Қизириқ туманида Исфара кичик “ГЭС-1” иш бошлади

Замонавий тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қаторида миллий иқтисодиётимизнинг муҳим қувват манбаи ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи ҳам изчил ривожланмоқда.

Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда инвестициявий ло­йиҳалар асосида янги гидроэлектр станцияларини қуриш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш юмушлари юқори суръатларда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг гидроэнергетик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш борасида сўнгги пайт­ларда бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабарингиз бор. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 ноябрь кунлари Тўпаланг ГЭСда амалга оширилган модернизация ишлари билан танишиб, Зарчоб-3 ГЭСнинг қурилиши бошланишига старт берганларидан юртдошларимиз яхши хабардор.

Куни кеча Сурхон воҳасининг Қизириқ тумани Исфара коллекторида Исфара микро ГЭС-1 нинг очилиш маросими ўтказилди.

Мазкур микро ГЭСнинг қуввати 230 кВт, ўртача йиллик 1 076 000,0 kVt-соат электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Исфара-1 микро ГЭС ишга туширилиши натижасида маҳаллабай тизим орқали “Янгикент” маҳалласининг 460 та хонадони узлуксиз электр энергияси билан таъминланадиган бўлди ва 5 та янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистонда илк бор мазкур ГЭСда барча ускуналар маҳаллий ишлаб чиқариш доирасида 100 фоиз ўзимизда тайёрланган. Тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖда ГЭС учун зарурий бўлган барча жиҳозлар ишлаб чиқарилди. Асосийси, арзон ва экологик тоза электр энергияси етказиб берилиши таъминланмоқда.

Лойиҳа доирасида 60 м. узунликдаги каналда реконструкция ишлари, сув тўсиш иншооти, сув бўлиш иншооти, босимли ҳавза иншооти қурилишлари, босимли қувур (50 м) ўрнатиш, қувват узатиш линияси каби қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Айтиш жоизки, гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гид­ротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлиги ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, халқимиз фаровонлиги ортишига мустаҳкам замин яратмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 1 =