Маънавият чироғи ҳеч қачон ўчмасин!

Абдирасул ЖУМАҚУЛ,

“Hurriyat” газетаси

бош муҳаррири

Шу йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлиси, шак-шубҳасиз, тарихий анжуман бўлди. Негаки, унда Давлатимиз раҳбарининг куйинчаклик билан сўзлаган нутқи нафақат зиёлиларни, балки уйғоқ қалбли ҳар бир юртдошимизни тўлқинлантириб юборди, илҳом ва маънавий жўшқинлик бахш этди, десак хато бўлмайди.

Албатта, юртимизда кейинги йил­ларда маънавий-маърифий соҳаларда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Ижод аҳли, маънавият аҳли ҳар томонлама қўллаб-қув­ватланмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, юртимизда 2023 йилда биргина маданият ва санъат соҳасига 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани ва бу 2017 йилга нисбатан таққосланганда беш баробардан ортиқ эканлиги бежиз эмас.

Ўйлаб кўринг, маънавият ва маърифат соҳасига нега бу қадар катта ­эътибор қаратилмоқда? Нега илм-фанга, таълимга, миллий ўзлигимиз ойдинлари бўлган жадид боболаримиз қолдирган маънавий меросни ўқиб-ўрганишга даъват қилинмоқда?

Чунки “Маънавиятсизлик ва ғоясизлик ҳар қандай жамиятни таназзул сари етаклаши, дав­лат сиёсати ва бошқарувини кучсиз­лантириши, коррупция, жиноятчилик ва ахлоқсизлик каби иллатларнинг илдиз отишига сабаб бўлиши билан боғлиқ мисолларни инсоният тарихидан кўплаб келтириш мум­кин”, деб ёзган эди Президентимиз ўзининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт ­стратегияси” китобида.

Дарҳақиқат, одам боласи қанча умр кўрса ҳам, қанчалик моддий томондан тўкис бўлса-да, маънавий дунёси камбағал, маърифатдан йироқ бўлса, буларнинг бари бекор, барча саъй-ҳаракатлари бесамар бўлади, алалоқибат ҳеч нарсага арзимайди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг тарихий нутқида дастлаб бугун дунёда кечаётган таҳликали вазият­ларга эътибор қаратар экан, энг аввало, юртимиз мустақиллигини, ҳур ва озодлигини асраш, ҳар бир ватандошимизнинг турли бузғунчи, чалғитувчи ғоялардан огоҳ бўлиши лозимлигини бежиз бот-бот таъкидлаб ўтмади. Боиси, сўнгги вақтларда дунёда нафақат қирғинбарот урушлар, хунрезликлар, вайронагарчиликлар билан бир қаторда, борган сари мафкуравий курашлар, таҳдидлар ҳам авж олиб бормоқда. Хусусан, ўзини “сиёсатдон” деб билгувчи айрим қудратли давлатларнинг вакиллари ҳатто тажовузкорона фикрлар билдираётгани ташвишлидир.

Янги йилнинг биринчи санасидан бошлаб юртимизда “Жадид” номли газета чиқа бошлайди. Демак, юрт қайғуси билан жонларини фидо қилган маърифатпарвар, элпарвар боболаримизнинг асарларини, буюк меросини ўқиб-ўрганиш, тарғибот-ташвиқот қилиш йўлида катта бир минбарга асос солинди.

Юқоридаги ҳолатлар ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев сўз юритар экан, бундай маккорона чиқишларга юртимиз зиёлиларининг ўз вақтида муносиб жавоб қайтара олиши, ғоявий-мафкуравий соҳада халқимизнинг илғор фикрли қатлами рақобатга тайёрми, ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими, деган ҳақли саволларни ўртага ташлади.

Дарҳақиқат, бугун ижтимоий тармоқларни, турфа хил интернет нашрларини кузатадиган бўлсак, уларда бузғунчиликка, қўпорувчиликка даъват этаётган ёки миллий қадриятларимизга зид бўлган айрим фикрларни ўртага ташлаётганлар ҳам йўқ эмас. Ўзини “сиёсатдон” деб билгувчи баъзи бир хорижий юртлардаги айрим кимсалар эса ҳатто зўравонликни, юрт дахлсизлигига, ҳурлигига рахна солувчи баёнотларни ҳам очиқдан-очиқ билдиришдан қайт­маётганига гувоҳ бўл­япмиз. Афсуски, ана шундай ғаразли фикрларга кескин ва муносиб жавоб қайтаришга негадир халқимизнинг энг зиёли қатлами ҳисобланмиш ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, ОАВ вакиллари ўз вақтида муносабат билдиряпти, деб бўлмайди.

Халқимиз, барча катта-ю кичик ҳа­­ми­­ша огоҳ бўлиши лозим. Президентимиз жадидларимиз ме­ро­­­сини чуқур ўқиб-ўрганишга, буюк боболаримизнинг жасоратини қалб­­­­­­­ларга сингдиришга қилаётган даъватлари бежиз эмас. Нега узоқ йиллар давомида ҳатто номлари ҳам айтилмай келган миллат ойдинлари бўйича Ўзбекистонда халқаро конференциялар ташкил этилди? Чунки тарихимизнинг сўнгги юз йилдан ортиқроқ даврида миллатимизнинг буюк армони бўлиб келган бугунги истиқлол орзуси дастлаб мана шу жадидлар кўксида ниш отган, улар она Ватанимиз орзу-армонлари билан майдонга чиққан эди. Шу боис, улар биринчи бўлиб юртимизда мактаблар очди, биринчи бўлиб замонавий олий мактаб ғоясини илгари сурди. Ўнлаб ширкатлар, жамиятлар ташкил қилиб, улар кўмагида қанчадан-қанча ёшларни Оврупо мамлакатларига ўқишга юборишга эришди. Театр ва санъатни қўллаб-қувватлади, янги газета ва журналлар ташкил қилди. Мактаблар учун дарсликлар ёзишди. Бир сўз билан айтганда, халқни ойдинлик сари, мустақиллик сари бошлади. Сабаби диний ва дунёвий билимга эга бўлмаган миллатнинг эртаси йўқлигини, эрки омонат бўлишини жадидлар жуда яхши билар эди. “Миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди”, деб ёзган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий.

Жадидлар бу қутлуғ йўлда халқимиз онгу тафаккурини янада ошириш, чархлаш учун ўша вақтларда “Ойина”, “Вақт”, “Хуршид”, “Нажот”, “Инқилоб”, “Туркистон”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Ҳуррият”, “Ойдин”, “Садои Туркистон” каби ўнлаб газета ва журналлар ташкил қилди. Уларга биринчи навбатда юксак тафаккур, юрт озодлиги, ҳурлиги, халқнинг маърифатини ўстириш ғояси сингдирилган эди. Бежиз атоқли адиб Абдулҳамид Чўлпон “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғулғонсен!”, дея жасорат билан майдонга чиқмаган!

Янги йилнинг биринчи санасидан бошлаб юртимизда “Жадид” номли газета чиқа бошлайди. Демак, юрт қайғуси билан жонларини фидо қилган маърифатпарвар, элпарвар боболаримизнинг асарларини, буюк меросини ўқиб-ўрганиш, тарғибот-ташвиқот қилиш йўлида катта бир минбарга асос солинди.

“Бугун маънавият бошқа соҳа­лардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деди Давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда мен ҳам қатнашиб, ҳаяжонимни яширолмай, икки оғиз фикр айтишга ўзимда куч топа олдим. Бу кучни менга Президентимизнинг “Кимнинг қандай фикри бўлса, саволи бўлса, тортинмасдан гапирсин”, деган таклифи берди. Аммо давлатимиз раҳбарининг ёнида туриб, мамлакатимизнинг кўплаб раҳбарлари, зиёлилари олдида ҳаяжонланмасдан гапиришнинг ўзи қийин экан. Очиғи, айтмоқчи бўлган гапларимнинг кўпини айта олмадим. Лекин айрим хусусий нашриётлар фақат пул учун сифатсиз ва бадиий жиҳатдан жуда бўш китобларни чоп этаётгани, мамлакатимизда Янги Ўзбекистон ғояси, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек улкан ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёритиб бораётган 20 га яқин марказий нашрларнинг обунаси қийин кечаётгани, бунинг оқибатида не-не машаққатлар билан чоп этилаётган ана шу газета ва журналлардан халқимизнинг барча қатлами ҳам баҳраманд бўла олмаётганини зўрға айта олдим.

Аммо мен ишонаман, кейинги 6-7 йил давомида жонажон Ўзбекистонимизда рўёбга чиқарилаётган улкан натижалар, ишлар, янгиликлар олдида камина ўртага ташлаган масалаларнинг ижобий ҳал бўлиши ҳеч гап эмас. Мен Президентимизга ана шу фикримни катта йиғилишда ўзим хоҳлагандек айта олмадим. Аммо ана шундай улуғ минбар орқали дилимдагиларни баён этаётганимдан бахтиёрман.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг

 2023 йил 29 декабрь сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 12 =