“Ватан тандан ичкарироқда, нақ юракнинг ўзида бўлади!”

Муаллиф ҳақида:

Байрам АЛИ – 1991 йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Асарлари рус, инглиз, тожик тилларига таржима қилинган. “Болангман Дунё”, “Куз ёмғирлари” каби насрий китоблар муаллифи.

Матбуот ва таълим соҳаларида ишлаган. Айни пайтда “Шарқ юлдузи” журналининг наср бўлими муҳаррири.

 

“Илк бора” сўзи бадиий-китобий сўзга ўхшайди. Аммо грузин адиби Нодар Думбадзенинг “Ҳелладос” ҳикояси менинг болалик дунёйимни ағдар-тўнтар қилиб юборган, илк бора улкан инсоний изтироб билан юзма-юз қилган, десам муболаға қилмаган бўламан. Асарнинг атиги икки ёки уч жойидагина “Ватан” сўзи ишлатилади. Яна ким томонидан денг? Ҳали дунёни танимаган, оқ-қорани ажратолмайдиган ёш ўспиринлар томонидан. Тўғри, уруш ҳақидаги асарлардаги каби, ҳикояда ҳеч ким қонли жангларга бормайди. Жонни жабборга бериб, киндик қони тўкилган замин ҳақида узундан-узоқ маърузалар ирод қилмайди. Шунга қарамай, ушбу мўъжаз асар юрт ва унга садоқат ҳақида, Она тупроққа дахлдорлик хусусида муҳташам гапни айта олади. Кўксингизда Ватан туйғусининг уйғонишига, бу борадаги ички кечинмаларингизни самимий таҳлил қилишингизга имкон яратади. Мухтасар қилиб айтганда, сизга Ватанни қандай самимият билан севиш, ардоқлаш ҳақида билдирмайгина сабоқ бериб қўяди…

Хўш, бор-йўғи ўспиринларнинг муштлашуви, даҳанаки жангидан иборат бўлган, Ватан сўзи деярли ишлатилмайдиган ушбу ҳикоя ватанпарварлик акс этган бўлак асарлардан нимаси билан афзал? Қайси жиҳатлари билан бизга сабоқ бериши, ватанпарварликка оид кечинмаларимизни тафтиш қилиши мумкин? Юқоридаги саволларга жавоб топиш учун, келинг, ҳикояни бир бошидан, синчиклаб таҳлил қиламиз.

 

Ҳикоя ҳақида ҳикоя ёхуд биринчи таассурот

 

Нодар Владимирович Думбадзе 1928 йилда Грузиянинг пойтахти Тбилиси шаҳрида дунёга келган. Ёзувчининг кўпгина асарларида Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги грузин қиш­лоқларининг машаққатли ҳаёт манзаралари ёрқин акс эттирилади. Нодар Думбадзенинг асарларида одамийлик, оқибат, виждон ва фидойилик каби тушунчалар биринчи ўринда туради. Унинг айни шу каби хислатлар тараннум этилган “Абадият қонуни” асари эса, нафақат Грузияда, балки кўпгина бошқа давлатларда ҳам энг кўп ўқиладиган асарлардан биридир. Адибнинг “Абадият қонуни” романидан ташқари ўнлаб ҳикоялари, “Кўкарача” қиссаси, “Оқ байроқлар” сингари романи моҳир таржимон, раҳматли Низом Комил томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, китобхонларимизга тақдим қилинган. “Ҳелладос” ҳикояси ҳам таржимон маҳорати туфайли муаллифнинг ўзбек китобхонлари мулкига айланган, жайдари тил билан айтганда, элимизнинг “ўзиники” бўлиб кетган асарлари сирасидан.

Мен мазкур ҳикояни биринчи марта акамнинг адабиёт дарслигидан ўқиб қолганман.  У пайтлар анча ёш бўлганим учун, асарда қандайин туйғу ҳақида гап кетаётганини, икки мурғак ўспирин аслида нимани талашиб бундай муросасиз муштлашганини идрок қила олмаганман. Билганим: қилиқлари ўзимнинг айрим ўртоқларимни эслатиб юборадиган иккита боланинг бир-бирига бўлган қарама-қаршилиги ва улар иккисининг ниҳоятда яхшилиги эди. Мен уларнинг ҳар икковини бирдай яхши кўрардим: Жамолни ҳам, муштумзўр Янгулини ҳам. Болалар ўртасидаги муштлашув жараёнини ўқиётганимда Жамолнинг ютиб чиқишини истар ва айни пайтда худди шу ғамхўрлик билан, Янгулининг ютқазишини сира хоҳламас эдим. Кемага миниб жўнаб кетаётган Янгули Жамолнинг ёнига келиб, эшагини олиб қолишни болаларча дилгирлик билан сўраганида вужудим титраб кетган бўлса, асар ниҳоя­сида Келасури дарёсидан топиб олинган жасад ҳақида ўқир эканман, бармоғимни тишлаб  ҳўнг-ҳўнг йиғлаганим кечагидай ёдимда турибди…

Албатта, болаликдаги дўстимга айланган бу асарни кейинчалик ҳам такрор-такрор ўқидим. Бугун эса ундан олган таассуротларим ва асардан ўзим учун кашф қилган айрим ҳақиқатларни сиз билан ўртоқлашаман.

 

Адоватнинг туғилиши

 

Асар қишлоқ болаларига муштумзўр Янгули “ҳукмронлик” қиладиган Чалбаш дарёси бў­йидаги Венециан кўчасига Жамолнинг келиши билан бошланади. Жамол Янгули билган бош­­қа болаларга ўхшамасди. У иродали, айни дамда ўзига ҳукм ўтказишларига йўл қўймайдиган даражада мағрур бола эди. У биринчи марта ўзининг шундай хислатлари билан Янгулини қизиқтириб қўяди, қолаверса, ўзига нисбатан адоват уйғотади.

Янгулининг Жамол билан муштлашувга киришиш олдидан айтган мана бу сўзларига эътибор беринг:

“— Болалар! Мен, Янгули Александриди, сизлар сайлаган сардор, сизларга, Венециан кўчасининг ҳур фарзандларига мурожаат қиламан! Рўпарангизда тбилисилик рангпар лақма билан унинг жияни — ватан ва қабила хоини, мишиқи Кока турибди. Мана бу рангпар келгинди бизнинг меҳмондўстлигимиз ва мурувватимиздан баҳраманд бўлиш ўрнига — худо сийлаган еримизни, денгизимизни, жамики дарёларимиз, олтин ва кумушларимиз, ўтлоқларимизни ўзиники қилиб олмоқчи…”

Англаганингиздек, ҳали болалик дунёсини тарк этмаган безори ўспирин ўзи улғайган Венециан кўчасини бутун бошли Ватан деб биларди. У ўз “ватанига” фақат ўзи ҳукмрон бўлишни истар, “ватанида” пайдо бўлган бегона боланинг дадиллиги ғашини келтираётганди. Шу билан бирга, яшириб нима қиламиз, чўчитаётганди ҳам. У ўз “ватанига” кун келиб ўзга бир боланинг “эга чиқишидан” чўчиётганди. Ҳа, ўқувчида дастлаб саводсиз ва тарбиясиз, безорисифат таассурот қолдирадиган Янгули ўзи-­ўзича гўёки Ватан ҳимоясига киришган баҳодир, етакчи эди! (Гўёки босқинчиларга қарши бош кўтарган қўрбошиларимиз мисол). Бу эса ҳар икки боланинг мурғак тасаввурида, қалбида ўзига хос ажиб ғалаёнларни бошлаб қўяди…

 

Сулҳ. Сўнгги илинж

 

Янгули учун кутилмаганда “келгинди” Жамол анчайин абжир чиқиб қолади. Бу табиий равишда икки ўртадаги адоватнинг янада кучайишига олиб келади. Жамол ҳадеганда бўйин эгавермас, орада Янгули унинг ўзидан кўра кучлироқ, анча ўзғирроқ эканини ҳис эта бошлайди. Аммо буни тан олиш, ўзгаларга билдириш Янгулига Венециан кўчасини – юртини бой беришнинг ўзгинаси эмасми? Келинг, икки йигитчани оддий йигит эмас, юрти манфаатини кўзлайдиган катта сиёсатдон дея тасаввур қилайлик. Шунда улар нима қилган бўларди? Сулҳ ҳақида ўйлаб кўришган бўлармиди? Янгули ҳам худди шундай қилади! Сулҳнинг мисли кўрилмаган, ўта ғаройиб турини ўйлаб топади!

“Доим уришаверамизми? – дейди бўш келишни истамай. – Кел, эртадан бошлаб сўкишамиз! Ким ютса, ўша ғолиб!”

Бу ўзининг ожизлигини ҳис эта бошлаган болакайнинг наинки сулҳи, балки “ватанига” эгаликни сақлаб қолиш учун қўллаган энг сўнгги умиди, илинжи эди…

 

“У сени енгди, Жамол!..”

 

Янгулининг юқоридаги таклифидан кейин болалар бир муддат даҳанаки жанг олиб борадилар. Мазкур воқеалар адиб томонидан болаликнинг беғубор оламига берилган бўёғи, гўзал топилмаси, албатта. Шу туфайли ҳам асарда қўлланилаётган қуйидаги муомала учун нобоп­роқ ҳисобланувчи сўзлар ўқувчига ҳақоратбоп сўз эмас, аксинча, руҳни эркаловчи, ширин ҳисларга чулғовчи, болаликнинг беқиёс кечинмаларини эсга туширувчи сеҳрли ибораларга айланади.

“— Жамол — эшакмия!

— Янгули — кўкатфуруш грек!

— Тбилисилик мишиқи!

— Эшакбоқар!

— Тўнғиз!

— Чириган бодринг!”

Аммо гап фақат шундагина, яъни даҳанаки олишувнинг ўқувчига болалик чоғларини эсга тушириб, тотли хотираларга ошно қилишидагина эмас-да. Бу ерда бошқа бир гап, фик­римча, адибнинг бошқа бир мақсади ҳам бор. Асарни ўқиган ўқувчи эсласа, Жамолнинг ҳақоратли сўзлари тугаб қолади. “Онасига ўт!” – деб маслаҳат беради унинг холаваччаси Кока. Жамол онани аралаштириб бўлмаслигини айтиб бош тортса, Кока тағин уни қистайди: “Шени деда ватире, дегин! Уят жойи йўқ буни!”. Жамол Коканинг маслаҳатига амал қилгандан кейин, Янгули ҳам уни онасига тил теккизиб ҳақорат қилади… Шу кундан бошлаб уларнинг ҳақорат репертуарида танҳо шу сўкишгина қолган, Жамол Янгулини қачон кўрмасин, грузинчалаб “Шени деда ватире!” деса, Янгули грекчалаб “Имана су ине простикаса инека, Жамол!” – дея жавоб қайтарарди. Бироқ бир куни…

“…Кока иккаламиз мактабдан қайтардик. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгули ўртоқлари билан ивирсиб ўтирарди. Мени кўрди-ю шартта ўрнидан туриб, истиқболимга юра бошлади.

— Янгули, шени деда ватире! — дея ўзғирлик қилдим мен.

У тўхтаб, маъюс нигоҳ билан узоқ тикилиб турди.

— Шени деда ватире, Янгули! — деб такрорладим яна.

Янгули бошини эгди, кейин бурилиб, аста… уйи томон кета бошлади. Мен донг қотиб қолдим.

— Кўрдингми қуён бўлганини?! Энди хўжа­йинлик қилолмайди! — дедим Кокага.

— Йўқ, энди бошланди! — Кока мийиғида кулиб қўйди.

— Қанақасига?

— Шунақасига-да. У сени енгди, Жамол!

— Нега сўкинмади, бўлмаса!

— Кеча ойингни суриштирган эди: ким, қаерда… Мен нима дейин… Шунақа, шунақа… ҳалиги… Йўқ… у ўлган, дедим. Шунинг учун ҳам сўкмади-да сени…”

Энди ўзингиз айтинг, шу қисқа парчанинг ўзидаёқ бола мисолида инсонга хос бўлган энг баланд туйғулар жўнгина қилиб кўрсатиб берилмаяптими? Янгули юрагида шаклланаётган бағрикенгликнинг, ҳақиқий миллатпарварликнинг куртаклари кўзга ташланмаяптими?..

 

Кўкракдаги нақш ва юракдаги муҳаббат

 

Ҳикоя ҳақидаги фикрларимни мухтасар қилиш, қолаверса, асосий гапга ўтиш учун асарнинг охирроғига кўчаман.

Ўқувчи ҳикоянинг ниҳоясига яқинлашар экан, унга Сухумида яшаётган грекларнинг ўз юртига, Элладага қайтиши кераклиги баён қилинади. Ўз-ўзидан маълумки, Янгули ҳам миллатдошлари билан юртига қайтиб кетиши лозим. Ўз юртига қайтиш имкони яратилганини Сухумида яшаётган бутун грек халқи катта хурсандчилик билан қарши олишади, аммо… аммо ушбу хабар Янгулига ҳақиқий жудолик, ҳақиқий мусибат бўлиб татийди. Чунки бу жудолик Янгули учун кўплаб қимматли туйғулардан — болаликдан, муҳаббатдан ва … ва яна Ватандан айро тушмоқ эди. Муаллиф (ўз таъбири билан айтганда, “на бир-бирига ғаним, на яқин дўст” бўла олмаган) икки ўспириннинг хайрлашиш олди қилган суҳбатини ёзар экан, назаримда, асаридаги, йўқ-йўқ, наинки асаридаги, балки реал ҳаётдаги Ватан ва Ватанга дахлдорлик ҳисси ҳақида энг гўзал сўзни, энг катта ҳақиқатни айта олган.

“— Нега бирга кетмоқчимассан? — деб сўрадим астойдил таажжубланиб.

Янгулидан анча вақтгача садо чиқмади.

— Қандоқ тушунтирсамикин… — дея гап бошлади у ниҳоят. — Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззукун томорқада ёки тирикчилик ташвишида… Мен кўчада, Венециан кўчасида катта бўлдим… Шу ўлкада туғилдим, униб-ўсдим… Менинг ватаним, менинг Элладам бу — Сухуми, кўча, Чалбаш; бу — Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк… — у бир ютиниб олиб, давом этди: — Бу… Бу — Мида… қолаверса, сен…

…Аъзойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.

— Бу нима, бўлмаса? — мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: — “Hellados”.

— Бу — нақш, Жамол. Ватан тандан ичкарироқда, нақ юракнинг ўзида бўлади! — Янгули қўлини кўксига қўйди.”

Дарҳақиқат, Янгулининг қалбида ота-бобоси яшаган Греция эмас, ўзи туғилиб ўсган Сухуми Ватан тимсолида эди. Оқибатда у ўзини бу ватани учун, Жамолдан қизғаниб аёвсиз муштлашган Сухумиси учун қурбон қилди. Гарчи муаллиф томонидан Янгулининг кемадан сак­рагани ёки греклар минган кеманинг ҳалокатга учрагани ойдинлаштирилмай, мавҳумроқ тарзда қолдирилган эса-да, ўқувчи сифатида мен негадир юраги тубида яшаётган Ватанидан айрилишни истамаган Янгулининг ўзини сувга отганига, ўз юрти учун жонини ҳам аяб ўтирмаганига қаттиқ ишонаман. Ва Янгулидаги бу фидойилик, уруш асоратлари ҳақидаги бошқа бир қанча асарлардан фарқли ўлароқ нақадар ҳаққоний, нақадар самимий ифода топ­ганини таъкидлагим келади. Ахир ўзининг кичиккина ватани – Венециан кўчасига беқиёс меҳр билан яшаган, жон томирини у билан туташ билган Янгули, тасаввуримда бунақанги қурбонликка шубҳасиз қодир эди…

Асар ҳақидаги ушбу хулосаларим билан балки Нодар Думбадзе ўз ҳикояси орқали инсонларга айтмоқчи бўлган гапларнинг ўндан бирини ҳам айта олмагандирман. Лекин асарнинг мағзини оз-моз чақиб етган даврларимдан бошлаб, то ҳанузга қадар китобларда, айрим тенгдошларим томонидан Ватанга бағиш­лаб ёзилган бақироқ шеърларда ёки ҳаётнинг ўзида ҳар қандай сохта ватанпарварликка дуч келсам, Янгулининг Жамолга қарата айтган оловли сўзлари қулоқларим остида янграгандай туйилади: “Бу – нақш, Жамол! Ватан тандан ичкарироқда, нақ юракнинг ўзида бўлади!”

Байрам АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − six =