Қонуний асосларсиз “снос”лар мулкдорлар ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлади
Тошкент шаҳар ҳокимининг: “Тошкент шаҳрида кўп йиллар олдин қурилган икки қаватли ёки вақтинчалик қурилган хавфсизлик нуқтаи назаридан талабга жавоб бермайдиган, тахминан 500 гектардан ортиқ ҳудуддаги уй-жойлар реновация дастурига тушган”, деган гапига “Миллий тикланиш” демократик партияси муносабат билдирди.
Муносабатда: “Реновация дастурларини ишлаб чиқиш учун, энг аввало, ушбу жараённи очиқ ва шаффоф амалга оширишнинг қонуний асослари, реновация тартиби ва қоидалари бўлиши лозим. Қолаверса, реновация дастури лойиҳаси реновацияга тушадиган уй-жой мулкдорларининг розилигига асосланиши ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилиши шарт”, дейилган.
Шунингдек, партия: “Реновация бўйича қонун қабул қилинмасдан, бу ишлар амалга оширилса, афсуски, бир неча йиллар олдин мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш ва мамлакатимиз имижига салбий таъсир кўрсатган “снос” деган ҳолатга ўхшаш жараёнлар бошланиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас”, дея ўз хавотирини билдирган.
Шунингдек, Ҳукумат ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, энг аввало, реновация тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиб, парламент қабул қилгандан кейингина реновация билан боғлиқ дастурларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини маълум қилган.
platforma.uz