Шерободлик оила туя боқмоқда

Ҳилол энам (бобомнинг оналари) юз ёшларида ҳам эчкининг қилидан арқон, отга айил, юган, нўхта, ўтовга бағиш, қора уй керагаси, чамбарак ва увуқни боғловчи тизмалар, боғичлар қилардилар. Падари бузрукворимиз: “Мома, сизга нима етмайди? Қўни-қўшни уят қилишади, бу ишларни йиғиштиринг”, дея қайта-қайта зорланардилар. Ҳилол энамиз: “Бекорчидан худо безор, ҳали озгина дармоним бор, ўзимни ўзим овутаман, болам. Улим ясаган оқ ўтовни биров сўраб келса, бу тўқиганларим бир банданинг камига асқотади”, дердилар.

Келинлари, набира, чевара қизларини койирдилар: “Нон пиширдим, сигир соғдим, деб ўтираверасанларми? Қанор-қанор жун, тивит увол бўлаяпти. Уни титиб, йигириб, қоли, ғажари, қоқма, шол гилам қилсанглар, ули-қизларингнинг себини безайди. Ҳадемай қиш келади: болаларингга, эрларингга жундан нимча, чакмон, пайтава, қўлқоп қилиб беринг­лар, ўриснинг дўконидан бир пулга арзимайдиган калта кийим-кечакни сотиб олгунча. Бекнинг арки, беканинг сарфи, деган гапни ота-эналаринг ёшликда қулоқларингга қуймаганми?!” Шундан сўнг гурунгчи қиз-жувонлар қошларини чимирганча уй-уйига равона бўларди.

Бугун-чи, бугун кўпгина оилаларда беш-олти жон бўлса-да, эркакнинг топганига қараб ўтиришади. Гўёки рўзғор юмушларини бажариб, болаларни овқатлантириш, уст-бошига қараш билан уй бекаси кун-ой ўтганини билмай қолармиш. Бугун мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқларида қандай юмуш бажариши, касбидан қатъи назар, эр оиланинг ҳар томонлама таъминотини расамадлаши керак, деган ақида билан яшаётган аёлларимиз, келинларимиз ҳам кўплаб топилади. Аммо юқоридагидек муҳитда улғайиб, тарбия олганлар жуда кам қолган бўлса-да, бор. Ана шулардан бири Шеробод туманининг “Гулчинор” (собиқ Усмон Юсупов номли давлат хўжалиги) маҳалласида истиқомат қилаётган Наргиза Абдурайимовадир.

Бундан ўн йил илгари оиласи ва болаларининг келажагини ўйлаб, ўзича режа тузиб, турмуш ўртоғи Нормурод Ниёзовга маслаҳат сола бошлади: “Иккаламизнинг ҳам муқим касбимиз йўқ. Мавсумий ишлаб косамиз оқармайди. Рўзғорни, уч боланинг эртасини ўйлашимиз керак”. Турмуш ўртоғи розилик билдирди. Шундан сўнг сўради, суриштирди, билмаганини билди, ўрганди. Ҳисоб-китобига ишонч ҳосил қилгач, 2016 йил банкнинг 7 миллион сўм кредити эвазига туя сотиб олди. Шу тариқа “Гулчинор” маҳалласида уй шароитида оилавий туя­чилик хўжалигини ташкил этди.

— Туя ҳам хазинанинг бири экан, ҳаракат қилсангиз, баракатни аямайди, — дейди Наргиза опа. — Ҳозир олтита туяни соғамиз. Жониворларга яхши қаралса, кунига 10-12 литргача сут беради. Жуда зарурат туғилганда кунига тўрт маҳал соққан кунларимиз ҳам бўлди. Элчилик-да, талабгорлар кўп, раъйини қайтаролмайсиз.

— Бугун Президентимиз оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганлари ҳам бежиз эмас. Аҳоли бандлиги таъминланишидан ташқари, турмуш шароити яхшиланади, бозорларимиз обод бўлади, — дея фикрларини билдирди “Гулчинор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматулла Рўзиев. — Маҳалламиздаги 984 та оилада 3823 нафар аҳоли умргузаронлик қилади. Қанийди, Ниёзовлардек меҳнаткаш оилавий тадбиркорлар янада кўпайса! Маҳалламиз фаоллари билан биргаликда бу борада доимий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз.

Дарвоқе, мутахассисларнинг фик­рича, туя сути таркибида ноёб дармондорилар бўлиб, жигар, ошқозон, ўпка, ўн икки бармоқли ичак, ўт, қанд касаллигидан шифо топишга ёрдам беради. Бу жониворларнинг жуни, тивити жуда ноёб бўлиб, нафис матолар тикилади. Ҳар биридан 4-5 килогача жун қирқиб олинади. Оилавий тадбиркор — Наргиза Абдурайимова туя­дан келажакда гўшт, айрон етиштиришни йўлга қўйиш ниятида. Муҳими, туя­лар алоҳида парвариш талаб қилмайди, жуда чидамли ва бардош­­ли, унга қирлар ҳамда янтоқ бўлса бас.

— Одамлар ишонган, наф кўрган нарсасига интилади. Айниқса, хонадонимиздан ёш болали оилаларнинг кети узилмайди. Болалардаги томоқ оғриғи, йўтал, сурункали шамоллашга қарши туя сутидан икки кунда бир пиёла ичирилса, кўрмагандай бўлиб кетади. Бунинг фойдасини кўпчилик яхши билиб қолди-да, — деди Наргиза опа.

Ишонаверинг, қилинган харажатдан ташқари, Нормурод Ниёзов ва Наргиза Абдурайимова оиласи ўртача туячиликдан ойига ўн миллион сўмгача даромад топаётган экан. Шунинг эвазига хонадони бут, дастурхони обод, эл ҳам, юрт ҳам манфаатдор. Ана энди туяни минган узоқни кўзлайди, бекнинг аркидан беканинг сарфи афзал, деган машойихлар ҳикматини тушунгандирсиз…

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − four =