Мамлакат имижининг жозибадорлиги нималарга боғлиқ?

Ҳар бир давлат истиқболини шу юртда яшаётган ёш авлоднинг билими, маънавий қиёфаси, юксак онг ва тафаккурига қараб белгилаш мумкин. Зеро, жамиятнинг маънавий пойдевори билимли ёшлар дунёқараши, изланишлари, қўлга киритган улкан муваффақиятлари билан янада мустаҳкам, эртанги куни эса янада ёруғ ва саодатли бўлади. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳам айнан ана шундай ёшлар таҳсил олаётгани, таълим билан бир қаторда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Бугун университетимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида олий таълимдан кейинги таълим институти талаб даражасида ташкил этилган. Бу борадаги фаолият айнан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига мувофиқ тартибга солинган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун дорилфунунимизда олий таълимдан кейинги таълим доирасида 55 нафар ёш тадқиқотчи журналис­тика таълими бўйича илмий изланишлар билан машғул. Улардан 7 нафари (2 нафари мус­тақил, 2 нафари эркин тадқиқотчи) докторантурада (DSc), 2 нафари стажёр-тадқиқотчилик институтида, 46 нафари (26 нафари мустақил, 3 нафари эркин тадқиқотчи) таянч докторантура босқичида ўз фаолиятларини олиб боришмоқда.

Тадқиқотчилар томонидан диссертация учун танланган мавзулар ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Жумладан, “Янги Ўзбекистон медиа муҳитида гендер тенглик масалаларининг долзарблашуви ва унинг ҳуқуқий механизмлари”, “Конвергенция жараёнида сўз эркинлиги принциплари ва механизмлари”, “Трансформация жараёнида таҳририятлар менежменти ва маркетингини олиб бориш масалалари”, “Рақамли коммуникациялар даврида онлайн ПР-стратегияларнинг самарадорлигини ўрганиш услуби ва аҳамияти”, “Радионутқ феномени: замонавий дискурсив амалиётлар”, “Сунъий интеллект ва виртуал реаллик: инновацион технологияларнинг ПР саноатига таъсирини ўрганиш”, “Журналистикада коллаборатив фаолият татбиғи ва имкониятлари (интернет-нашрлар мисолида)”, “Жамоат телевидениеси: концепция ва контент хусусиятлари (хорижий телеканаллар мисолида)”, “Таҳлилий теледастур бошловчисининг эфир олиб бориш тактикалари (“Таҳлилнома” ва “Янги Замон” дастури мисолида)” каби бир қатор долзарб мавзулар бугунги глобаллашув шароитида юртимиз оммавий ахборот воситалари учун янги медиа муҳит нафасини олиб киришига шубҳа йўқ.

Илмий изланишларнинг аҳамияти унинг амалиётга жорий этилиши билан белгиланиши ҳеч кимга сир эмас. Бу борада тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган илмий изланиш­лар ҳам беиз кетмаётир. Сабаби, ҳар бир тадқиқотчи ўз изланишларини параллел равишда амалиётда ҳам жорий этиб, унинг натижаларини таҳлилга тортиб боришади. Бу эса илмий ишнинг нафақат салмоғини, балки унинг фойдалилик коэффициентини ҳам оширади. Жумладан, соҳага алоқадор қуйидаги ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, шунинг­дек, барча босма нашрлар таҳририятлари ва онлайн медианинг деярли барча кўринишдаги таҳририятларида университетимиз тадқиқотчилари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар амалиётга жорий қилинади, унинг натижаси ҳақида мазкур ташкилотлардан фақат ва фақат ижобий хулосалар олиб келинмоқда.

Университетда “Устоз-шогирд” анъанаси ҳам тизимли тарзда йўлга қўйилганки, бу борада соҳанинг етук олимлари, профессор-устозлар яратиб келаётган илмий мактаблар журналистика илмининг янада бойишида, унинг ҳар томонлама ривожланишида ўз ҳиссасини қўшади. Жумладан, университет профессорлари Файзулла Мўминов, Мухтор Худойқулов, Шерзодхон Қудратхўжа, Назира Тошпўлатова, Наргис Қосимова каби устозларимиз яратган илмий мактаблар соҳага кириб келаётган бугунги авлод учун битмас-туганмас билим манбаи ҳисобланади.

Илмий лойиҳалар ва грантлар университет профессор-ўқитувчиларининг салоҳиятини, университетнинг халқаро доиралардаги имижини намоён этадиган фактор сифатида эътироф этилишини биласиз. Шу маънода бугунги кунга қадар университетда ҳам бир қатор илмий, инновацион ва амалий лойиҳалар муваффақиятли бажарилди. Ҳозирда университет профессор-ўқитувчилари томонидан 2023-2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа қиймати 1 миллиард 40 миллион 468 минг сўм бўлган “Кўзи ожизлар учун “Spelling audio dictionary” аудио қўлланмасини яратиш” устида иш олиб борилмоқда. Бунда соҳага доир сўзларни саралаш ва овозлаштириш орқали имконияти чекланган инсонлар учун долзарб қўлланма яратилади. Шунингдек, 2024-2026 йилларга мўлжалланган лойиҳа қиймати 826 миллион 438 минг сўм бўлган “Халқаро матбуот эркинлиги рейтингларида Ўзбекистон мавқе­йини кўтаришнинг миллий концепциясини яратиш” мавзусидаги лойиҳа-гранти ҳам университет профессор-ўқитувчилари томонидан ютиб олинди ва ҳозирда ушбу лойиҳа устидаги ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Университетнинг республика ва халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш борасида илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган профессор-ўқитувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, “Тўғон ва Қудрат Эрназаровлар номидаги жамоатчилик билан алоқалар” кафедраси, “Муқимжон Қирғизбоев номидаги сиёсий фанлар” кафедраси каби фахрий устозлар номларига кафедраларни номлаш анъанаси ҳам йўлга қўйилганки, бу ҳам ўқитувчиларнинг илмий изланишларида, дарс машғулотларини сидқидилдан адо этишларида ҳақиқий мотивация ҳисобланади.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, илм соҳасида ривожланиши бўлмаган юрт, давлат борки, таназзулга юз тутади. Шу маънода жаннатмонанд Ўзбекистонимиз ривожланиши, юқори тараққиёт сари бўй чўзишида ҳам, албатта, илмга қаратилаётган эътибор ва рағбатнинг муносиб ўрни бор. Зеро, ҳар қандай ривожланишга илм орқали қилинган инвестициягина мамлакат имижини жозибадор қилади, эртасининг бугунидан нурафшон бўлишига хизмат қилади. Бу борада Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида олий таълимдан кейинги таълим доирасида ташкил этилган бугунги шароит, муҳит, имконият, бир сўз билан айтганда, журналистик фаолиятнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатдан юксалишига беқиёс хизмат қилади.

Нозима МУРАТОВА,

филология фанлари доктори,

доцент,

Эргаш БОБОРАЖАБОВ,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =