Оналарга қўйилган ҳайкал

Ёзувчининг асари миллат танламайди. У самимий ва яхши ёзилган бўлса, дунёнинг исталган нуқтасига етиб боради ва ўз китобхонини топади. Қандай қилиб дейсизми? Албатта, таржима орқали! Грузинларнинг атоқли ва машҳур ёзувчиси Нодар Думбадзенинг асарлари ҳам моҳир ўзбек таржимонларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзбек китобхонининг севимли мулкига айланган.

Ўтган асрнинг 80-йилларида машҳур адибнинг “Абадият қонуни” асарини моҳир таржимон Низом Комилов таржимасида ўзбек тилида ўқиган китобхоннинг грузин ёзувчисига бўлган ихлоси ортганди. Шу сабабли ушбу асар бир неча марта ўзбек тилида нашр этилди. Йиллар ўтиб, ёзувчининг “Мен, бувим, Илико ва Илларион” номли китоби Мухтор Худойқулов таржимасида ўзбек китобхонларига тортиқ этилди. Ёзувчи асаридаги қувноқ кайфият, соддалик ва самимийлик, юморга бой манзара ўзбек китобхонининг қалбидан чуқур жой ола олди. Шундан сўнг ёзувчи ижодига бўлган қизиқиш ортса ортдики, камаймади. Ёзувчининг “Кукарача” қиссаси ва қатор ҳикоялари таржима қилинди. Ўзбек китобхонлари бу ёзувчини яхши кўриб қолишди. Грузин ёзувчиси ўзбек китобхонининг ҳам севимли адибларидан бирига айланди. Бу соҳада, айниқса, таржимонларнинг маҳоратига ва ёзувчининг бадииятини маромига етказиб таржима эта билишганларига тан бермасликнинг иложи йўқ. Ҳар қандай таржимон ёзувчи асарини ё шон-шуҳрат чўққисига олиб чиқади, ё…

Кўнгил кўнгилга, дили тилига мос тушган ўзбек таржимонлари бу борада катта муваффақиятга эришаётганлари сир эмас. Ана шундай таржимонлардан бири — Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Иззат Аҳмедов ўтган йили Нодар Думбадзенинг “Қўрқманг, онажон” романини ўзбек тилига таржима қилди. Асар Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида 3000 нусхада нашр этилди. Иззат Аҳмедов бундан олдин ҳам Нодар Думбадзенинг ҳикояларини таржима қилиб, анча кўзга кўриниб қолган эди. Ҳикоялар “Ҳисларимни қўзғама” номи билан 2018 йилда “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилганди.

Нодар Думбадзенинг “Қўрқманг, онажон” номли романи ҳарбий-ватанпарварлик руҳида бўлиб, асосан, чегарачилар ҳаётидан ҳикоя қилади. Романда оддий аскар Афтондилнинг ҳаёти бадиий бўёқларда, содда ва ишонарли тарзда очиб берилади. Баъзан қисқа сатрларда берилган диалоглар роман қаҳрамонларининг орзу-ўйларини, фикрларини, дунёқарашларини, характерларини, севги-муҳаббатларини ёрқин тараннум этади. Романда, айниқса, она образига алоҳида аҳамият берилган. Гарчи қаҳрамоннинг ота-онаси ёшлик чоғидаёқ автоҳалокатга учраб вафот этган бўлса-да, Афтондилнинг онаси ҳарбий хизматдаги ўғлининг тушларига тез-тез кириб туради, уни бўлиши мумкин бўлган айрим бало-қазолардан огоҳ этади. Роман сўнгидаги она ва ўғил ўртасидаги диалог ҳар қандай китобхоннинг қалбини ларзага солади, она гарчи бу дунёдан ўтган бўлса-да, ўғлининг ҳаёти ҳақида қайғуриши рўйирост очиб берилади:

— Онажон, сиз менинг олдимга яна келасизми?

— Албатта, ўғлим! Қачон қийналиб қолсанг, мени чақир, шу заҳоти қаерда бўлсам ҳам етиб келаман, болам!

— Хайр, онажон!

— Ўзингни эҳтиёт қил, ўғлим!.. Мени ташвишлантириб қўймагин, болам.

Она қаерда ва қандай ҳолатда бўлмасин, ўз дуолари билан унга ҳамроҳ бўлиши баробарида уни тўғри йўлга солиши ва турли офатлардан асрай олиши фариштага айланган она сиймосида ишонарли воқеалар тарзида ёзувчи томонидан ёритиб берилади. Бу билан, назаримда, у оналар тимсолига яна бир бор ўлмас ҳайкал қўяди. Асарни шу сабабли ҳам фаришта оналарга қўйилган абадий ҳайкал деса бўлади. Буни таржимон ушбу асар орқали ўзбек китобхонига етказа олган.

Шу сабабли ҳам дунё мамлакатлари тан олган Нодар Думбадзенинг асарлари чуқур фалсафий руҳ, инсон омилининг бадиий бўёқларда гўзал тарзда ифодаланиши, руҳ эркинлиги, севги ва муҳаббат, садоқат, ҳақиқатнинг ғалабаси, ўй-кечинмаларнинг самимийлиги билан кишини мафтун этади. Бежиз унинг асарлари дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинмаган.

Биз “Қўрқманг, онажон” таржима романидаги айрим таҳрирталаб жумлаларга тўхталиб ўтирмадик. Буни зукко китобхон эътиборига ҳавола этамиз. Таржимонни ва ўзбек китобхонини буюк ёзувчининг барча давраларда ҳам севиб ўқиладиган янги бир роман таржимаси билан табриклаймиз.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 4 =