Бирни кўриб фикр қил…
Шу мавзуда қалам тебратишни бошлаганимда, қачондир гувоҳи бўлганим Гулистон шаҳридаги марказий деҳқон бозорида одамларнинг эътиборини тортган можаро эсимга тушди. Савдо қилиш учун жой талашиб, ўзаро даҳанаки жанг қилаётган икки аёлнинг оғизларидан боди кириб, шоди чиқарди. Бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаётган бу сотувчи аёллар бепарда сўзларни шунчалик қалаштириб ташлашмоқда эдиларки, қўшни ҳамкасблардан бирортаси уларга “бас қилинглар!” дейишга журъат қила олишмасди.
Ўша пайтда онасининг қўлидан тутган етти-саккиз ёшлардаги қизалоқ катта ёшдаги аёлларнинг важоҳатидан қўрқиб, ҳайратда қотиб қолганини кўргандим. Унинг хаёлига нималар келди экан? У ҳаётда учрайдиган одамлар орасида шунақалар ҳам борлигини биринчи марта кўраётган эди, чамамда. Мана, кичикларга ибрат, намуна кўрсатиши керак бўлган катталарнинг “каромат”и! Уятли сўзларни эшитиб, қалби тонгги шабнамдек беғубор қизалоқнинг юзлари қизарди, бошини эгди ва тезроқ у ердан кетишга чоғланиб, онасининг қўлидан тортқилади…
* * *
…Кўчада келаётганимда, ёнимдан ўтаётган, оппоқ соқоли ўзига ярашган бўлса-да, патила сочларига анча вақтдан бери сув ва қайчи тегмаган ўзбек миллатига мансуб чол кўзларимга жуда хунук кўринди. Яна бунинг устига, ҳеч қачон дазмол кўрмаган кўйлак ва шим кийиб, кир яланг оёқларига эски шиппакни илиб олган эди.
Гоҳида тонг саҳарда тўйхоналарга одамлар наҳорги ош тановул қилиш учун бирин-кетин кириб боришади. Уларнинг уст-бошига назар ташлайман. Ёши бир жойга бориб қолган киши спортчилар чолвори билан олдида ажнабий ёзувли футболка кийиб олган, қўлида эса тутаётган сигарета. Ундан ҳам кексароқ отахон бошига узун соябонли оқ кепка қўндириб олган ҳолда кўйлаги ёқасининг кирини намойиш қилиб бораяпти. Сипо кийинганларга ҳавас билан боқсангиз, улар каби ғалати кийинганларни кўриб, дилингиз ғашланади.
Автобуслардаги ўриндиқларга ўтириб олиб, қулоқларига қулоқчин тақиб, қўл телефонларини қўлларида тутган ёш йигит-қизлар қандайдир қўшиқларни тинглаб завқланиб кетишаркан, кўзларини юмиб олишади. Тепаларида ота-оналаридан ҳам ёши улуғ кишилар ҳорғин ҳолда автобус салонидаги тутқични аранг ушлаб кетаётган бўлсалар ҳам парво қилишмайди. Кимдир улардан бирортасига: “Ҳой болам, ўзингдан каттага жой берсанг-чи!” — деса, “Автобусда бўш жой бўлмаса, чиқмаслик керак эди”,— дея жавоб қайтаради лабини буриб ва сақич чайнашда давом этади.
Кейинги йилларда Гулистон шаҳрининг овлоқ кўчаларида, баклашка, макулатура қабул қилиш жойлари яқинида ва эски деҳқон бозори ҳудудида кирлигидан қорайиб кетган эски катта қопларни елкасига ортқилаб олган, исқирт кийимли, охирги марта қачон ювинганини ўзи ҳам эслай олмайдиган миллатдошларимизни учратавериб, кўзларимиз ўрганиб қолди. Уларнинг эрталабдан ахлат, чиқиндихоналардаги улкан қутиларни узун таёқ билан титкилаётганларига кўзимиз тушганида: “Эҳ, одамзот-а! Эҳ, аттанг-а!” — дея инграб юборишдан ўзимизни зўрға тийиб қоласан киши.
Гапларини тингласангиз, Беруний, Амир Темур, Навоий ва Бобур сўзлаган тилда сўзлашаётганларидан ижирғаниб, ор-номус, уят туфайли ер ёрилмайдики, остига кириб кетсангиз!..
Яна қизиққонлигим ортади. Эътиборимни сусайтирмайман. Чувринди кийимли эркаклар орасида бирга юрган, иркит кийимлари ялтираб турган башараси қоп-қора, хунуккина жувон ҳузур қилиб сигаретани тутатади, аслида, алла қўшиғи ёки гўзал лирик шеър айтиши мумкин бўлган оғзидан паға-паға, ҳалқа-ҳалқа тутун чиқаради. Кемтик тишларини кўрсатиб кулиб, кўзларининг қири билан қараб, ёнидаги махлуқсифат эркакка (ўзбек тилида!..) нималардир дейди ўзича.
Уларни кузатиб туриб, ногаҳонда чўчиб кетаман ва ўзимга ўзим савол бераман: “Шу инсонлар менинг замондошимми?! Шулар менинг миллатдошимми, воҳадошимми?!”
Ахир, аслида, улар ҳам оналаридан ҳамма қатори покиза бўлиб туғилишгандир! Қачонлардир мактабларга ҳам боришгандир… Нега улар шунақанги турмуш тарзини танлашди экан-а?!
Яхшиям, минг шукрки, қадимий одатларимизга хос чордана қуриб, миллий либосларда даврадош бўлиб ўтирган, чеҳраларидан нур ёғилиб турган отахонларда, устига беқасам тўн, бошига дўппи кийиб, қийиқ боғлаб, “Дилхирож”га рақс тушаётган йигитларда ҳақиқий ўзбекнинг қиёфасини кўриш мумкин. Дуогўй онахонларда, жуфти ҳалолига садоқатли, меҳрибон, назокатли аёлларда, қошларига ўсма қўяётган бўй қизларда ҳақиқий ўзбекнинг қиёфасини кўриш мумкин. Улардек миллатдошларимиз бор экан, қадриятларимиз бардавом бўлаверади. Ўзбекнинг асл қиёфасига кўз тегмасин, унинг боши ҳеч қачон эгилмасин, ғурури топталмасин, ҳамиша юзи ёруғ бўлсин!
Ҳасан АБДУВОҲИДОВ,
“Янги Сирдарё” газетаси масъул котиби,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.