Уруғни электр майдонда сараланг!
Деҳқон ва фермер хўжаликлари учун юқори сифатли уруғлик тайёрлаб бериш лойиҳаси ишга туширилди. Бугунги кунда аксарият деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар уруғларининг сифат кўрсаткичларини оширган ҳолда қайта экиш йўлга қўйилмаган.
Лойиҳада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғидан юқори ҳосил олишда, бошқа агротехник тадбирлар билан бир қаторда, экишга тайёрланадиган уруғларнинг сифат кўрсаткичларини оширадиган электр саралагич қурилмасида саралаш ва зараркунандаларга қарши дорилаш муҳим ҳисобланади. Қишлоқ хўжалик экинлари уруғини электр майдонда саралаш бошқа усуллар, яъни механик ва аэродинамик усулларга нисбатан афзалликларга эга. Бу усул ёрдамида сараланганда уруғларнинг барча муҳим физик-механик хоссалари, яъни геометрик ўлчамлари, массаси, зичлиги, электр қаршилиги ва диэлектрик сингдирувчанлиги, аэродинамик хоссалари ва бошқа шунга ўхшаш хусусиятлар ҳисобга олинади. Натижада уруғлик фракцияга сифатли, биологик кўрсаткичлари бир-бирига яқин, лаборатория ва дала шароитидаги унувчанлиги ҳамда потенциал ҳосилдорлиги юқори бўлган сара уруғлар ажралади.
Электр майдонининг уруғларга ижобий таъсир кўрсатиб, уларнинг тезроқ ва бир вақтда униб чиқиши ҳамда шунинг натижасида ниҳолларнинг яхши ривожланиши, ҳосилнинг тезроқ пишиб етилишини таъминлаши ҳам бу усулнинг қўшимча самараси сифатида муҳим аҳамиятга эга. Электр саралагич қурилмаси интеллектуал мулк агентлигидан “ИАП-2020-0324” патент билан ҳимояланган. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, деҳқон ва фермер хўжаликлари учун импорт ўрнини босадиган, арзон ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлган сара уруғликлар тайёрлаб берилади. Натижада уруғлик сарфи камаяди, ниҳоллар тез ўсиб-ривожланиб, ҳосил эрта пишиб етилади ва ҳосилдорлик кўпайишига эришилади.
Мазкур лойиҳа Фарғона вилоятининг Данғара туманида амалга оширилмоқда.
Иномжон УСМОНОВ,
лойиҳа раҳбари.
