“Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз…”

Турфа маданият ва дин вакиллари ўртасида ўзаро тотувлик ҳамда бағрикенглик муҳитини таъминлаб, Ҳиндистон яриморолида ўз даврининг энг буюк марказлашган давлатларидан бирига асос солган Бобурийлар сулоласи жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган. Бугунги кунда ушбу сулола ҳақида сўз кетганда, ҳиндлар бобурийларни она юртини босиб олган босқинчи эмас, балки ички курашлар ботқоғига ботиб, майда давлатларга бўлиниб кетган, миллий ва диний асосдаги низолар авж олган мамлакатни бирлаштириб, ҳинд халқининг қудрати ва маданиятини юксалтирган сулола сифатида эслайдилар. Жумладан, Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири Жавоҳарлаъл Неру бобурийларнинг мамлакат маданий тараққиётига кўрсатган ижобий таъсири ҳақида “Бобур Ҳиндистонга келганидан кейин катта силжишлар юз берди, янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирига туташиб кетди”, деган илиқ фикрларни билдирган.

Бобур Ҳиндистонга келганидан кейин катта силжишлар юз берди, янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирига туташиб кетди.

Жавоҳарлаъл Неру

Темурийлар сулоласининг ёрқин намояндаси, нозиктаъб шоир, моҳир лашкарбоши ва йирик сиёсий арбоб Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган давлат бошқаруви аввалбошдан адолат, ижтимоий-диний тенглик, илм-фан ва маърифат устига қурилган эди. Ҳукмронлик йиллари сиёсий жиҳатдан тарқоқ бўлган Ҳиндистонни бирлаштириш йўлида кечган суронли кураш ва сиёсий воқеликларга бой бўлганига қарамасдан, илмий-адабий фаолият билан ҳам шуғулланишга вақт топа олган Бобур ўз атрофига ўша даврнинг кўзга кўринган энг илғор олимлари, шоиру адиблари, уламолари, меъморлари ҳамда санъаткорларини жамлаб, уларга ҳомийлик қилди ва шу тариқа кейинчалик мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнаган илмий-маданий муҳит яратишга муваффақ бўлди. Бу эса, гарчи умрининг катта қисми турли қийинчиликлар, зиддиятлар, машаққатли сафарлар ҳамда жангу жадаллар билан ўтганига қарамасдан, Бобурнинг илм-фанни севадиган, санъат ва адабиётни теран тушуна оладиган нозик қалб эгаси бўлганини кўрсатади. Унинг Ватан соғинчи ҳамда бошқа мавзуларга оид лирик шеърлари, ғазал ва рубоийларини мутолаа қилган одам ҳам бунга амин бўлади.

Бобурнинг илмий-маънавий меросида унинг туркий тилда ёзилган шоҳ асари — “Бобурнома” алоҳида ажралиб туради. Бобур тилидан гўзал бадиий услубда баён қилинган ушбу асар Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон тарихига оид муҳим этнографик, географик ва бошқа маълумотларни берувчи муҳим илмий-тарихий манба бўлиши билан бирга, ўзбек адабиётининг энг нодир дурдоналаридан бири ҳамдир. XVI асрда форс тилига таржима қилиниб, Шарқ оламида кенг шуҳрат қозонган “Бобурнома” XVIII асрга келиб, Ғарб шарқшуносларининг ҳам асосий тадқиқот объектларидан бирига айланди. Жумладан, голландиялик тадқиқотчи Николаас Витсен 1705 йилда биринчилардан бўлиб ушбу асарни голланд тилига таржима қилди. Шундан кейин “Бобурнома” бир неча марта Европа тилларига, жумладан, 1826 йилда инглиз тилига, 1871 йилда француз тилига, 1942 йилда рус тилига ҳамда 1940 йилда турк тилига таржима қилинди. Асарни ўрганиш юзасидан ҳозирги кунда ҳам изчил изланишлар давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Асарнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда муаллиф томонидан ўта равон ва самимий баён услуби танланган. Инглиз шарқшуноси Маунтстюарт Элфинстон Бобурнинг “Бобурнома” асаридаги бадиий услуби ҳақида тўхталиб, “Унинг шахсий ҳис-туйғулари ҳар қандай муболағадан ёки пардалашдан холи, услуби оддий ва мардона, шу билан бирга жонли ва ифодали. Ўз замондошлари биог­рафиясини, уларнинг қиёфалари, урф-одатлари, интилишлари, қизиқиш ва анъаналарини кўзгуда акс этгандек равшан тасвирлайди. Бу жиҳатдан “Бобурнома” Ўрта Осиёдаги ягона чинакам тарихий тасвир намунасидир”, деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам, ўзи билан содир бўлган воқеа-ҳодисаларни тасвирлар экан, Бобур уларга улкан бир давлатнинг ҳукмдори сифатида эмас, балки жараёнларнинг оддий иштирокчиси сифатида ёндашади. Ўзини улуғлашдан қочиб, воқеликка холис баҳо беришдан, йўл қўйган хато ва камчиликларини очиқ эътироф этишдан тортиниб ўтирмайди. Бу эса Бобурнинг ҳақиқатан ҳам дилбар шахс бўлганини яна бир марта тасдиқлайди.

Бобур ўзбек адабиёти ривожига, хусусан, унинг жаҳонга танилишига бебаҳо ҳисса қўшган. Шу билан бирга, у ислом фиқҳи ва бошқа соҳаларга оид асарлар ҳам ёзган. Жумладан, унинг 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган “Мубаййин” номли асарида шариатга кўра солиқ йиғиш тартиб-қоидалари ва миқдорлари назмий услубда баён этилган. Бундан маълум бўладики, Бобур ислом илмлари, хусусан, фиқҳ ва тасаввуф илмларидан ҳам яхши хабардор бўлган. Бобур ва бобурийларнинг саъй-­ҳаракатлари натижасида Ҳиндистон мусулмонлари орасида ҳанафий-мотуридийлик таълимоти кенг қулоч ёзди. Мамлакатдаги мадрасаларнинг таълим тизимига мовароуннаҳрлик алломалардан Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Абул Юср Паздавийнинг “Усул ад-дин”, Абул Баракот Насафийнинг “ал-Манор”, Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Шарҳ ал-виқоя” асарлари асосий дарслик сифатида киритилди. Бобурийлар томонидан тамал тоши қўйилган ушбу боғ бугунги кунда ҳам ўз мевасини бериб, Ҳиндистон диё­­ри мусулмон оламига етук ҳанафий олимларни етиштириб бермоқда.

Бугунги кунда юртимизда Бобур сиймосига муносиб эҳтиром кўрсатилиб, унинг ҳаёти ва илмий-адабий меросини чуқур ўрганиш, уни жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Бобурнинг ёшлик даврига бағишланган “Йўлбарснинг туғилиши” бадиий фильми экран юзини кўрди, унинг ҳаёти ва ижодига доир ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги “Бобур энциклопедияси”нинг тўлдирилган учинчи нашри, “Бобур” китоб-альбоми, Бобур асарлари луғати, Бобур девонининг мукаммал нашри чоп этилди.

Бобур ҳаётига назар соладиган бўлсак, унинг доимо атрофдагиларга яхшилик улашгани, давлат бошқарувида адолат тамойилларига қатъий амал қилгани, ўзидан фақат яхши ном қолдирганига гувоҳ бўламиз. Унинг рубоийларидан бирида “Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз” деб ўринли таъкидланганидек, бугунги кунда бутун дунё аҳли унинг яхшиликларига жавобан, унга нисбатан алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлади, унинг ғазал ва рубоийлари завқ билан севиб мутолаа қилинади, асарлари жаҳоннинг турли тилларига қайта-қайта таржима қилинади, унга атаб бадиий асарлар, илмий тадқиқотлар амалга оширилади.

Азиз ТАЖИЕВ,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директори

ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =