тили факультетини тамомлаган. Карим ака аёли билан Америкага 14 йил олдин келишган. Бунга сабаб эса грин карта лотереясининг омадли натижасидир. Карим Маҳмудов 35 йил давомида ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқитувчи, катта ўқитувчи ва кафедра мудири лавозимларида фаолият юритган.

2017 йили Манхеттен компьютер технологиялари мактабига (Manhattan school of  Computer Technology) ишга ўтишидан олдин ҳам Америкада иммигрантларга тил ва касб ўргатишга ихтисос­лашган ўқув марказларида ишлаб, тажриба орттирган. Жумладан, Бруклинда жойлашган Брамсон ОРТ хусусий коллежида ишлаган. Ҳар қандай замонда тилни пухта билиш муваффақият калити ҳисобланади. Шу боисдан ҳам Америка унга кенг имкониятлар эшигини очди. Инглиз тилини билиш даражаси ва салоҳияти устунлик бера бошлади.

“Америкага келган киши ким бўлишидан қатъи назар бошида атроф-муҳитга мослашиши, муносиб иш топиш жараёни бироз қийин кечади. Бошида Флорида штатида яшаб, ишлаганман. У ерга келгач, дастлаб Валенсия жамоат коллежига иш сўраб, ариза билан мурожаат қилганман. Аризамни кўриб чиққунга қадар 5-6 ой муддат “Hilton” меҳмонхонасида ишладим. Инглиз тилини яхши билганим сабабли мени меҳмонхона дўконига сотувчи вазифасида ишга олишган”, – дeя  мусофирчиликда бошидан ўтганларни сўзлайди у. Суҳбатимиз давомида бир муддат касбини ўзгартириб, қора меҳнат қилгани, ҳамма қатори янги давлатга кўчиш қийинчилик­ларини бошидан ўтказганини ҳам эслайди. Унинг ютуғи эса, албатта, инглиз тилини мукаммал билганида бўлган. Шу сабабдан унга уммон ортида омад кулиб боқди. Ўз ўрнини топа олди.

Суҳбатимиз давомида К.Маҳмудов тил билишнинг аҳамияти ҳақида бир қизиқ воқеани айтиб берди. “Бу воқеа Америкага энди кўчиб келганимизда, Флоридада юз берганди. Иш қидириб, меҳмонхонага келиб ҳужжатларни тўлдириш учун кутиб турганимда, пўримгина кийинган бир йигит тўғри мен томонга қараб келди. Мен тушунмай қолдим. Шунда ёнимда турган рафиқамга қарадим-да: “Уст-бошимга қаранг-чи, кийимларимда бирор камчилик йўқми? Негадир мана бу америкалик менга тикилиб қараяпти”, дегандим, у йигит эса бироз табассум билан: “Ассалому алайкум, домла”, деб қолса бўладими? “Кимсиз?” дея таажжубландим. “Мен сизнинг шогирдингизман”, — деди бояги йигит. Яхшироқ тикилдим ва эсладим. Чиндан ҳам шогирдим экан. Уни талабалигида ўқитгандим. Ўзгариб кетибди. Америка муҳити таъсир қилибди. Салом-аликдан кейин меҳмонхонага иш қидириб келганимни билгач, ҳужжатларимни қаерга топширишим кераклигини тушунтирди, аризани топшириб бўлгач, олдига кириб ўтишимизни сўради. Ишларимни битиргач, унинг хонасига қараб йўл олдик. Етиб боргач, масъуллар унинг хонасини кўрсатишди. Йўлак бўйлаб юриб бориб хонасига кирдим. Деворда осилган расмларга кўз югуртирдим. Самарали фаолияти сабаб ўша йили мен ишга кирмоқчи бўлган меҳмонхона жамоаси орасида “Йилнинг энг яхши ишчиси” деб эътироф этишган экан. Расмнинг остида шу меҳмонхонанинг менежери эканлиги кўрсатилганди. Жамоанинг уч масъул раҳбарларидан бири экан. Фаолиятини оддий ишчи сифатида бошлаб, менежерлик даражасигача кўтарилибди. Шогирдим билан узоқ суҳбатлашдик. Инглиз тилини ўргатганим учун мендан миннатдорлигини қайта ва қайта таъкидларди”.

Магистрлик даражасини тасдиқлатиб, АҚШ таълим даргоҳларида ўқитувчилик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган Карим Маҳмудов 2008 йилдан буён ўзига ўхшаган муҳожирларга ва улар қатори маҳаллий халқларга ҳам инглиз тилидан дарс бериб келмоқда. “Ҳар қандай ишнинг ўзига яраша масъулияти бўлганидек, мен учун турли мамлакатлардан келиб таҳсил олаётганларга қараганда маҳаллий ўқувчиларга дарс ўтишим осонроқ кечади. Масалан, биз Ўзбекистонда фақат рус тилини ўрганганмиз. Сабаби замон талаби шуни тақозо этган. Ўттиз беш йиллик педагогик тажрибам асосида шуни англадимки, биз ўзбек гуруҳларидаги талабаларга фақат рус тилини, рус гуруҳларида эса инглиз тилини ўргатган эканмиз. Тўғри, ўша пайтда нафақат университетда, қолаверса, республика миқёсида ҳам вазият шунақа эди, — дея эслайди Карим ака Маҳмудов. – Инглиз тилини мукаммал ўрганиш керак. Ҳозирда бу  тил дунёнинг 90 га яқин давлатларида асосий тил сифатида ўқитилади. Қўшма Штатларда ҳам бу  тил ҳар томонлама чуқур ўқитилади.  Ўқитувчилар ҳам грамматика, ҳам фонетика, ҳам лексика билан шуғулланишади”.

Унинг айтишича, “Тил ўрганиш икки томонлама иш. Талаба билан ўқитувчи биргаликда ҳаракат қилишса, тил муваффақиятли ўзлаштирилади. Биласизми, ўтган йиллар мобайнида дунё аҳли бошидан кечирган пандемия даври ҳар қандай тажрибали ўқитувчи учун ҳам синовлар даври бўлди. Ушбу таҳликали вазиятда талабаларга таълим бериш масаласи масофавий тарзда ташкил қилиниши заруратга айланди. Ўз устимда ишлаб, “Zoom” платформаси орқали талабаларимга дарс беришни ўргандим. Синфхонадаги ёзув доскаси ва китоблар билан  талабаларга анъанавий тарзда билим беришга ўрганган одамга энди ўз уйида туриб,  дарс бериши талаб қилинарди. Бу вазифани ҳам уддаладик. Масофа сақланган, юзларга ниқоб тақилган, 7-8 нафар талаба синфда эмас, аксинча, ноутбукнинг у тарафида (онлайн) ўтиришди. Талабаларим Американинг турли бурчакларидан туриб онлайн тарзда инглиз тилини кучли қизиқиш билан ўрганишарди. Бири ўзбекистонлик, бошқаси тожикистонлик, яна бири украиналик, бангладешлик, ҳатто японияликлар бор эди”.

Педагог Карим Маҳмудовнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик фуқаролар орасида билим ва ҳунар соҳиблари кўп. Уларнинг инглиз тилини яхши ўзлаштирганлари орасидан эса маҳаллий халқлар билан рақобатда асло қолишмайдиган раҳбар кадрлар етишиб чиқмоқда. У яшаётган янги жамиятда маҳоратли, тилни биладиган кучли мутахассислар қадрланади. Демак, тил билган, ўқиган, интилган киши ҳеч бир давлатда асло қийналмайди.

— Менга АҚШ ҳукуматининг мутасадди идоралари мамлакатнинг 50 та штатидаги барча коллеж ва университетларда дарс бериш ҳуқуқини кафолатлайдиган лицензия берган, – деди суҳбат якунида Карим Маҳмудов. – Ўзбекистонда олган дип­ломларимни АҚШда қийинчиликларсиз тасдиқлатишга эришдим. Бугун эса хориждан келган турли миллат ва элат вакилларига инглиз тилидан сабоқ бериш билан бандман”.

Ҳа, илмли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди, деганлари рост. Сиздан ишингизни, лавозимингизни, ана боринг, қўлингиздаги ҳунарни ҳам тортиб олиши мумкин. Аммо илм тортиб олинмайди. Бунга Карим аканинг ҳаёти ҳам ёрқин бир мисол.

Феруз ҲАКИМОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eleven =