Суд қонунни айланиб ўтадими?

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари амалиётга татбиқ этилиб, одил судловнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Тизимда ишни тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилиб, қуйи суд органларининг ваколатлари кенгайтирилди. Аммо ҳамон одил судлов, адолат мезонига тизимда тўлақонли амал қилиняпти деб бўлмайди. Яқинда Самарқанд вилоят судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бир иш муҳокамаси юзасидан кузатувчи сифатида иштирок этиб, адолат тамойилларидан оғишишнинг гувоҳи бўлдик. Негаки, судда очиқдан-очиқ қонун устуворлигига амал қилинмади.
“Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, одил, ҳаққоний бўлишга тантанали қасамёд қиламан”. Илк бор лавозимга сайланган ёки тайинланган судья ўз ваколатларини амалга оширишдан олдин мана шундай қасамёд қилади. Судьянинг қасамёди ва унинг тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилдан 2021 йилга қадар амалда бўлган “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 64-моддасида, шу қонуннинг 2021 йилдаги янги таҳрири 60-моддасида ҳам батафсил ёзиб қўйилган. Судьялик қасамёди билан бирга доим ёнма-ён амал қилинадиган “судьянинг ички ишончи” ҳам бўладики, у шунчаки оддий ишонч эмас, ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган бўлиб, қасамёдининг мантиқий давоми саналади. Судья қарор қабул қилиш жараёнида қонун нормаларига таянган ҳолда ўз ички ишончига ҳам таяниши лозим. Яъни якуний ва қонуний қарор қабул қилишда судьядаги ички ишонч ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Гувоҳи бўлганимиз Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг айрим судьялари қонунчилик нормаларига эмас, “ички ишонч”ларига таяниб иш тутадиган кўринади.
Иш ҳолати оддий. Даъвогар “Каттақўрғон ҳақиқати” (ҳозирги “Каттақўрғон: кеча ва бугун”) газетасининг собиқ муҳаррири Шуҳрат Қаршиев ўзини иш берувчи — Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан ғайриқонуний тартибда ишдан бўшатилган деб ҳисоблаб, 2023 йил 19 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритади.
Аслида, даъвогар Каттақўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 5 ноябрдаги фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 4-бандига асосан, Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 1 ноябрдаги ажримини асос қилиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бу ҳаёт турли тасодиф, чигаллик ва ноаниқликларга бойки, бу ҳар қандай инсонни шошириб қўяди. Гапнинг индаллосини айтганда, Ш.Қаршиев 2020 йил 7 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг ҳукмига кўра жавобгарликка тортилиб, 2023 йил 3 августга қадар жазо муддатини ўтайди. Белгиланган барча жазолардан озод бўлган даъвогар Каттақўрғон туман ҳокимлигидан ўзининг ҳужжатлари ва лавозимидан озод қилиниши ҳақидаги фармойиш нусхасини сўрайди. Аслида, ишдан бўшатилган заҳотиёқ ходимнинг ҳужжатларини унга бериши ёки почта орқали юбориши лозим бўлган ҳокимлик ҳужжатларни тақдим этишни негадир пайсалга солиб, 2023 йил 9 сентябрда туман ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилиш кераклигини айтади. Даъвогар томонидан ўзига тегишли ҳужжатларни олишни сўраб ҳоким номига қилинган аризадан сўнг 2023 йил 11 сентябрда фақатгина ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармойиш нусхаси берилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги фармойиш мазмуни билан танишиб чиққан даъвогар унинг ғайриқонуний эканлигини англайди ва 2023 йил 19 сентябрда ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси билан Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига мурожаат қилади. Ишни кўриб чиққан судья Суҳроб Турсунов негадир туман ҳокимининг ғайриқонуний равишда чиқарилган фармойишига ҳуқуқий баҳо бермасдан туриб, Меҳнат кодексида белгиланган нормаларни четлаб ўтиб, даъвогарнинг даъво талабларини рад этиш тўғрисида Ҳал қилув қарори чиқаради. Бундан норози бўлган даъвогар вилоят судига апелляция шикояти киритади. Минг афсуски, ишни апелляция тартибида кўрган суд ҳам ишга меҳнат қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб холисона ҳуқуқий баҳо бермасдан, моҳиятан биринчи инстанция судининг қарорига мос хулосага келади. Адолатнинг кўзлари кўр, қулоғи кар эмасдир, деган илинж билан тафтиш тартибида шикоят ёзган даъвогар суд ишига бир гуруҳ жамоатчилик вакилларини ҳам кузатувчи сифатида таклиф қилди. Ишда кузатувчи сифатида иштирок этар эканмиз, суд иши аввалига рисоладагидек боргандай бўлди.
Дастлаб даъвогар Ш.Қаршиевнинг ишончли вакили — “Қомус” адвокатлик ҳайъати адвокати Дилором Қаршиеванинг гапларига қулоқ тутамиз:
— Аввало, даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги Каттақўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 5 ноябрдаги фармойиши ғайриқонуний равишда қабул қилинган. Фармойишга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 4-банди асос қилиб олинган. Ушбу бандда меҳнат шартномаси тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиниши қайд этилган. Ушбу вақтда амалда бўлган Меҳнат кодексининг 106-моддасида меҳнат шартномаси тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши белгиланган: а) ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда; б) шу ишни илгари бажариб келган ҳолда ходим ишга тикланган тақдирда; в) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек, ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда; г) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса; д) ходимнинг вафоти муносабати билан; е) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Аммо иш берувчи юқоридаги қонун талабларига кўра даъвогарга нисбатан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлмаса-да, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 1 ноябрдаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримини асос қилиб, 2019 йил 5 ноябрь куни иш берувчи меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилган. Ушбу ҳолатга холисона ҳуқуқий баҳо берилишида ишни кўрган судлар томонидан ҳам қонун бузилишига йўл қўйилмоқда. Яъни, ишни дастлабки босқичда кўрган Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди судьяси Суҳроб Турсунов ҳолат бўйича ҳақиқатни аниқлаш чораларини кўрмасдан, меҳнат шартномасини тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда бекор қилишда, қонунда айнан даъвогарга жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 1 ноябрдаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрими асос бўла олмаслигини била туриб инобатга олмаган. Шунингдек, қонун талабига кўра иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукмини асос қилиши лозимлиги белгиланган бўлса-да, ҳокимликнинг ушбу қўпол хатоликлари судда муҳокама этилмаган. Аксинча, ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида даъвогарга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги суднинг ҳукми қабул қилинганлиги ҳолати меҳнат шартномасини бекор қилишда ғайриқонунийлик оқибатлари мавжуд эмаслигидан далолат беради, деб нотўғри асослаб, қонун талабининг бузилишига йўл қўйган. Эътибор беринг, даъвогар 2023 йил 3 августга қадар суд томонидан белгиланган жазони ўтаган. Жазодан озод бўлгач, 2023 йил 11 сентябрда ишдан бўшаш тўғрисидаги фармойиш нусхасини олган. 2023 йил 19 сентябрда судга мурожаат қилган. Суднинг ҳал қилув қарорида қонунлар нотўғри талқин қилиниб, даъвогарнинг манфаатларига зарар етказилмоқда. Апелляция инстанция суди ҳам ўзининг ажримини асослантириш қисмида “…даъвогар 2023 йил 3 август куни берилган жазодан шартли равишда озод қилинган бўлса-да, 2023 йил 19 сентябрь кунига қадар судга ўз меҳнат вазифасига тиклаш юзасидан мурожаат қилмаган ва ижтимоий муносабат рўй берган пайтда амалда бўлган Меҳнат кодексидаги белгиланган даъво муддатини ўтказиб юборган…” деб нотўғри асослаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ноқонуний хулосага келган.
Маълумки, мамлакатимизда меҳнат муносабатларига оид қонунчилик талаблари ижроси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва унинг жойлардаги вакилликлари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади. Мазкур ҳолат юзасидан суд ишида иштирок этиб, қонунчилик нормалари бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси меҳнат ҳуқуқ инспектори Мансур Норбоевнинг фикрлари жуда эътиборли: “Мазкур низоли ҳолатда иш берувчи Каттақўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 5 ноябрдаги даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги фармойиши нотўғри асос билан чиқарилган. Сабаби, эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси 4-қисми асос қилиб олинган. Айнан шу кодекснинг 106-моддаси қайси қисмига асосланилгани фармойишда қайд этилмаган. Қайд этилган тақдирда ҳам мазкур ҳолатда қўлланилган моддалар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш нотўғри ҳисобланади. Сабаби, суднинг ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб меҳнат шартномасини бекор қилиш қонунчилик нормаларига мос келмайди. Ушбу низоли ҳолатда даъвогар Ш.Қаршиевнинг даъво муддатини ўтказиб юборган ёки ўтказиб юбормаганлиги ҳолатига меҳнат қонунчилиги нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, даъво муддати ўтказиб юборилмаган…”
Даъвогарнинг даъво аризаси Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилди. Суд мажлиси тарафларнинг иштироки билан қизғин кечди. Иш раислик қилувчи В.Асқаров, судьялар Н.Рахманова ва Ш. Тошпулатовлардан иборат таркибда тафтиш қилинди. Суд ишининг биринчи куни қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтди. Даъвогарнинг ишончли вакили — адвокат Дилором Қаршиева биринчи инстанция суди ва апелляция судлов ҳайъати томонидан ишни кўришда йўл қўйилган хатоликларни бирма-бир келтириб ўтар экан, тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатидан мазкур қонунбузарликларга қонуний тартибда ҳуқуқий баҳо берилишини ва даъвогарнинг даъво талабларини қонун доирасида қаноатлантиришни сўради. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси вакили — меҳнат ҳуқуқ инспектори М.Норбоев ҳам мазкур низоли ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирар экан, иш берувчи — Каттақўрғон туман ҳокимлиги даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга оид чиқарган фармойишда Меҳнат кодекси нормаларига амал қилмаганлиги, хатоликларга йўл қўйилганлигини, даъво муддати ўтказиб юборилмаганлигини маълум қилди.
Жавобгар томон вакили — Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Исломов эса, иш берувчи органнинг меҳнат қонунчилиги нормаларини бузганлиги етмаганидек, даъвогарнинг даъво талабларини рад этишни сўраб оёқ тираб турганлиги таажжубланарли.
Нима бўлганда ҳам, суд мажлиси муҳокамасида даъвогар иш берувчи — Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан Меҳнат кодекси нормаларига кўра ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги ўз тасдиғини топди. Лекин судлов ҳайъати Меҳнат кодекси нормаларига зид равишда қонун талабларини бузиб, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришсиз қолдирди. Қизиқ томони, даъвогар ва унинг ишончли вакили — адвокат Д.Қаршиева томонидан судлов ҳайъатига қайси қонун талабига кўра даъво рад этилганлигига доир берилган саволлар суд залида жавобсиз қолди. Судлов ҳайъати аъзолари лом-мим демасдан суд залини тарк этишди.
Даъвогарнинг маълум қилишича, бир неча кундан сўнг тафтиш тартибида кўрилган суд ишининг баённомаси билан танишиш чоғида баённомага бир қатор ёлғон маълумотлар киритилганига гувоҳ бўлган. Ҳолат юзасидан судлов ҳайъатига эътирознома киритиб, ўз фикрларини маълум қилган. Орадан бир неча кун ўтиб, эътирозноманинг муҳокамасига оид суд мажлиси чақирилади ва даъвогар томонидан билдирилган эътирозлар қисман қаноатлантирилиши тўғрисида ажрим қабул қилинади. Судлов ҳайъатининг “адолатлилиги”ни қарангки, орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан, эътирозномага оид қабул қилинган ажрим ҳалигача даъвогарга берилмаган. Қизиқ томони, нега судьялар амалдаги қонун талабларига риоя қилмаётир?
Кейинги пайтларда судларга иши тушаётган кишиларнинг аксарияти нега норози кайфиятда эканлигини англагандек бўлдик. Демак, айрим судьялар ҳар доим ҳам ўз қасамёдига содиқ бўлмасдан ва қонун талабларига таяниб қарор қабул қилмаганлиги фуқароларнинг судларга бўлган ишончига соя солмоқда. Нима бўлганида ҳам, жамиятда инсон манфаатлари ва қонун устуворлиги таъминланмас экан, бу нафақат тараққиётимизга рахна солади, балки одамларда амалдаги қонунларимизга ишончсизликни келтириб чиқараверади.
Суд одил судловни амалга оширмас экан, ҳамон қонунларни четлаб ўтар экан, халқнинг судларга ишончи “ўлик” ҳолда қолаверади. Юқоридаги ишга оид масаланинг адолатли ечими учун даъвогар наҳотки Олий судгача бориши керак? Даъвогар бор-йўғи аввалги ишига тиклашни, унга нисбатан меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинганини нафақат унинг ўзи, балки меҳнат қонунчилигига мутасадди идора вакиллари ҳам очиқ-ойдин кўрсатма бериб турган бўлса?
Ажаб савдолар?!
Убайдулла ХЎЖАНИЁЗОВ,
“Hurriyat” мухбири.