Кўканбой қалампир экди…

Дурбек ҚЎЛДОШЕВ

Муаллиф ҳақида:
Дурбек Қўлдошев — 1949 йили Пахтаобод туманида туғилган. Мутахассислиги муҳандис-гидротехник. Узоқ йиллар қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритган.
Муаллифнинг “Кўк қарғалар қайтиб келмади”, “Тафаккур — ақл қамрови”, “Императорнинг туғилиши” сингари бир қанча китоблари нашр этилган.

 

(Насри мусажжаъ)

“Бўлмаганга бўлишма”.

Ўзбек халқ мақоли.

Хотинининг қистови билан кўп бора қатнаб, пешанаси ботиб терга, “Кўкан депорт” деб танилган кишим “Сотим фермер” даласидан эл қатори эга бўлди ўттиз сотих ерга!

Қишлоқда туғилиб ўсган Кўканбой, афсус, кетмонни ҳеч дўст тутмаган эди… Қандай экин экишни билмай ерига, кўп ўйлади — боши қотди. Пешлаб олай, деб аввал ақлни, носдан олиб, соя жойга каравотин қўйволиб, кўзларини юмволиб, анчагача ёнбошлаб ётди…

Ўйлаб-ўйлаб, ахийри бир қарорга келди чоғи, гўё елкасидан тушгандай Сулаймон тоғи, сапчиб туриб кетди-да, ўнг қўлини баланд кўтариб: “Вўўҳ! Топдим! Бира тўла экаман ҳаммасига ширин қалампир! — деди. — Биринчидан, бу экин витаминга бой, қишин-ёзин бозори ҳеч ўлмайди, пишиб ўтиб кетса ҳамки, ачимайди, сасимайди, сўлмайди. Сотганча сотаман, қолганини қуритиб, солиб қўйсам қопларга, анчагача туради. Ақлим роса етиб турибди, мана энди кўпдан бери қотиб қолган ишларим ҳам, гап-сўз йўқ, юради”.

Чунки “Эр-хотин — қўш ҳўкиз” десалар-да, Кўканбой рўзғор деган “арава”нинг залворини қўйиб бериб хотинга, кўпдан бери ўз томонин ёлчитиб ҳеч тортмасди, ҳали қозоқ, ҳали ўрис юртларида қўним билмай топганлари ўзиданоқ ортмасди…

Хаёлпараст Кўканбой қўлга олиб қоғоз-қаламни, йўқ ҳосилни чамалаб, ақчасини чиқариб, ҳужжат санаб хомчўтни чўнтагига жойлаб қўйди. Эртасига укалару қайинлари, таниш-билиш яқинлари, барчасини жамлаб далага, “ҳай-ҳай” билан кўчатларни эккунча, ҳў-ҳў, катта юкни кўтарди у гўё бурни ерга теккунча.

Аслида, сояпарвар Кўкан дегани шу ёшгача деҳқончилик машаққатин бўйнига сира олмаганди, шу боис ҳам бирор марта бу аҳволда қолмаганди… Табиийки, кўчат экиш, анчагина майда иш, кўникма йўқ мададкор билан уни якун қилгунча, роппа-роса беш кун кетди, бироқ бу кунлар ичида Кўканжоннинг жони ҳам ҳалқумига етди!

Сотим фермер келиб кўриб “янги деҳқон” даласини, кўрсатди у ер бошида бажарилган юмушларнинг анча-мунча чаласини.

Бир чизиққа экилмаган ниҳолларни кўрган Сотимбой аввалига қаттиқ ранжиб, пешанаси тиришди, “бўлар иш бўпти” дея аччиғини ютиб ичига, беихтиёр сўзга киришди: “Ака, бўлинг энди, тезроқ сув очинг, ишонарли тутиб олсин кўчатлар! Кетиданоқ ер етилса, ўғит билан гўнгни босиб, бир чопиқдан чиқарасиз! Деҳқончилик анча нозик, пирли касб, уддасидан чиқиб кетиш осонмас! Айтиб қўяй, экин зотига қуруқ гаплар, қуруқ ваъда асло керакмас! Қолаверса, “Ҳа, қалампирми”, дегани билан, у йўл четида ўз ҳолича ўсадиган теракмас! Қисқа қилсам гапимни: ерни мутлоқ алдаб бўлмайди! Алдайман деган каснинг уйи донга тўлмайди!

Мана энди қаттиқ туриб режа қилинг! Табиийки, бошқа ишлар бир чеккага сурилади, то қалампир авж олиб, ер бетини ёпгунча, ўн-ўн беш кун, балки кўпроқ, сабр билан иш устида турилади! Кўкан ака, сўнгги гап: топганингизни бериб экинга, меҳр билан уч чопиқдан чиқарсангиз, кузга бориб, қараб турасиз, қўлингиз пул кўради! Бола-чақа, хотин-халаж — уйдагилар, қуруқ чоймас, маза қилиб ҳолва-новвот, парвардалар сўради!

Ўйлайманки, хос деҳқонлар тажрибаси қўл келиб сизга, тўғри йўлдан юрасиз. Ҳа, айтгандай, ён қўшнингиз Қодир бобо эл таниган, саховатли чин деҳқон, келишимни кутиб ўтирмай, шу одамдан маслаҳатлар олиб турасиз!”

Ёқмаса-да қулоғига ўзидан кичик Сотимбойнинг бу “дарслари”ни чурқ этмасдан тинг­лади! Ўгитлардан олгандай бўлиб хулоса, бир амаллаб қалампирни бостириб сувдан чиқарди.

Эндигина ўтган эди икки кунгина, ҳамма гапни унутган Кўкан масъулиятни олмай бўйнига, бир саёқ дўстининг гапига кириб, атиги уч кунга дея кетиб қолди табиатнинг қўйнига…

Унутди у даласини ўз-ўзидан хушланиб, ҳафтагаёқ қолиб кетди салқин жойда “ушланиб”.

“Табиат қучоғи”дан кела солиб қараса, боёқиш қалампирлар қатқалоқнинг исканжасидан, бир талайи сўлган экан, энг ёмони, ҳар-ҳар жойда дуркун кўчатлар, ҳаво кирмай томирига, жойидаёқ ўлган экан! Буни кўрган баёв Кўкан тарвузи қўлдан тушиб, турган жойда қаққайиб тур-и-и-иб қолди, ғовлаган бошини қуйи солганча қўлин бир силтаб даладан ўзини олди…

Яхшиямки, кўп иш кўрган Сотимбой “боқувдаги ориқ қўйни” ўлмай туриб “сўйган” экан, қалампирни уч кун аввал қўшниларнинг гувоҳлигида, Қодир бобога ўтказиб қўйган экан!..

Шундай қилиб, “Кўкан ишкал” арзимаган анча-мунча харажатлар, кўчатларнинг қийматини Қодир акадан олди, ўзи эса уч мартамас, ақалли бир марта ҳам, қалампирга чопиқ беролмай, “қуруққа чопиб қолди”…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =