СУМАЛАК

Зумрад баҳор ўзининг бетакрор сепини ёйиб, дилларга ҳузур, кўзларга нур бахшида этади. Шунинг­дек, шифобахш кўклам чечакларидан тайёрланувчи миллий таомлари билан ҳам жонимизга жон бахшида этади. Баҳорий таомлар орасида ўз ўрни, ўз таърифига эга кўк сомса-ю чучваралар, ҳалиму кўк қатлама, патирлар қаҳратон қишдан толиққан жисмимизга дармон бўлиб, кайфиятимизни-да чоғ этади.

Навбаҳорнинг шоҳ таоми, Наврўзи оламнинг кўрки бўлмиш сумалакнинг таърифи эса достон бўларли даражада. Нуроний бувижонларимиз, пазанда онажонларимиз томонидан алоҳида тараддуд билан бош­ланиб, ёш-ялангларни-да хизматга чорлагувчи миллий таомимизнинг сеҳри бўлакча. Барча дилдошларни бир жойга жамлагувчи ушбу таомнинг ажиб тарихидан тортиб, бугунигача мўъжизаларга бой ўтаётган тайёрланиш жараёни ўзига хос сир-у синоатларга бой. Аввало, барчага бирдек манзур бўлган ушбу таом номи ҳақида тўхталсак…

Халқимизнинг айрим шеваларидагина қолган бу сўз “уймоқ” маъносини беради. Яъни, кўпроқ майда донли экинлар ҳосилини бир жойга тўплашга нисбатан айтилади. “Сума” сўзи буғдойнинг айрим шевалардаги шакли бўлиб, “сумламоқ” сўзи шундан келиб чиққан, дейилади манбаларда. Аввало, буғдойни уйиш, кейин бошқа шу каби уйиш мумкин бўлган донлар, туп­роқ, шағал ва шу кабиларни пирамидасимон қилиб уйишга нисбатан ишлатилган “Сумламоқ” сўзи ҳозир ҳам Наманган, Андижоннинг айрим шеваларида жуда фаол сақланиб қолган. Бу сўздан “сумалак” сўзи келиб чиқмаган бўлса ҳам тилимизда “сум” ёки “сума” фаол асос сифатида мавжуд. Нима бўлганда ҳам, сўз заргарлари ҳавола қилаётган “сума” сўзи қадимги тилимизда “буғдой” маъносини ифодалаган. Барча сўзларимиз шеваларда туғилгани боис, шева сўзларига ўнг кўз билан қарашимиз керак. Қувонарлиси шундаки, “сумалак” сўзи чиндан ҳам тоза туркий сўздир.

Асрлар билан юзлашган момоларимизнинг ҳикоя қилишларича, бу сирли таомнинг илк тайёрланиш жараёни шу қадар ҳайратланарли бўлган эканки, эгизак фарзандларини очликдан асраш учун буғдой илдизларини узоқ вақт қайнатган  она ҳориб-чарчаб ухлаб қолганлари, маълум вақт ўтиб уйғонганларида эса хушхўр таом тайёр бўлган қозони атрофида малоикаларни кўрганлари сабабли, ушбу сирли таомни “сумалак” дея номлаганлари тилдан-тилга ўтиб келмоқда.

Ҳозирда бизлар “сумалак” дея номлагувчи, севиб тановул қилувчи миллий таомларимиз шоҳи бўлмиш бу таомнинг фойдали хусусиятлари бир олам. Илик узилди даврда сумалак истеъмоли жисмимизни дармондориларга тўйинтиради. Узоқ муддат танани қувват билан таъминлайди. Юрак-қон томирларини мустаҳкамлашга, дармондориларга бўлган эҳтиёжларимизни қондиришга хизмат қилади. Қувонарлиси, бугунга келиб савдо расталаридан ҳам дармонга бой сумалак жой эгаллаган. Таъбингизга, имкониятингизга қараб, хоҳлаганингизча харид қилишингиз мумкин, азизлар!

Фаррухжон АШУРБОЕВ,

Тошкент тиббиёт академияси

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 3 =