“Садои Фарғона”дан бошланган журналистика

Умрнинг мазмунли фурсати (собиқ совет даврининг сўнгги йилларидан ҳозирга қадар) Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг “Нодир қўлёзмалар” бўлимида, архивларда ўтди. Манбалар шу қадар мўлки, ўрганилиши, таҳлил қилиниши зарурки, унга бир банданинг умри етмайди… Ҳар гал газеталарни варақлаганда “Садои Фарғона” нашри тахлами, клишеси, бетакрор дизайни, саҳифалардаги ҳарфлар, мақолалар, битиклар мағзидаги ғоялар, уларни қалб қўри билан ёзган муаллифларнинг номлари… қисқаси, қадрдонимизни учратиб қолгандек, йўқ-йўқ, ундан ҳам азиз инсонимиз билан кўришгандек бўлаверамиз.

Дастлабки сонидаги битиклардан иқтибос:

“Ғазета ҳар миллатнинг таржимонидурки, билмағон нарсаларини анга билдирур ва ҳам ул миллатнинг муддаосини бошқаларга билдирур” (Ашурали Зоҳирий. Сўз боши // “Садои Фарғона” газетаси, 1914 йил 3 апрель).

Большевиклар ҳокимиятни эгаллагач, “Садои Фарғона”ни танқид қилган бўлсалар-да, “бу газета орқасида бир неча янги қаламлар ва тубжой халқдан мураттиблар (саҳифаловчилар) етишиб қолдиким, муни танисоқ, ҳақиқатни таниғон бўлурмиз”, дея тан оладилар (Бу ҳақда қаранг: Газетчи. Фарғонада тубжой халқ матбуоти // “Фарғона” газетаси, 1924 йил 5 май).

“Газетчи” тахаллусидаги муаллифнинг фикридаги янги қаламлардан Ҳамза ва Чўлпонлар билан бирга Ашурали Зоҳирийни алоҳида таъкидлаш жоиздир. Негаки, у Қўқонда чиққан “Эл байроғи” газетасига ҳам алоқадордир. Бу нашр ҳақида гапиришдан аввал “Садои Фарғона”нинг тўхтатилиши хусусида фикр.

Абдулла Авлоний ёзади: “Садои Фарғона” Хўқанд шаҳрида ҳафтада уч маротаба чиқадурғон мусулмонча ғазетадур. Бу газета 1914 йили Қўқонда Обиджон Маҳмудов муҳаррирлигида чиқди. У ҳар жиҳатдан “Садои Туркис­тон”дек бўла олмади. Қалам аҳлларини ўзига жалб қила олмасдан бора-бора тўхтаб қолди”.

Мазкур мақоланинг ҳам большевиклар сиёсати таъсирида ёзилганини эътиборга олсак, вазиятни бироз ўзгача изоҳлаш мумкин. Ҳолбуки, “Садои Фарғона” газетасининг кутубхонада сақланаётган тахламидаги охирги, яъни 1915 йил 6 июнь (123) сонида муҳаррир номидан пастроқда “Дозволено военной цензурой” деган ёзув пайдо бўлгани, шунингдек, иккинчи саҳифадаги бир ярим устуннинг бўш чиққанлиги таҳририят ҳарбий цензура орқали сиқувга олинганини англатади. Давр матбуотида цензорлар олиб ташлаган мақоланинг жойини бўш чиқариш уларга нисбатан норозилик ҳисоблангани тарихий манбаларда кўп бора тилган олинган. Демак, материал олиб ташланган, таҳририят ходимлари эътироз тариқасида саҳифани бўш чиқаришган, бу эса мустамлакачи цензорларининг қаҳрини келтирган ва газетанинг навбатдаги сони ҳеч бир эълонсиз чиқмай қолган.

Орадан икки йил ўтиб, вазият туғилиши биланоқ, аниқроғи, 1917 йил Россиядаги февраль воқеалари сабаб “Садои Фарғона”нинг муассиси Обиджон Маҳмудов ўз жамоаси билан нашр ғоялари тарғиботини янги ном билан давом эттиради. “Тирик сўз” деб номланган мазкур газета мақсади битилган мақолада шундай сатрлар борки, ундан нафақат жамоа ғоясини, балки “Садои Фарғона” газетасининг ёпилиши сабаб­ларини билиб олиш мумкин: “… фақир 1914 нчи йилдан то 1915 йилғача “Садои Фарғона” ном газет бирлан миллатға хизмат қилғон эдим, баъзи муомалот, олам неча хил монеъликлар сабаб бўлуб тўхтаб қолғон эди… Халқни уйғотмоқ учун муноди қилмоқни (фикр бермоқ маъносида — таҳр.) ўзумға лозим билдим, аҳволи замонаға қараб баъзи пухта жойларда эшиткан ва билгон сўзларни газет орқалик билдуруб турмоқни зарур фаҳмлаб, яъни “Тирик сўз” газетасини чиқармоқға мажбур бўлдум. Муддао газет чиқормоқдан фойда қилиш ёки бошқа муддао эмас, балки фақирни муддаоси мутафриқа фикрлик (тарқоқ, турли қарашдаги — таҳр.) миллатларни фикрларини жамъ қилиш, миллат ораларидаги нафсониятларни йўқ қилиш, ишда, фикрда, маслаҳатда катта-кичикларни бир-бирлариға яқинлаштуруш. Ғазета маслаки бирлик ва иттифоқлик, дину дунёвий ишда тараққий қилишни асбобидур…”

“Тирик сўз”нинг неча сон чиққани, қачон ва қай тарзда тўхтагани ҳақида маълумот топа олмадик. Лекин унинг биринчи сони 1917 йилнинг 2 апрелида чиққани ва у “ҳафтада уч марта чиқадургон адабий, иқтисодий, тараққий” газета эканлиги тўғрисидаги маълумотни Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг “Нодир қўлёзмалар” бўлимида қолган ягона нусхасидан билиб олдик. 1917 йил жуда мураккаб давр бўлгани учун, чор сиёсатидан воз кечилган даврда кутубхоначилик ишлари ҳам пароканда бўлган. Шу боис бу даврнинг газеталари тўлиқ сақланмаган. Ушбу нашр билан бир вақтда Тошкентда чиққан “Турон” газетасининг беш сони сақланган, шунингдек, охиргисида олтинчи сон учун материаллар тайёрлиги айтилган. Устоз Бойбўта Дўстқораев ўзининг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китобида “Турон” “айрим тадқиқотчиларнинг ёзишича, йигирма сон қадар чиққан”лиги тўғрисида маълумот бор. Шу боис “Тирик сўз”нинг ҳам камида 20 та сони дунё юзини кўрган деган тахминни илгари сурамиз.

Тадқиқот натижалари Фарғонада матбуот иши — Обиджон Маҳмудов тўплаган жамоа газета чиқаришни тўхтатмаганини кўрсатди. Бу борада яна Абдулла Авлонийга мурожаат қиламиз.

“Эл байроғи” газетаси. У 1917 йили Қўқон мухторияти вақтида чиқиб, шиори “Яшасин Мухторият!” эди. Бўлат Солиев ва Ашурали Зоҳирийлар муҳаррирлик қилишган. Қўқон мухторияти тор-мор қилингач, газета ҳам чиқишдан тўхтади”.

Бу фикрда ҳам бироз хатолик мавжуд. “Эл байроғи” газетаси 1917 йил 8 сентябрь (1-сон)дан чиқа бошлаган. Шундай экан, Туркистон мухторияти эълон қилинишига ҳали вақт бор. Нашр шиори дастлаб “Яшасун қўшма халқ жумҳу­рияти!” бўлган ва Туркистон мухторияти эълон қилингач эса “Яшасун Туркистон мухторияти” тариқасида ўзгарган.

“Эл байроғи” газетасининг 18- (1918 йил 26 январь) сони Алишер Навоий номидаги кутубхонада тахламнинг сўнг­­ги сони бўлса-да, унинг давом этганлигини “Идорадан жавоб”дан билиб олиш мумкин: “Искубилифда, марказий шўро раиси Миродил афандиға: келадурғон нумрада босилур”.

Қолаверса, шу йилнинг 19 феврали (Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши) гача яна уч ҳафтадан зиёд вақт бор. Газетанинг ҳафтада икки марта чиқишини назарда тутсак, унинг жами 24 та сони чиққанини чамалаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, газетанинг муассису муҳаррирлари, номи ўзгаради, лекин бу жамоаларда ҳар доим боғловчи меҳвар вазифасини миллат фидойиси Ашурали Зоҳирий бажариб туради. Халқларга эркинлик бериш, барчани ўқитиш, озодлик ғоясига содиқ қолган бу жамоанинг газета саҳифаларида муҳрлаган мақолалари фикримизга далилдир.

Большевиклар ҳокимиятга ўрнашгач, “Эл байроғи”ни “Меҳнат байроғи”га (Ҳуррият”ни “Камбағаллар товуши”га каби) ўзгартиришган. “Меҳнат байроғи” ­масъул муҳаррири Иброҳим Рашид эканлиги, шиори большевикча “Бирлашинг, бутун дунё меҳнаткашлари!” бўлишидан қатъи назар, бунда Ашурали Зоҳирийнинг иштироки ҳам аниқланди (Ашурали Зоҳирий. Яна имло атрофида // “Меҳнат байроғи” газетаси, 1921 йил 10 март). Мақолада эски муаммо кўтарилган бўлиб, муаллиф: “Тўғрисини айтганда, имломиз ҳали ҳам бир йўлға қў­йилмағон”лигидан шикоят қилади ва ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиради.

1917 йил февраль воқеаларидан ке­йинги чоп этилган “Тирик сўз” (1917 йил 2 апрель), “Эл байроғи” (1917 йил 8 сентябрь) дан “Меҳнат байроғи”гача бўлган даврда чоп этилган газеталар хронологиясида кетма-кетлик мавжуд, яъни бири ёпилса, иккинчиси очилган.

“Меҳнат байроғи” 1921 йил май ойи­дан “Фарғона” дея ўзгартирилади. Биз унинг 1921 йилнинг 29 май сонини ўрганганимизда, таҳририят манзили “Меҳнат байроғи” газетаси манзили бўлганлиги маълум бўлди: “Ҳўқандда 25 октябр кўчаси хонаи матбуот”. Шиори бироз ўзгарган: “Бирлашинг, бутун дунё меҳнаткашлари! Яшасун Шарқда ободлиқ!” 1924 йил 29 ноябрь (227) сонига келиб Шарқнинг ободлиги масаласи кун тартибидан туширилган кўринади: “Бирлашингиз, бутун дунё йўқсуллари”.

“Янги Фарғона” газетаси (1926 йил 1 январь (489) даги 1-сонидаги саноққа кўра, ҳақиқатан ҳам, у “Фарғона”нинг давоми. Манзил ҳам ўша: “Ҳўқандда 25 октябр кўчаси, хонаи матбуот”.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, 1926 йилдан совет журналистикасининг иккинчи босқичи бошланиб, 1938 йилда цензуранинг расман ўрнатилиши билан тугайди. Бунда большевиклар партиясининг ОАВга таъсири кучайиб бориши кузатилди. Мавжуд ҳокимият матбуот ва радио раҳбарларига журналистиканинг вазифаси “меҳнаткашларни коммунистик руҳда тар­биялаш, партия анъаналарини халққа сингдириш” эканлигини уқтирадилар. Биз “Фарғона”нинг “Янги Фарғона”га айлангани сабабини шунда кўрамиз.

Энг асосийси, бу нашрларнинг бош­ланиш нуқтаси “Эл байроғи” эмас, “Садои Фарғона” газетаси эканлигидадир. Буни юқорида номлари зикр этилган шахслар, жамоа, бирлаштирувчи ва боғловчи ғоя билан асослашга ҳаракат қилдик.

Хулоса шулки, жадид боболаримиз меҳнати, уларнинг ўз ғоялари учун қурбон бўлишгани ҳар қандай сохталаштирилган тарихни тиклаш учун катта асосдир.

Ҳалим САИДОВ,

ЎзЖОКУ профессори,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + fourteen =