Улар мажнуна эмас…

Болалигимда қишлоғимизда ҳамма савдойи деб биладиган бир аёл бўларди. Ҳеч кими йўқ ва акасининг уйида умрини ўтказиб келаётган бу ожизани кўча-кўйда кўрган ёш-яланглар мазах қилишар, индамаса ҳам кесак отиб қочишарди. Бундай кишилар тажовузкор бўлади, деб эшитганим учун мен ҳам ундан ҳайиқиб юрардим. Бировга ёмонлиги ўтмаган, аксинча, одамларнинг тўй-маъракаларида беминнат хизмат қилар, далада кетмон чопиб тирикчилик қиларди. Вақт ўтиб оилавий зўравонликлар, тазйиқлар ва адолатсизликлар аёлни шу кўйга солганини англаб етдим. Йиллар ўтди, аёл кўринмай қолди. Кейин яқинлари уни махсус пансионатга жойлаштирганлигини эшитдим. Бундай тақдирларга, албатта, ачинасан киши…

Қалби кемтикларни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш масалаларига бизда қадрият сифатида қараб келинган. Юртимизда бугун ҳам азалий анъаналарга содиқлик руҳини илғаш қийин эмас. Айниқса, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат қарамоғига олинган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишни ҳар жиҳатдан такомиллаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, гендер сиёсати тобора устувор аҳамият касб этиб, оилаларда хотин-қизларга бўлаётган зўравонликлар ва тазйиқларга барҳам бериш бўйича ҳам тизимли ишлар қилинаётганлиги, ишсиз қатламнинг бандлиги таъминланиб, аёлларга тиббий, психологик ёрдамлар кўрсатилаётганлиги қувонарли ҳолдир.

Кўҳна девор ортидаги сўлим бир гўша

Бухородаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар учун интернат уйи икки гектардан зиёдроқ ҳудудда, кўҳна қалъа деворлари адоғидаги манзилда қўним топган. Бир замонлар бухороликларга қалқон вазифасини ўтаган иҳота девори ҳозир ҳам қисман сақланиб қолган. Душман авиацияси ҳужуми пайтида ва ундан кейин ҳам бу деворлар вайрон қилинган. Бизгача уларнинг бир қисмигина етиб келган.

Ўзига хос баҳаво, манзарали жойда жойлашган интернат уйи ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйига, бир қатор муассасалар ҳамда аҳоли пунктига туташ жойлашган. Уч юз нафардан ортиқ васийликка олинган аёлларга мўлжалланган масканда икки юздан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 16 нафари шифокор, 43 нафари ҳамшира ҳамда 102 нафари кичик тиббий ходимлардир.

— Муассасада руҳий-асаб тизими касалликлари оқибатида 1-2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Аёллар асосан, шизофрения, эпилепсия, ақлий заифлик, деменция каби ташхислар билан келтирилган ва улар доимий назоратимизда. Васийликка олинганлар Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятларидан қабул қилиб олинган. Яшовчилар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, уларга ҳар куни тўрт маҳал — сифатли ва калорияга бой маҳсулотлардан тайёрланган таомлар берилади, — дейди биз билан суҳбатда муассаса бош тиббий ходими Дониёр Итолмасов.

Албатта, ташкил этилганига эллик йилдан ошган интернат уйи­­да яратилган шароитлар муқояса қилинадиган бўлса, ўтган йиллар орасида бу ерда кўплаб ўзгаришлар бўй кўрсатганини билиш мумкин. Узоққа бормайлик: коронавирус пандемияси даврида ётоқ беморлари учун 55 ўринли бино, шунингдек, маъмурият ва тиббиёт бўлими учун янги бино қуриб, фойдаланишга топширилди. Кейинроқ асосий бинога кираверишда беморларнинг қариндошлари билан учрашиб суҳбат қуришларига шароит яратиш мақсадида махсус айвонлар (беседка) ташкил этилди.

Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Р.Шодиевнинг таъкидлашича, барча бўлимларнинг фойеларига телевизорлар, ҳаво совиткичлар ва бошқа мебель жиҳозлари қўйилган. Ҳаракатланиш имконияти чекланган аёлларга электр юритмали кресло-­аравачалар олиб берилган. Ошхона замонавий қиёфага келтирилиб, янги стол-стуллар билан жиҳозланган.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида бу ерда эътиборга молик ишлар қилингани сезилади, албатта. Ҳовлига қадам қўйишимиз билан теварак-атрофга экилган турли мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ҳамда гул кўчатлари эътиборимизни тортди. Аҳамиятли жиҳати — интернат уйи ўз иссиқхонасига ҳам эга. Иссиқхонада лимон, кўкатлар ҳамда турфа гуллар парваришланмоқда экан.

Интернат уйи яшовчиларини соғломлаштириш асосий масала. Физиотерапия хонасида 13 турдаги аппаратлар мавжуд бўлиб, УТТ, тубус-кварц, дарсонваль, электросон, магнитотерапия, лазеротерапия, электрофарез, “Цзин-да”, “Ulaizer” ингалятор, “Соллюкс”, чироқли ванна, УВЧ, ЭКГ аппаратлари уларнинг хизматида. Даволовчи жисмоний тарбия хонасида велотренажёрлар, югуриш йўлакчаси, стол тенниси, шашка-шахмат ва бошқа машғулотлар учун шароитлар яратилган. Шифокорлар тавсиясига кўра, аёллар ўн хил спорт тури билан шуғуллантирилади. Алоҳида уқалаш хонаси ҳам ташкил этилган экан.

Бу гўшада умргузаронлик қилиб келаётган нозик хилқат эгаларининг маданий ҳордиқ чиқаришлари, уларнинг маънавий-маърифий тадбирларга ҳамда тўгаракларга жалб этилиши борасидаги ишлар билан қизиқдик. Интернат уйи ижтимоий ходими Соҳиба Хўжаева шахсий юмуш билан қаергадир кетган экан. Бу борада амалга оширилган ишлар билан бизни кутубхоначи Дилафрўз Тошева таништирди. Васийликка олинганлар қизиқиш ва лаёқатларига қараб китобхонлик, тикувчилик, тўқувчилик, арт-терапия (тасвирий санъат ёрдамида мижознинг психо-эмоционал ҳолатига таъсир ўтказувчи терапия), “Моҳир қўллар”, сартарошлик, пазандачилик каби тўгараклар ва машғулотларга қамраб олинаётган экан. Ҳозирда қирқдан ортиқ хотин-қиз китоб мутолаасига лаёқатли бўлиб, улар кутубхонанинг доимий йўқловчилари ҳамдирлар. Улар ўтказиб келинаётган китобхонлик ва шеърхонлик кечаларида ҳам доимо фаол. Ҳафтанинг белгиланган кунида бир марта “Меҳр ва саховат куни” доирасида турли концерт дастурлари, бадиий кеча ва учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Бухоро давлат университети, Бухоро инновацион таълим ва тиббиёт университети ва бошқалар билан маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик қилинмоқда. “Нуроний” жамғармаси ҳомийлигида эса васийликка олинганлар учун шаҳримиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу тадбирлар ҳамиша қизиқарли ва эсда қоларли тарзда ўтказиб келинмоқда.

Хотин-қизларнинг саломатлигига эътибор ҳамиша устувор. “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар учун интернат уйи яшовчилари йилда икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиларкан. Март ойининг биринчи ўн кунлигида ташкил этилган тиббий кўрикда васийликка олинган аёлларнинг барчаси кўрикдан ўтказилди, лаборатор-инструментал текширувларга жалб этилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, текширувдан ўтганларнинг 985 нафарида касалликлар аниқланган. Шундан 370 нафарида бирламчи хасталиклар, 240 нафардан ортиғида терапевтик, бешта кўз, тўққизта эндокринологик, еттита руҳий-асаб, 19 та неврологик, 43 та хирургик, еттита травматологик, 16 та урологик, 11 та стоматологик ва бошқа касалликлар аниқланган. Тор соҳа мутахассислари томонидан уларни соғломлаштириш чоралари белгиланди.

Ўн беш йилдан буён шу ерда истиқомат қилиб келаётган Рўзибека Ражабова билан суҳбатлашганимизда, у бу ердаги шарт-шароитлар яхшилигини, ўз қизиқишлари доирасида тадбирларда ва ички танловларда фаол иштирок этишини, айниқса, Фармонбиби ролини севиб ижро қилишини, гипертониядан азият чекишини, бироқ тиббиёт ходимлари унинг аҳволидан доимо хабардорлигини, китоб ўқиб туришини, пазандачилик тўгарагига қатнашиб, турли пишириқлар пиширишни ўрганганини эътироф этди. Биз билан эркин суҳбатлашаётган Рўзибека опа ёд олган шеърлари ва қўшиқларидан айтиб берди.

Олам-олам армонлар қалбининг тубига кўмилган бу ожизаларга қараб юрагингнинг бир четида ачиниш ҳис қиласан киши. Оиласини, фарзандларини қўмсаб, кунлар санайдиган, яқинлари келганида ўзига сиғмай, боладек ирғишлайдиган мажнуналарнинг дардини тушунгандек бўласиз. Зеро, бу зотларни дунёнинг ҳеч бир ялтироқликлари, ҳеч бир ҳаваслари яқинлари дийдори каби бу қадар ўзига жалб этолмайди. Дийдорнинг қадрини ҳеч кимса уларчалик билмайдигандек туюлаверади. Улар мажнуна эмас, улар фаришта, дегинг келади.

Шу ўринда бир мулоҳаза…

Интернат уйига ташриф чоғида бир манзара эътиборимни тортди. Очиғи, қоровулхонадаёқ бош­ланган “расмиятчилик” таъбимни хира қилди. Махсус ки­йимдаги қоровул раҳбар билан телефон орқали гап­лашиб, унга кимлигимни, мақсадимни етказди. Тахминан ўн дақиқалар ўтиб, оқ халат кийган ва ўзини бош тиббий ходим деб таништирган йигит келди. Унга гувоҳномамни кўрсатиб, қаерданлигимни, нима мақсадда келганлигимни тушунтиришимга тўғри келди. Менда у нима қилиб бўлса ҳам тезроқ қутулишга ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғотди. “Байрамдан кейин келинг, бугун тадбирларимиз кўп”, деган гапни айтди. Бунга қадар кўчадаги турнақатор тизилган автоуловларни кўриб: “Бугун бирон тадбир ўтказилаётган бўлса керак”, дея қоровулдан сўраганимда, у тадбир йўқлигини, уловларнинг барчаси шу ерда ишлайдиган ходимларга тегишли эканлигини айтганди. Мен уларнинг тадбирига халақит бермаган ҳолда ўз ишимни қилишимни айтдим ва биз Д.Итолмасов билан унинг хонасига кирдик.

Журналистик услубимдан келиб чиқиб, бу ерда яшовчиларнинг биронтасининг ҳаётидан ибратли жиҳатларни олишни мақсад қилгандим. Албатта, бу ишга ўзига хос ёндашилиши, қаҳрамон ҳам аноним бўлишини тушунтирдим. Бу фикрларимни маъқуллаган ходим орадан фурсат ўтиб, бошқача гапира бошлади. Бу шахсга доир маълумотни ошкор қилишга кираркан, бунинг учун жавобгарлик бор экан. Қизиқ, шахси ошкор қилинмаган аноним маълумот учун ким кимни жавобгар қилишини мен тушунмадим. Яна бир ажабланарли жойи шу бўлдики, раҳбар А.Ҳамдамовдан муассаса мисолида давлат сиё­сати ижроси, бу ерда хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида икки оғиз интервью беришини сўраганимизда, гапимиз оғзимизда қолди. Директор шарт эмас, деган қисқа жавобни қилди.

“Бир-икки абзацлик мақола чиқса бўлди. Бир опа бор, шу кишини чақирамиз. Шароитларни мақтайди. Бўлди, шу етади сизга”, деб ақл ўргатаётганлар журналистика фақат хабар ёзадиган ёки ҳисоботларни эълон қиладиган восита эмаслигини, унинг ҳам ўз формати, жанрлари, жараёнларни ифодалаш усуллари борлигини билишармикан? Энг қизиғи, расм олишимизга ҳам монелик бўлгани. Ўзимиз расм ташлаб берамиз, дейишди-ю, ташлаб берган саноқли расмлари кал бошга узатилган тароқдек талабимизга жавоб бермади. Қатиқ тугул, совуқ сув­ниям бу қадар пуфлаб ичиш нечун?

Биз махфий бўлган ҳеч бир маълумотга қизиқмадик. Аммо зарурат туғилганда, оммавий ахборот воситаси журналистик суриштирув ва теширувлар ўтказишга ҳақли эканлиги қонунларда белгилаб қў­йилган. Айрим идораларда ички тартиб мавжуд бўлса-да, бироқ шуниси ҳам муҳимки, бу жиҳат мамлакатдаги сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатига дахл қилмаслиги керак.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − five =