Бобуршуносликдаги йирик ютуқ

Шокирхон Рустамхўжаев томонидан тайёрланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” китоби шаҳаншоҳ Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақидаги қомусий, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар тўпламидан иборат бўлиб, бу беш жилдликда жаҳон бобуршунослигида эришилган ютуқлар жамланган.

Сермаҳсул ва зукко шарқшунос олим Ш.Рустамхўжаев 2000 йилдан бош­лаб Бобур асарлари библиографиясини тузишга киришди. Дастлаб бу олим Бобур халқаро жамоат фонди тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти музейи”даги темурийлар ва бобурийларга оид китоблар библиографиясини тузди. Сўнгра таниқли библиограф Зуҳра Бердиева билан ҳамкорликда Ватанимиздаги темурийлар ва бобурийлар ҳақидаги асарлар библиографиясини тайёрлаб, нашр этди.

Ва ниҳоят, РФ Фанлар Академияси тилшунослик институтининг етук туркшунос олимаси А.В.Дибо раҳбарлигида ҳамда “Санъат, фан ва спорт” хайрия фонди ва Бобур номли Халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида жаҳон бобурийларига доир “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография. Москва, Изд. Вост. лит-ры, 2016, 1083 стр” номли асар ҳам Ш.Рустамхўжаев меҳнатининг натижаси ўлароқ, дунё юзини кўрди.

Ушбу “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар тўплами”нинг тузувчи-муаллифи ҳам толмас тадқиқотчи Ш.Рустамхўжаев бўлди. Мазкур мажмуани қўлга олган киши уни варақлаб, бирдан шошиб қолади. Чунки бир шахс, бир шаҳар… номи қаторасига бир неча тилларда қаторлашиб келаверади. Ҳар бир мақола сўнгига аҳамият берган кишигина бу “сир”ни англаб етади. Бир манба ҳақида ўндан зиёд мақола берилган; ҳатто китоб номлари ҳам бир хил… Бироқ нашр йиллари ва жойи билан фарқ қилади. Мазмун ва ҳажмларидаги тафовут аниқ кўзга ташланади.

Бу “сир” шундан иборатки, шу шахс, шу шаҳар ёки давлат ҳақидаги маълумотлар хронологик тадрижий равишда берилаверади. Чунончи, “Россия, 1903” қомусида у ёки бу шаҳар ҳақидаги маълумот “Бобурнома”даги маълумот билан чекланган бўлса… кейинги манбаларда бу маълумотлар бойиб, кенгая бош­лайди.

Чунки биргина Бобур ёки унга алоқадор кишилар ҳақидаги маълумотлар энциклопедия, китоб, журнал, газета, ўрта ва олий мактаб дарсликларининг турли нашрлари асосида такроран йилма-йил берилган…

Бу, демак: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар тўп­лами” ўзида бобуршуносликнинг илк намуналари, шаклланиши, тараққиёт босқичлари — тадрижий эволюциясини ўзида мужассамлаштиргандир.

Камина ушбу беш жилдлик китобни “Жаҳон бобуршунослиги қомуслари” деб атаган бўлардим. Зеро, бунда, асосан, Марказий Осиё жумҳуриятлари, Россия, Украина, Белоруссия, Озарбайжон, Япония, Миср, Эрон, Буюк Британия, Франция, Испания, АҚШ… ва қисман Ҳиндис­тон бобуршуносларининг мақолалари жамлангандир.

Тузувчи-муаллиф шарқшунос олим Ш.Рустамхўжаев жамлаган мақолаларни бор ҳолича кўчириб қўявермаган: ҳар бир мақоладаги сўз (имловий), тарихий санадаги ёки бошқа бирор илмий нуқсон ёки бошқача талқинга дуч келса, уларни ислоҳ қилиб, ҳақиқий илмий-истилоҳий ҳолати ҳақида тушунча бериб боради. Масалан, Ш.Рустамхўжаев манбадаги “Шоҳ Акбар 1598 йилда шаҳар қалъаси ичида Девони Авом мақбараси қаршисида масжид қурди” деган гапдаги “Девони Авом мақбараси” сўзларига қуйидагича изоҳ ва тузатишлар киритади: Манбада “Девони авом мақбараси” тарзида хато ёзилган. Зеро, у мақбара эмас, балки подшоҳнинг “Девони Ом” бўлиши зарур (Ш. Р.). (Мазкур тўплам, 3-жилд, 373-б.). Ёки манбадаги: “Қабр тошига Аллоҳнинг 99 хил сифати ўйиб ишланган” деган гапига тузувчи-муаллиф ҳошияда шундай изоҳ беради: “Манбадаги “Аллоҳнинг 99 сифати” тўғри эмас, балки Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда ёзилишича: “Аллоҳу таолонинг 99 гўзал исмлари. (Ш. Р.)” 3-жилд, 374-б.).

Умуман, мазкур тўпламда бу каби изоҳлар икки мингга яқиндир.

Мазкур тўплам Бобур ва Бобурийларнинг кўпроқ Ҳиндистон ва Банғоладаги ҳаёт ва фаолиятлари ҳақида сиёсий, иқтисодий, этнографик, маънавий-маиший, санъат ва адабиёт, урф-одатлари хусусида ҳам ҳар томонлама тўла маълумотлар мукаммал ёритилган.

Ушбу китоблардан Шарқ мамлакатларидаги юзлаб таниқли кишилар ҳақида ҳатто биз билишни истаган, аммо форс манбаларида ҳам топилмайдиган маълумотлар ҳам учрайди. Чунончи, Султон Маҳмуд ва унинг севимли қули Абу Нажм Аёз ҳақида ўнлаб ривоят, ҳикоят, достонлар ёзилган. Бироқ Аёз фаолияти қаерларда бўлгани ҳақида шу давргача ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдик.

Ушбу жилдлардаги қуйидаги маълумот бизни ҳайратга солди: Боғлар шаҳри Лаҳўр азалдан гўзал боғлари билан машҳур. Шаҳарнинг дарё бўйига жойлашуви ҳукмдор ва гўзаллик ошиқларига, уларнинг эстетик дидларини рўёбга чиқариш имконини яратиб, тарихий манбалар мусулмонлар ҳукмрон бўлган даврларда 36 та, сикхлар даврида 23 та ва инглизлар даврида фақат 3 та боғ барпо этилган экан.

Тарихий манбаларда Маҳмуд Ғазнавийнинг содиқ қули, шаҳар ҳокими Аёз Маликнинг биринчи бўлиб боғ қурганидан дарак беради (Мазкур тўплам, 3-жилд, 372-б.)

Ёки: “Лаҳўр қалъаси. Тарихий ва меъморчилик нуқтаи назаридан қалъа жуда кўп воқеаларни бошдан кечирган ва деярли минг йиллик тарихга эга… Маҳмуд Ғазнавийнинг яқинларидан Аёз Малик шаҳарга ҳоким қилиб тайинлангач, у шаҳарни лойдан қайта қурган ва “Маҳмуд нур” деб атаган. (Мазкур тўплам, 3-жилд, 375-76 б.)

Тузувчи-муаллиф Ш.Рустамхўжаев Бобур ва бобурийларга бўлган улкан иштиёқи туфайли ушбу йирик сулола вакиллари, уларнинг ижоди, фаолияти, тузум ва удумлари, сиёсати ва ҳарбий ҳаракатлари, улар бунёд этган шаҳар ва меъморий обидалар, боғ-роғлар, оилавий муносабатларнинг икир-чикиригача маълумотлари акс этган ўзбек, туркман, ҳинд, инглиз, немис, француз, урду, форс, рус, татар, беларусь, украин, озарбайжон, турк, тожик ва араб тилларидаги қомус, тўплам, альбом, журнал, китоб ва газеталардаги материалларни синчиклаб, ушбу беш жилдлик китобга жамлаган.

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” китоби Бобур ва бобурийлар бўлган, қўлга киритган, қурган шаҳар ва боғ-роғлар ҳақида, ҳукмдорлар шахси ва мураккаб қисматлари, тантана ва таназзуллари, буюк ҳимматлилик ва тақдир ночорлиги… хуллас, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида турли-туман қарашдаги муаллифларнинг айтган, ёзган фикрлари, фактлари хазинасини ўзида жамлаган қомуслар қомусидан иборатдир.

Бу тўпламларга нисбатан ҳар қанча мақтов айтсак ҳам оз. Тўпловчимиз оддийгина йиғувчи эмас, у олимона заковат ва билимдонлик билан ўз вазифаси ижросига пухта киришган ва кутганидан ҳам каттароқ ютуқларга эришгани билан уни муборакбод этамиз.

Бобуршунослар бунга қадар мазкур маълумотлардан бир ҳовучгинасини Ўзбекистондаги нашрлар асосида билар эдик, холос… Энди бу йирик сулола фаолиятини жаҳон бобуршунослари кўрган-билганларигача бу йирик жилдлардан кузатиш имкониятига эгамиз.

Бундай ишларга танқидий нуқтаи назар билан ҳам қарамаслик керак, деб ўйлаймиз. Мазкур ишни муаллиф-тузувчимиз имкон қадар яхши бажарган. Унинг ўнга яқин тилларни яхши билиши, закоси ва толмас ғайратчанлигига қараб ҳавасимиз келади.

Хуллас, Шокирхон Рустамхўжаевнинг ушбу йирик хизмати адабиётшуносликка, хусусан, бобуршуносликка қўшилган йирик олимона ҳисса сифатида ҳар томонлама табриклашга арзийди.

Келгусида мазкур бой тўпламни катта ададларда чоп этиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб ва жаҳон афкор оммасига тарқатиш мақсадга мувофиқ иш бўлур эди.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган маданият ходими,

Халқаро Бобур мукофоти соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 11 =