Радар ўрнатган тадбиркор йўлнинг созлигига ҳам масъул бўлсин

Қишнинг қорли-қировли кунларидан кейин ҳар доимгидек вилоятларни бир-бири билан боғлайдиган аксарият трассалар жуда ёмон аҳволга келиб қолган. Гоҳида тошбақа юриш қилмаса бўлмайдиган жойлар бор. Сабрингиз чидамай, салгина газни қаттиқроқ боссангиз, тамом, жабрини ўзингиз тортасиз. Йўл бўйларида баллонини алмаштираётганларга кўзингиз тушаётгандир. Кўп улар.

Лекин бундайларнинг ҳаммасини ҳам бесабр деёлмаймиз. Чуқур кўп, ҳа, энди бирортасига қаттиқроқ тушган-да. Ўзидан ўтганини ўзи билади. Ичида нима деяпти, кимнинг шаънига “чиройли” гаплар айтяпти, ўзига аён. Аҳволини тушунса бўлади. Ҳамёнга, рўзғорга зарар.

Фақат вилоятлараро эмас, ҳатто Тошкент шаҳри йўлларида ҳам ўйдим-чуқур тўлиб ётибди. Айрим чорраҳаларда автомобиллар чизиқни босиб қўймайин, камерага тушмайин деб чуқурга тушиб ўтишга мажбур бўляпти. Пойтахт учун уят-да энди бу манзара. Хорижлик меҳмонлар олдида ҳам хижолатли.

Биз: “Шунча маблағ ажратиляпти, солиқ тўлаяпмиз, нега аҳвол доим шундай?” деб савол беришдан чарчамаймиз, йўлчилар эса: “Ҳаммаси жойида бўлади, тузатамиз”, дея заррача хижолат чекмай жавоб беришдан чекинмайди. Қилинган йўл кўпинча бир мавсумга ярайди. Ҳар йили шу аҳвол, шу мавзу.

Энди бир таклиф-да. Мана шу йўлларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш масъулиятини ўша ҳудудга радар ўрнатиб, даромад кўраётган тадбиркорга юкласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, бу адолатдан ҳам бўларди. Давлат шунча имконият бериб қў­йибди. Шошган борки, жаримага тушиб, радарчи тадбиркорга фойда келтиряпти. Нега энди жамият унинг хизматидан наф кўрмаслиги керак? Сиздан угина, биздан бугина-да. Радар ўрнатилган ҳудуддан қанчадир қисми, масофаси бўлиб берилсин. Бузилса, тадбиркор акамиз тузаттирсин. Буям давлат-хусусий шерикликнинг бир кўриниши бўлади. Ана кейин чизиқ дейдими, тезлик дейдими, ким босаркин, ким “учар”кин деб пойлаб ўтираверади. Тўғрими?

Манба:

platforma.uz

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =