Бу ҳали бошланиши

Воҳанинг энг кенжа тумани бўлмиш Бандихонда шу пайтгача бирорта ҳам саноат корхонаси йўқ эди. Ниҳоят, тумандаги “Чинор” маҳалласида янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди.

“Бандихон агрокластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 26 миллиард сўм, завод энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, 150 та янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, туман далаларида етиштириладиган пахта ҳосили шу ернинг ўзида қайта ишланади. Бу кластер учун ҳам, деҳқонлар учун ҳам маҳсулот таннархининг арзонлашувидан ташқари, реал даромаднинг барқарор ошишига олиб келади.

Ҳали бу бошланиши, юқоридаги лойиҳанинг давоми сифатида шу ернинг ўзида пахта ва сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқарувчи каттагина корхона бунёд этилади. Бунинг натижасида 450 нафар бандихонлик ёшлар фойдали меҳнат билан банд бўлишади. Яна бир муҳим жиҳати, тикувчилик фабрикаси биноси қурилиши ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Яқинда янги заводнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилиб, туман фаоллари, вилоятдан келган мутасаддиларга бирин-кетин саноат корхоналарининг ишга туширилиши туманнинг иқтисодий ривожланиши, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятининг ошишида муҳим омил бўлиши ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигига, ёшлар бандлигини таъминлашга замин яратади. Туман ҳокими Абдумалик Алламуродов ло­йиҳа ташаббускорларига, муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик изҳор этди. Ип-калава, тикувчилик фабрикалари ҳам келгуси пахта терими мавсумигача ишга туширилишига умид билдирди.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 4 =