Сен баҳорни соғинмадингми?…

“Бойсун баҳори” халқаро очиқ фольклор фестивалини ўтказиш бўйича тайёргарлик қизғин кечмоқда

Ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши мўлжалланган “Бойсун баҳори” халқаро очиқ фольклор фестивалини хорижий ва маҳаллий меҳмонлар интиқлик билан кутишга ўрганиб қолганлар. Бу анжуманни эса шунчаки, номигагина ўтказиб бўлмайди. Мақсад — миллатимиз, давлатимиз, бетакрор миллий-маънавий қадриятларимиз, урф-­одатларимиз, халқ амалий санъати намуналари, бир сўз билан айтганда, бу борадаги минг-минг йиллик маданий тарихимизни улуғлаш, бутун дунёга намойиш қилиш. Биз олдинги бўлиб ўтган фестиваль жараёнлари, меҳмон ва иштирокчиларга яратилган қулайликлар, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда савияси билан биргаликда йўл қўйилган айрим камчиликлар борасида газетамизда ўтган йили чиқиш қилган эдик. Хўш, шу кунлардаги ҳозирлик ишлари қандай кетаяпти?

Аввало, фестиваль ўтадиган, бугунги ҳамма талабларга тўлиқ жавоб берадиган муқим жой бўлиши керак. Токи “Бойсун баҳори” деганда меҳмонлар ва мезбонлар қалбида бир умр муҳрланиб қоладиган барқарор манзара, барча қулайликларга эга бўлган замонавий сайёҳлик инфратузилмаси, табиий, миллий ва жуғрофий этнографиямизни ўзида мужассам этувчи композицион декорациялар ва ҳоказо… Бу гал ана шундай мезонларга мос ло­йиҳалар ва ишлар амалга оширилмоқда. Натижани эса яқин вақт кўрсатади.

Бундай катта халқаро байрамга, айниқса, бойсунлик ҳунармандлар жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Айниқса “Бойсун ҳунармандлар маркази”да ўнлаб чеварлар, халқ амалий санъати усталарининг қўллари қўлларига тегмайди. Тол косадан тортиб, омочгача, чанқовуздан тортиб, сибизғагача дегандай, юз турдан ортиқ ҳунармандлик буюмларини тайёрлашмоқда. Ҳунарманд Нилуфар Жўраева бошчилигида мазкур марказда юз нафардан ортиқ чеварлар эзгу ният билан ўз маҳоратларини ишга солишган. Бунда 130 метрлик алвон матодан узунлиги 31 метр, эни 5,2 метр бўлган дунёдаги энг катта ва бежирим сўзана тайёрланди. Чевар хотин-қизларга “Фаол тадбиркор” медали соҳибаси Малика Подшоева бош-қош. Матога қадимдаги энг ноёб миллий нақшлар ранг-баранг ипак иплар билан моҳирона тикилган. Чеварларнинг нияти сўзана тикиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатиш эди. Ният амалга ошган бўлса, ажаб эмас.

Яна бир томонда қўлигул кайвонилар узунлиги 28 метр бўлган шарқона гилам тўқишаяпти. Бойсунлик ҳунармандлар бошлаган хайрли ишларини қойилмақом якунлашади, деган ишончдамиз. Сабаби вилоят марказида 2019 йилда бўлиб ўтган халқаро бахшичилик фестивалида бойсунлик каштачилар яратган узунлиги 25, эни 6 метрлик гўзал сўзана намойиш этилганлигини тадбир иштирокчилари яхши эслашса керак. Нақшлари кўзни олувчи, оғирлиги 60 килолик сўзана ёнида ҳавас билан юзлаб меҳмонлар суратга тушишгани бугунгидек кўз ўнгимизда турибди. Шу боис бемалол айта оламизки, фестивалда кўргазмага қўйиладиган миллий маданиятимиз, миллий халқ амалий санъати намуналари меҳмонлар ва иштирокчиларни бу йил ҳам бефарқ қолдирмайди.

Эндиги масала фестиваль ўтадиган мажмуани рисоладагидек кўринишга келтириш, қатнашчиларига яратиладиган қулай шароит ва халқаро талабларга мос хизмат кўрсатишга боғлиқ. Айни пайтда Бойсун шаҳрида автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари қайта таъмирланмоқда. Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган марказий ва қўшимча саҳналарни замонавий кўринишга келтириш, меҳмонлар учун соя­бонлар, автотураржойлар, маиший хизмат нуқталари, меҳмонхоналар, ошхона ва чойхоналар, хиёбонлар, пиёдалар йўлакларини бежирим таъмирлаш ва замонавий тарзда янгидан барпо этиш юмушлари якунланмоқда. Бу нарсалар айтишга осон, йўлларни янада тартибга келтириш, шундай улкан майдондаги мажмуа иншоотларининг бир-бирига уйғунлигини таъминлаш, ўнлаб ўтовлар тикиш, туманлар, вилоятларнинг кўчма қўрғонларини бунёд этиш учун қанчадан-қанча ишчи кучи, техника жалб этилишидан ташқари, каттагина маблағ ҳам сарфланади.

Тайёргарлик ишларининг боришига нафақат туман, вилоят ҳокимлиги, ташкилотлар, балки тегишли вазирликлар, қўмиталар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилишидан ташқари, керакли тавсиялар, маслаҳатлар берилиб, ҳар бир соҳа ва объектдаги бажарилаётган ишлар муддати, сифати жиддий назорат қилиб борилаяпти. Хуллас, “Бойсун баҳори” халқаро очиқ фольклор фестивалини ўтказиш лойиҳасидаги вазифалар кўлами ниҳоятда катта ва масъулиятли. Вақт эса жуда тиғиз. Миллий санъат ва ҳунармандчилигимизнинг халқаро байрамига ўнлаб чет давлатлардан келадиган расмий меҳмонлар, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадилар.

Демак, барча-барчани Бойсун чорламоқда!

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 8 =