Бандихонликлар шукронаси

Бандихонликлар қадимдан чорвачилик, боғдорчилик, деҳқончилик ҳадисини  пухта эгаллашган. Аммо,  битта лекини бор: сув  масаласи чатоқ. Салкам экин майдонларининг 80  фоизи кўтарма  насослар орқали суғорилади. Қурғоқчилик  келиб, сув  тақчил бўлган йиллари даромаддан харажат ортиқ бўлади. Бандихон музофотидаги   қиш­лоқ хонадонлари ичимлик  сувини сотиб олишади, имкони борлари  жуда узоқлардан ташиб ичишади. Туман  тугатилгач, шундай  катта  ҳудуд  оддий  хўжалик мақомига тушиб қолди. Аҳолининг маданий турмуш шароити ва қишлоқлар инфратузилмаси йилдан йилга оғирлашиб борарди.

Ҳар  қандай  муаммонинг  ечими келадиган ўз  вақти бўларкан.  Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2019  йилда  Бандихон  тумани  қайта ташкил этилиб, асосий  эътибор  қишлоқ ва қўрғонларни ободонлаштириш, фуқароларнинг ҳаёт  тарзини  ҳар томонлама яхшилашга қаратилди. Қисқа  вақтда янги  мактаблар, қишлоқ врачлик пунтлари, оилавий поликлиникалар, болалар боғчалари, савдо, маиший хизмат нуқталари бун­ёд этилди. Узоқ қишлоқлардаги техника тугул одам юришга қийналадиган ички йўллар  текисланиб, тош тўкилди. Мавжуд ижтимоий бинолар ва иншоотлар  ҳолати ўрганилиб, жорий ҳамда мукаммал таъмирдан  чиқарилди. Бандихон қўрғонидаги маҳаллалар йўлларига бетон ётқизилди. Туман аҳли  учун тоза ичимлик сув қувури тортилди. Замонавий хиёбонлар, пиё­далар йўлак­лари қурилди. Хуллас, уч  йилда  Бандихондаги  қиш­лоқлар ва қўрғонлар замонавий  ҳамда  жозибали қиёфа  касб этди.

Туман марказидан ўтувчи тор  ва ўнқир- чўнқир йўлга 21,6 миллиард  сўм  маблағ  сарфланиб, бугунги  талабларга тўлиқ жавоб берадиган тўрт қаторли  замонавий  автомобиль  йўли бунёд  этилди. Туман  ҳокимлигининг  уч қаватли маъмурий биноси қуриб  фойдаланишга топширилди. Энг   муҳими, туман  марказидаги “Бандихон”, “Бектепа”, “Сарой”  маҳаллаларида истиқомат қилувчи  1500 хонадон ҳовлиси ва томорқасига  оқар сув келадиган бўлди. Яна бир янгилик: фермер  хўжаликларига қарашли 1600 гектар экин майдонини эндиликда  бемалол суғориш имконияти  яратилди. “Оққапчиғай” каналидан сув олувчи  Р-1 анҳорининг 8,6 километри ирригация  иншоотлари билан биргаликда 6  миллиард сўм маблағ эвазига  қайта  таъмирланиб, экин майдонларига  барака ёғдирилди. Хуллас, Туманнинг “Зевар”, “Обод турмуш”, “Бирдамлик” каби  маҳаллаларида  барча жабҳаларда қурилиш  ободонлаштириш,  кўкаламзорлаштириш ишлари  кўтаринки руҳда  олиб борилмоқда.

Янги йил  арафасида бандихонликлар фойдаланишга топширилган янги бинолар, замонавий  йўл ва  йўлаклар,  мактаб ва боғчалар  баҳонасида  байрам тадбири  уюштиришди. Қурувчи ва бунёдкорларга тўнлар кийгизилиб, совғалар улашилди.  Юртимиздаги фаровонлик, тинчлик-осойишталик, улкан бунёдкорлик  шукронасига  жонлиқ сўйилиб,  Қуръон  тиловат  қилинди. Тўғриси, элим,  юртим деб меҳнат  қилаётган халққа тадбир ҳам, байрам ҳам,  тўй  ҳам жуда-жуда  ярашади…

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =