“Тeорeма” билан танишув

Янгиланиш ва эврилиш – тараққий истаган ҳар қайси жамиятга хос ажралмас ва тўхтовсиз жараёндир. Янгиланиш ва эврилишни истамаган жамият тараққиётдан холи, таназзулга ошно. Янги Ўзбекистон шу маънода инқироз ва депсиниш қолипларини синдириб, бир четга улоқтириб, тараққиёт жиловини ёруғ манзиллар сари буришнинг ёрқин тимсолига айланиб бормоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт истади ва ўзи истаган тараққиётнинг ҳуқуқий гувоҳномаси сифатида янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинди.

Сўзимизни тараққий истаган ҳар қайси жамият янгиланиш ва эврилишга эҳтиёж сезиши ҳақидаги мулоҳазалар билан бошладик. Адабиёт тараққий этиши учун ҳам янгиланиш ва эврилиш заруратдир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор Темур Тўрабоев (Темурбек) томонидан фақат “Т” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар воситаси ила “Теорема” романининг ёзилиши, романнинг қисқартирилган варианти “Теоремадан туркона тароналар” номи билан “Адиб ва жамият” рукнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилиши – айни заруратнинг ажиб бир кўриниши, ижроси, таъбир жоиз бўлса, феноменал адабий ҳодисадир.

Ҳали кўпчилик ўқиб улгурмаган бир романга “адабий феномен” ёрлиғини ёпиштириш муболағадек туюлади, аммо шуни унутмайликки, омма ҳукмига ҳавола этилаётган хулоса асоссиз айтилмайди ҳеч қачон.

Маълумки, жамият ёки айрим шахслар буюртмасига кўра ёзиладиган “асар”лар ҳар қадамда учрайди. Бундай “асар”лар одатда узоқ яшамайди. Чин маънодаги бадиий асарнинг ёзилишига сабаб бўладиган ижодий “буюртма”нинг моҳияти эса бутунлай бошқача. Ҳақиқий “буюртма”нинг соҳиби – ижодкорда шаклланган муносабат, безовталик, бедорлик. Шунинг учун улкан сўз обидаларини муносабат мўъжизаси, десак арзийди. Адабий маҳсулотнинг кўп-озлиги ёки савияси шу муносабат миқёси билан белгиланади. Масалан, Алишер Навоий ва Лев Толстойда муносабат улуғворлик касб этган. Муносабат масаласи ночорлиги боис қайсидир истеъдодли шоир бир-икки юпқа китоб билан умрини ўтказмоқда. Айрим ижодкорларнинг “Мен илҳом келгандагина ёзаман!” деб қанча-қанча вақтни бой беришаётгани, назаримизда, ёлғон юпанч, ўзни овутиш, холос.

Темур Тўрабоев – ҳавойи орзу-ҳаваслардан холи, ҳеч муболағасиз, буюк адабий манзилларни кўзлаган ижодкор. Унинг учун жаҳон тамаддуни ичра бир улуғвор теорема бор. Бетимсол бу теореманинг матни қуйидагича: “Ўзбек тили ҳамда тафаккури – қадим ва ҳамиша навқирон, абадиятга дахлдор қудратли ва буюк воқеликдир!” Ўз шахси ва истеъдодини қадрлаган ҳар бир ижодкор бу теореманинг янги исботини топишга уриниши – табиий ҳол. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Темур Тўрабоев миллий адабиётимизнинг анча вақтдан буён бир маромда бораётган одатий адабий меъёрларидан четга чиқиб, ноодатий шаклу шамойилни ифодаловчи услуб танлади.

Шеър аҳли, адабиёт ихлосмандлари яхши эслашса керак: анча йиллар бурун таниқли шоир Эркин Воҳидов фақат “Қ” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар воситасида гўзал шеър ёзган эди. Устоз шоирга ҳавас қилиб, шу усулда бир-икки шеър ёзганлар кейин ҳам бўлди. Аммо бу уриниш­лар охирига етмади, яхлит анъанага айланмади.

Темурбекнинг “Алифбе мўъжизаси” китобида эса лотинча ўзбек алифбосидаги барча ҳарфларга шундай мураккаб йўлда алоҳида-алоҳида шеърлар битилган. Албатта, бу шеърларнинг бадиий савияси, руҳи, фалсафаси бир-биридан фарқ қилади. Баъзи шеърлар ўта мураккаб, ҳозирги ўқувчига тушунарсиз сўзлардан иборат бўлиб, бола уларни тушунишга қийналади. Лекин муаллиф бундан чўчимайди. Аксинча, ўқувчисининг қийналишини, изланишини хоҳлайди.

Осон нарса онгни ялқовликка етак­лайди. Майли, боғча боласи ёки 1-синф ўқувчиси бу шеърларни тушунмаса-да, ёдласин. Ёдлаш – англашнинг дастлабки босқичидир. Беғубор кўнгил “Бойқишлоқнинг боғидаги бодомлар бунчалар бедор” деган мисрадан дастлаб ўзича завқ олади, сўнгра эса бир хил ҳарф билан бошланувчи сўзларнинг бундай бирикувидан, сўзлар кўмагида чизилаётган сувратлардан, жумла бағрига яширинган мазмундан лол қолади:

Бойқишлоқнинг боғидаги бодомлар бунчалар бедор,

Бунчалар барвақт безандилар Бойқиш­лоқнинг бодомлари,

Билмадим, билганим:

Бодом – баҳорнинг ботиний бомдоди,

Бодом – баҳорнинг биринчи битиги.

Бодом бошқа биродарларидан барвақтроқ бўйлайди…

Бойқишлоқ – Ўзбекистон, бедор бодомлар сизу биз эканлигимизни англагач эса китобхонда боягидан-да беҳадроқ бахтиёрлик пайдо бўлади. Шу бахтиёрлик оғушида у Мукаммали мўъжиза – миянинг мислсиз маҳсули – МEҲР эканлигини билиб олади. Йўқ, йўқ, билиб олмайди, аксинча, ўзи билган нарсани бу тахлит ифодаланиши мумкинлигидан қувониб кетади.

Соғинилган самимий қувончнинг қуввати уни осмонларга олиб чиқиб қўяди. Шеър келажакка, келажак шеърга эврилади.

Минг-минг, миллион “милт-милт”, Миррихми, Марс –

Мураккаби мўъжиза –

Мураккаби мўъжиза – Муждайи мужгон – Мия.

Муждаги мужгон – Мия – Мукаммали мўъжиза.

Мукаммал мўъжиза – Миянинг маънавий мазмуни – Меҳр.

Меҳр – Маъвойи мўъжиза.

Ўзбек тили ва тафаккурининг тенгсиз қудрати ва бетакрор буюклиги мужассам бу ифодаларда. Шундай эмасми!

Темур Тўрабоев танлаган ноодатий услубни тадқиқ қилиш, унинг қаламига мансуб “Теорема” романи моҳиятини поэтик англаш ва бу англовни ёш авлодга етказиш – ҳозирги адабий танқид ва адабиётшуносликнинг вазифасидир.

Бундан ўн аср муқаддам туркий тил осмонида Маҳмуд Кошғарий деб аталмиш бир юлдуз шуълаланди. Унинг тақдирига “тил учун курашчи”, “тил фидойиси” каби нисбатлар битилди ва жуда улкан, ноёб миссия юклатилди. Туркий тил Маҳмуд Кош­ғарийга муҳтож эди. Ҳали ёзув маданияти шаклланмаган замонларда, ўша давр тилининг руҳини, сўз бойлигини келгуси авлодга етказувчига зарурат сезилаётганди. Тангри таоло бизга Маҳмуд Кошғарийни ато этди. Яратганнинг бу улуғ марҳамати бўлмаганида эди, биз қадим ота-боболаримиз қандай сўзларни, қандай мақолларни ишлатишганини билмай ўтардик, балки… Ҳа, Маҳмуд Кошғарийнинг Туркистон тарихи саҳнасида пайдо бўлиши – ноёб ҳодиса, мўъжиза. У бугун ўнлаб олимлар, бутун бир институт ҳал қиладиган, шуғулланадиган ишни ёлғиз ўзи бажарган. Бунинг устига, Маҳмуд Кош­ғарий яшаган ва ишлаган муҳит, шароитни ҳозирги имконларга солиштириб бўлмайди асло.

Бундан беш аср аввал туркий тил юксак бадиий сўз соҳиблари эътиборидан четда қола бошлади. Беназир туркий тафаккурни туркий сўзлар воситаси ила дунёга тақдим этиш эҳтиёжи туғилди. Ва шу эҳтиёж сабаб туркий жамият бир тўлғонади, туркий қавмни бир улкан тўлғоқ тутади. Танг­­ри таоло туркий тилга яна марҳамат қилади – ҳазрат Алишер НАВОИЙ даҳоси туркий тилнинг тоғ қадар қудратли ва буюк бўлиши учун ҳиммат камарини боғлайди. Ҳамма замонлар учун ноёб ҳисобланмиш бу ҳодисанинг ХV асрда, ғалати талатўп оғушида яшаётган жамият бағрида пайдо бўлиши ҳам мўъжизадан бошқа нарса эмас.

Бугун тилимиз таровати, халқимиз бадиий тафаккурини теран акс эттирган неча юзлаб асарлар яратилди. Бироқ тилимиз ўзининг табиатини, гўзаллигини, қудратини бошқачароқ шаклда, ўзгача оҳангда кўз-кўзлашга эҳтиёж сезаётганди. “Теорема” – шу эҳтиёжнинг маҳсули. “Теорема” мисолида ўзбек тилининг янги имкони, ҳозирча ўйлаб кўрилмаган қудрати намоён бўлди.

Туркистон ҳудудида Тўрақўрғон, Тепақўрғон, Тошбулоқ деб аталмиш гўшалар бор. Тўрақўрғоннинг мардона Турсунбойи, Тилла тоға каби донишманди бор. Тошбулоқнинг Турсуной деб аталмиш парирўй дилбари, Таваккалу Тошхон каби телба-дўлвор фарзандлари бор. Уларнинг тақдири қизиқ, табиати қизиқ. Бу қизиқликнинг бари “Теорема”да жо бўлган.

Фақат “Т” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар бир-бирларини топдилар, бир-бирларини суйдилар, ўзаро ака-ука, опа-сингил бўлдилар, оила бўлдилар ва фақат Тангри берган илҳом ва марҳамат туфайли “Теорема”га айландилар. “Қудратли ва буюк ўзбек тили ҳамда тафаккури” деб номланган ўзига хос теорема Темур Тўрабоев томонидан янгича кўринишда исботланди.

Турсуной тиккан тўн тимсолида Туркис­тон гавдаланди. Тўлиб-тошиб оқаётган Тош­сой – Тилла тоға тимсолида донишманд халқимизнинг қалби. Тўсқовул тоғига тирмашиш, тоғ узра тик туриш – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт сари бориши…

Аслида, тетрология бўлиши мўлжалланган, айни чоғда икки китоби нашрдан чиқиб, учинчиси ёзилаётган “Теорема” романининг маҳобатини тасаввур қилиш учун ундан иккита кўчирма олишни лозим топдик. Зеро, мазкур парчаларсиз фикримизни тушунтириш, хулосаларимизни асос­лаш қийин. Чунки шу пайтгача бир неча ҳамкасбимиз романни тўлалигича ўқимай туриб, унга “Сўзларнинг сунъий равишда бир-бирига боғланиши” деб баҳо беришди. Мутолаадаги қийинчиликни ва эътиборсизликни сунъийлик ниқоби билан оқлашга уриниш адабиётимиздаги янги ҳодисага беписандлик билан баробардир. Муҳташам адабий обидалар ҳеч вақт осонликча ўқилмайди. “Китоб завқ билан ўқилиши керак!” деган машҳур жумла бу ўринда жим туришга мажбур. “Хамса” ёки “Жиноят ва жазо”ни завқ билан, мириқиб ўқиш мушкул. Мумтоз асарлар мутолааси тафаккур талаб қилади ҳамиша. “Теорема” ҳам шундай изтироб ва шижоат маҳсулидир. Тили тиниқ терилган, тошдек тизилган, тилсимли тугалланган:

“Тилла тоға Тепакалнинг томоғидан тутамлаб, товонини тупроққа теккизмай ташқарилатди. Тепакал Тилла тоғага тарсаки тортиш, тумшуғига туширишу тиғ тиқишга-да тайёрлади-ю, Тилла тоғанинг тутами тарсакиям тоттирмади, тумшуғигаям тушиттирмади, тиғ тиқтириш тугул тирноғам тегиздирмади.

Тилла тоға Тепакални тўйхонанинг ташқарисида тақалади.

—Тўй тўхтамасин! Тушундингми? Тушунмасанг, танобинг тортилади.

Тепакал Турсуной томонга тикилиб туриб тилининг тагидагини тупроққа ташлади.

Тилла тоғанинг таъби тағинда тирриқланди.

—Тупроққа тупуряпсанми? Тупроқ – тилланиям тилласи-ку! Тарбия топмаган тўнғиз!”

Парчани ўқиган кишида, табиийки, “Тилла тоға ким?” деган савол туғилади. Ҳақиқатан ҳам, Тилла тоға ким? Тилла тоға – тузлуққа, яъни тарихга, қадриятларга тупуриш азоби ва фожиасини Учинчи Ренессанс пойдевори бўлишга ҳозирланаётган ёш авлодни, янги Ўзбекистон бунёдкорларини тарбияловчи донишманд зот! Темурбек “Теорема” романида халқимиз донишмандлигининг тимсоли сифатида Тилла тоға образини қайта кашф қилди. Тушунайликки, тараққиётимизни тезлаштиргувчи, тиклаштиргувчилар – Тилла тоғалардир! Тилла тоғаларгина тупроғимиз тиллалигини тутумсоқ, тирмизак тўполончиларга тўғри тушунтирадилар!

Тилаволди Тилла тоғанинг туйғусини тушунмади.

Тушунмаса-да таҳлилга тушди…

…Тентакнинг туришини?! Тўй тугаганини тушунмаяптимикан?

Тозию тойғонларнинг тўйгани Тилаволди томонга тишларини тиржайтириб тупроқ таталади.

Тилаволди тисарилди. Тескари томонда турган Тилла тоға Тилаволдига тайинлади.

—Тек турсанг, тегмайди! Текканга тегади!

Тилла тоға тойғонгаям таҳдидлади:

—Тегма, тушундингми?!

Тойғон тупроқ таталашни тўхтатди.

…Тилла тоғани тушунди-я!

Бир вақтлар донгдор драматург Мақсуд Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясида муаллиф позициясини ифодаловчи Бобо кайфий образини яратганди. Мақсуд Шайхзода ижодининг ихлосманди бўлган Темур Тўрабоев Тилла тоға образи орқали Бобо кайфий характерини янги бадиий баландликка кўтаргандай.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор” трагикомедиясининг саҳна вариантида бош қаҳрамон бўлмиш Мўмин йўқолган олтинлари ўрнига қолган тошларни чангаллаб, мухлисларга қарата “Тош! Тош! Тош!” дея телбаланади. Қилич қаршисига мўминлик билан бориб бўлмаслиги ҳақидаги бу изоҳдан томошабин яйраб кулади! Ҳолбуки, муаллиф Мўмин нутқи ила халқимизга “Кўлмак бўлма! Тош­дек қотма! Аксинча, сел бўл, тошқин бўл! Тош!” дея ҳайқиради. Темур Тўрабоев ҳам “Теорема” романида Тошсой тасвирини берар экан, ўқувчига “Тош, сой!” дегандек бўлади. Сой бу ўринда истеъдодини тўғри йўналтирмаган, тўғри йўл танлолмаётган иқтидорлар рамзи. Муаллиф улардан тош­қинликни, топқирликни, тезкорликни кутади, уларни ўзан ичра қолиб кетмасликка ундайди.

Муҳаммад ВАЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Мақола муаллифи Муҳаммад Вали ёзувчи Темур Тўрабоев (Темурбек)нинг “Теорема” романи бўйича ва унинг қисқартирилган тарзда чоп этилган “Теоремадан туркона тароналар” китоби хусусида анча ижобий фикрларни илгари суради. Бу ўйлаймизки, ушбу асарнинг олдига қўйган мақсади, ғояси, айтмоқчи бўлган салмоқли гапи борлигидан далолат. Аммо шундай бўлса-да, таҳририят номидан кўнгилга келган айрим мулоҳазаларни ҳам билдиришни лозим топдик.

Ушбу китоб эътироф этилаётганидек, фақат “Т” ҳарфи билан бошланувчи сўзлар асосида битилган. Бу бир томондан янгилик сифатида қутлашга   моликдир, эҳтимол. Аммо, янгилик, янгича ёндашувлар ҳамиша ҳам бирданига ҳаммага ҳам маъқул келавермаслиги   мумкин. Бу бор гап. Айтайлик, бир пайтлар Тоғай Мурод асарлари ҳам жуда халқона, шои­рона руҳда битилгани боис ўз вақтида айрим эътирозларга сабаб бўлган эди. Лекин кейинчалик унинг китоблари халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди. Қолаверса, Тоғай Мурод асарларининг йўриғи бошқа. Унда бир ҳарф билангина тузилган сўзлар мавжуд эмас, балки ёзувчининг юксак бадиий тафаккури ҳар қандай ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Энди очиқроқ гапирганда айтиш жоизки, “тез айтиш”лар болаликдан ҳаммага ҳам маълум. Мисол учун “Тяньшан тоғининг тагида Тоштемир тракторчи тракторини тириллатиб турибди” сингари гапларни ким ҳам айтмаган, дейсиз? Шу маънода ушбу асарни ўқишда ўқувчининг тили нуқул “Т”га урилавериб “чарчаб” кетадиганга ўхшайди. Бизнингча, бундай “тез айтиш” асосида бирор кичик ҳикоя ёки шеър битилса, маъқулроқ бўлар эди. Тилимизнинг бойлиги, улкан имкониятларига келсак, уни юксак бадиийлик асосида ва ўқувчини зўриқтирмайдиган, жойи келса, энсасини қотирмайдиган услубда кўрсатиш мумкин-ку. Бунга буюк Алишер Навоийдан тортиб, Абдулла Қодирий сингари улуғ адибларимизнинг ижоди ёрқин мисол бўла олади.

Бу фикрларимиз таҳририятимизнинг холис муносабати бўлиб, нима бўлганда ҳам муаллифни янги китоби билан қутлаймиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =