Аслингга қайтгил, ВАТАН…

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга,

Сендай меҳрибон йўқ.

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга.

Дунёда муқаддас тушунча, яъни инсон доимо дилининг тубида асровчи, ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамиша эътиқод қиладиган саждагоҳ бу — Ватан. Дарҳақиқат, она Ватан ҳақида қанча ёзилса, куйланса, барибир камлик қилади. Барибир “нимадир” қолиб кетади. Шунинг учун Ватан оҳори тўкилмайдиган, дилрабо мангу қўшиқдир.

Ҳиндистон ибодатхоналари, Миср эҳромлари, Италиянинг қадим ёдгорликлари, Париж хиёбонлари, Америка шоҳкўчалари, Анг­лия боғлари, Швейцария тоғлари, Венеция, Қоҳира ва Калькутта гўзалликлари, Американинг машҳур шаршараси-ю, Амазонка ўрмонлари, поляк, япон, итальян гўзаллари… Уларнинг бари бетакрор! Лекин улар ҳам она юртимизнинг жамолига тенг бўлолмас! Ахир Ўзбекистоннинг тоғлари, дарёлари, қирлари, тепаликлари, чўллари, саҳролари, ҳаттоки чўлда ўсган саксовулларнинг гуллари дунё­даги ҳамма гўзалликни, жаҳоннинг беқиёс мўъжизаларини қамраб олади.

Ҳа, Ўзбекистон бизнинг Ватан, юрагимиз, қоямиздир. Шунинг учун жаҳоннинг энг буюк ижодкорлари ҳам, аввало, энг улуғ сўзларни ватанга бахшида этишган.

Машҳур рус ёзувчиси, Нобель мукофоти лау­реати Михаил Шолохов шундай ёзган эди: “Ёқимли, нурафшон Ватан! Бизнинг мислсиз фарзандлик муҳаббатимиз — сенга, бизнинг барча орзу-ўйларимиз сен билан!”

Чўлдаги жониворлар туғилиши билан ўз маконини топади, қушлар ва балиқларнинг ҳам ўз ошёни бор. Ҳатто уларнинг болалари ўз уяларини ғанимдан ҳимоя қиладилар. Инсон ҳам қаерда киндик қони тўкилган бўлса, ўша ерга меҳр қўяди.

Ҳа, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф таърифлаган Ўзбекистон она бешикдир.

Айтишларича, бир куни нўноқ шоирнинг қармоғига дарёда тилла балиқча илинибди.

— Шоир, мени дарёга қўйиб юбор, – деб ялинибди тилла балиқча.

— Бунинг эвазига менга нима берасан? –сўрабди шоир.

— Дилингдаги ушалмаган барча орзу-ниятларингни рўёбга чиқараман, — дебди тилла балиқча.

Шоир хурсанд бўлиб, балиқчани денгизга қўйиб юборибди. Қарангки, чиндан ҳам омад шоирга кетма-кет кела бошлабди. Кетма-кет китоблари чиқибди. Шаҳар ўртасидан уй берилибди, дала-ҳовли қурибди. У жуда машҳур бўлибди. Гўё дунё унинг қаршисида кўмир чўғида сингдирилиб пиширилган, устидаги пиёзга саримсоқ қўшилган сирка суви солинган ликопчадаги кабобдай турар, қўлларини чўзса, маза қилиб ейиши мумкин экан. У дастлаб академик, кейин депутат бўлибди. Ҳаммаси яхши экан-у, лекин кунлардан бир куни шоирнинг хотини унга дашном берибди:

— Тилла балиқчадан шунча нарса сўрадингиз, энди ўзингизга бирозгина истеъдод сўрасангиз бўлармиди?

Шоир бирдан сергак тортибди. Ўзига ўтган йилларда нима етмаганини сезиб, дарҳол денгиз соҳили томон чопибди. Тилла балиқчага ёлворибди:

— Тилла балиқча, тилла балиқча! Менга бирозгина бўлса ҳам истеъдод бер.

Шунда тилла балиқча жавоб қайтарибди:

— Шу вақтгача нима сўрасанг, ҳаммасини рўёбга чиқардим. Лекин истеъдод бера олмайман. Чунки менда шоирлик истеъдоди йўқ. Уни фақат Аллоҳ беради, уни маҳорат билан чархлаб бориш керак, – дебди.

Бу бир ривоят, албатта. Улуғ шоир Пушкиннинг “Тилла балиқча”сига ўхшаш ҳикоятни айтишдан мақсад шулки, юртимиз не-не истеъдодларни берган олтин диёрдир. Истеъдод бўлмаса, бари бекор. Қалин-қалин китоблар чиқариш мумкиндир. Бироқ улар халқ дилидан жой олмаса, у китоблардан маъни йўқ. Ҳеч ким ўқимайди. Истеъдодлар битган асарлар эса ҳеч қачон ўлмайди.  Шубҳасиз, ана шундай бетакрор истеъдодлардан бири — Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф эди. Унинг содда, халқона, лекин ниҳоятда дилбар шеърияти миллионлаб қалбларни қай жозибаси билан забт эта олди?

Муҳаммад Юсуф шу заминда туғилди, шу тупроқни севди, шу Ватан меҳрини дилида жо қилди. Шоир ижодида бўй урган, уни безаб турган тумор — Ватан образи, юрт ишқи эди, албатта.

Шоир шеърларида “Ўзбекистон ягонадир, она бағри гўдак учун қандай ҳузурбахш бўлса, Ўзбекистон биз учун қадрли ва азиздир, уни юракдан севайлик, юракда сақлайлик, азиз тупроқ — Ватан туйғуси дилимизда ёниб турсин”,– деган бадиий руҳият ўз ҳарорати билан балқиб, қалқиб туради. Унинг бутун ижодида, айниқса, “Ўзбекистон”, “Халқ бўл, элим!”, “Ватаним”, “Дунё”, “Бағишлов”, “Тавалло”, “Ўзбек”, “Биз барҳаёт сиймо”, “Ҳайрат”, “Ўзингдан қўймасин, халқим” каби ўнлаб шеърларида Ватанни севишдек ардоқли туйғу, она еримизнинг қайноқ тафти ёниқ ва кучли эҳтирос билан қаламга олинган.

Сен — шохлари осмонларга

Тегиб турган чинорим,

Ота десам,

Ўғлим деб,

Бош эгиб турган чинорим,

Қўйнидаги ифтихорим,

Бўйнидаги туморим,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним!

Шу ўринда “Ватаним” шеърида “Ҳамдарду ҳамхонам, Офтобдан ҳам ўзинг меҳри улуғим, Ғичир-ғичир тишимдаги сўлиғим, Олисларда қуриб қолган қудуғим, Ўзинг менинг улуғлардан улуғим, Сен шохлари осмонларга тегиб турган чинорим, Ёлғизим, ягонам, дейми…” каби бадиий эпитетлар Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни, садоқатни янада оширади, зукко шоирнинг бадиий  топқирлигидан далолат беради. Машраб, Яссавий, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Бобур, Абдулла Қодирий, Усмон Носир қиёфасида Ватаннинг дарду жафолари, адоқсиз нолалари кўксини узиб кетган миллат фидойилари бағридан бўрқириб оққан ашк­лари берилади:

Ўтган кунинг — ўтган кундир,

Ўз бошингга етган кун.

Қодирийни берган замин,

Қодирийни сотган кун.

Қўлин боғлаб,

Дилин доғлаб,

Етаклашиб кетган кун,

Воҳ, болам! деб айтолмаган

Дудуғимсан, Ватаним.

Ҳа, Қодирий ўз миллатдошлари томонидан сотилган, айбсиз отилган эди. Шу боис, хунрез тузумда Ватан дудуққа айланган эди. Қаттол тузум инсон эркини қулфлаб қўйган эди.

 Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,

Қумлар босиб қуримасин дарёларим.

Алпомишга алла айтган момоларим

Руҳини шод этай десанг — халқ бўл, элим!..

Шоир ҳайқиради: қадди тетик, дунёда довруғи, дарди сендек улуғ яна ким бор, дея сел бўлади.

“Юртим, адо бўлмас армонларинг бор” шеърида эса юрт кўксидаги армонлар, шаҳид ўғлонлар, айбини билмай кетган Акмал Икром, Файзуллалардек марди майдонлар, Жайрондек термулган Чўлпонлар, қайинбарглар ёпиб қора кўзини, олисларда қолган Усмонлар ҳақида бағри қон бўлиб ҳайқиради:

Алҳазар, алҳазар, минг бир алҳазар,

Ана, юришибди кийганлари зар,

Қодирийни сотиб шоир бўлганлар —

Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор…

“Оқибат” шеърида эса поэтик хулоса аниқ: меҳр юракларда қотди, элнинг кичигини кичиги, каттасини каттаси ғажийди, оқибат анқонинг уруғи бўлиб қолди, ҳасад авж олди, андиша деган боғ вайрон бўлди, оналар қизини, қизлар онасини танимай қўйди. Шоир  айтмоқчи: меҳрни, оқибатни, андишани сақланг, ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшанг!

Меҳр юракларда қотса ичикиб,

Оқибат ҳам бўлгай анқо уруғи!

Элнинг кичигини ғажир кичиги,

Улуғини эса улуғи…

Тузингни тотиб, уни унутганлар хор бўлади, кўзларига икки жаҳон тор бўлади, юртфурушлар эса бир кафт қумлоғичга зор бўлади, деб шоир Ватан соғинчини янада жарангдор оҳангда изҳор қилган эди. “Ғайрат” шеъри эса Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги асарларининг ғоявий мундарижасини белгилайди дейиш мумкин.

Аслингга қайтгил фақат,

Ортга қайтмоқ бўлмасин.

Айтгин-айтгин бу шараф,

Кўзингда нурлар сўнмасин.

Кўнглингда гуллар сўнмасин,

Сен ўзинг айт, Онажон,

Сен ўзинг айтгин, Ватан…

…Аслингга қайтгил, Ватан.

Эл севган шоир учун Ватан билан фахрланиш бахтдир. Ватанни улуғлаган, уни улуғларнинг улуғи деб наво қилган шоир мудом биз учун Ватаннинг фахри, ифтихори, ўзи айтганидек, унинг “Ширин каломи” бўлиб дил тўридан жой олаверади.

Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,

Сенсиз бир он қолсам раҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.

Ҳа, Ватан бағрида ўтган ҳар кун байрам, шодиёнадир. Шоир айтмоқчи бўлган ғурурли сўз, улуғ даъват, фахр туйғуси ҳам шундадир.

Парда АЛИМОВ,

Термиз давлат педагогика институти ўқитувчиси, филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + five =