Мачай дарасида…
ёки кинотасмага муҳрланаётган бетакрор қишлоқ ҳаёти
Сурхон воҳасининг тоғли Бойсун туманида янги бадиий фильмни суратга олиш жараёни қизғин бормоқда. Бу ҳақда кейинроқ…
Саратоннинг жазирамасини ҳисобга олган ҳолда эрталаб соат бешда йўлга отландик. АЁҚШлардаги узоққа чўзилган навбат, йўлдаги тезликни тақиқловчи белгилар, ҳар чақиримдаги кўзга чўпдек суқулиб турган “радар”лар оғушида Мачай дарасига соат тўққиздан ўтавериб кирдик. Туркиядан келган меҳмонимиз қизиқиши боис дарага кираверишдаги сувтегирмон ёнидаги катта тол тагида тўхтадик…
Ҳамроҳларимиздан кимдир телевидение ходимлари дам олишга чиқишган шекилли, дейишди. Қарасам учта махсус машина, яна иккита “Дамас”, давлат рақами Тошкент шаҳриники… одамлар ҳам нотанишдек. Ҳайдовчининг машинани ўта эҳтиёткорлик билан бошқаришига қараганда бундай қўрқинчли ва хавфли йўллардан биринчи бор юриши…
— Термиздан, ҳамкасбларингизми дейман, — сўради йўлдошларимиздан бири.
— Воҳаликлар бу йўлларда қалтираб, машинани тошбақа юриш қилиб ҳайдашмайди. Булар пойтахтдан, меҳмон бўлишса керак. Йўлида кетаверишсин-чи, барибир билиб оламиз, — дедим ишонч билан. Меҳмонлар сувтегирмонда майингина қилиб тортилган ундан тандирда ҳозиргина ёпилган иссиқ нонлардан харид қилишиб, дарёнинг муздек сувига ботириб тановул қилган бўлишди. Ярим соатлардан ўтиб биз ҳам дара бўйлаб йўлимизни давом эттирдик.
Сиртдан қараганда, уста-ҳунарманд ҳозиргина баҳайбат толкосани тарашлаб тўнкариб қўйгандек. Ана шу тепаликни маҳаллий аҳоли Косатарош, деб атайди. Кунботар тарафи беш юз метрлик тик қоя Мачай дарёсини ва дарасини янада ваҳимали ҳамда ғоят мўъжизали қилиб кўрсатади. Ҳа, мўъжизанинг ўзи! Косатарош тепалиги, тик қоя тагида бир отар қўй қўтонлайдиган камарлар бор. Бугун бу камарлар саёҳатчилар ва зиёратчилар хизматида. Биз дарё бўйлаб “Хўжамайхона” зиёратгоҳи ва дам олиш масканларидан ўтиб, камарларга етганимизда бояги нотаниш кишилар бири камера, бири сепоя, бири сунъий ёритгич кўтарганча, ўзаро ниманидир астойдил муҳокама қилишаётгандек кўринди. Биз танишиш мақсадида хизмат машиналари ёнига бориб тўхтадик. Шу пайт калта бўйлик, қуёшда қорайган, латта қалпоқ кийиб олган киши жиғибийрон бўлиб, бизни огоҳлантира бошлади. “Ока, бетта туриш, тўхташ мумкинмас. Съёмка кетвотти, ҳозир бошлавоммиз”. Ўзимни таништириб, бизнинг ҳам вақтимиз йўқлигини айтдим. Ҳалиги йигит жуда дилкаш инсон экан. Бир пастда ҳамма гапнинг тагига етдик.
— Сизларни шу ерда дам олишга келганлардан бўлса керак, деб ўйлабман, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир кинорежиссёр Фарҳод Худойбердиев. — Таниқли ёзувчимиз Назар Эшонқул асари асосида “Сунбула ёхуд суст хотин” номли тўлиқ метражли бадиий фильмни суратга олаяпмиз. Бу киноасарда бошдан оёқ қишлоқ одамлари ҳаёти тасвирланади. Турли саҳналар олинадиган жойлар табиати ва хусусиятини обдон ўргандик. Бугун каттагина саҳна мана шу машиналар ёнидаги камарда суратга олиниши керак. Дарага атиги бир кунда ярим соатдан кўпроқ қуёш нури тушаркан, холос. Биз шунга улгуришимиз керак, — деди сонияларни қизғанаётган бош режиссёр.
Ижодий жамоа зумда ўз ўрнини эгаллаб, ишга киришиб кетди. Операторлар, актёрлар, чироқ усталари бош режиссёрнинг ишорасини кутмоқда. Қуёш нурининг дарага тўлиқ тушишига ўн дақиқача қолган. Биз ҳам суратга олиш майдонидан анча узоқроққа кетдик. Суҳбатни бўлажак картина директори Мирсолиқ Азизов билан давом эттирдик.
— Бу фильм Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси буюртмасига асосан “Ўзбеккино” агентлиги томонидан суратга олинмоқда. Сценарий ижодий жамоага маъқул келди. Уни асар муаллифининг ўзи ёзган. Саҳналаштирувчи режиссёр Ҳуснора Розиматова, бош оператор Элмурод Йўлдошев, саҳналаштирувчи рассом Жамшид Валиев, асардаги бош ролни Ўзбекистон халқ артисти Карим Мирходиев ижро этмоқда. “Сунбула ёхуд суст хотин” бадиий фильмини суратга олиш учун бежиз Бойсун тумани манзаралари ва шарқироқ дарё оқиб ўтаётган Мачай дараси танланмади. Бу ерда ҳамма нарса табиий ва бетакрор. Бундай табиат манзаралари бошқа жойларда кам учрайди. Энг муҳими, булар асардаги воқеалар жараёнига, персонажлар руҳиятига, миллий колоритетга жуда-жуда мос келади. Ноёб манзара ва жуғрофик мувофиқлик кино мазмун-моҳиятини бойитади, деб ўйлайман. Суратга олиш жараёнлари тугагунча ижодий жамоамиз билан Бойсун туманида бўламиз. Тўғриси, бу жойлар жамоамизга ёқиб қолди.
Суҳбат шу ерга етганда картина директорини кимдир йўқлаб қолди. Биз эса ижодий жамоанинг ишларига ривож ва омад тилаб янги бадиий фильм премьерасида учрашгунча, дея хайрлашиб йўлимизда давом этдик…
Сафар ОМОН,
“Hurriyat” мухбири
СУРАТЛАРДА: (чапдан ўнгга) картина директори М.Азизов, камина, саҳналаштирувчи режиссёр Ҳуснора Розиматова, бош режиссёр Фарҳод Худойбердиев ва суратга олиш жараёнларидан лавҳалар.