ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ: АНЪАНАЛАР ВА УРФ-ОДАТЛАР

Янги йил байрами турли халқларда ҳар хил вақтда нишонланишидан қатъи назар, мунтазам равишда ўтказиладиган, муайян астрономик ритм­­да Ернинг қуёш атрофида бир марта тўлиқ айланиши, тўрт фасл яна такрорланиши билан боғлиқ жараён. Бир йилда Ер қуёш атрофида 940 миллион километр йўлни босиб ўтади (Бу секундига 40 км демакдир). Ер қуёш атрофини 365 кун 5 соат 48 дақиқа, 46 сонияда айланиб чиқади. Демак, коинот ва табиат бир марта тўлиқ айланиб чиқишини нишонлайдиган сана бу – Янги йил байрамиди р.

Маълумки, Рим императори Юлий Цезарь милоддан аввалги 46-йилда мисрликлар тажрибаси асосида янги Юлиан календарини яратган. Бу календарга қуёшнинг “туғилиши”, куннинг узая бош­лаши, қуёшнинг қиш буржидан чиқиб янги буржга кириши асос қилиб олинган. Бироқ Рим консуллари жойларга бориб, 1 январдан иш бошлаши учун бу сана янги йил боши деб қабул қилинган.

1582 йилда Рим папаси Григорий календарни ислоҳ қилади. Чунки Юлиан календарида ҳар 128 йилда 1 кеча-кундуз йиғилиб, бу 10 кунни  ташкил этадиган эди. Григорий календарни 10 кун олдинга суради. Шундан кейин турли мамлакатларда аста-секин Григорян календарига ўта бошланади. Ҳозирги давр­­да у дунё бўйича қабул қилинган календарь ҳисобланади.

Дунёда янги йилнинг кириши 1 январь деб қабул қилинган бўлса-да, бироқ уни кутиб олиш турли мамлакатларда ҳар хил вақтга тўғри келади. Масалан, Эфиопияда янги йил сентябрнинг ўртасида байрам қилинади. Индонезиянинг баъзи оролларида янги йил байрами 10 кун давом этади ва ҳар йили турли ойларда нишонланади. Ҳатто баъзи бир мамлакатларнинг ўзида янги йил турли ойларда нишонланади. Масалан, Ҳиндис­тоннинг жанубида янги йил март ойи­­да, шимолида апрель ойида, Ғарбида октябрь ойида, Керала штатида эса гоҳ июль, гоҳ августда кутилади. Кўпгина шарқ халқларида баҳорнинг кириб келиш вақти — Наврўз 21 мартда байрам қилинган, у ҳозир ҳам йил боши ҳисоб­ланади.

Кунчиқар мамлакат – Японияда янги йил куни ярим тунда қўнғироқдан 108 марта зарб берилади. 100 ва 8 рақами Японияда бахтли ҳисобланади. Барча шаҳар ва қишлоқларда аҳоли 1 январь куни тонг отишини кўриш учун кўчаларга чиқади. Янги йил қуёш чиқиши билан кутиб олинади. Қуёшнинг биринчи нурлари ерга етганда японлар бир-бирларини янги йил билан табриклаб, ўзаро совға алмашадилар. Кечгача кўчалар одамлар билан гавжум бўлиб, қўшиқлар, турли ўйинлар ва бошқа томошалар уюштирилади. Кечки пайт японлар уй-уйларига қайтадилар ва ўз оилалари даврасида байрамни давом эттирадилар. Байрам бутун январь ойида давом этади. Янги йил японлар учун фақат байрам бўлибгина қолмай, балки туғилган кун ҳам ҳисобланади. Янги йил арафасида идиш­ларга тоза сув тўлдирилади. Бамбук ва қарағай новдалари осиб қўйилади, гуручли шўрва, сельд балиғидан тайёрланган таомлар тортилади.

Кубада ярим тунга яқин кўзалар сувга тўлдирилади. Соат миллари 12ни кўрсатгач, сув ерга тўкиб ташланади. Бу эски йил бахт олиб келганлигини ҳамда янги йил ҳам сувдай тиниқ ва тоза бўлиши лозимлиги маъносини англатади. Ҳар бир кубалик 12 донадан узум ейиши шарт, бу йил бўйи бахтиёр бўлайлик, деган маънони англатади.

Шотландияда янги йил куни истаган киши хоҳлаган хонадонга меҳмонга кириши мумкин. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса – меҳмоннинг қўлида бир бўлак кўмир бўлиши керак. Меҳмон уйга киргач, кўмирни оловга ташлайди, бу билан у, бу хонадонда узоқ вақт олов ўчмаслигининг тарафдори эканини билдиради.

Корея қишлоқларида янги йил киргандан сўнг кўчаларда оммавий сайил бош­ланиб, қизлар ўртасида баландликка сак­раш бўйича мусобақа ўтказилади.

Руминияда янги йил дастурхонига варақилар пишириб қўйилади. Одатга кўра, унинг ичига танга, узук, митти чинни, қўғирчоқ ва қалампирга ўхшаш нарса солинади. Уни еган одам ўзининг “бахт” ва “иқбол”ини синайди. Варақидан гармдори чиқиши омадсизлик ҳисоб­ланар экан.

Венгрияда янги йил дастурхонига парранда гўшти қўйилмайди, чунки парранда учади, оилада шу куни парранда гўшти ейиш баракани, бахтни учирар эмиш.

Гвинеяда янги йилнинг биринчи куни кўчаларда филларни етаклаб юриш одати бор.

Кенияда одамлар янги йилда сувда чўмилади, қайиқда сайр этиб, хурсандчилик қилади.

Суданда янги йил куни одамлар бир-бирларига ёнғоқ ҳадя этади, бу — йил давомида бахт сизга ҳамроҳ бўлсин, дегани бўлар экан.

Хитойда эса, янги йил қадимдан “Ой календари” бўйича январь охири, февраль бошида нишонланади. Шу куни эски удумларга асосан кишилар бир-бирига пул солинган қизил конверт совға қилади. Янги йилда “Йўлбарс” маросим рақси жуда тантанали ва узоқ давом этади.

Ирландияда янги йил кириб келиши олдидан кечга яқин барча хонадонлар эшиги очилади ва истаган киши исталган уйга меҳмон бўлиб кириши мумкин. Шу кеча соат 11:30 да улар ўз шаҳарларининг марказий хиёбонларига йиғилиб, қўшиқлар айтади, ўйнайди ва сайр қилади.

Мўғулистонда янги йил чорвадорлик байрами билан бирга кириб келади. Улар байрамда қўй гўшти пиширишади, чучвара тайёрлашади, таомилга кўра, ким кўп овқат еса, узоқ умр кўради, деб ҳисобланади. Байрамда чаққонлик ва ботирлик мусобақалари ўтказилади.

Болгарияда эса, одамлар байрам дас­турхонлари атрофида йиғилганида уч дақиқа чироқ ўчириб қўйилади. Бу дақиқаларда барча янги йил ниятларини “кўнгилга тугади”.

Россияда янги йилни 1 январда байрам сифатида нишонлаш илк бор Пётр I томонидан 1699 йилда жорий этилган. У янги йилни “Лотин одати бўйича” кутиш ҳақида махсус фармон чиқариб, одамларни 1 январь кирар кечаси гулханлар ёқиш, уйни яшил ўсимликлар (арча) билан безаш, янги йил билан бир-бирини табриклашга даъват этган. Шундай қилиб, Россияда 1700 йилдан бошлаб 1 январь янги йил байрами сифатида нишонлана бошланган.

Қадимги Францияда янги йил то 755 йилгача 25 декабрдан, кейинроқ 1 мартдан бошланган. 1564 йилга келиб эса, бу байрам қирол Карл IXнинг буйруғи билан 1 январга кўчирилган.

Янги йилнинг кутиб олиниши турли халқларда турлича одатлар ва иримлар билан боғлиқ. Масалан, итальянлар янги йил байрамида эски дазмол ва стулларни деразаларидан улоқтиришади.

Панамаликлар имкон қадар баланд овозда шовқин солишади. Масалан, бақиришади, ҳуштак чалишади, машиналарда сигнал беришади ва ҳоказо.

Вьетнамда бу байрам янада қизиқарли кечади — маҳаллий аҳолининг қадимий ақидаларига кўра, Янги йил карп балиғи елкасига мингашганча сузиб келар эмиш. Шу сабабли вьетнамлик­лар ҳар Янги йил арафасида тирик карп сотиб олиб, байрам куни уни ҳовуз ёки дарёга қўйиб юборишади. Байрам рамзи ҳам арча эмас, балки гуллаётган шафтоли новдаси бўлиб, кишилар шундай новдаларни ўз уйларига илиб қў­йишади, бир-бирларига совға қилишади.

Янги йилни янги кийимларда кутиб олиш, муздан ҳайкал ва қасрлар қуриш анъанаси Япониядан бошланган. Кунчиқар юрт вакиллари бу байрам арафасида хаскаш сотиб олишади. Чунки айни хаскаш кириб келаётган йилда хонадонга фаровонлик олиб келар эмиш.

Англияда Янги йил кириб келадиган пайти — қоқ ярим тунда соат бонг уриши билан қилинадиган амаллар бор. Соатнинг биринчи бонгида инглизлар ўз уйларининг орқа эшикларини очиб, эски йилни “кузатиб қўйишади”. Ўн иккинчи бонг янграши билан уйнинг олд эшикларини очиб, Янги йилни кутиб олишади.

Сайёрамизнинг жанубий ярим шаридаги кўпгина мамлакатларда Янги йилда арча эмас, балки эвкалипт дарахтларини безатишади. Ахир, бу пайтда у ерларда жазирама ёзнинг қоқ ўртаси бўлади-да!

Грецияда хонадон бошлиғи Янги йил тунида кўчадан туриб, ўз уйи деворига анор мевасини улоқтиради. У деворга текканида ёрилиб, доналари қанчалик кўп ва узоққа сачраса, келаётган йил шунча омадли бўлишига ишонишади.

Мухтасар айтганда, ҳаммамиз орзиқиб кутадиган, зўр шодиёналар билан нишонлайдиган байрамлар орасида Янги йилнинг ўрни беқиёс. Бу байрам катта-ю кичикка — барчага бирдай қувонч бағишлайди.

Суюндик МАМИРОВ тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 13 =