“Бобурнома”да жиноят ва жазо

“Бобурнома”ни кўпчилик томонидан мемуар асар дейиш одат тусига кирган. Яъни, мемуар дейилганда, муаллифнинг кўрган-кечирганлари, эсдаликларини қаламга олиш назарда тутилади. Бу асар шунчалик кўп қирра ва элементларга эгаки, “Бобурнома”ни бугунги кунда биронта замонавий проза жанрларининг номи билан тўғридан-тўғри атаб бўлмайди. Бу борада унинг жанр ва тури, йўналишини белгилашда адабиётшунос, тарихшунос олимларнинг фикри ҳам ҳар хил. Жумладан, адабиётшунос олим Ҳамиджон Ҳомидий ўзининг “Асримизгача насримиз” номли рисоласида “Бобурнома”ни тарихий-ёднома дея атаган. Адабиётшунос Ҳасан Қудратуллаев эса бу асарни бадиий-воқеий-илмий саргузашт китоб сифатида талқин этади. Олима Марғуба Абдуллаева талқинида “Бобурнома” бадиийлашган тарихий-мемуар асардир.

Айтиш жоизки, мазкур асар юзасидан филология фанлари бўйича фалсафа докторлиги тадқиқотимни олиб бораётган йилларимда “Бобурнома”нинг замонавий роман жанрига хос бўлган бир қанча элементлари борлигини ўзим учун кашф этган эдим. Албатта, муаллиф Ғарб адабиётининг беш асрдан кейин оммалашиб ўқиладиган бундай жанридан хабардор бўлмаган. Бироқ унинг истеъдод кўлами шунчалар кенг бўлганки, ҳикоя қилиш услубининг тиниқлиги, воқеликларнинг баёни ва тасвирлашнинг тизимли экани бундан кейин ҳам унга берилаётган эътибор қувватининг ошиб боришига замин ҳозирлайверади.

“Бобурнома”ни мутолаа қилиш мобайнида отаси Умаршайх мирзо вафотидан сўнг ўн икки ёшли Бобур ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси таҳликада, хавф-хатарда ўтганига гувоҳ бўламиз. Сертаҳлика ҳаётнинг тасвирланишида Бобур ўз давридаги тарихчилардан мутлақо фарқ қилган ҳолда воқеани реал ва равон услуб билан ҳикоя қилар эди. Унга нисбатан пинҳона ҳозирланган жиноятлар, махфий тузилмалар-у қарши тўдаларнинг таъсир доираси йилдан-йилга янгиланиб борар эди. Бобур мана шундай яширин кучлар таъсирига қарши доимий курашар, лекин кўпинча атрофидаги энг содиқ дўстлари унга панд берар эди. Хиёнатлар гирдобида қолган Бобур мана шу каби драматик ҳолатларни бирма-бир баён қилар экан, бир зум китобхонни ўзидан узоқлаштирмайди.

Асарда Бобур мақсадлари атрофида зиддиятли кучларнинг кўп бўлгани ва унинг сўзлаб берилишида детектив унсурлар ҳам учрайдики, бу ҳам муаллифнинг маҳорати ўткир бўлганидан далолат беради. Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо вафот этган кунданоқ унинг серташвиш дақиқалари бошланган лавҳа қуйидагича сўзланади: “Умаршайх мирзоға бу воқеа даст берганда, мен Андижонда чаҳорбоғда эдим. сешанба куни, рамазон ойи­нинг бешида бу хабар Андижонға келди. Изтироб била отланиб, қошимдағи навкар ва савдар била қўрғон азимати қилдим. Мирзо дарвозасиға етган маҳалда Ширим тағойи жиловимни олиб, Намозгоҳ сори тебради. Хаёлиға бу кечибтурким, Султон Аҳмад мирзо улуғ подшоҳдур, қалин черик била келса, беклар мени ва вилоятни топшурғуларидур. Мени Ўзганд ва Олатоғ доманаси сори олиб борғай. Агар вилоятни берсалар, мен бори иликка тушмай, тағойиларим Олачахонға ё Султон Маҳмудхонға борғаймен” (“Бобурнома”, 42-бет). Ана шу синовлар гирдобидан ёш Бобурнинг бувиси Эсон Давлат бегим ва шаҳар қозиси Хожа Мавлонойи қозилар ҳамжиҳатлигида чиқиб кетилган эди.

Кейинчалик ёш ҳукмдорнинг қалбида Амир Темур давлатини қайтадан марказлаштириш ва бобоси каби адолатли бошқарувни ўрнатиш орзулари жўш уради. Бобур китобда бу улкан орзусини “Самарқанд хаёли” деб атайди. Афсуски, ҳали тажрибаси пишиб етилмаган Бобурнинг Самарқандни эгаллагандан кейинги ҳаракатлари иш бермайди. Атрофдаги бекликлар ва қўрғонларнинг унга бўйсуниши, тан олиши қийин кечади. Ёш вужудига хасталик ҳужум қилади, оқибатда у нимжон ҳолатда тилдан қолиб, тўшакка михланиб қолади. Камига Андижонда қолган қора кучлар ғимирлаб қолиб, унинг укаси Жаҳонгир мирзони тахтга ўтирғизадилар. Ноилож қолган Бобур Самарқандни ташлаб Андижонга қайтади, оқибатда ҳар икки шаҳардан мосуво бўлиб, кам сонли қўшин билан икки йилдан ортиқ дарбадарликда ҳаёт кечиради. Лекин мана шу дамларда у барча темурийзодаларга ўзининг ёш бўлишига қарамай ўктам қадамлар ташлаши мумкинлигини, ҳали кўп йиллар Самарқанд тахтига бўлган даъвосидан воз кечмаслигини англатиб қўйган, кўпчиликни ҳушёр торттирган ҳам эди. Табиийки, бундай ҳур фикрли, ислоҳотчи ҳукмдорнинг етилиб келаётгани маишатпараст темурий шаҳзодаларнинг ғафлатидан фойдаланиб, тез-тез уруш қўзғаб турадиган бузғунчи бек-у амалдорларга ноқулайлик туғдирар эди. Улар қаршисида турган темурийлар мафкураси ва манфаатларини бор вужуди билан ҳимоя қиладиган Бобурни йўқ қилиш пайига тушишар, камида уни қуролдошларсиз қолдириб, чорасиз қилишдан хурсанд эдилар. Ўз ҳаётига нисбатан бундай юқори хавф-хатарни ёш Бобур ич-ичидан ҳис этар, шунинг учун умрининг охирига қадар сергак юришга мажбур эди. Бобур ана шу кезларда шундай ёзади: “Ушбу йил шубҳалиқ таомдин парҳиз қила бош­ладим. Пичоқ ва қошиқ ва дасторхонғача эҳтиёт қилур эрдим” (“Бобурнома”, 48-бет).

Бу каби саргардонлик йилларида нафақат Бобурнинг, балки унинг яқинидаги содиқ сафдошларининг ҳаётига ҳам сирли тарзда суиқасд уюштирилар эди. Бобурнинг кўкалдоши, ёшлигиданоқ унинг ҳарбий юришларида бирдек жон олиб, жон бериб юрган Нўён кўкалдош ҳам кунларнинг бирида ана шундай тарзда ҳалок бўлади. Бобурнинг ҳикоя қилишича, унинг атрофидаги қўшин ва маслакдошлари бу пайтда Пискентда қўним топган эдилар. Зарурат бўладики, улар Оҳангарон томон кўчадилар. Лекин Нўён кўкалдош ва у билан бирга икки-уч кишини Пис­кент ҳокимининг Мўмин исмли ўғли меҳмонга чорлайди. Бундан аввалроқ Бобур Самарқандни қўлга киритган пайт­­да Мўмин ҳам унинг ҳузурига келган, бир муддат хизматида бўлган эди. Уларнинг Самарқандда бўлган пайтида Пискент ҳокимининг ўғли Мўмин ва Нўён кўкалдош ўртасида номаълум тарзда адоват юзага келгани ҳақида ҳам эслатиб ўтади. Лекин вақтлар ўтиб, пок назар Бобур мирзо ва Нўён кўкалдошнинг Мўминга нисбатан шубҳаси бўлмаган, шунинг учун улар меҳмондорчилик таклифига оддий қарашган. Бобур Оҳангаронга кўчиб бўлгач, тонгда хабар келади: Эмишки, Нўён кўкалдош мастликда жарликдан пастга йиқилиб ҳалок бўлган. Зудлик билан Нўённинг жасадини топишга унинг тоғаси Ҳақназар юборилади. “…бориб Нўённинг йиқилғон еридин топиб, эҳтиёт қилиб, Нўённи Пискентға туфроққа топшуруб келдилар. Булар суҳбат тутқан ердин бир ўқ отими бир баланд жарнинг остида Нўённинг ўлугини топибдурлар. Баъзисиға гумон бўлдуким, Самарқанддағи кийнани сахлаб, Мўмин Нўёнға қасд қилди. Таҳқиқини киши билмади. Манга ғариб таъсир қилди. Кам кишининг фавтиға мунча мутаассир бўлур эрдим. Бир ҳафта-ўн кунгача ҳамиша йиғлардим” (“Бобурнома”, 88-бет). Кўриниб турибдики, бу ерда кийна дейилганда, Мўминнинг кек сақлаб юриб, қулай пайтни пойлагани ва бундан фойдаланиб, Нўённинг ҳаётига дахл қилгани аниқ бўлмоқда. Лекин Бобурнинг маъюс кўнглини тинчлантириш учун бирор чора топишга фурсат жуда оз эди, ўзи айтганидек, таҳқиқ-текширув, таҳлил қилишга тақдир имкон бермас эди. Бобурга нисбатан амалга оширилган бу каби жиноятлар унинг иродасига, ички руҳиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмас, унинг курашувчанлик ва ҳуш­ёрлик сифатларини ошириб борар эди, шу билан бирга одамларга нисбатан ишонч билдиришда қатъий, совуққон бўлишига туртки бўлар эди.

Асарнинг 1502-1503 йиллар воқеалари баёнида Бобур ҳамроҳлари, оз кишилик қўшинлари билан Хўжанд дарёсининг ёқасида таом пишириб, дам оладилар. Ўша куни кундуз пайтида Бобурнинг такбанди ва олтин қуллобини ўғирлашади. Бу ҳақда Бобур ёзади: “Тонгласиға-ўқ Хонқули Баёнқули била Султон Муҳаммад Вайс қочиб Танбалға бордилар. Барчаға гумон бўлдиким, бу ҳаракат булардин содир бўлубтур, агарчи таҳқиқи бўлмади” (“Бобурнома”, 89-бет). Демак, бу галги ҳолатда ҳам майда кўринган жиноятнинг тафсилотини суриштириб, ўғриларни жазолашга Бобурда фурсат бўлмаган, шунинг учун “агарчи таҳқиқи бўлмади”, дея натижани ўргана олмаганини айтиб кетади. Умуман олганда, Бобурдек ҳиммати баланд подшоҳ учун бир буюмнинг ўғрисини қидиртириш унинг ориятини ҳам қўзғатар эди. Лекин бу вазиятдан хулоса қилиш мумкинки, Бобур вақтинчалик саргардон бўлган дамларида ўзидек яратувчан, ўқимишли беклардан кўра, майда нафсига қул бўлган кимсаларнинг қуршовида кўп қолар эди. Бу ҳол унинг ёлғизлик ҳисларини оширар эди.

Бир гал Тошкентда тоғаси Маҳмудхон ҳузурида бўлган пайтларида унинг ёрдам олиш ҳақидаги кўп сўровлари жавобсиз қолдирилади. Оқибатда Бобурни ёлғизлик, чорасизлик туйғулари шунчалар азоблайдики, ҳеч кимга сездирмасдан Хитойга бош олиб кетмоқчи бўлади. Лекин кетма-кет рўй берган тарихий воқеалар унинг навбатдаги орзуси амалга ошишига имкон бермайди. Чунки бу орада унинг Кошғардаги тоғаси (Олачахон номи билан машҳур) Султон Аҳмадхон ташриф буюради ва Султон Маҳмудхон ва Бобурнинг қўшинлари билан иттифоқ қилган ҳолда Аҳмад Танбалга ва кейинчалик Шайбонийхонга қарши курашишни келишиб оладилар. Афсуски, Бобурнинг мўғул тоғалари бирикиб иш тутиши яна бузғунчи кучларнинг ғашини келтира бошлайди. Бобурнинг қошида хизмат қилиб юрган бекларидан бири Қанбар Али бир фитнани бошлаб, бу ишга Бобур ҳам бош қўшишини хоҳлайди: “…ҳолоким Ўш ва Марғилон ва Ўзганд ва кирган вилоят ва эл-улус илигиздадур, филҳол, бориб, Ўшқа кириб, қўрғонларни беркитиб, Султон Аҳмад Танбалға киши йибориб, ярашиб, мўғулни уруб чиқориб, вилоятларни оға-ини ҳисса қилишинг”. Фитнанинг амалга ошишига, албатта, Бобур бош қўшмас эди: “Мен дедимки, раво бўлмағой, хонлар туққонларим, буларға навкарлик қилғоним Танбалға подшоҳлиқ қилғондин ортиқроқдур. Кўрдиким, сўзи таъсир қилмади, айтқонидин пушаймон бўлуб ёнди” (“Бобурнома”, 94-бет).

“Бобурнома”нинг энг машҳур, зиддиятли саргузаштларга бой лавҳаларидан бири бу Карнон қалъасида кечган воқеаларни ўз ичига олади. Унда ҳикоя қилинишича, Бобур Андижондан Аҳмад Танбалнинг таъқибидан қочаётган пайтида барча ҳамроҳларидан айрилган ҳолда Карнон қалъасига беркинишга мажбур бўлади. Аҳмад Танбал унга изма-из қилиб, Юсуф доруға бошлиқ жосусларни юборади. У Бобур билан яккама-якка кечган суҳбатда тиззалаб чўкиб таъзим қилган ҳолда такрор-такрор онт ичади ва Бобурни Андижонга қайтишга даъват қилиб, уни яна подшоҳ қилиб кўтармоқчи эканликларига ишонтирмоқчи бўлади. Табиийки, Бобур бу давргача кўплаб хиёнатлар-у ёлғонлар таҳдидидан толиққан эди. Натижада Бобурнинг қалбида иккинчи марта ўлим ваҳимасидан қаттиқ қўрқув пайдо бўлади (илк марта Самарқандни Шайбонийхонга сулҳ эвазига топшириб чиқиб кетаётганида пайдо бўлган эди). Бу гал у Карнон қалъаси боғининг бир чеккасида ўлумни бўйнига олган ҳолда икки ракат намоз ўқийди: “Ўзумда бетоқатлиғ фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасиға бордим. Ўзум била андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, агар минг яшаса, охир ўлмак керак… Ўзум­ни ўлумга қарор бердим. Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракат намоз ўқудум, бошимни муножотқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуға борибтур”. Аслида, Бобур тасвирлаган ҳолатда у уйқуга кетмаган, лекин маълум бир руҳий ҳолатда Хожа Яъқуб билан сўзлашади. У кўпчилик аскарлар билан биргаликда от минган ҳолатда кириб келиб, Бобурга мадад бўладиган гап­ларни айтади. Яъни, Хожа Яъқубни Бобурнинг ҳузурига Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари юборган бўлиб, унга бундан кейин подшоҳлик маснади берилгани, қаерда мушкул аҳволга тушадиган бўлса, уларни ёдга олиш кераклиги айтилади. Бобур бу ҳолатдан тетик, хушҳол бўлиб ўрнидан туради. Бу пайтда Юсуф доруға уни қандай қилиб кишанлаш ҳақида ёнидагилар билан маслаҳатлашаётган эди. Бобур уларга қарата довюраклик билан: “Қай бирингиз қошимга кела оласиз?” дейди. Шу пайт қалъа ташқарисидан отлар дупури эшитилади. Юсуф доруға дадилланиб: “Бизга Аҳмад Танбал ёрдамчилар юборди”, дея дадилланади. Ўша аснода ташқаридаги отлиқлар кириш эшигини топа олмай, деворнинг рахна етган жойини бузиб кирадилар. Булар Юсуф доруғага ёрдамга келган аскарлар эмас, аксинча, Бобурнинг содиқ йигитлари бўлиб чиқади. Буни кўрган Юсуф доруға бошлиқ аскарлар ортларига қарамай қоча бошлайдилар… Энг қизиғи шундаки, қутқаришга бел боғлаган Қутлуқ Муҳаммад Барлос ҳам айнан Бобур кўрган тушни уч кун олдин кўрган ва унинг тушида Бобурни Карнон қалъасидан қутқариб олиш тайинланган эди. Шуниси аҳамиятлики, Бобурни энг таҳликали дамларда Хожа Аҳрор Валийнинг руҳи қўллагани ҳақида асарнинг бошқа ўринларида ҳам келтириб ўтилган.

Асарда Бобурнинг жонига қасд қилинган саҳна эпизоди бу — унинг Малика Диловарбегим (бизда Малика Байда номи билан аталувчи бу малика ҳинд тарихий қўл­ёзмаларида Диловарбегим номи билан аталади) томонидан заҳарланиш воқеасидир. Бобур бу пайтда кучга тўлган, умри давомида аччиқ тажрибалардан оқилона хулоса чиқарган подшоҳ эди. У Ҳиндистондек улкан мамлакатни забт этиб бўлгач, маҳаллий амалдорлар, норози кучларнинг пинҳона ҳаракат қилиб, унга суиқасд қилиши мумкинлигидан доим огоҳ турар эди. Шу сабабли ҳам у ўз ошпазларига ҳинд ошпазларини бириктиришда жуда ҳуш­ёр йўл тутади. Ошхонага бириктирилишга номзод қилиб кўрсатилган 60 чоғлиқ ошпазлардан тўрттасини танлаб олади. Афсуски, Иброҳим Лодийнинг онаси Диловарбегим булардан хабар топиб, ўз одамларидан заҳар бердиртириб юборади. Бобур заҳарланиш (бу ҳақда у ўғилларига батафсил мактуб битган) лавҳасини икки қисмга ажратган ҳолда баён қилади: биринчиси, Малика Диловарбегимнинг заҳарланишни қандай уюштиргани, ошпазларнинг қозон бошида маккорларча ҳаракат қилишини бирма-бир ёзиб ўтади. Иккинчисида, ўзининг овқатланиш жараёнини тасвирлайди: “Одина куни кеч намози дигар ош торттилар. Товушқон ошидин хейли едим. Қалия зардак ҳам майл қилдим. Бу ҳиндистоний заҳрлиқ ошнинг устидин бир-икки тикка майл қилдим. қалин олиб едим, ҳеч нохуш маза маълум бўлмади. Қоқ гўштдин тикка олдим. Кўнг­лум барҳам урди, ўтган кун қоқ гўштни еганимда бир нохуш маза анда бор эди, кўнглумнинг баҳра урғонин андин хаёл қилдим. Яна бир кўнглум қўзғолиб келди. Дастурхон устида икки-уч марта кўнглум барҳам уруб, қусаёздим. Охир кўрдумки, бўлмас, қўптум. Обхонағача бориб қалин қустим. Ҳаргиз ошдин сўнг қусмас эдим, балки ичганда ҳам қусмас эдим. Кўнглумға шубҳа кечти…” (“Бобурнома”, 217-бет). Шундан сўнг Бобур ошпазларни ҳибсга олдиртириб, қайлани итга едиртириб кўради. Ит ўрнидан қўпмайди (қўзғала олмайди). Жиноятчилар сўроқ қилинганида, заҳар фақат юпқанинг устига сепилган бўлиб, агар қайла устига сепилган бўлганида эди, Бобурни муқаррар ҳалокат кутган бўлар эди. Бу пайтда подшоҳ сифатида унда таҳқиқ қилиш имконияти бор эди ва Бобур айбдорларни аниқлаб жазолайди. Бобур тайинлаганидек, ош сузар маҳалда ҳинд ошпазларининг бирортаси қозонга яқинлаштирилмаган, лекин улар сонияларда идишга ва юпқа ичига заҳарни сепишга улгурадилар, заҳарнинг қолган ярмини ўчоққа улоқтирадилар… Сўроқ тугагач, айбдорлар вазир-у вузаро билан маслаҳатлашилган ҳолда айбдорларга даҳшатли жазо турлари қўлланилади: “Ул чошнигирни пора-пора қилдурдум. Бовурчини тириклай терисини сўйдурдум. Ул қотиллардин бирисини фил остиға солдурдум. Бирини эҳтиёт қилдурдум. Ул ҳам ўз амалиға гирифтор бўлуб, жазосиға етгусидур” (“Бобурнома”, 218-бет). Бобурдек сермулоҳаза ва адолатли бошқарувни ўзига шиор деб билган подшоҳ нега бунчалар шафқатсиз жазо турини танлаган, деган савол туғилади. Аввало, жазо турини Бобур танламаган, у юқорида девон чақиртирдим, деб эслатиб кетмоқда. Бу жазо турлари девон томонидан якуний қарор сифатида қабул қилинган. Назаримда, бундай шафқатсиз усулдаги жазодан мақсад битта бўлган. У ҳам бўлса, кейинчалик яна подшоҳга уюштирилиши мумкин бўлган суиқасдларнинг олдини олиш ва норозилик кучларини босиб қўйиш эди.

Бобурнинг мана шундай таҳлика-тўполонларга бой бўлган атиги 47 йиллик ҳаёти уни “Бобурнома”дек асарни яратишга бўлган иштиёқини сўндира олмади. Аксинча, Бобур ҳар бир мушкул дақиқанинг, изтиробли лаҳзаларнинг залворини моҳир носир сифатида қаламга олишга муваффақ бўлди. Агар Бобурга, айтайлик, Алишер Навоийники каби нисбатан маъмур ва тинч ҳаёт насиб қилганида эди, бугун нафақат ўзбек халқининг, балки жаҳон китобхонларининг кутубхонасини у, шак-шубҳасиз, бундан-да кўп нодир асарлари билан бойитган бўлар эди.

Эльмира ҲАЗРАТҚУЛОВА,

филология фанлари бўйича

(PhD) фалсафа доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =