Нопармон қандай ранг?

ёки Олтинсой тумани шевасига оид диалектал сўзлар
Ўзбек тили бошқа туркий тиллардан кўп шевалилиги билан фарқланади. Ўтган тарихий давр ичида ўзбек шевалари тўхтовсиз тараққий этди. Профессор В.В.Решетов ўзбек тили диалектал картасининг ранг-баранглигини унинг этногенезисидан қидириш лозимлигини уқтиради. Тарихимизга оид адабиётлар қадимда туркий уруғ ва қабилалар миқдори анча кўп бўлганлиги тўғрисида хабар беради. Улар ичида ўзбек тили ва унинг шевалари шаклланишида қарлуқ, чигил, уйғур, қипчоқ, ўғуз уруғлари, қанғли, қатағон уруғ ва қабилалари бирлашмаларининг тарихий тараққиёти катта роль ўйнаган (С.Аширбоев. Ўзбек диалектологияси. 2011, 13-бет).
Маълумки, Сурхондарё вилояти ҳудудида яшовчи аҳоли қипчоқ лаҳжаси вакилларига киради. Олтинсой — Сурхондарё вилоятидаги туман. 1981 йил 23 ноябрда Шўрчи ва Денов тумани қисмларидан таркиб топган. Вилоятнинг Денов, Бойсун, Шўрчи, Қумқўрғон туманлари билан чегарадош. Майдони 0,56 минг км². Аҳолиси 150,6 минг киши. Туманда 9 қишлоқ фуқаролар йиғини (Вахшивор, Дуғоба, Миршоди, Олтинсой, Оқарбулоқ, Оқолтин, Хўжасоат, Чеп, Қарлуқ) бор. Туман маркази — Қарлуқ қишлоғи. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; тожик, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди.
С.Раҳимов, Х.Дониёров каби олимлар қипчоқ лаҳжаси, айниқса, Сурхондарё шевалари устида самарали ишлар олиб боришган.
Биз ўрганаётган Олтинсой тумани Сурхондарё ўзбек шевалари таркибига кирадиган алоҳида бир шевадир. Мазкур шевадаги диалектал сўзлар эшитилиши ва маънолари билан кишининг эътиборини ўзига тортади. Масалан:
(Белқäрс) Белқарс — белбоғ. “Тўйда ҳаммага белқарс боғланди”.
(Топпä) Тўппа — шилпилдоқ. “Аям бугун тўппа қилибди”.
(Хïжäлäтï) Хиялати — хаёлпараст. “Ҳамма нарса эсингдан чиқиб кетяпти, хиялатимасмисан?”
(Čердäк) Чердак — том. “Чердакка чиқиб, нарсаларингни олиб туш”.
(Āхмāж) Охмой — пахта ёғи. “Ошни бугун охмойда қил, майлими, қизим?”
(Кескäнāš) Кесканош — хамир кесилиб сувга солиб қайнатилиб, қатиқ ёки сузма солиб пиширилади, қайласи ҳам бўлади. Бошқа шеваларда угра ош маъносида ишлатилади. Бизда ифторликда кесканош [кϵскäнāš] доимий пишириладиган биринчи овқат ҳисобланади.
(Дäстïқ) Дастиқ — ёстиқ. “Бувим боши дастиққа тегар-тегмас қотиб ухлаб қолади-да”. “Кўз ўнгида 20 йилдан бери бир дастиққа бош қўйган эри Соҳибжон ерда ғужанак бўлиб ётарди”.
(Āптāвä) оптова — сув солинадиган идиш, офтоба. “Комил оптовани олиб таҳорат олгани чиқиб кетди”.
(Ҳäзäрïспäнд) Ҳазариспанд — (ҳазор — минг, испанд — дардга даво) сўзидан келиб чиққан бўлиб, адабий тилдаги шакли — испанд, исириқ. Доривор ўсимлик, қуритиб тутатилади. Шамоллаш, бурун битиши ва ҳар хил микробларни ўлдириш учун фойдаланилади. “Онам бир ҳафта олдин бозордан икки боғ ҳазариспанд олиб келди”.
(Кïстä) Киста — чўнтак. “Кистамга пул солгандим, ҳозир қарасам, йўқ экан”.
(Čукрï) Чукри — тоғда ўсадиган, шўр таъмли ўсимлик. Баҳорда айни етилган, пишган вақти бўлади. “Дадам эрта баҳордан тоғдан чукри олиб келди”.
(Šäбïрï) Шабири — овози, товуши. “Шабирингни чиқармай, жим ўтир”.
(Дāвуšï) Довуши — овози, товуши, саси. “Нариги хонадан синглингнинг довуши келяпти, бориб қара-чи”.
(Терäска) Тераска — даҳлиз. “Янгам тераскани йиғиштириб, гиламларини қоқиб қўйган экан”.
(Šïпïртки) Шипиртки — супурги. “Шипирткини четга олиб қўй, ҳеч ким қоқилиб кетмасин”.
(Колäби) Кўлаби — бешбармоқ. Овқат тури. Хамирдан тайёрланади. Яна бир номи — тўппа. “Қизим, бугун кечки овқатга кўлаби қилгин, даданг яхши кўради”.
(Čеčä) Чеча — янга. Катта аканинг хотинига нисбатан қўлланилади. Тўнғич ўғилдан бошқа ака-укаларнинг хотинларига янга сўзи билан мурожаат қилинади. “Чечамларникига борамиз деб бир товоқ сомса қилдик”.
(Ҳежлä) Ҳейла — ана (кўрсатиш олмоши). “Шуни кўрмадингми, ҳейла, турибди-ку, яхшилаб қара”.
(Äлäγдä бöлмāқ) Алағда бўлмоқ — хавотир олмоқ. “Матлубанинг тўрт кўзи эшикда, роса алағда эди, турмуш ўртоғи Собиржон кеч қолаётганди. Шу пайт қайнонаси келиб: “Болам, алағда бўлманг, ҳозир келиб қолади”, деб кўнглига оз бўлса-да таскин берди”.
(Šāхä) Шоха — хаскаш. Хас-хашак, сомонларни тракторга ортишда ёки туширишда ишлатилади. “Сомонларни шоха билан ортиб беравер”.
(Сäтïл) Сатил — 1. Челак. 2. Бошқа шева вакиллари томонидан нон тахлаб, солиб қўйиладиган идиш маъносида қўлланилади. “Дилрабо, ҳовлига сатиллаб сув қуй, ҳавоям роса исиб кетди, одамнинг нафаси сиқяпти”.
(Нāпäрмäн) Нопарман — бинафша ранг. “Менга сенинг нопарман рангли кўйлагинг роса ёқади, шуни кийсанг яхши бўларди”.
(Қāрāвут) Қоровут — тўқ, тўқроқ. Барча рангларнинг тўқ шаклини ифодалаш учун рангларнинг номи олдидан ишлатилади. Масалан: қоровут кўк. қоровут яшил шу каби. “Жамила ҳар доим қоровут яшил кийим кийиб юради, шу ранг унга жуда ярашадиям”.
(Енä) Ена — она. “Холам енам билан тўрт ёшга фарқ қилса ҳам, лекин енамдан катта кўринади, балки, кўп дарди бўлганидан юзлари киртайиб, ажин тушгандир”.
(Зāрдāлï) Зардоли — 1. Ўрик. 2. Бошқа шеваларда ғўра маъносида ҳам қўлланилади. 3. Довча [дāвčä] шакли ҳам учрайди. “Эсиз, бу йил ҳам зардолиларни совуқ уриб кетди. Икки йилдан бери зардоли энди гуллаганда қор ёғиб, совуқ уриб кетади”.
(Қāрāлï) Қороли — 1. Олхўри. 2. Гирдоли сўзи ҳам ушбу сўзга синоним сифатида ишлатилади. “Эй болалар, келинглар, мана бу қоролиларни териб ташланглар, мураббо қиламиз!”
(Гïрдï) Гирди — чеккаси. Ён томони ёки ёнида каби маъноларда ҳам қўлланилади. “Гирди-капалак” сўзи ҳам ёнида маъносидан келиб чиққан. “Овқатни ҳам, нонни ҳам аввал гирдидан еб бошлайди, қизим”.
(Пïдïнä) Пидина — ялпиз. “Кеча кўп пидина териб келгандим, музлаткичга солиш эсимдан чиқибди, сўлиб қолибди”.
(Пïстāқï) Пистоқи — яшил ранг. “Опамнинг пистоқи бир рўмоли бор эди, менга жуда ёқарди”.
(Čäлāп) Чалоп — айрон. Қатиқни сувга суюқ қилиб кўп туз аралаштириб ичиладиган суюқлик. “Дадам ҳар йили ёзда чалоп тайёрлаб, музлаткичга солиб қўйишимизни айтади”.
Бу диалектал сўзларни, яъни бир қишлоқ шеваси лексикасидаги изолексемаларни лексик-семантик жиҳатдан қуйидаги маъновий гуруҳларга бўлиш мумкин:
- Нарсаларни ифодаловчи диалектал сўзлар: (белқäрс) белқарс — белбоғ, (дäстïқ) дастиқ — ёстиқ, (āптāвä) оптова — сув солинадиган идиш, офтоба, (ҳäзäрïспäнд) ҳазариспанд — (ҳазор — минг, испанд — дардга даво) сўзидан келиб чиққан бўлиб, адабий тилдаги шакли — испанд, исириқ, (кïстä) киста — чўнтак, (терäска) тераска — даҳлиз, (šïпïртки) шипиртки — супурги, (šāхä) шоха — хаскаш, (сäтïл) сатил — челак, (āхмāж) охмой — пахта ёғи.
- Қариндош-уруғ номларини ифодаловчи диалектал сўзлар: (čеčä) чеча — янга. Катта аканинг хотинига нисбатан қўлланилади, (енä) ена — она.
- Овқат номларини ифодаловчи диалектал сўзлар: (топпä) тўппа — шилпилдоқ, (кескäнāš) кесканош — хамир кесилиб сувга солиб қайнатилиб, қатиқ ёки сузма солиб пиширилади, қайласи ҳам бўлади, (колäби) кўлаби — бешбармоқ, (čäлāп) чалоп — айрон.
- Рангларни ифодаловчи диалектал сўзлар: (нāпäрмäн) нопарман — бинафша ранг, (қāрāвут) қоровут — тўқ, тўқроқ, (пïстāқï) пистоқи — яшил ранг.
- Ҳаракатни билдирувчи диалектал сўзлар: (äлäγдä бöлмāқ) алағда бўлмоқ — хавотир олмоқ.
- Полиз экинларини ифодаловчи диалектал сўзлар: (пïдïнä) пидина — ялпиз, (čукрï) чукри — ровоч.
- Меваларни ифодаловчи диалектал сўзлар: (зāрдāлï) зардоли — 1. Ўрик. 2. Бошқа шеваларда ғўра маъносида ҳам қўлланилади. 3. Довча (дāвčä) шакли ҳам учрайди, (қāрāлï) қороли — 1. Олхўри. 2. Гирдоли сўзи ҳам ушбу сўзга синоним сифатида ишлатилади.
- Жой номларини ифодаловчи диалектал сўзлар: (терäска) тераска — даҳлиз, (гïрдï) гирди — чеккаси. Ён томони ёки ёнида каби маъноларда ҳам қўлланилади, (čердäк) чердак — том.
Маълумки, ўзбек адабий тили шевалар ҳисобига ҳам бойиб боради. Олтинсой шевасига оид юқоридаги сўзлар ҳам она тилимиз луғатини янада бойитишга хизмат қилади деган умиддамиз.
Гулираъно НАЗАРОВА,
ЎзЖДТУ халқаро журналистика
факультети 1-босқич талабаси.