Нуралининг нурли олами

Эрта тонгдан Шаҳрисабз томон отландик. Баҳорнинг айни палласи эмасми, ҳамма ёқдаги ям-яшиллик кўнгилни чароғон этади. Бу йилги кўкламнинг серёғин келганлиги дала-дашт, боғ-роғларга янги ҳаёт бахш этмоқда. Сув мўл бўлган йилда доимо ишда унум, барака бўлганлиги айни ҳақиқат.

Йўл-йўлакай атрофга назар ташлаймиз. Қарши шаҳри ҳудудидан чиқишимиз билан Қашқадарёдан шарқираб оқаётган сув эътиборингизни ўзига тортади. Қарши туманининг Хонобод қишлоғига туташ масканда иш қизигандан-қизиган. Иссиқхоналардаги меҳнат гашти, боғ-роғлардаги яшил маконнинг ҳам энига, ҳам бўйига кенгайишини айтмайсизми?! Ғузор, Қамаши, Яккабоғ туманида ҳам яратувчанлик симфонияси авжида. Чироқчи туманига туташ ҳудуддаги темирйўл бўйлаб бораркансиз, Шаҳрисабзнинг серҳосил ерлари бошланади. Дукчи қишлоғига яқинлашишингиз билан бу ердаги асл деҳқонларни кўриб, фидойи меҳнатига тасаннолар айтишингиз тайин. Айни пайтда тумандаги биргина Дукчи қиш­лоғи негизида 3 та маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилди. Шулардан бири — “Чорбоғ” маҳалласи бўлиб, мазкур мас­каннинг уста деҳқонларидан бири Нурали Умировдир.

Шаҳрисабз томон элтувчи йўлнинг 15-километрида жойлашган “Дукчи Нурали” деҳқон хўжалигидаги манзара эътиборингизни тортади. Йўл ёқасида “Дала дўкони” ёзуви сизни бефарқ қолдирмайди. Йўлнинг ўнг томонидаги бу маскан деҳқон хўжалиги қароргоҳи бўлиб, ўзининг орасталиги билан ажралиб туради.

Мазкур масканда бизни баланд бўйли, кўзлари чақнаб турган, юзлари истарали, чамаси 53-54 ёшлар атрофидаги киши қарши олди. У ўзини “Дукчи Нурали” деҳқон хўжалиги раҳбари Нурали Умиров деб таништирди. Мўъжазгина айвондаги стол-стуллар билан жиҳозланган жойда салом-аликдан сўнг суҳбатимиз бошланди. У: “Яхшиси, минг эшитгандан бир кўрган афзал”, дея бизни 35 сотихлик деҳқон хўжалиги ҳудуди томон бошлади. Бу ерда айни ҳосилга кирган ўрик, олча, қароли, писта дарахтларини кўриб, кўзимиз қувнади. Экилган ток қаламчалари, чап томонда иссиқхона учун ҳозирланган жой, 100 туп шотутнинг баравж ривожи — мўл ҳосилдан дарак.

— Йил йилга ўхшамайди, деганлари рост, – дея гап бошлади деҳқон хўжалиги етакчиси Нурали Умиров. — Йилимизнинг баҳорини берганидан ғоят хурсандмиз. 8 туп писта, 7 туп олма, 10 туп олманинг симиренко нави, 10 дона қароли, 70 туп узумнинг ҳусайни, кетмон чоки, мерседес навидан мўл ҳосил кутаяпмиз.

Оҳиста қадамлар билан олдинга интиламиз. Сувга сероб майдонлардаги ўт-ўланлар баҳорнинг заррин қуёши остида кунда бир яшнамоқда. Дарё қирғоғи томон қадам ташлаймиз. Шундоққина Қашқадарё ёқасидан бундан 40 — 50 йил олдин шарқираб сув оққан. Йиллар ўтиб, бу ерларда жарлик ҳосил қилинган. 30 сантиметрдан сўнг тупроқнинг таги тош. Ана шу тошли ерга етарли миқдорда туп­роқ, маҳаллий ўғит солиб тарвуз етиштирилади. Бу бўйича туман сув хўжалиги бўлими билан шартнома бор. Ҳозирги кунда 25 сотих ерда қовуннинг кўкча, ҳандалак, сариқ ҳандалак, амири, кўк қовун, ана шунча сотих майдонда (жами 50 сотих) тарвузнинг қора тарвуз, ола тарвуз, абужаҳл навлари парвариш қилинади. Бу ерга шамак ўсимлик уруғи қадалади. У намликни сақлаб, палаклар ривожига ижобий таъсир этади. Бундан ташқари, 20 сотих ҳудудда ҳам туман сув хўжалиги бўлимига қарашли шартнома асосида сунъий кўлда балиқ етиштирилади. Туманнинг Оммағон қишлоғида балиқнинг танқис “Фарель” зоти кўпайтирилиб, элимиз дастурхонига тортиқ этилади.

— Мен бу ишларни бойлик орттириш, шон-шуҳрат учун амалга оширмайман, – деди Н.Умиров. — Мақсадим Янги Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққиётига ҳисса қўшиш, Президентимизнинг биз қишлоқ мулкдорларига кўрсатаётган ғамхўрлигига амалий иш билан жавоб беришдир.

Ҳа, деҳқон хўжалиги раҳбари Нурали Умиров билан суҳбатимиз қизигандан-қизиди. Шу маҳал бу ерга Шаҳрисабз ва қўшни Китоб туманидан азалий мижозлар келиб қолишди.

— Мен Шаҳрисабз туманидаги Қиёминшайх қишлоғидан Келдиёр Бобоёров бўламан, – деб таништирди ўзини меҳмонлардан бири. — Нурали Умировга миннатдорчилик билдиргани келган эдим. Бу ерда етиштирилган абужаҳл тарвузи шифобахш экан. Фарзанд, набираларим гижжадан азият чекиб, юзида оқ доғлар оралай бошлади. Шифокорлар тавсияси билан тарвуздан тановул қилингач, бу хасталикка барҳам берилди. Барака топишсин.

— Биз тумандаги Янгиқишлоқданмиз, – деди пенсионер Қурбон Мирзаев. — Қанд хасталигига чалинганман. Бормаган жойим, олмаган дори-дармоним қолмади. Ушбу деҳқон хўжалигида етиштирилган картошканинг шифобахшлиги жонимга ора кирди. Картошка ҳам мазали, ҳам дармондори экан. Икки йилдан буён ушбу картошкадан тановул қилиб, ўзимни ҳар қачонгидан бардам сезаяпман. Ушбу неъматдан турли салатларни тайёрлаймиз. Бу дастурхонимизнинг файзу баракаси бўлиб қолди.

— Мен Раҳмат Холлиевман, – дея суҳбатга қўшилди Китоб туманидаги Аёқчи қишлоғилик фуқаро. — Нурали акага катта раҳмат! Шифобахш картошка қанд хасталигига даво бўлди. Абужаҳл тарвузи фарзандларимга янги куч-қувват бағишлади. Ана шундай изланувчан инсонларни ҳақиқий ватанпарвар деса бўлади.

Албатта, бундай ҳароратли дил сўзларини эшитиш ёқимли. Биз бу каби ноёб неъматларнинг Шаҳрисабз заминига келтирилиши билан боғлиқ воқеалар тарихига ҳам қизиқиб, Нурали Умировни суҳбатга тортдик.

— Абужаҳл тарвуз уруғини Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан бундан 10 йил муқаддам олиб келганман, – дея гап бошлади Н.Умиров. — Жаҳонгир Тошев деган дўстим билан ҳарбий хизматни бирга ўтаганман. Уникига меҳмонга борганимда, ушбу тарвуздан бир карч мулозамат қилди. Асло еб бўлмайди, чунки аччиқ. Оз-оздан тановул қилиш керак экан. Бир чой қошиқ асал билан кунига уч маҳал ичилса, организм мослашади. Бироқ меъёрни ошириб юбориб азият чекканлар ҳам бўлди. Тавсияга амал қилингач, шифо топганларнинг миннатдорчилик сўзларини ҳам эшитдик. Картошкани эса акам раҳматли Мироқидан олиб келганди. Чунки акамнинг ўзи шундан шифо топган. Узун-узун ариқ қилиб экилади. Ҳосили ҳам яхши бўлади. Мен бу билан нима демоқчиман? Абужаҳл тарвузи ва картошкадан элимиз шифо топганлигидан хурсандман. Тошли ерда ўстириб, элимиз дастурхонига шифобахш дармондори тортиқ этаяпмиз.

Шу лаҳзада суҳбатимизга “Агробанк” АТБнинг вилоят бошқармаси менежери Достонбек Темиров қуйидагиларни қўшимча қилди:

— Нурали ака Умиров тижорат банкимизнинг фаол мижозларидан бири, – дея сўз қотди у. — “Сувчилар мактаби” тижорат банкимиз томонидан ташкил этиладиган тадбир. Унда ҳам Нурали ака ўзининг тиришқоқлиги, янгиликка интилиши билан машғулотларда фаол қатнашаяпти. Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти ўқитувчиси Алишер Рўзимуродов билан унинг даласида бўлиб, фидойи меҳнат маҳсулидан ғоят мамнун бўлганмиз. Тарвузларнинг катталигини кўриб, қойил қолганмиз. Яна бир нави борки, шифобахш, дардга даво. Ана шундай эл-юртга камарбаста ишбилармонларни қўллаб-қувватлашдан нафақат молия муассасалари, балки давлатимиз, элимиз ҳам манфаатдор.

— Касбни эъзозлашни отамдан ўрганганман, – деди суҳбатимиз сўнгида Нурали Умиров. — Отам Хушвақт бобо сувчи бўлган. “Бу касб ҳалоллик, покликни севади”, дерди у киши. Отам ёшлигимдан мени етаклаб, панд-насиҳатини аямаган. Чайлада деҳқончилик қилиб, меҳнати маҳсулидан баҳраманд бўлган. Оилада 11 нафар фарзанд бўлганмиз. Ҳозирги кунда 9 нафаримиз ҳаёт. Отам 93 ёшда, онам 95 ёшда бу фоний дунёни тарк этишди. Отга миндириб, биз фарзандларни ардоқлаган ота-онамиз руҳи доимо йўлимизда йўлдош бўлиб турибди.

Деҳқончилик хўжалигидан қайтар эканмиз, 2002 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бораётган аҳил жамоа меҳнатига тасаннолар айтдик. Н.Умировнинг турмуш ўртоғи Ойшахон опа Холлиева, фарзандлари Хурсандой, Шерали, жамоа аъзолари Ҳайитбой Сафаров, Раҳмат Холлиевларнинг ҳамжиҳатлигига ҳавас кўзи билан боқдик. Кенг майдонлардаги бодринг, помидор, қовун, тарвуз палакларининг авжи, мевазор боғлардаги мўл ҳосил нишоналари 2023 йилдаги 130 миллион сўмлик даромад жорий йилда унданда юқори бўлишидан дарак бериб турибди. Зеро, меҳнат — роҳат, изланиш — фароғат, якуний натижа — мўмай даромад, пировардида юксак тараққиётдан далолат дегани шу бўлса керак.

Дарвоқе, ушбу деҳқон хўжалиги ҳақида, бу ерда шифобахш абужаҳл навли тарвуз етиштирилаётгани тўғрисида ўтган йили ҳам “Hurriyat”да ҳикоя қилгандик. Яна ушбу хўжалик етакчиси Нурали Умиров бошчилигидаги деҳқон хўжалиги хусусида сўз юритишимиздан мақсад, ер билан тиллашаётган юртдошимизнинг фаолияти билан сиз муштарийларимизни янада кенгроқ таништиришдир.

Ҳусан ТЕМИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =