Қишнинг чилласига қарамай…
Шўрчи туманида йил бўйи ер билан тиллашиб, деҳқончилик туфайли фаровон ҳаёт кечираётган оилалар талайгина. Туманнинг “Кушон” маҳалласи аҳли қулупнай етиштириш борасида катта тажриба тўплаган.
— Томорқаларида иссиқхона қуриб, қулупнай етиштираётган ҳар бир хонадон йилига 60-70 миллион сўмдан даромад олишяпти, – дейди “Кушон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Абдуалим Қудратов. — Иссиқхона қуриш учун банкдан олинган 32-35 миллион сўмлик кредитни уддабурон деҳқонларимиз бир йилда қоплаш билан бирга, ўзлари ҳам яхшигина манфаатдор бўлишмоқда.
Дарҳақиқат, қишнинг чилласига қарамай, аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қулупнай ҳосили туман ва вилоят бозорлари пештахталарини безаб турибди. Бозорда қулупнайнинг килоси 80-100 минг сўмдан сотиляпти. Бу қаерда етиштирилган деб сўрасангиз, сотувчилар бир овоздан “Шўрчининг Қулупнай маҳалласида” дейишади.
— Иссиқхонада оила аъзоларимиз билан меҳнат қиламиз, – дейди “Кушон” маҳалласида истиқомат қилувчи Муслима Раҳимова. — Қулупнай кўчати тўрт йилгача ҳосил беради, бундан ташқари, ҳар бир тупидан юзтагача янги кўчат олиш мумкин. Яна бир гап, деҳқончиликда бу бўлди, мен қолдим, деб ҳасад билан эмас, ҳавас ва ихлос билан ишлаш керак, шундагина ҳосилга барака, хонадонингизда файз бўлади. Қулупнай кўчатига эҳтиёж катта бўлганлиги сабабли бу ҳам яхшигина фойда келтиради. Хуллас, йил давомида фойдали меҳнат билан банд бўлишдан ташқари, оила бюджетимизга узлуксиз қўшимча даромад келиб туради. Шунинг устидан маҳалладошларимиз уйлар қуриб, тўйлар қилишяпти.
Сўнгги йилларда маҳаллада етиштирилган ҳосилнинг ички бозордан ортганини хорижга экпорт қилиш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сафар ОМОН,
“Hurriyat” мухбири.
СУРАТЛАРДА: шўрчилик қулупнайчилар
фаолиятидан лавҳалар.